Вақтимизнинг қандай тез ўтиб кетаётганини тасаввур қилинг. Ҳаётимиз тез ўтмоқда, ишларимиз тугайверади, амалларимиз охирига етади. Қаранг, қандай қилиб бу муборак ойнинг аввалги ўн кунлиги ўтди, кейинги ўн кунлиги ҳам ўтиб кетди! Аллоҳга қасамки, кунлар ва тунлар жуда тез ўтиб кетмоқда!
Аллоҳ таолога ҳамд бўлсинки, У бизни бу кунларга етказди. Бу кунлар – бутун Рамазоннинг энг яхшиси, бу кечалар эса энг улуғ кечалардир. Инсон ўзига назар ташлаб, бугунги кунда қандай аҳволда эканини кўриши керак. Ушбу ўн кунликка қандай кирди? Олдинги кечалардаги ибодатини давом эттиряптими ёки тарк қилиб қўйдими? Бу кечаларга улуғ зотлар улкан иштиёқ билан интизор бўлишар, уларни қўмсашар, ҳар йили уларни кутишар эди.
Бу ой фазилатларга бой. Бу ойда энг улуғ фазилат – охирги ўн кунликдир. Бу кунлар раҳмат ва баракотлар билан тўлган. Энг олий фазилат эса Лайлатул-Қадрдир. Бу кечани ўтказиб юбормаслик керак. Барча мўминлар бу кечада улкан мукофотга эришиш учун ҳаракат қилишлари лозим.
Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эдики, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигига етиб келганларида, ибодатга қаттиқроқ шўнғиб кетар эдилар.
Барча ибодатлар сабр талаб қилади. Аллоҳ таоло айтади:
"Албатта, сабр қилганларга ажру мукофотлари чексиз берилади" (Зумар, 10).
Бу сўнгги ўн кунликда ибодатга қаттиқроқ ёпишиб олиш лозим. Ҳар бир мусулмон Рамазоннинг илк кунларида қандай ибодат қилган бўлса, сўнгги кунларда уни янада ошириши керак.
Қадр кечаси Рамазоннинг энг улуғ кечасидир. Унда қилинган амал минг ойлик ибодатга тенгдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким Лайлатул-Қадрни ибодат билан ўтказса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Демак, бу кечани ибодат билан ўтказиш – улкан бахт ва имкониятдир.
Бу кунлар ва кечалар – жаннат эшиклари очиладиган, гуноҳлар кечириладиган, дўзахдан озод бўлиш учун имконият тақдим этадиган вақтдир.
Шунинг учун, ким бу кунлардан фойдаланмаса, унинг йўқотган нарсаси жуда катта бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазонга етса ва гуноҳлари кечирилмаса, ўша одам ҳақиқий бахтсиздир", деганлар.
Аллоҳ таоло бизга бу кунларни барака билан ўтказишни насиб қилсин ва Лайлатул-Қадрга етиб, уни ибодат билан ўтказишга муваффақ қилсин.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Араб ўлкаларида жисмоний жиҳатдан муаммоли шахсларга нисбатан инвалид ёки ногирон сўзлари ишлатилмайди. Шунингдек, ақлий ривожланишдан ортда қолган, аутизмдан азоб чекаётган ёхуд нутқ ёки эшитиш муаммосига эга бўлган кишилар, Даун синдромига чалинган ва ҳоказоларга нисбатан уларни ранжитиши мумкин бўлган сўзлар қўлланмайди. Балки, улар (жисмоний ва ақлий нуқсони борлар) "أصحاب الهمم" «ҳимматлилар» ,«иродали шахслар» деб аталади.
Ушбу истилоҳни илк бора Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рошид Оли Мактум 2016 йили таклиф қилган ва шундан бери барча араб давлатларида кенг кўламда қўлланиб келмоқда.
Унга қадар ҳам жисмоний, ақлий, ҳиссий, нутқий, ижтимоий, таълимий қобилиятларида тўлиқ ёки жузъий нуқсонга эга бўлган шахсларга нисбатан умумий тарзда "ذوو الاحتياجات الخاصة" «махсус эҳтиёж соҳиблари» деган чиройли атама қўлланган.
2016 дан бери эса бундай шахслар умумий тарзда «иродалилар», «ҳимматлилар» деб аталмоқда.
Улар аутизмни ҳам «таваҳҳуд», яъни «ёлғизланиш» сўзи билан ифода қиладилар, аутизмга чалинганларни эса «мутаваҳҳид» дейдилар.
Араблар қадимдан эвфемизмга мурожаат қилиб келадилар, қўпол ёхуд руҳий жиҳатдан «юки оғир» бўлган сўзларни гўзалроғига алмаштирадилар. Масалан, тиланчига рад қилмоқчи бўлсалар "الله يفتح عليك" «Аллоҳ сизга барака эшикларини очсин!» деган дуодан иборат гўзал сўз ишлатадилар, «бор, йўқол, кет!» демайдилар.
Қадимда бирор кимсанинг мажнун ва девона бўлиб қолгани ҳақида гапирмоқчи бўлсалар "به لطف الله" яъни, «Аллоҳ лутф қилган одам» деганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам яхши сўздан хушланар, салбий маънога эга бўлган номларни ижобийсига ўзгартирар эдилар. «Ясриб»ни «Тоба»га, ўзгартирганлари, баъзи кимсаларнинг салбий маъно ташиган исмини яхшироғига ўзгартиришлари ва бошқа шу каби кўплаб ҳолатлар сўзимизга далилдир. Сийратда бунга мисоллар кўп.
Қуръони Каримда ҳам бунга мисоллар жуда кўп. Масалан, жинсий алоқа, жимоъ, қўшилиш каби сўзларнинг ўзи ҳам аслида эвфемизм ҳисобланади. Лекин, Қуръони Карим бу сўзлардан ҳам қочиб, мазкур тушунчани "الملامسة", "المباشرة" (тегмоқ, тегинмоқ), "قرب" (яқинлашмоқ), "اتيان" (келмоқ) каби сўзлар билан ифода қилади.
Саҳобалар ҳам сўзни гўзал қилиш ва сўзда одобга риоя қилганлар. Агар кимнингдир касаллиги ҳақида хабар берилса, хаста ёки касал эмас, солим яъни соғлом сўзи ишлатилган. Масалан, фалончи қандай деб сўралганда «солим (соғлом)» деб жавоб берилса, бу унинг хасталигини англатган.
Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳузурларида бир инсон бошқасига фалон нарса қўлтиғинг тагида турибди, деганда (эҳтимол, чалқанча ётган ёхуд қўлини узатиб ётган бўлиб, мазкур аъзоси остида нимадир бўлган бўлиши мумкин), ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «сўзларингизни гўзаллаштиринг «қўлтиғинг тагида эмас, қўлинг тагида» денг!», дея сўзларни чиройлироқларига алмаштириб, хунукларидан киноя қилишга буюрганлар.
Хулоса шуки, мусулмон киши имкон қадар қўпол сўзлардан қочиши, каломини гўзаллаштириши матлуб ва бу ислом одоби ҳамдир.
Баъзилар, тилда борку дея ўта хунук ва қўпол сўзларни бемалол ишлатишларига гувоҳ бўламиз ва буни хато деб биламиз. Мусулмон киши имкон қадар хунук ва қўпол, фоҳиш сўзларни очиқ гапирмасдан енгилроғи, чиройлироғи билан ўзгартириб, унга нейтрал сўзлар воситасида ишора қилиши мақсадга мувофиқ.
Алишер Султонходжаев