Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мўмин учун энг катта неъматлардан бири унинг вақти, умридир. Агар олдига аниқ, қатъий мақсад қўймаса, ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди.
Мўмин киши кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик, хуллас бутун умрини режалаб олиб, шу асосда ҳаракат қилса, вақтига барака, мазмун киради.
Айримларда мутлақо режа бўлмайди ва нима қилишини билмай, бошқалар режаси асосида яшаб, уларнинг режаларига хизмат қилади.
Аслида ҳамманинг ўзига яраша келажакда бажариши лозим бўлган юмушлари, эришишни кўзлаган орзу-мақсадлари бор. Лекин кўпчилик уларни тартиблаб, муҳимларини қайдлаб ёзиб чиқмаган. Шунинг учун ҳам, атрофидагиларга қаттиқ боғланиб қолган ва улар таъсиридан ташқарига чиқолмайди.
Режани қандай тузиш керак? Аввало киши жисмоний, руҳий, иқтисодий, оилавий ва ижтимоий имкониятларини чамалаб, қилиши мумкин бўлган ишларни белгилайди. Бу борада устозлар, ота-онаси ва илмли, ҳаётий катта тажрибага эга муваффақиятли кишиларнинг кун тартибларини ўрганиш, имкон бўлса, улар билан фикр алмашиб, маслаҳатларини олиш ва шулардан келиб чиқиб қиладиган ҳар бир ишни вақтлар кесимида ёзиб чиқиш керак.
Айтилганидек, «Орзулар ёзиш билан мақсадга айланади». Ёзилган мақсад эса кишини огоҳлантириб, дангасалик қилмай ва бўшашмай олға интилишга ундайди.
Мақсадларни маълум вақт билан чегаралаб олиш ишларни «эртага қиламан», «индинга бажараман» деб ортга сурмай, ўз ўрнида бажариш лозимлигини эслатиб туради.
Доимий режа асосида қилиб бориладиган иш вақт ўтиши билан ўз самарасини беради.
Бу ҳақда кўп ёзиб ўтирмай, уламоларимиз режаларидан биргина намуна келтирсак кифоя:
Шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳар куни яқин шериклар билан камида 100 бет китоб ўқишни, бир йилда 1000 та, ўн йилда эса 10000 та китоб ўқишни режа қилган ва шунда бардавом бўлган эканлар. Бу миқдор мустақил китоб ўқишлари ва таълифларидан ташқари.
Шу каби илмда, касб-ҳунарда ва бошқа ҳар қандай соҳада муваффақиятга эришган кишилар ҳаётига назар ташласангиз улар ўз олдига юксак мақсад қўйиб, қадриятларини белгилаб, мана шу асосда ҳаракат қилганларини кўрасиз.
Албатта, ҳаммаси Аллоҳ таоло битиб қўйганидек бўлади. Биздан сабабларни қилиш ва ҳаракат талаб этилади. Натижа эса Аллоҳдандир. Мақсадларни ёзиб, бор кучимизни сарфлаб унга эришолмасак ёки умримиз етмай қолган тақдирда ҳам қилган яхши ниятимиз ва ҳаракатимиз учун ажр оламиз, иншаАллоҳ.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим тайёрлади.
Ўлим тўшагида ётган аёл эридан: “агар мен вафот этсам қанча вақт ўтганидан кейин яна уйланасиз” деб сўради. Эри: “Қабрингнинг тупроғи қуриши билан”, деб жавоб берди. Орадан бироз вақт ўтиб, аёл вафот этди. Эри ваъдасига биноан то аёлнинг қабри тупроғи қуригунча зиёратга бориб турадиган бўлди. Аммо орадан йил ўтди ҳамки, қабр тупроғи нам бўлиб турарди. Эр бу сирни билиш учун панада пойлади. Бир йигит челакда сув олиб аёлининг қабрига сепа бошлади. “Нима қиляпсан?” деб олдига келса, қайниси экан. У: “Опамнинг васиятини бажаряпман”, деди.
Бундан кўринадики, аёл ҳатто вафот этса ҳам эрини рашк қиларкан, яхши кўраркан. Масаланинг иккинчи томони шуки, биз қадри баланд эрлар ўз аёлимизни қай даражада яхши кўрамиз, қадрлаймиз?!
Улар бор экан, доим кийимимиз, уйимиз тоза. Дастурхонда таомимиз тайёр. Фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ. Улар кеча-кундуз хизматимизга шай. Шундай экан, баъзан нимадир хато қилса, ишларига улгурмаган бўлса, уларни қаттиқ койимайлик. Зеро, улар бизга Аллоҳнинг омонатларидир. Биз уларга масъулмиз. Қуйидаги оятни доим эсда тутайлик:
“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Акбаршоҳ Расулов