Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Октябр, 2025   |   9 Рабиъус сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:02
Қуёш
06:20
Пешин
12:18
Аср
16:19
Шом
18:09
Хуфтон
19:21
Bismillah
01 Октябр, 2025, 9 Рабиъус сони, 1447

ХАЛҚ САОДАТИ, ВАТАН РАВНАҚИ ВА ДИН РИВОЖИ ЙЎЛИДАГИ ХИЗМАТЛАР МУКОФОТИ

08.09.2025   6650   32 min.
ХАЛҚ САОДАТИ, ВАТАН РАВНАҚИ ВА ДИН РИВОЖИ ЙЎЛИДАГИ  ХИЗМАТЛАР МУКОФОТИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг энг асосий фаолиятлари

(19.10.2021 – 31.08.2025)

 

Ислом дини таълимотини кенг ёйиш, халқимизни дину диёнатли, ҳалол-пок, элу юртига муҳаббатли қилиб тарбиялаш, ёшларни рушду ҳидоятга бошлаш йўлидаги хизматлари инобатга олиниб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан Президент фармонига мувофиқ “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан тақдирландилар.

Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номидаги ушбу мукофотнинг Муфтий ҳазратларига тақдим этилгани юксак эҳтиром ва улкан шарафдир. Зеро, Янги Ўзбекистон бунёдкори бўлган Президентимиз томонидан Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ушбу нуфузли мукофотга муносиб деб топилиши бежиз эмас. Аллоҳ таолонинг инояти ила Ватан равнақи, дин ривожи ва халқ саодати йўлидаги 35 йилдан зиёд вақт мобайнидаги меҳнат самарасидир.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари меҳнат қилиб келаётган қарийб 4 йиллик муфтийлик даврида амалга оширган энг асосий фаолият йўналишларини қуйида мухтасар баён этамиз.

 

Илм олиш ва халқ хизматидаги машаққатли йўл

Муфтий ҳазратлари зиёли оилада таваллуд топиб, мустабид тузум давридаги мураккаб шароитга қарамасдан, аввал Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасаси, кейин эса Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини “аъло” баҳоларга тамомлаб, ўзларининг ҳусни хулқлари, гўзал одоблари, самарали меҳнат фаолиятлари ва интизомли ҳаёт тарзлари билан барчага ибрат бўлиб келганлар. Ўз вақтида Андижон тиббиёт институти ва Фарғона давлат университетида ҳам таҳсил олганлар.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари пайғамбарларнинг меросхўри, шариат ходими сифатида ён-атрофни илм нури, маърифат зиёси билан ёритиб, оғир даврларда ҳам муроса йўлидан юриб, бир қўлда қалам, иккинчисида шариатни маҳкам тутиб, халққа хизмат қилиш мақсадида бутун илму салоҳиятлари, катта ҳаётий тажрибалари ва бор куч-қувватларини динимиз равнақи йўлига сафарбар қилдилар. Натижада Муфтий ҳазратларининг ваъз-насиҳатлари, руҳий тарбияга оид чиқишлари ва Расул алайҳиссаломнинг сийратларига оид гўзал суҳбатлари ила нафақат юртимиз мўмин-мусулмонлари, балки қардош халқлар ҳамда ўзбекзабон миллатлар ўртасида ҳам кучли воиз сифатида танилиб, “Нуриддин домла” номи ила маълуму машҳур бўлдилар.

Шундай фидокорона ва серқирра хизматларини инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларини 2021 йил октябрь ойида муфтий лавозимига сайлади. Муфтий ҳазратлари масъулиятли лавозимга киришганларининг дастлабки кунлариданоқ Диний идора таркибий тузилмаси тубдан янгиланиб, Фатво маркази ҳамда Ҳаж ва умра маркази ташкил этилди. Муҳим бўғинлар малакали, ташаббускор ва илғор кадрлар билан таъминланди, ходимларнинг шахсий фазилатларида тавозелик, тақво, хушмуомалалик шаклланиб, ўз вазифасига нисбатан фидойилик, жонкуярлик сифатлари сайқал топиб, жамоада уюшқоқлик, иноқлик ва аҳиллик фазилатлари намоён бўлди.

 

Марказий Осиёда ягона марказ

Холис эътироф этиш керак, нафақат Марказий Осиёда, айни пайтда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари орасида ҳам ягона бўлган ва 2022 йил март ойида асос солинган Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги Фатво марказининг иш бошлашида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита саъй-ҳаракатлари беқиёс.

Бугун алоҳида бинода жойлашган ушбу Фатво марказида 25 нафар етук уламо етти йўналиш – “Ақида”, “Ибодатлар”, “Оила ва ижтимоий масалалар”, “Ислом молияси”, “Тақвим ва қибла”, “Қўнғироқлар маркази”, “Ёзма мурожаатлар ва медиа” кабиларда фаолият юритмоқда. Диний савол-жавобларга ихтисослашган Колл-марказда бир неча мутахассислар ҳафтанинг ҳар куни турли масалалар юзасидан бериладиган саволларга жавоб қайтармоқда.

2025 йилдан ишлаш ёки ўқиш мақсадида чет давлатларда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига ижтимоий тармоқлар орқали жавоб бериш имкони яратилди. Ижтимоий, молиявий ва оилавий масалаларда Марказга келган фуқароларнинг мурожаати доимо эътиборда. Бир кунда ўрта ҳисобда 1000 та саволга жавоб бераётган Марказ ўтган фаолият даврида бир миллиондан ортиқ саволга асосли жавобни тақдим этди. Таъкидлаш керакки, марказ фаолиятига қўшни ва хорижий давлатларнинг етук уламолари юқори баҳо бермоқдалар.

Фатво маркази фаолияти билан яқиндан танишган кишининг хаёлига Аллоҳ таолонинг: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг...” (“Наҳл” сураси 43-оят) деб марҳамат қилган ояти каримаси келади. Аминмизки, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳам айнан мўмин-мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлаш, шаръий масалаларга бўлган эҳтиёжини қондириш, уларнинг маънавияти ва маърифатини янада юксалтириш мақсадида мазкур хайрли ишга бош бўлганлар.

 

Обод бўлаётган масжидлар

Сўнгги йилларда юртимизда барпо этилаётган муҳташам биноларга мос тарзда миллий меъморчиликни ўзида мужассам этган гўзал масжидлар юртимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Ҳозирга қадар 114 та янги масжид рўйхатдан ўтказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, 389 та масжид қайтадан бунёд этилган бўлса, 227 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Маърифат масканларида мўмин-мусулмонлар учун яратилган шарт-шароитлар барчанинг, хусусан хорижлик меҳмонларнинг ҳам ҳавасини келтираётгани айни ҳақиқат. Шундай тароватли масжидларни обод этиш ва қайта таъмирлаш ишлари Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари муфтий бўлиб сайланганларидан сўнг янада жадал тус олди. Аҳоли учун зарур бўлган ҳудудларда янги масжидлар очиш, фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган жомеларни тубдан қайта қуриш ва таъмирлаш борасида эришилган натижалар ҳам киши қалбига катта қувонч киритади.

Зеро, Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 18-оятида бундай марҳамат қилади: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин». Бу каби муждалар ҳадиси шарифларда ҳам келган бўлиб, масжид қурган ва обод этган кишига улуғ мукофотлар ваъда қилинган. Усмон ибн Аффондан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади: Набий соллаллоҳу алайҳи вассалам: «Ким Аллоҳ таоло учун бир масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй қуради», дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Имомлик мартабадир

Имом-хатибларнинг илмий салоҳияти, билим-кўникмаси ҳамда касб-маҳоратини ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Ҳар йили 800-900 нафар имом-домланинг малакаси оширилиб, шу кунга қадар 3,5 минг нафар меҳроб эгаларининг илмий савияси янада юксалди.

Имомлик шараф ва мартаба бўлиб, айни пайтда жуда катта масъулиятли вазифадир. Пайғамбар алайҳиссалом: «Имом зомин (зиммасига олувчи), муаззин омонатдордир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошлагин ва муаззинларни мағфират қилгин”, дея дуо қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги 2 145 масжидда имом-хатиблар, имом ноиблари хизмат қилмоқда. Хатибларнинг 935 нафарини, ноибларнинг 393 нафарини олий маълумотли қилишга эришилди.

4 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган ва 100 нафар магисратура йўналишини тамомлаган имом-домлалар халқ хизматида бўлмоқда.

Халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш ва Ислом маърифатидан баҳраманд этиш мақсадида ҳар куни намоз олди ва ундан сўнг суҳбат ҳамда савол-жавобга алоҳида вақт ажратилаётгани янги жорий этилган анаънадир.

