Муқаддас ойлар, табаррук маконлар, муборак жойлар бор. Яқинлашиб келаётган кунлар Моҳи Рамазон ҳайитига чорлайди. Бу байрам чин маънода раҳмат ва марҳаматга тўла кунлар дейилади. Бу хушдарак онлар Яратганнинг бизга бўлган инъом ва мурувватини улашаркан, кўнгилдан ҳиммат ва саховат, меҳр ва силаи раҳм тошади. Ота-оналаримизга, қариндош-уруғларга, жамоаларимиздаги қадрдонларимизга, ватандошларимизга яхшиликлар илингимиз келади. Ширин сўз билан, очиқ юз билан улар даргоҳига шошамиз. Рамазон ҳайитида етимларни йўқлаш, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган ҳамюртларимизнинг кўнглига қувонч улашиш қадимий қадриятларимиз, исломий одобларимиздан саналади. Бир ой ихлос билан тутган рўзаларимиз якунига етаркан, улуғ кун муносабати билан ҳадялар улашамиз. Ҳақдорларга закоту, садақотларни етказишга ҳаракат қиламиз.
Бу муқаддас байрам кунида ҳиммату саховат қилиш, ўзгалар кўмагига муҳтожлар ҳолидан хабар олиш ажр-савобларни зиёда этади. Топганимиз - нону ширинликлар олиб дарвозалар эшигидан кириб борарканмиз, қадрдон чеҳралар, гулгун қиёфалардаги ризолик, болаларнинг табассуми юрагимизни ёритиб юборади. Ана шу лаҳзаларда кўнгилда шукронани туямиз.
Рамазон тақво, ҳилм, саховат ойи сифатида бизларни эзгу амаллар қилишга чорлади. Аллоҳ ўзининг Каломида “Эҳсоннинг мукофоти эҳсон”, - деб марҳамат қилади. Қўшнисига неъмат улашган, хасталар ҳолидан хабар олган, илм талабида юрган ёшларга шароит яратган, имкониятидан келиб чиқиб, орттирган маблағидан ҳақдорларга ҳиммат қилган мусулмон биродарларимизнинг бу хайрли ташаббуслари ортида улуғ мукофот турибди, иншааллоҳ. Халқимиз кўзларида қувонч билан, юраклари яшнаб, табаррук байрамни кутиб оляптилар. Кексалар ҳовучларини дуога тўлдирадилар. Бирни берганга Яратган мингни улашсин. Кулиб боққанга олам кулсин. Рамазон ҳайитининг табаррук лаҳзаларидан дастурхонимизга ризқу рўз, хайру- баракот ёғилсин!
Ўзбекистон ўзбеклар билан бир қаторда мана шу заминда камол топаётган бошқа миллат вакилларига ҳам бирдек азиз маскан. Бу заминда дини ва миллатидан қатъий назар халқлар ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик билан умр ўтказмоқдалар. Дунё айвонида содир бўлаётган диний-экстремистик таҳдидлар, нотинчликлар барча эзгу ниятли инсонларни ўйлашга, мушоҳада қилишга даъват этади. Она диёримизнинг тинчлигини таъминлашга, Янги Ўзбекистонда одамларни рози қилиш йўлидаги ислоҳотлар-у, ташаббусларга лаббай дея бел боғлашимиз, қўлдан келганча бир-биримизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатишимиз, яратувчанлик ишқи билан яшашимиз –маънавий камолотимиздан дарак беради. Фазилат соҳиблари, ақл эгалари бугунги ҳаётни таҳлил этиб, шукрона қилишади. Яхшиликлар, неъматлар шунчалар кўпки, санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўксик кўнгилларни хурсандчиликка тўлдириш, хасталик шукрини қилаётган одамларни зиёрат қилиш, отасиз ўсаётган болаларга тиргак бўлиш, оналарини йўқотган қизалоқларга силаи раҳм қилиш ҳар бир соф табиатли инсоннинг кўнгил амри. Улар бу амалларини холис Ҳақ йўлидаги мардоналик деб биладилар. Рамазон муносабати билан ортган бу каби хайрли ташаббуслар йил давомида мард йигитларимиз, ҳаёт ҳақиқатини англаган оила бошлиқларимизни ҳаракатга солаверади. Қўли очиқ ватандошларимиз саховат-мардлар фазилати эканини яхши тушунадилар. Айниқса, ҳайит кунларида бундай эҳсонлар кўпайиб кетиши, одамларнинг маърифати комиллашиб бораётганидан далолат. Раҳмон Парвардигорнинг ваъдаси ҳақиқат. Енг ичида қилинган яхшиликлар, соҳибига туганмас қувончлар келтириши ҳақиқат. Бу улуғ байрамни хурсандчилик айёми деб билмоқ керак. Мусибат етган хонадонларга бориб, йиғи–сиғилар қилишлик билан уларнинг дардини янгилаш, турли бидъат ва хурофотларга аралашиш керак эмас. Шундоғам озор топган дилларга ташвиш ортиш, исрофга йўл очиб, уларнинг харажатлари ортишига йўл қўймаслик керак. Улуғ кунлар файзидан бебаҳра қолмаслик учун ҳам хайрли ишларга шошмоқ керак. Бир ой рўзани ихлос билан тутиб, хайр топдим дея севинса-ю, кейин яна аввалги шўхликларни такрорлаб, гуноҳкор бўлишдан сақланмоқ керак. Нафсининг тарбияси йўлидаги жидду жаҳд одамзоднинг машаққатли юмуши бўлмоғи лозим.Тўқликка шўхликлар қилишдан аввал ўйлаш керак.
Сизга етган неъмат шукрини адо қилишга вақт борида савоблар томон шошилиш лозим. Мазлумга мадад берган, мусофирни суяган, кўнгли яримларни аяган одамлар кам бўлганини кўрмадик. Эҳсон қилганни бой топдик, берганни беҳожат кўрдик, хастани йўқлаганни саломат эканини кузатдик, дейишади кексалар билан суҳбатлашсак.
Ҳа, Ийди Рамазон бу диёрда яшаётган барча ватандошларимиз айёми. Бу ватанда тинчлигу осойишталик барқарор экан, яхши кунлар бардавом бўлаверади. Юртдошларимизга Саодат айёми муборак бўлсин. Марҳабо, Ийди Рамазон, хуш келдинг, Ийди Рамазон! Олам аҳлига меҳр-шафқат, яхшилик улашадиган, бир биримизга одамийлик эҳтиромини кўрсатадиган савобли онлар файзидан баҳрамандлик муборак бўлсин!
Холмурод МАМАЖОНОВ,
Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби
Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Индонезия сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, Туризм ва Дин ишлари вазирликлари масъул ходимлари ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди.
"Qanot Sharq" авиакомпанияси раҳбарияти жорий йилнинг кузги мавсумидан бошлаб Жакарта-Самарқанд-Жидда йўналишида ҳаво қатновлари йўлга қўйилишини эълон қилди. Самарқанд шаҳри ва "Умра+" дастури доирасида индонезиялик сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.
Анжуманда сўзга чиққан Индонезия дин ишлари вазири Насируддин Умар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк зотлар, мутафаккир ва уламолар тўғрисида сўзлаб берди.
–Ўзбекистон – муқаддас замин. Самарқанд шаҳри эса Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза, – деди вазир Насируддин Умар. – Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом дини таълимотини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутади. Ислом оламининг буюк даҳоси, Қуръондан кейинги ўринда турувчи "Ал Жомий ас-Саҳиҳи" китобининг муаллифи Имом Бухорий Ўзбекистон заминида таваллуд топган. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таниқли муҳаддиснинг қабри жойлашган Самарқанд ёнидаги Хартанг қишлоғида улуғвор ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Зиёратгоҳ дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятли туҳфа бўлиши муқаррар. Шубҳасиз, ушбу воқеа нафақат Янги Ўзбекистон тарихида балки ислом дини ривожланиши тарихида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
Имом Бухорий индонезияликлар учун ниҳоятда қадрли шахс. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Мамлакатимиз биринчи Президенти Сукарно ҳам бундан 70 йил муқаддам яъни 1956 йилда муҳаддиснинг қабрини зиёрат қилган.
Ҳар йили 1 миллион 200 мингдан ортиқ ватандошимиз Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига йўл олади. Зиёратчиларимиз аксарият ҳолларда Истамбул, Қоҳира, Доҳа, Аммон шаҳарларида тўхтаб ўтишади. Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи, юксак маданияти, исломий обидалари, тамаддун масканлари, ўзбекларга хос меҳмондўстлик қадриятлари, аҳолисининг индонезияликларга бўлган илиқ муносабати нуқтаи назаридан қайд этилган шаҳарлардан кўп маротаба афзалдир.
Индонезия томони, шунингдек, "Умра+Самарқанд" дастурини оммалаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, бугунги нутқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида жойлаштирилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишини урғулади.
Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот қилиш орқали "Умра+Самарқанд" турпакетини оммалаштириш ва Индонезиядан Ўзбекистонга туристлар сонини кескин ошириш имконияти мавжуд эканлигини таъкидланди.
Тадбир доирасида "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари ва Индонезиянинг "ASITA" туризм агентликлари ташкилоти раиси Русмиати Нунунг ўртасида Жакарта - Самарқанд - Жидда йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ва индонезиялик туристларга хизмат кўрсатиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.