Имом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: "Агар Аллоҳ сени мол-дунёдан қисганини, устингда бало ва мусибатларни кўпайтирганини кўрсанг, билгинки, сен Унинг ҳузурида азизсан. Унинг ҳузурида даражанг бор, сени авлиё ва асфиёлари йўлида юрғизиб қўйгандир. У сени кўриб турган.
Аллоҳ таолонинг: "Роббингнинг ҳукмига сабр қил, албатта сен кўз ўнгимиздасан. Ва қойим бўлган пайтингда Роббингни ҳамди билан поклагин", деганини эшитмаганмисан?"
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сиз ҳеч қачон ютқазмайдиган, касодга учрамайдиган учта тижорий келишув ҳақида эшитганмисиз? Унда ушбу оятга қулоқ тутинг:
"Албатта, Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиганлар,
- намозни тўкис адо этиб,
- Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора нафақа қиладиганлар ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар" (Фотир сураси, 29-оят).
Изоҳ: "..ҳаргиз касодга учрамайдиган тижоратдан умидвор бўлурлар". Бу ушбу оятнинг асосий хулосасидир. Дунёдаги тижоратда фойда ҳам, зарар ҳам бўлиши мумкин. Лекин юқорида санаб ўтилган уч амални – Қуръон тиловати, намоз ва инфоқни – бажарган инсонлар Аллоҳ билан бўлган "тижорат"дан ҳеч қачон ютқазмайдилар. Бу тижоратнинг фойдаси бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бўлади. Бу дунёда қалб хотиржамлиги, барака, ҳаётда маъно топиш кабилар, у дунёда эса Аллоҳнинг розилиги, жаннат ва абадий саодатдир. Бу тижорат – ҳақиқий ва абадий муваффақиятдир.
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий