Одатда одам бир натижа кўрсатса, нимагадир эришса бунда ўзининг куч ва имкониятлари, ҳаракатларини бирламчи санай бошлайди ва шунда хатога йўл қўяди. Ҳолбуки, Аллоҳнинг фазлисиз ҳеч ким ҳеч бир нарсага эга бўла олмайди.
UFC чемпиони Жозе Альдо 10 йил мобайнида ҳечам енгилмаган. Лекин Лигада янги жангчи билан урушганида эса 13 секундда нокаутга учраган.
Криштиану Роналдо энг чўққига чиққан эди. Лекин Лига чемпионатида гол ура олмади.
Югуриш бўйича рекордчи Усейн Болт финалда оёғи қайрилиб, финишга етиб бора олмаган.
Машҳур Михаэль Шумахер эса оёғини синдириб олиб, чемпионатни ўтказиб юборган.
Афсонавий шахматчи Роберт Фишер ҳаётидаги энг муҳим ўйинда ёш бола қиладиган хатога йўл қўйиб, ютқазган...
Демак, ҳаётда нима бўлишидан қатъий назар эсда тутинг: насибада борини оласиз. Ҳаракат ва уринишлар сабаблар, холос.
Шундай экан, ҳар ишга сиқилманг. Аллоҳга суянинг. Ҳаммасини Унинг амридан, деб билинг! Адашиб, улоқиб кетишдан паноҳ тиланг. Зотан, инсон барибир ожиздир.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасининг 73-оятида бундай мисол келтиради: “...бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар”. Ростдан ҳам, бир пашша чақса, уни тутишга, биздан олганини қайтариб олишга қодир эмасмиз. Бас, Раббимизга таяниб, ўзимизни, ишларимизни ҳавола қилиб яшайлик, азизлар! Ишонинг, бу энг улуғ саодатдир.
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кунларнинг бирида Сулаймон ибн Абдулмалик вазир, шаҳзода ва мулозимлари билан бирга Масжидул ҳаромга борди. У барча мусулмонлар каби эҳром (ридо ва изор) кийиб олганди.
Унинг олдида тўлин ой каби нурли, атиргул куртакларидек янги ва хушбўй икки ўғли ҳам бор эди.
Ер юзининг учдан бир қисмини бошқарган мусулмонлар халифаси Байтуллоҳни тавоф қилиб бўлгач, ўзига яқин бир кишидан: “Макканинг олими ким?” деб сўради.
Унга: “Ато ибн Абу Рабоҳ”, деб жавоб беришди.
У: “Мени у билан учраштиринг”, деди.
Шундай қилиб, у билан учрашди. Ато ибн Абу Рабоҳ қора танли, жингалак сочли ва ясси бурунли ҳабаш кекса одам экан.
Халифа: “Бутун дунёга шуҳрати тарқалган Ато ибн Абу Рабоҳ сенмисан?” деди.
У: “Ҳа, шундай дейишади”, деди.
Сулаймон ибн Абдулмалик: “Бу шарафга қандай эришдингиз?” деб сўради.
Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ: “Инсонларнинг қўлидаги мол-дунё (таъма)дан юз ўгириш ва илм билан уларнинг ҳожатларини қондириш орқали”, деб жавоб берди.
Яна бундай деди: “Агар инсонлар илмингиздан беҳожат бўлсалар, мол-дунёингиз билан уларнинг ҳожатини раво қиласиз. Агар одамларнинг мол-мулкидан беҳожат бўлсангиз, улар сизнинг илмингизга муҳтож бўладилар. Пешона тери ва қўл меҳнати орқали ризқ талаб қилиш энг афзалидир. Ўтган уламоларнинг аксарияти касб-ҳунар билан машғул бўлганлар”.
Сулаймон: “Ҳаж амаллари ҳақида Ато ибн Абу Рабоҳдан бошқа ҳеч ким фатво бермасин”, деди.
Сулаймон ибн Абдулмалик ўғилларига: “Эй ўғилларим, Аллоҳга тақво қилинг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандасининг даражасини кўтаради. Ҳатто бойлиги ва насаби бўлмаган ҳабаш қул бўлса ҳам. Аллоҳга қасамки, Ўзи хоҳлаган кишини хор қилади, ҳатто у олийжаноб наслдан бўлса ҳам”.
Халифа яна сўзини давом эттириб бундай деди: “Сиз гувоҳи бўлган бу киши – Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг меросхўридир. Шундай экан илм ўрганинг, илм ўрганинг”.
Даврон НУРМУҲАММАД