Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида олимлар иштирокида музей экспозицияси учун тайёрланган илмий лойиҳа-тадқиқот ишларининг матнлари, маълумотлари, медиамаҳсулотларини махсус рақамли платформага жойлаштириш масалаларига бағишланган якуний маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди.
Марказдаги йиғилишда таъкидланишича, ўтган йили маҳаллий ва халқаро анжуманлар доирасида ишлаб чиқилган 800 дан зиёд илмий лойиҳадан 330 таси биринчи босқич учун устувор йўналиш сифатида ажратилган ва уларнинг асосий қисми якунланган. Қолган ишлар эса 60–70 фоиз даражада амалга оширилган.
Олимлар иштирокида ўтказилган йиғилишда Марказ раҳбари, Илмий кенгаш раиси Фирдавс Абдухолиқов Президентимизнинг Марказга навбатдаги ташрифлари чоғида олиб борилаётган ишлар юзасидан берган кўрсатмалари ҳақида тўхталди. Қайд этилишича, давлатимиз раҳбарининг берган навбатдаги кўрсатмалари бу йўналишдаги ишларга яна катта руҳий қувват беради.
– Бу олдимизда катта масъулият борлигини яна бир бор исботлайди. Музейдаги барча бўлимларда амалга оширилаётган ишлар ва умуман маҳобатли бинонинг кўриниши Президентимизнинг буюк ғоялари асосида шакллантирилаётган бўлиб, ҳар биримизни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Марказ экспозициясида “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар” мавзусига катта аҳамият қаратган ҳолда шакллантиришга бор ғайратимизни йўналтирдик. Шу ўринда, ҳар бирингизнинг меҳнатингизни қадрлаймиз. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ёшларимизни маънавий ва ақлий жиҳатдан тарбиялайдиган маскан бўлади. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси марказига кирган одам чиққач, бу миллатга таъзим қилиши керак.
Йиғилишда тадқиқот матнларини рақамлаштириш ва электрон платформага жойлаштириш ташаббуси илмий натижаларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, музей экспозицияси мазмунини бойитиш ҳамда Марказнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишига ҳам тўхталиб ўтилди.
Олимларга илмий матнларни махсус платформага жойлаштиришда техник ва услубий имкониятлар ҳақида батафсил тушунтириш берилди, шунингдек, тадқиқот натижаларини экспонатлар, видеолойиҳалар ва электрон маҳсулотлар орқали тақдим этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида қайд этилганидек, илмий лойиҳа-тадқиқот матнларини рақамли платформага жойлаштириш жараёни нафақат музей экспозициясини мазмунан бойитишга, балки Марказнинг халқаро нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади. Бу ташаббус келгусида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва оммалаштириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати
Сўнгги юз йилда эмлаш туфайли кўплаб хасталикларнинг зиёнини кескин камайтириш имкони туғилди. 1969 йили қизамиққа қарши илк вакцина юзага келгунича қизамиқ дунё бўйлаб ҳар йили 2 миллион б00 минг инсонни ёстиғини қуритган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2017 йилгача дунё бўйлаб қизамиқдан ўлимлар сони 80 фоизга камайган.
Атиги бир неча ўн йил олдин миллионлаб инсонлар полиомиелит қурбонига айланган. Уни юқтирганлар ё ҳалок бўлган ёки бир умр фалаж бўлиб қолган. Бугунги кунда бу хасталик деярли йўқ бўлган. Агар жамиятдаги аҳолининг катта қисми касалликка қарши эмланган бўлса, бутун жамият, шу жумладан эмланмаганлар ҳам ушбу касалликдан ҳимояланади.
Фарғона шаҳрида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Санепидқўмита ва УНИСEФ ҳамкорлигида “Эмлаш: илмий ва диний асослар” мавзусида дин етакчилари иштирокида ташкил этилган семинар-тренинг айни шу мавзуга бағишланди.
Тадбирнинг асосий мақсади — аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда эмлашнинг аҳамиятини илмий ва диний манбалардаги асослар орқали тушунтириш, шунингдек имом-хатиблар ва отинойилар билан биргаликда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларини кучайтиришдан иборат экани қайд этилди.
Тадбирда эмлашнинг моҳияти ва организмни ҳимоя қилишдаги ўрни, миллий эмлаш дастурининг амалий натижалари, аҳоли орасида учрайдиган савол ва муаммолар, илмий асосланган диний нуқтаи назарлар бўйича иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, имом-хатиб ва отинойилар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, жойлардаги эмлаш бўйича вазият, аҳолидаги саволлар, таклифлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аҳолига эмлаш тўғрисида тўғри ва ишончли маълумот етказиш ҳамда соҳа мутахассислари билан доимий мулоқотда иш юритиш бўйича келишиб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати