Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим.
Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар, нуроний отахон ва онахонлар!
Қадрли меҳмонлар!
Cиз, азизларни, бутун халқимизни, узоқ-яқиндаги жамики мусулмон умматини давом этаётган муборак Рамазон ойи билан яна бир бор самимий табриклайман. Барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва фаровонлик ёр бўлишини тилайман.
Ушбу шарофатли ойда гўзал диёримизда мана шундай файзли ифторлик маросимини эл-юртимиз билан биргаликда ўтказиш насиб этгани учун меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги даврамизда иштирок этаётган ҳурматли меҳмонларимизга – хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларига, диний конфессиялар раҳбарларига Ватанимиз ва халқимизга кўрсатаётган юксак эҳтиром ва эътиборлари учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Азиз дўстлар!
Cизларга маълумки, сўнгги йилларда миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича кўп ишларни амалга оширмоқдамиз.
Бу борада “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя бизнинг фаолият дастуримизга айланмоқда. Шу асосда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ижтимоий ҳаётимизда етакчи ўринга чиқмоқда.
Фуқароларимизнинг виждон эркинлиги соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминланаётгани бу йил Рамазон ойида янада яққол намоён бўлмоқда.
Муқаддас динимиз буюрган хайрли амаллар – аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат, сабру қаноат, ахлоқ-одоб, илму маърифат фазилатлари жамиятимизда тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда. Хусусан, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, улуғ алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ана шу эзгу мақсад йўлида Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистонда илк бор амалга оширилаётган улкан илмий-маънавий лойиҳа сифатида мамлакатимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ушбу марказ неча минг йиллик тараққиёт ютуқларини ўзида мужассам этиб, ислом цивилизацияси юртимизда айнан илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва маърифат асосида ривожланганини тасдиқлайди. Бу маскан биз учун нафақат ўтмиш ёдгорлиги сифатида, балки халқимиз, ёшларимизни келажак сари чорлаши, буюк кашфиётларга руҳлантириши билан айниқса эътиборлидир.
Хабарингиз бор, улуғ ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг Самарқандда барпо қилинаётган муаззам мажмуаси қурилиши ҳам жадал давом эттирилмоқда. Бу ерда буюк аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ва илмий даргоҳлар билан бирга, 10 минг кишилик масжид ҳам бунёд этилмоқда.
Насиб этса, бу йил ана шу икки муҳташам обидани – Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий мажмуасининг очилиш маросимини барчамиз биргаликда тантанали равишда ўтказамиз.
Халқимизнинг ислом дини ва фалсафасига қўшган бебаҳо ҳиссасини янада теран ўрганиш мақсадида яқинда яна бир муҳим қарор қабул қилдик.
Бу йил мутафаккир аждодимиз, калом илмининг буюк пешволаридан бири бўлмиш Имом Мотуридий ҳазратлари таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаймиз. Жумладан, ул зотнинг Самарқанддаги муборак қадамжолари янада обод қилинади.
Энг муҳими, бу ишларимиз Имом Мотуридий мероси ва мотуридийлик таълимотини юртимиз ва хорижий олиму уламолар билан ҳамкорликда илмий асосда ўрганишда янги ва катта қадам бўлади.
Ҳурматли дўстлар!
Кўпмиллатли жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва бирдамликни кучайтириш вазифаси доимий эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида нуфузли халқаро анжуман ўтказамиз. “Декларациялар мулоқоти форуми” деб номланган бу йирик тадбир 2022 йили Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтган анжуманнинг мантиқий давоми бўлиб, турли диний эътиқод вакиллари ўртасида ўзига хос маърифий мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Шу ўринда яна таъкидлаб айтмоқчиман: мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик – бизнинг энг катта бойлигимиздир.
Ана шу беқиёс бойликни кўз қорачиғидек асраш, юртимиздаги дўстлик, тенглик, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз. Бунинг учун бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз. Бу масала ҳозирги мураккаб даврда биз олиб бораётган эркинлик ва очиқлик сиёсати учун айниқса ўта муҳимдир.
Муҳтарам юртдошлар!
Янги Ўзбекистон янгича устувор тамойилларга, жумладан, Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилган ижтимоий давлат мақомига эга бўлиб, халқчил ва инсонпарвар сиёсат олиб бормоқда.
Шу борада биргина мисол келтиришга ижозат бергайсиз. Ўтган йилнинг ўзида кўмакка муҳтож инсонларга 16 триллион сўмлик моддий ёрдам ва нафақалар берилди. Кам таъминланган оилаларга мансуб 51 минг нафар бола боғчага жойлаштирилди, уларнинг 176 минг нафар аъзосига тиббий кўмак кўрсатилди, 182 минг нафари эса ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди.
“Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 94 мингга яқин кам таъминланган оилаларга даволаниш, озиқ-овқат, кийим-кечак, коммунал тўловлар билан боғлиқ 130 миллиард сўмлик харажатлар қоплаб берилди.
“Аёллар дафтари” доирасида 3,5 миллион нафар опа-сингилларимизга 5 триллион 700 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди.
“Ёшлар дафтари” жорий этилганидан буён 1 миллион 300 минг нафар эҳтиёжманд ёшларга 1 триллион 700 миллиард сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Энг асосийси, бу ишларимиз изчил давом эттирилмоқда.
Қадрли маросим иштирокчилари!
Янги Ўзбекистоннинг устувор хусусиятларидан яна бири – бу “яшил тараққиёт” йўлидир.
Бугунги кунда мамлакатимизда янги экологик макон барпо этилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси айнан шу мақсадга қаратилган.
“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган жорий йилда амалга оширилаётган давлат дастури ҳам бу борада муҳим қадам бўлмоқда.
Яқинда Хива шаҳрида илк бор кенгайтирилган таркибда ўтказилган Конфессиялараро кенгаш мажлисида юртимиздаги диний конфессиялар вакиллари мазкур давлат дастурида фаол иштирок этишга қаратилган мурожаатнома қабул қилдилар.
Албатта, жамиятимиздаги эзгу ишларда ҳурматли дин пешволари, уламо ва нуронийларимиз, кенг жамоатчилигимиз фаол иштирок этаётганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Бу йил “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳор мавсумининг ўзида диний соҳа ходимлари томонидан 10 минг тупдан зиёд дарахт, 32 минг тупга яқин гул экилгани, масжид ва зиёратгоҳларда 25 гектар ер обод қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Юртимиз ҳожиларининг ҳам кўплаб хайрли ишларда шахсий намуна кўрсатиб, ўрнак бўлаётганлари албатта барчамизни хурсанд қилади.
Ўтган йили муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида ҳожиларимиз “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” деган ташаббусни илгари сурган эдилар. Шу кунга қадар уларнинг ташаббуси билан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга 6 миллиард 300 миллион сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Бундай савобли ишлари учун уларга барчамиз чин кўнгилдан ташаккур айтамиз.
Муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунёдаги вазият ўта қалтис ва мураккаб бўлиб бораётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз.
Афсуски, аксарият зиддият ва можаролар айнан ислом дунёсида содир бўлаётгани барчамизни чуқур ташвишга солмоқда.
Нотинчлик ўчоқлари исталган пайтда кенгайиб, бутун-бутун минтақаларга ёйилиб кетиш хавфи тобора ортиб бормоқда.
Мусулмон мамлакатларида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун бирдамлик ва ислом уммати ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Эътиборимиз марказида туриши керак бўлган яна бир масала – бу ёшларимизнинг қалби ва онгини заҳарлашга, ҳаётини издан чиқаришга қаратилган кўплаб таҳдидлар билан боғлиқ.
Фарзандларимизни илм-маърифатга тарғиб этиш, ёт ғоялар таъсиридан сақлаш борасида ҳурматли имом-хатибларимиз, кўпни кўрган отахон ва онахонларимиз, маҳалла фаоллари, ҳожиларимизнинг ўрни беқиёс, албатта.
Барчамиз сизларнинг ушбу йўналишда олиб бораётган фаолиятингизни юксак қадрлаймиз.
Буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомизнинг “Қўлинг меҳнатда, дилинг Аллоҳда бўлсин”, деган ўгитлари ҳаммамизнинг ҳаётий эътиқодимизга айланиб кетган.
Ёшларимизни мана шундай руҳда тарбиялашда уларни меҳнат ва касбга ўргатиш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Шу маънода, ҳурматли нуронийларимиз, маҳалла фаоллари, миришкор фермерларимиз, тадбиркорларимиз ёшларни ҳалол меҳнат қилиб, оиласи ва юрт фаровонлиги йўлида тинимсиз изланиб яшашга ўргатадилар, деб ишонаман.
Ҳурматли дўстлар!
Ушбу фазилатли ой давомида юртимиздаги 9,5 мингга яқин маҳаллада кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, хайр-саховат ишлари амалга оширилди.
Жойлардаги бу тадбирларда муфтий ҳазратлари ва имом-хатибларимиз ҳам хонадонма-хонадон юриб, фаол иштирок этишди.
Ўйлайманки, “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” шиори остида ўтказилган бундай хайрли маросимлар инсон қадрини улуғлаш, пок мақсадли барча юртдошларимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, “Яхшиларнинг иши – яхшилик қилишдир”. Чиндан ҳам, бу ҳаёт айнан эзгулик ва яхшилик туфайли доимо ёруғ ва бардавомдир.
Шу боис эзгу ниятлар ижобат бўладиган муборак Рамазон ойида, Лайлатул қадр кечаси арафасида туриб, юртимизда, бутун дунёда тинчлик ва фаровонлик, меҳр-оқибат барқарор бўлишини сўраб дуолар қиламиз.
Илойим, ҳаётимиз доимо мана шундай мунаввар, файзли ва баракали бўлсин!
Дуогўй отахон ва онахонларимиз соғ-омон бўлсинлар!
Меҳрибон опа-сингилларимиз, ака-укаларимиз ёнимизда доимо тоғдек таянч бўлиб турсинлар!
Фарзандларимиз билимли, касб-ҳунарли, азму шижоатли ёшлар бўлиб, Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этсинлар!
Юртимиз тинч, меҳнаткаш, олижаноб халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
Ҳижратдан аввалги 13 йил, 1 шаввол, пайшанба куни (нубувватнинг 1 йили / мил. 610 йил август)
– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иккинчи ваҳий нозил бўлди ва у Зот нубувват мақомидан рисолат мартабасига кўтарилиб, Расул (Элчи, Пайғамбар) бўлдилар.
Ҳиж.ав. 9 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 5 йили / мил. 614 йил июль-август)
– Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошчиликларида Ҳабашистонга ҳижрат қилган дастлабки муҳожир гуруҳ Ҳабашистондан Маккага қайтиб келди.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамизга уйландилар;
Ҳиж.ав. 4 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 10 йили / мил. 619 йил май-июнь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшдан умидларини узиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилишга, ҳеч бўлмаса, бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб, Тоифга бордилар, бироқ ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан озору азиятлар кўриб ортларига қайтдилар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан қайтаётиб Нахла водийига тушганларида жинларнинг биринчи гуруҳи мусулмон бўлди.
Ҳиж.ав. 3 йил, шаввол ойи (нубувватнинг 11 йили / мил. 620 йил май-июнь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг буйруғи билан Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳога фотиҳаландилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу бошлиқ олтмиш кишилик муҳожирлар жамоасини ҳарбий амалиёт учун юбордилар (улар Батни Робиғ деган жойда Абу Суфён бошлиқ икки юз кишилик гуруҳга дуч келдилар. Икки тараф бир-бирига камон ўқлари узишди, бироқ жанг бўлмади. Бу Ислом тарихида «Робиғ» сарияси деб аталади);
Ҳижрий 1 йил, шаввол ойи (мил. 623 йил апрель)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо билан оила қуриб, Мадинада бирга яшай бошладилар;
– Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳо туғилди (бу муборак чақалоқ ҳижратдан сўнг Мадинада муҳожирлар ичида туғилган биринчи фарзанддир);
– машҳур саҳоба Асъад ибн Зурора Ансорий розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб, Мадинада вафот этди.
– Биринчи рамазон ҳайит намози ўқилди ва бу байрам Бадр ғазотида қозонилган улкан ғалаба ортидан келгани учун янада катта тантана билан нишонланди.
Ҳижрий 2 йил, 1 шаввол (мил. 624 йил 26 март)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Сулайм қабиласи яшайдиган Кудр[2] диёрига икки юз отлиқ билан бордилар (сабаби, Бадр жангидан сўнг бани Сулайм ва бани Ғатафон қабилаларининг Мадинага ҳужум қилиш учун куч тўплашаётгани ҳақида у Зотга хабар етиб келган эди. Мусулмонларнинг келаётганларини эшитган қабила аъзолари тумтарақай бўлиб, қочиб қолишди. Бу Ислом тарихида «Кудрдаги бани Сулайм»ғазоти деб номланади);
– ушбу ғазотда Ясор номли бир қул қўлга тушган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни озод қилиб юбордилар.
Ҳижрий 2 йил, шаввол ойининг ўртаси шанба куни (мил. 624 йил апрель)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қайнуқоъ яҳудийларининг қилмишларидан сабр косалари тўлиб, уларнинг қалъаларини қамал қилдилар (қамал ўн беш кун давом этди, натижада, бани Қайнуқоъ яҳудийлари таслим бўлишди).
Ҳижрий 3 йил, 7 шаввол, шанба (мил. 625 йил 22 март)
– Уҳуд ғазоти бўлиб ўтди;
– ўша куни жами етмиш нафар шаҳид Уҳуд майдонига дафн қилинди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолган олти юз ўттиз нафар саҳоба билан кечки пайт Мадинаи мунавварага қайтиб келдилар.
Ҳижрий 3 йил, 8–11 шаввол ойи (мил. 625 йил 23–26 март)
– Ҳамроул асад[3] ғазоти бўлди (яъни Макка қўшинини таъқиб қилиш амалиёти ўтказилди).
Ҳижрий 3 йил, шаввол ойи (мил. 625 йил март)
– «Аржаҳ» қавлга кўра, Уҳуд ғазотидан кейин хамр (маст қилувчи ичимликлар)ни истеъмол қилиш бутунлай ҳаром қилинди.
Ҳижрий 4 йил, шаввол ойи охирлари (мил. 626 йил март охири)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳога уйландилар.
Ҳижрий 5 йил, шаввол ойи (мил. 627 йил март)
– Аҳзоб (Хандақ) ғазоти бошланди.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Курз ибн Жобир Фиҳрий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги йигирма нафар саҳобадан иборат сарияни Урайна қабиласи аъзоларининг кетидан юбордилар (бунга сабаб, Укал ва Урайна қабиласидан бир неча киши мусулмонлик изҳор қилиб, Мадинада яшаб туришди, сўнг касал бўлиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни туялар боқилаётган яйловга юбордилар ҳамда туяларнинг сутларидан ва сийдикларидан ичишни тавсия қилдилар. Улар соғайиб олгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чўпонларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди, Исломдан сўнг куфрга қайтишган эди);
Ҳижрий 6 йил, шаввол ойи (мил. 628 йил февраль-март)
– Амр ибн Умайя Зомрий билан Салама ибн Абу Салама розияллоҳу анҳумолар Маккага Абу Суфённи ўлдириш учун боришди (чунки Абу Суфён ҳам бир аъробийни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга суиқасд қилиш учун юборганди, лекин ҳар икки тараф ҳам суиқасд қилишга муваффақ бўлмади);
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 30 отлиқдан иборат сарияни Хайбарга юбордилар (улар Абу Рофиъ Саллом ибн Абул Ҳуқайқдан кейин Хайбар яҳудийларига раҳбар бўлиб, мусулмонларга қарши фитналарга бош бўлаётган яҳудий Усайр ибн Зоримни ва унинг шерикларини ўлдириб келишди).
Ҳижрий 7 йил, шаввол ойи (мил. 629 йил февраль)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Башир ибн Саъд Ансорий розияллоҳу анҳу бошчилигидаги 300 кишилик сарияни Ғатафонга қарашли Ямн ва Жаборга (ёки Фазора ва Узрага) юбордилар (ушбу сария Мадина атрофига босқинчилик уюштириш мақсадида жамланган катта қўшинга қарши юборилган эди. Улар етиб борганларида душман бундан хабар топиб, қочиб кетишга улгурди. Башир розияллоҳу анҳу кўплаб туяларни қўлга киритди ва икки кишини асир олиб, Мадинага олиб келди. Улар иккаласи ҳам мусулмон бўлишди).
Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи (мил. 630 йил январь-февраль)
– Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Уззо бутини вайрон қилиб келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни 350 кишилик муҳожир, ансор ва бани Сулаймликлардан ташкил топган жамоа билан бани Хузайма қабиласини Исломга даъват қилиш учун юбордилар.
Ҳижрий 8 йил, 6 шаввол, шанба (мил. 630 йил 26 январь)
– Макка фатҳининг ўн тўққизинчи куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн икки минг аскар билан Маккадан Ҳунайнга қараб йўл олдилар.
Ҳижрий 8 йил, 10 шаввол, чоршанба (мил. 630 йил 30 январь)
– Ҳунайн ғазоти бўлиб ўтди.
Ҳижрий 8 йил, шаввол ойи, (мил. 630 йил февраль)
– Ҳунайн ғазотининг давоми ўлароқ, шиддатли Тоиф ғазоти бошланди.
Ҳижрий 10 йил, 29 шаввол (мил. 632 йил 27 январь)
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳим исмли ўғиллари ўн саккиз ойлигида оламдан ўтди…