Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
2025 йил 10 июль куни Қуръони Карим ходими, устоз, шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум бошчилигида «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасига ташриф буюришди.
Маълумки, кутубхонада турли мавзудаги нодир қўлёзма асарлар, Қуръони Карим қўлёзма нусхаларининг намуналари сақланади. Мана шундай нодир манбалардан бири Ҳазрати Усмон мусҳафи ҳисобланади. Қуръони Каримнинг ушбу ноёб ва қадимий қўлёзма нусхаси тадқиқотчилар ва кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди. Ушбу йиғилиш давомида берилган топшириқлар бўйича 50-сон Баённоманинг 47-бандида Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифаларининг консервация ва реставрация қилинишини таъминлаш белгиланган. Мазкур дастурни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси қўллаб қувватлови остида хорижлик мутахассислар, жумладан, Кембриж университетидан Кристине Росе, франциялик реставраторлар Акселл Делеау ва Коралие Барбе, Истанбул қўлёзмалар устахонаси ва архив бўлими мудири Нил Байдар Усмон мусҳафини босқичма-босқич таъмирлаш режасини ишлаб чиқиб, келгусида муҳофаза қилиш бўйича тавсияларни бердилар. Жумладан, «енгил реставрация ишлари»ни амалга оширишдан аввал Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифаларини сканер қилиш ва матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича йўналишлар белгилаб олинди.
Ушбу хайрли ишларнинг давоми сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Ҳазрати Усмон Мусҳафи матнини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича муҳим йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими мудири шайх Алижон қори Файзуллоҳ ва Кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов бошчилигида бўлим ходимлари иштирок этишди. Йиғилишда «Мўйи муборак» мадраса-музейида сақланаётган Ҳазрати Усмон Мусҳафининг тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, уни келажак авлодлар асраб-авайлашга хизмат қиладиган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ҳазрати Усмон Қуръони саҳифалари ва фондда сақланаётган 1905 йилда Санкт-Петербургда олинган нусхасини кодикологик тадқиқ қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилиб, келгусида қилинадиган ишлар режалаштирилди.
AlQuranuz