Бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат ва таклиф-мулоҳазаларини тинглади.
Мазкур қабул жараёнида фуқаролар томонидан билдирилган шаръий масалалар, масжидлар қуриш, оилавий муносабатлар, моддий ёрдам ва соҳани ривожлантиришга оид масалалар атрофлича ўрганилиб, масъулларга қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан топшириқ берилди.
Бугунги қабул давомида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифлари эшитилиб, уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.
Ана шундай қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан ҳам амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жанубий Корея мусулмонлари билан диний-маърифий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, у ерда яшаб, таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов хизмат сафари билан ушбу давлатда бўлиб турибди.
Кеча, 24 сентябрь куни Гунсан шаҳрида жойлашган "Анас ибн Молик" масжидида 250 нафар ватандошимиз билан диний-маърифий суҳбат ташкил этилди.
Раис ўринбосари она ватандан, яқинларидан узоқда юрган ҳамюртларимизнинг ўқиш ва ишларида Яратган мададкор бўлишини тилаб, илм ва оила нафақаси йўлида юриш катта савоб келтирадиган амаллардан эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳақиқий мўмин ўз туғилиб ўсган жойига муҳаббатли бўлиши, ҳар қандай фитналардан огоҳ бўлиши борасида Ислом манбаларига таянган ҳолда сўзлади.
Суҳбат давомида ватандошлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этилган 5 турдаги диний-маърифий буклетлар тарқатилди. Жамоат билан ўқилган хуфтон намозидан кейин хайрли дуолар қилинди.
Сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати