Жумладан, туроператорлар томонидан “Умра” тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид рекламаларнинг қонунийлиги ўрганилди.
Ўтказилган ўрганишлар натижасида Наманган, Навоий, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан, лицензия ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ҳолда рекламалар жойлаштирган жами 7 та (“EMIR VOYAGE”, “MAKAN UNITED TRAVEL GROUP”, “EZOFAYZ”, “MURABBIY TRAVEL”, “ZAYTUN TOURISM”, “SMART SYSTEMS COMPANY”, “NAZIR TRAVEL N1” МЧЖлар) туроператорга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши аломатлари билан ишлар қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, Қўмитанинг Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари томонидан жами 5 та (“Bogʻdodliklar telegram kanali adminlari N.Shukurullayev va R.Usmonov”, “Zaytun_Travel_official” , “Musaffo turizm”, “Dastorqozi_202 MILLIY TAOMLARI”) туроператор мансабдор шахслари ҳамда телеграм админлари юқоридаги каби қонунчилик талаблари бузилиши юзасидан маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шу билан биргаликда, 12 дан ортиқ лицензияга эга бўлмасдан реклама материаллари тарқатаётган ахборот ресурсларини юритувчи шахсларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги, Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилинди. Ушбу ўрганиш якунлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тегишли чоралар кўрилиши таъминланади.
Қўмита фуқаролар, “Умра” тадбирларни амалга оширишда фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлиш ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмаслик мақсадида хавфсиз, ишончли ва кафолатланган хизматлардан ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган туроператорлар хизматидан фойдаланишни тавсия этади.
Н.Раҳмонова, ЎзА
Робиъул аввал ойи мусулмонлар тақвимидаги энг муҳим ойлардан бири ҳисобланади, чунки айнан шу муборак ойда Aллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганлар. Бу ойда ҳақиқий имонли киши Aллоҳдан янада кўпроқ ажру мукофот олишни ният қилиб, ибодат қилишга интилади.
Қуйидаги рўйхатда келган амалларга Aллоҳнинг ёрдами билан Робиъул аввал ойида ҳам, ундан кейинги ойларда ҳам амал қилсак Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрган бандалардан бўламиз, инша Аллоҳ:
1. Ҳар куни Қуръон ўқинг ва тингланг. Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига яқинлашишнинг энг яхши усулларидан бири – бу Аллоҳнинг Каломи – Қуръони каримни тиловат қилиш ва тинглашдир. Ҳар куни Қуръон ўқишга одатланган бандадан шайтон узоқлашади. Қуръон ўқишни бугундан бошланг. Қуръони карим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида муҳим ўрин тутарди. Бежиз Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган.
2. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини кўпроқ ўқиб, ўрганинг. Аллоҳ таолонинг элчисининг ажойиб таржимаи ҳолларини ўқиш орқали ўзингиз учун янги бўлган кўплаб маълумотлар, у зот алайҳиссаломнинг феъл -атворлари, фазилатлари ва гўзал ахлоқ-одоблари ҳақида билиб оласиз.
3. Aллоҳнинг Расулига итоат этинг. Пайғамбаримизга итоат этиш ҳаётингиздаги кўп нарсаларни ўзгартиради. Ўзингизга савол беринг: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига қанчалик амал қиляпман? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ва кўрсатмалари бизни Аллоҳ таолонинг ҳидоятига етаклайдиган ҳадисларда баён этилган. Шундай экан, у зот алайҳиссаломнинг ҳадисларини ўқинг ва ўрганинг, улардан ҳаётингиздаги барча саволларга жавоб топинг.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга янада кўпроқ салавот айтинг. Aллоҳдан тинчлик ва барака ато этишини сўраб дуо қилинг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш кўплаб ажру савобларга ноил этади ва баракаларнинг ёғилишига сабаб бўлади.
5. Яхшиликка чақиринг, ёмонликлардан қайтаринг. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш ва гўзал намуна бўлиш орқали сиз одамларни Исломга даъват қилишингиз мумкин. Қуръони каримда бундай дейилган: "Ҳикмат ва яхши, чиройли ваъз билан Aллоҳнинг йўлига даъват қилинг" (Наҳл сураси, 125-оят).
6. Яқин ва дўстларингизни зиёрат қилинг. Исломда оилавий ришталар ва одамлар билан яхши муносабатда бўлиш жуда муҳим. Қавм-қариндошларингизга ташриф буюринг, уларни ўз уйингизга таклиф қилинг, мазали таомлар улашинг ва ҳадялар беринг.
7. Саховатпеша бўлинг. Эҳтиёжли, уйсиз, камбағал оилаларга ёрдам қўлини узатишни унутманг. Пайғамбаримиз буни қилганларини эслаб, яхшилик қилинг.
8. Рўза тутинг. Имкон қадар рўза тутишга ҳаракат қилинг. Рўза Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутардилар. Овқатланиш, ичиш ва тақиқланган нарсалардан воз кечиш сизда ҳикматнинг ортишига ва Aллоҳга янада яқин бўлишга сабаб бўлади.
9. Кўп дуо қилинг. Дуо – мўминнинг асосий қуроли, у орқали Роббиси билан гаплашади. Aллоҳдан ўзингиз ва яқинларингиз ҳаққига яхшиликлар сўраб дуо қилинг. Бутун умматга офият сўранг ва марҳумлар учун ҳам дуо қилинг.
10. Aллоҳга ва Унинг Расулига яқинроқ бўлишга интилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлик сизни Aллоҳга яқинлаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиш банданинг нажотидир.
Даврон НУРМУҲАММАД