Мазкур қарор буюк мутафаккир аждодимизнинг илмий-маърифий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг таълимотидаги инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини кенг ёйиш учун дастуриламал вазифасини ўташи шубҳасиз. Қарор Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун ҳам ўзига хос қувонч ва ғурур нишонасига айланди.
Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган асосий мақсадлардан бири Имом Мотуридий ва унинг давомчилари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўлиб, бу Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга асос бўлади.
Таъкидлаш лозимки, мотуридийлик юзлаб олимлар ва уларнинг бебаҳо асарларини ўзида жамлаган ақида мактаби саналади. Х асрда Самарқандда шаклланган ушбу мактаб Имом Мотуридийнинг изидан борган Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Нуриддин Собуний, Камол ибн Ҳумом ва Камолиддин Баёзий сингари олимлар фаолияти туфайли янада ривожланиб, оммалашган. Улар ўз асарлари орқали “мотуридийлик кутубхонаси”ни янада бойитганлар. Бугун ушбу кутубхонанинг нодир манбаларини аниқлаш, уларни илмий жамоатчилик ва халқимизга етказиш долзарб вазифалардан бирига айланган.
Бугунги кунгача юртимиз ва хорижда мотуридийлик таълимотига оид кўплаб фундаментал манбалар ўрганилиб, бир қатор китоб, рисола, монография ва мақолалар нашр юзини кўрди. Манба ва адабиётлар кўпайгани сари, уларнинг умумий рўйхатини шакллантириш – библиография яратиш вазифаси ҳам кун тартибига чиқди.
Аввалроқ бу борада юртимиз ва хорижлик олимлар томонидан баъзи уринишлар амалга оширилган бўлса-да, уларда маълум асарлар етишмаслиги ва сўнгги йилларда яна янги китоблар чоп этилгани туфайли кенг қамровли, нисбатан тўлиқ рўйхатни ўз ичига олувчи библиографияга эҳтиёж сезилди. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Мотуридийлик таълимоти библиографияси” китоби нашр этилди. Бу мотуридийлик бўйича алоҳида китоб шаклида нашр қилинган илк библиография ҳисобланади.
Ушбу янги нашр “Классик манбалар”, “Замонавий адабиётлар” ва “Диссертациялар” номли уч бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда Имом Мотуридийдан ХХ асргача бўлган олимларнинг ақидага оид асарлари, уларнинг қўлёзма ва замонавий нашрлари қамраб олинган. Иккинчи бўлимда мотуридийлик бўйича ёзилган турли китоб, рисола ва монографиялар, учинчи бўлимда эса Ўзбекистон ва хорижда ҳимоя қилинган магистрлик ҳамда докторлик диссертациялари рўйхати келтирилган.
Библиографияда жами 1 минг 293 та асар қамраб олинган бўлиб, шундан 474 таси классик манбалар, 486 таси замонавий адабиётлар, 333 таси диссертациялардир. Китобда мотуридийлик ақидасига оид энг кенг тарқалган асарларнинг шарҳлари ҳам алоҳида бобга жамланган. Жумладан, бутун мусулмон оламида машҳур “Ақоиди Насафий” рисоласининг 100 га яқин шарҳ ва ҳошиялари рўйхати ўрин олган.
Инглиз тилига ҳам таржима қилинган ушбу библиография мотуридийшунос олимлар ва ақида йўналишидаги тадқиқотчилар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди, деб айта оламиз. Бундан ташқари, библиографиялар табиатан даврий янгиланишга муҳтож, шу сабабли келгусида ушбу библиография ҳам янги манба ва адабиётлар билан тўлдириб борилади.
Умуман олганда, юртимизда яратилаётган имкониятлар, айниқса, Имом Мотуридий ва унинг давомчилари меросини ўрганишга давлат даражасида эътибор қаратилиши соҳага доир янги тадқиқот ва нашрлар учун илҳом ва таянч ўлароқ хизмат қилмоқда.
Ойбек Сотволдиев,
Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
Бугун, 4 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Самарқанд шаҳридаги "Намозгоҳ" жоме масжидида адо этдилар.
Жамоат намозидан олдин Муфтий ҳазратлари жомега йиғилганларга қадим Самарқанд шаҳрида бўлаётган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммити халқаро иқлим форумининг аҳамияти ҳақида сўзлаш баробарида “Ўзгаларга озор бермаслик – динимиз талаби” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазрат маъруза давомида аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган юртда тараққиёт, равнақ ва эл-юрт осойишталиги-ю фаровонлиги ҳукм суриши, аксинча қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олиб, юрт вайрон, эл пароканда бўлишини баён этдилар. Шунингдек, ўзга дин вакилларига ҳам озор бермаслик, улар билан жамиятда тинч-осуда, аҳил-иноқ бўлиб яшаш зарурлиги ҳақида сўз юритдилар.
Мавъиза асносида ўзгаларга озор бериш динимизда катта гуноҳлардан бири саналиши, Қуръони каримдаги: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят), деган мазмундаги ояти каримани шарҳлаб, унда ўзгаларга озор етказиш ножоизлиги, бу озор етказишнинг ҳар қандай кўринишини ўз ичига олиши, ўзгаларга озор бермаслик садақанинг бир тури эканини ҳаётий мисоллар билан сўзлаб бердилар.
Мазмунли суҳбат якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таоло барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати