Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Бу уммат бошидан охиригача бир ақида – ашъарий-мотуридийлик ақидасида эди. Муфассирлар, ҳадис шориҳлари, фуқаҳолар, навҳ ва луғат уламолари, буларнинг деярли барчаси эътиқодда бир йўлни тутишган эди. Бу гапни исботлашга ҳожат йўқ, бу ҳақиқат экани кундек равшан аксиомадир. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари ҳақида ёзилган китоблар олимларни бу мазҳабларга мадҳ ва мақтов ўлароқ нисбат берганини кўрасиз. Буюк уламолар ҳақида маълумотлар келтирилганда Имом Фалончи, мазҳаби шофеъий, ё ҳанафий, ақидада ашъарий ё мотуридий, дейилган. Кўпинча олимнинг тасаввуфдаги тариқатига ҳам тўхтаб ўтилади. Масалан, Имом Жунайд тариқатида бўлса, Жунайдий нисбати берилади.
Бу одат яқин-яқингача давом этиб келаётган эди. Бунга биров эътироз ҳам билдирмаган, инкор ҳам қилмаган. Бирон олим ҳақида гапирилар экан, фиқҳда тўрт мазҳабда қайсига эргашиши, ақидада ашъарийми мотуридийми қайси манҳажда экани ва тариқатдаги йўли баён қилинмай қолмаган.
Бу дастур умматни шарқию ғарбини, шимолию жанубини минг йилдан бери ягона қалбга, ягона фикр атрофига жамлаб келади. Бирон одам оғриса, бутун тана ўша касал аъзо учун қайғуриб, даволашга киришарди.
Тарихимизни зийнатлаб турган, бугунги шармандаликларни бир мунча тўсиб турган тарихий ғалабаларимиз ҳам шу ақида, шу тафаккур воситасида қўлга киритилган.
Ҳиттинда салибчиларни ер тишлатиб, Қуддусни қайтариб олган Салоҳиддин Айюбий ва унинг қўшини айни шу мазҳаб ва тариқатларда бўлишган. Биронталари бугунги салафийликни билган эмас.
Музаффар Қутз, Зоҳир Бейбарс ва улар билан елкадош бўлган Изз ибн Абдуссалом каби уламолар мазҳабда бўлишган. Айни Жолутда мўғулларни тор-мор келтиришда ҳам асосий қуролимиз бирлик эди. Ўша пайтда бошини баланд кериб: “Бидъатчисизлар, ширк келтиряпсизлар, қабрларни зиёрат қилиш ширк”, деб қичқирадиган шаллақилар бўлмаганди.
Султон Муҳаммадхон Фотиҳ ва унинг қаторидаги олим ва муршидлар динда бир манҳажни тутишган эди. Кофирлар қўлида қолиб кетган шаҳар (Қустантиния)ни фатҳ қилиб, машҳур ҳадисда келган башоратга* ноил бўлишди. Аммо ҳадис мусулмон ашъарий-мотуридий қўмондон ва унинг қўшини ҳақида эканидан қалблари ёниб, ҳасад қилаётган бугунги бемазҳаб тоифалар ҳадиснинг тасдиғини бузиб талқин қилишмоқда. (давоми бор)
Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,
исломий илмлар куллияси доктори
*Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қустантиния, албатта, фатҳ қилинажак. Унинг амири нақадар яхши амир, қўшини нақадар яхши қўшин!”. (Имом Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси