Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июл, 2025   |   12 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:14
Қуёш
04:57
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:38
Bismillah
07 Июл, 2025, 12 Муҳаррам, 1447

Кийим ўғирлаган тош

13.06.2025   12699   1 min.
Кийим ўғирлаган тош

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:

"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.

Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.

У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.

Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.

Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."

Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ANKASAM: “Янги Ўзбекистон: Диний соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақият формуласи”

03.07.2025   7786   2 min.
ANKASAM: “Янги Ўзбекистон: Диний соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақият формуласи”

Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берди.

Туркиянинг нуфузли таҳлил маркази ANKASAM (Ankara Kriz ve Siyaset Araştırmaları Merkezi) Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди. 


“Янги Ўзбекистон: Диний соҳадаги ислоҳотларнинг муваффақият формуласи” деб номланган ушбу таҳлилий мақолада мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, диний таълимни такомиллаштириш, ислом меросини илмий асосда ўрганиш ва жаҳонга танитишга қаратилган кенг қамровли ишларга юқори баҳо берилган.


ANKASAMга кўра, Ўзбекистонда қабул қилинган янги сиёсат ва инсон қадрини устувор қиймат сифатида белгилаган ёндашув сўнгги етти йилда диний соҳада чуқур, тизимли ислоҳотларни амалга оширишга пойдевор бўлди. Хусусан, таҳлилчиларнинг томонидан давлат ва дин муносабатларини демократия ва маърифат асосида қайта йўлга қўйиш, диний таълим муассасаларини халқаро андозаларга мос равишда ривожлантириш, илм-фан ва маърифатни ислом дини билан уйғунлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилган.

Мақолада айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий  халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби муассасаларнинг фаолияти, улар орқали ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик ва маърифий моҳияти кенг ёритилаётгани таъкидланган. Ушбу марказлар фақат диний эмас, балки илмий-тадқиқот, маданий-тарихий меросни сақлаш ва оммалаштириш вазифасини ҳам бажармоқда.

ANKASAM таҳлилига кўра, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотларнинг муваффақияти – бу сиёсий ирода, стратегияли ёндашув, илмий асос ва халқаро ҳамкорликни ўзида уйғунлаштирган моделдир. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон тажрибаси минтақа давлатлари ва ислом олами учун ўрганишга арзийдиган намуналардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

ANKASAM каби халқаро нуфузга эга таҳлил марказлари томонидан бу каби таҳлилий мақолалар эълон қилиниши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг очиқлиги, халқаро стандартларга мослиги ва жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

https://cisc.uz/ky/news-item/328/

МАҚОЛА