Кунлар жуда тез ўтяпти!
Бошимни болишга қўйсам, дам ўтмай тонг отади, кўзимни очиб улгурмай, ухлаш вақти келган бўлади!
Кунларимиз ниҳоятда тез ўтяпти ва тўхтамаяпти! Ўз-ўзимга дейман: “Энг бахтли одам савобли ишлар билан амал дафтарини тўлдирганидир...”
Атрофимиздаги воқеалар жуда тез содир бўлмоқда, вафот этганлар эса биздан илгарилаб бормоқда...
Мени ўйлантирган савол: “Менинг амал дафтарим нима билан тўлмоқда?”.
Савобли ишлар қилинг... Саломни тарғиб қилинг... Азонга жавоб беринг... Намозларга пайдам бўлинг... Қариндошлик алоқаларини мустаҳкамланг... Одамларга ҳушмуомалалик ила меҳрибон бўлинг... Қуръон ўқинг ва уни ёд олинг... Садақа беринг... Тасбеҳ айтиб, истиғфорни кўпайтиринг... Аллоҳни улуғланг...
Рўза тутинг... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб юринг... Қалбингизни охиратга боғланг...
Дунёда абадий яшамайсиз...
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамларда турли хил қизиқиш бўлади. Бир одам замонасида қанча улуғ зот бўлса, ҳаммасининг ҳузурига бориб, «агар эртага охирги кунингиз экани маълум бўлса, ўша кунда қандай амал қиласиз?» деб сўрарди. Бу одамнинг мақсади Аллоҳнинг валийлари наздидаги савоби энг кўп ва нажотга сабаб бўладиган амални билиш эди. Шундай қилиб, турли хил одамларнинг олдига бориб, шу саволни бериб юрди. Ўша пайтдаги машҳур муҳаддис Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурларига ҳам борди ва у кишидан ҳам шу саволни сўради: «Агар сизга эртага вафот этишингиз маълум бўлса, бугун қандай амал қилган бўлар эдингиз?».
Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб жавоб бердилар: «Менинг ҳар куни қиладиган амалим бор, ўшани қиламан. Унга бирорта амал қўша олмайман. Чунки вақтларимни шундай тартиблаб олганманки, гўё ҳар бир кун менинг энг охирги кунимдир. Эрталабдан кечгача ҳаётимни шундай тартибга солганманки, гўё бугун ҳаётимнинг охирги куни ва мен қайси амални қилишим керак бўлса, ўша амални қиляпман».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан