Саудия Арабистонининг Swift News интернет нашри ҳаж мавсумида зиёратчиларимизга кўрсатилаётган эътиборни кенг ёритди. Мақола аввалида мамлакатлар ўртасидаги алоқалар ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, ўзаро ташрифлари ва самимий мулоқотлар ҳақида сўз юритилган.
Нашрда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаж квотаси 3 баробар оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар фуқаро ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этиши юқори баҳоланган.
Жорий мавсумда Мадина шаҳрига етиб келган бўлажак ҳожиларимиз катта эҳтиром ила кутиб олинаётгани, зиёратчилар республикамизнинг 9 та халқаро аэропорти орқали мунаввар шаҳарга кузатилаётгани қайд этилган. Шунингдек, муборак сафар мобайнида ҳар бир тадбир аниқ режа асосида, юксак савияда амалга оширилаётгани, ташкилий-ҳужжат ишлари, тоату ибодатлар, истиқомат, озиқ-овқат, тиббиёт ва транспорт хизматлари юқори сифат ва даражада йўлга қўйилганига урғу қаратилган.
Қисқача айтганда, араб нашрида чоп этилган мақолада мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларига катта эътибор берилиб, мўмин-мусулмонларнинг улуғ амалларини мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар ҳозирлангани, бундан нафақат юртимиз аҳли, балки саудиялик мутасаддилар ҳам мамнун экани баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қай биримиз бу ҳаётда бир маротаба бўлса ҳам синов, имтиҳонга дуч келмаймиз?!
Қай биримиз касаллик, қийинчилик каби ҳолатларни бошимиздан ўтказмаймиз?!
Энди айтинг-чи, қаттиқ бетоб бўлиб қолсангиз нима қиласиз?!
“Роббим нима учун мени бу касалга йўлиқтирди? Қайси гуноҳим учун бу кунлар бошимга келди?” – дея нолийсизми?!
Йўқ! Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг!..»[1].
Ҳаёт – имтиҳонлар, синов ва машаққатлар диёридир!
Салафи солиҳлардан бири касаллиги ва камбағал эканидан шикоят қилиб ўтирган бир кишига қарата: “Ҳой, сенга раҳм қиладиган Зотнинг устидан сенга раҳми келмайдиганларга шикоят қилиш орқали бир нарсага эришмайсан!” деган экан.
Ривоят қилинишича, бир одам кўзи ожиз, қўл-оёғи ишламайдиган ёши катта кекса одамнинг олдидан ўта туриб, унинг: “Касалликлардан мени омонда сақлаган ва бандалари орасида мени фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!” деяётганини эшитиб: “Аллоҳ сизни нималардан омондан сақлаганини билсам бўладими? Ахир қўл-оёғингиз ишламайдиган шол экансиз, сизга тегмаган касаллик қолмабди”, дебди. Бу гапларни эшитган шол, кўзлари ожиз қария: “Сени ҳам Аллоҳ таоло солиҳлар сафига қўшсин! Кўрмаяпсанми? Ахир Аллоҳ таоло менинг тилимни омонда қилиб қўйибди, мана шу тилим орқали мен ҳар онимда Аллоҳ таолога шукр қиламан ва яна қалбимни омонда сақлаб қўйибди, у орқали Аллоҳ таолони доимо зикр қиламан”, деган экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб ётган саҳройи арабнинг ҳолидан хабар олгани келиб: “Ҳечқиси йўқ! Яхшисиз, иншоаллоҳ тузалиб кетасиз”, дедилар. Аъробий эса: “Яхши дейсизми? Безгак қийнаб юборди. Бу касал мени хароб қилди, энди шу билан қабрга кетсам керак”, деди. Набий алайҳиссалом: “Майли, ундай бўлса, шундай бўлгани маъқул” [2], дедилар.
Солиҳлардан бири бетоб бўлиб, кўздан қолибди. У оғриқнинг зўридан кечалари ухламай жуда қийналиб чиқар экан. Шогирдларидан бири ҳол сўраб унинг олдига кирса, устози йиғлаб ўтирган экан. Шогирд устозига тасалли бериб: “Озор чекманг, озгина сабр қилсангиз, ҳаммаси ўтиб кетади”, дебди. Устози эса: “Йўқ, мен бетоблигим сабаб йиғламаяпман. Унинг боиси, Аллоҳ таоло мени имтиҳон қилишга лойиқ бандалардан қилиб, дард берганига хурсандлигимдан йиғлаяпман”, дебди.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 155-оят.
[2] Имом Бухорий ривояти.