Бугун барқарор иш ҳақига эга бўлган ҳамда турли даражадаги моддий-молиявий рағбатлантиришлардан баҳра олаётган имом-хатиблар – ислом маърифатининг тарқатувчилари – илғор иш услубларини ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида, Россия Федерацияси, АҚШ, Миср, Туркия, Иордания, БАА, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга хорижий сафарларга ҳам юборилмоқда.

14 ҳудуд, 160 туман ва шаҳарда аҳоли саводхонлигини ошириш, аёл-қизлар, ёшлар тарбиясини яхшилаш, оилаларни ислоҳ қилиш ва диний расм-русумларни тартибли ўтказиш билан шуғулланаётган отинойилар ҳам муносиб иш ҳақи билан таъминланган ҳолда бош имом-хатибларнинг аёл-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида самарали меҳнат қилмоқдалар.

 

“Қуръон ва тажвид” ўқув курслари фаолияти

Қуръони каримни ўрганиш, тиловат қилиш, оятлари мазмунини тафаккур ва тадаббур қилиш ҳар бир мусулмон учун чинакам саодат. Янги Ўзбекистондаги хайрли ислоҳотлардан яна бири мўмин-мусулмонларнинг Қуръони каримни тажвид қоидалари асосида ўқишни ўрганишга бўлган талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими” ва ҳудудларда “Қуръон ва тажвид” ўқув курслари ташкил этилишидир.

Айни кунларда мамлакатимизнинг 28 ҳудудида “Қуръон ва тажвид” ўқув курслари фаолият юритмоқда. Ушбу бўлимга қироат илми бўйича ўнта ижоза соҳиби Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли раҳбар этиб тайинланган. Шу кунга қадар ушбу ўқув курсларида 70 мингдан зиёд юртдошимиз илм олди. Яна бир неча минг киши Қуръонни тажвид билан ўқиш бўйича савод чиқармоқда.

Мазкур бўлим юртимиз қориларини халқаро Қуръон мусобақаларига тайёрлаб, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Қатар, Қозоғистон каби давлатларда ташкил этилаётган Қуръони карим мусобақаларидаги иштирокларини таъминлашга ҳам эришди.

 

Диний таълимдаги қувончли янгиликлар

Мамлакатимизда ёшларимизга профессонал диний-таълим олишлари учун кенг имконият яратиш, мадрасаларда таълим сифатини ошириш ва дарс бериш учун хорижлик уламоларни жалб этиш йўналишларида бир қатор янгиликлар жорий этилди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан Сурхондарё вилоятида Имом Термизий номидаги ислом институтининг ташкил этилиши билан юртимиздаги олий диний таълим муассасаларининг сони 4 тага етди.

Тошкент ислом институтида Магистратура босқичи йўлга қўйилиб, барча қулайликларга эга қўшимча бинолар ажратилди.

2000 нафарга яқин талаба Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида таҳсил олади. Жумладан, 2025-2026 ўқув йилида олий диний таълим муассасаларида 742 нафар талабалар таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси илмий нашрлар рўйхатидан ўтган Тошкент ислом институти муассислигида «Ислом маърифати» илмий-адабий, маънавий-маърифий журнали чоп этиш йўлга қўйилди.

Ушбу институт илмий-тадқиқотчиларининг диссертация мавзуларини тасдиқлаш ва ҳимоя қилишгача бўлган жараёнларни амалга ошириш имкони яратилди.

Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларидаги талабаларга таълим берувчи профессор ўқитувчилар сони ва таркиби оширилиб, уларнинг жами сони 523 нафарга етказилди. Улар орасида DSc даражадаги 7 нафар педагог-ўқитувчи, 51 нафар PhD даражасидаги педагог-ўқитувчилар бор. Шунингдек, 6 нафар араб миллатига мансуб профессор-ўқитувчилар ҳам талабаларга сабоқ беришга жалб этилди.

Профессор-ўқитувчилар томонидан жорий ўқув йилида 10 га яқин ижтимоий-гуманитар фанлар ҳамда 20 тадан ортиқ мутахассислик фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, монография, ўқув, ўқув-услубий қўлланмалар яратилиши йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилаётган DSc илмий даражасига эга бўлганларга 50 фоиз, PhD илмий даражаси мавжудларга эса 30 фоиз устама ҳақ тўлаш жорий этилди.

Баҳоуддин Нақшбанд халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиши натижасида илмий марказлар сони ҳам тўртта бўлди. Марказ илмий ходимлари томонидан бугунги кунгача 10 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий конференцияларда иштирок этилди, 4 та семинар ташкил этилди, 18 та илмий-назарий мақолалар нашр этилди, 30 га яқин алломаларнинг илмий мероси тадқиқоти олиб борилмоқда.

“Кўкалдош”, “Хадичаи Кубро” мадрасалари ва Мир Араб олий мадрасаси замонавий шароитларга эга бўлган янги биноларга кўчиб ўтди. “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний”, “Саййид Муҳйиддин махдум”, “Хожа Бухорий”, Мир Араб, “Жўйбори Калон” мадрасаларининг бинолари капитал таъмирланди.

Биргина 2024-2025 ўқув йилида 166 нафар Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган талаба таълим муассасаларини муваффақиятли тамомлади. Уларнинг 16 нафари ижоза олди. 7 нафари эса халқаро Қуръони карим мусобақаларида муносиб иштирок этди.

Олий диний таълим муассасалари Hemis таълим тизимига уланди. Ўрта махсус диний таълим муассасаларида ўқув йилининг биринчи ярми якунига қадар мазкур платформага улаш ишлари режалаштирилган. Hemis ахборот тизимига уланиш натижасида профессор-ўқитувчи ва талабаларга қуйидаги имкониятлар яратилди:

- электрон ҳужжат алмашинуви йўлга қўйилди;

- my.gov.uz порталидан маълумотнома олиш имкони берилди;

- transfer.edu.uz тизими орқали ўқишни қайта тиклаш мумкин бўлди;

- ёшлар дафтарида рўйхатда турган ва ногиронлиги бор шахслар тегишли имтиёзлардан фойдалана олиши мумкин;

- mehnat.uz порталидан битирувчилар ҳақида маълумот олиш имконияти бор;

- diplom.edu.uz тизими орқали электрон диплом тақдим этиш имкони мавжуд.

Тошкент ислом институти ва Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ат-Танал ал-арабий” “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни берувчи ташкилоти ўртасида имзоланган англашув меморандуми асосида ушбу олий даргоҳда халқаро тил сертификатини бериш жорий этилди. Натижада бугунги кунга қадар 794 нафар фуқаро имтиҳон топшириб, уларнинг барчаси “Ат-Танал ал-арабий” “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни қўлга киритган. 

 

Интернет ва медиамаконда илму маърифат тарқатиш

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фаолиятлари давомида Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда диний, ижтимоий ва аҳлоқий мавзуларда мунтазам чиқишлар қиладилар. Муфтий ҳазратларининг видео ва аудио контентлари эълон қилинадиган ижтимоий тармоқлардаги канал ва саҳифаларининг жами обуначилари сони қарийб 3 миллионга етди. Биргина 2025 йилнинг биринчи ярмида контентлар кузатувлари сони 450 млн.ни ташкил этгани чиқишлар нақадар оммалашганига яққол далолат беради.

Ҳазратнинг ислом тарихи, сийрат ва комил инсон сифатларига оид чиқишлари азалдан қўшни мамлакатлар, хусусан, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда истиқомат қиладиган ўзбекзабон кишиларнинг севиб тинглайдиган мавъизаларига айланган. Айниқса, “Тасаддуқ, Ё Расулуллоҳ” номли туркум суҳбатлари қардош халқларнинг доимий эшитадиган мавзуси саналади.

Марказий Осиё давлатларининг аксар муфтийлари Ўзбекистон муфтийсини шаръий, ақидавий ва ижтимоий масалаларда ўзларининг муҳим маслаҳатгўйлари деб ҳисоблашади. Айниқса, Рамазон ойи ва ҳайитини белгилашда Ўзбекистон томонининг хулосасига алоҳида эътибор қаратишади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим, Миср, Туркия, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларда иш ёки ўқиш билан бўлиб турган меҳнат мигрантларимиз ҳам ўз эътиқодлари талабидан келиб чиққан ҳолда Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг видео ва аудио маърузаларини ихлос билан кузатиб боришади. Муфтий ҳазратларининг мухлислари ватандан ташқарида ҳам бир неча миллионни ташкил этади. Шу боис, у кишининг хорижий сафарлари мобайнида қадам ранжида қилган барча жоме масжидлар минглаб ватандошлар ва хорижлик мухлислар қуршовида бўлади.

Шайх Нуриддин Холиқназарнинг халқаро ташкилотлар фаолиятидаги долзарб мавзулардаги чиқишлари кенг жамоатчилик ва дунёнинг етакчи уламолари томонидан ҳам қўллаб-қувватланиб келаётганлиги айни ҳақиқат. Масалан, Мусулмон донишмандлар кенгашининг muslim-elders.com сайт ва ижтимоий тармоқларидаги мусулмон уммати бирлиги, адолат ва тенглик тўғрисидаги мурожаатлари барча мусулмон мамлакатларининг олимлари ва экспертларида катта қизиқиш уйғотди. Араб тилида эълон қилинган мазкур чиқишлар ташкилотларга аъзо бўлган бошқа уламолар чиқишларига нисбатан бир неча ўн минг марта кўп кўрилгани ҳамда илиқ муносабатларга сазовор бўлганига бевосита гувоҳмиз.

Шайх Нуриддин Холиқназарнинг мусулмон дунёсида катта нуфузга эга бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг "OIC Journal" журнали, Иорданиянинг марказий “Аммон” веб-нашридаги илмий мақолалари, шунингдек, араб нашрларида, хусусан, Саудия Арабистони ва Миср матбуотида кенг ёритилган чиқишлари (cgscholar.com, muslim-elders.com, swiftnewz.com, aawsat.com, arab-sahafahh-net, news.gulf365.net, www.al-madina.com, www.alriyadh.com, shahdnow.sa, www.unitedmuslimworld.com, www.youm7.com, www.elmwatin.com, www.alalam.ir, www.uaebarq.ae) ҳам алоҳида эътиборга молик.

Юртимизда фаолият юритаётган телерадиоканаллар, жумладан, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон”, “ЎзРепорт”, “Маданият ва маърифат”, “Маҳалла”, “МY 5 (Менинг юртим)”, “Севимли” ва “Миллий” сингари кабилар томонидан эфирга узатиладиган дастурларда ҳам ўз чиқишлари билан мунтазам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар томонидан юритиладиган сайтлар сони 48 та, “Мета” ижтимоий тармоғида – 335 та саҳифа, “Instagram” ижтимоий тармоғида – 152 та, “Telegram” мессенджерида - 1570 та канал/ 1733 та гуруҳ, “Youtube” платформасида – 134 канални ташкил этади. Мазкурларнинг доимий обуначилари сони 16,5 млн. нафарга етди. Медиа макондаги “Қуръон сабоқлари”, “Онлайн диний савол-жавоб” каби тўғридан-тўғри эфирлари ва фойдали лойиҳалар омма эътиборини қозонган.

Муфтий ҳазратлари руҳий тарбия, одоб-аҳлоқ, ихлос, самимийлик, шукроналик, илм-маърифат, фарзанд тарбияси, ота-онани эъзозлаш, устозга эҳтиром, Ватанга муҳаббат туйғуси каби мавзулар гўзал тарзда баён қилинган бир нечта адабиётларни таълиф этдилар. “Ихлос – амаллар зийнати”, “Исломда ватан тушунчаси”, “Ҳаж – буюк ибодат”, “Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ”, “Умра – улуғ амал”, “Фитна – кўз илғамас хатар”, “Никоҳ йўриқномаси”, “Рамазон – ғанимат ой”, “Аллоҳ мени кўриб турибди”, “Раббоний нидолар”, “Эй бандаларим”, “Ёшларга насиҳатим”, “Инсон қадри”, ҳаммуаллифликда "Фатволар тўплами" (1, 2-жузлар), "Рўзага оид фатволар", "Таҳоратга оид фатволар", “Намозга оид фатволар”, “Қурбонликка оид фатволар”, “Закотга оид фатволар” ва "Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" сингари 20 та китоби нашр этилган.

“Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи” каби марказий босма нашрлар ҳамда “Ҳидоят”, “Мўминалар”, “Ислом нури” сингари диний-маърифий нашрларда маънавий-маърифий мавзулардаги мақолалари нашр этилган.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Диний идоранинг даврий нашрлари (“Ҳидоят”, “Мўминалар”, “Ислом нури”) Таҳрир ҳайъати раиси сифатидаги фаолиятлари натижасида газета ва журналлар ҳар ойда чоп этиладиган адади ўртача 150 минг нусхага етди. Мазкур даврий нашрларнинг жами адади бир йилда 1 млн. 800 минг тани ташкил этади.

Юртимизда жуда кўп қўлёзма китоблар жамланган бўлиб, уларнинг бир қисми Диний идора кутубхона-музейида сақланади. Қўлёзмалар фондида араб, форс-тожик, эски ўзбек, эски турк тили ва бошқа шарқ тилларида битилган 3 мингдан зиёд қўлёзма, 9 мингдан ортиқ тошбосма ва 8 мингдан ортиқ янги нашрлар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалар ҳисобланган VII асрга тегишли “Ҳазрати Усмон Мусҳафи” ва “Катта Лангар Қуръони” яхши ҳолатда сақланмоқда. “Катта Лангар Қуръони” франциялик мутахассислар томонидан таъмирланиб, айрим саҳифалари Париждаги “Лувр” музейи ва Жидда шаҳридаги нуфузли кўргазмаларда намойиш этилди.

 

Мусулмон олами билан самарали ҳамкорлик

Шайх Нуриддин Холиқназар жанобларининг дунёда тинчликни қарор топтириш, халқлар ўртасидаги биродарликни мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик йўлидаги салмоқли хизматлари ва юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар муносиб эътироф этилиб, Муфтий ҳазратлари халқаро ташкилот ҳисобланган Абу Даби тинчлик форуми (БАА), Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА), Исломий фиқҳ академияси ва Ислом олами уюшмаси (Саудия Арабистони) аъзолигига қабул қилиндилар.

Мазкур ташкилотларга аъзолик Ўзбекистоннинг мусулмон дунёси билан ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш, муаммоларга ечим топиш ва ислом умматининг бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Жанубий Корея, Финландия, Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистон давлатларидаги йирик халқаро тадбирлар ва кенг аҳоли вакиллари билан учрашувларда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенглик борасидаги ташаббуслари билан мусулмон оламида эътибор қозонган Шайх Нуриддин Холиқназар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Халқаро Илмий ҳайъати раиси вазифасига сайланди ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Илмий кенгаши томонидан “Фахрий доктор” илмий унвонига муносиб деб топилди.

 

Ҳаж ва умра жаннатга етакловчи амаллар

Ҳаж ва умра сафарларини уюштириш, зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ва ибодатларни динимиз аҳкомларига мувофиқ адо этишни ташкил этиш ишлари сифат, мазмун ва хизматлар жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Ҳаж” ва “Умра” тарбирларини ташкил этиш ва ўтказиш маркази ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳаж зиёратчилари сони аввалгига қараганда 3 карра оширилди. Сўнгги йилларда ҳар йили 15 минг нафар фуқаро улуғ амални бажараётган бўлса, охирги йилларда жами 75 мингдан зиёд юртдошимиз ҳаж қилиш бахтига эришди. 2024 йилда 800 минг нафар ҳамюртимиз умра амалини адо этди.

Янги Ўзбекистон зиёратчилари учун муборак заминдаги шароитлар сифат ва хизмат кўрсатиш жиҳатидан юқори даражага олиб чиқилди. Юртдошларимиз муборак амалларни рисоладагидек адо этишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди. Хусусан, меҳмонхоналарда замонавий ва қулай шароитлар ҳозирланди, шунингдек, тиббиёт хонаси ва ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, малакали шифокорлар ва тажрибали мутахассислар узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда. Ҳарами шарифга 24 соат давомида автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда.

Айтиш жоизки, зиёратчиларимиз ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишлари учун Мино, Арофат ва Муздалифа водийларида ҳам шароитлар яхшиланди. Хусусан, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралди, совутиш тизими ўрнатилди, гилам ва тўшаклар солинди.

Ҳаж мавсуми давомида муҳтарам Президентимиз муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон мулоқоти қилиб, ҳожилар учун яратилган шароитлар, нуронийларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўрашлари хайрли анаъна тусига кирди. Ўз навбатида мана шундай эҳтиром ва ғамхўрлик учун ҳожилар Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллаларда ижтимоий муҳитни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак бериш, ёшларни илм-маърифатга тарғиб этишда намуна кўрсатиш ишларида ибрат кўрсатмоқдалар.

Мана шундай саъй-ҳаракатлар юртимиздаги “Инсон қадри – улуғ”, деган юксак тамойил фуқароларимиз дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам амалда эканини яққол намоён этади.

 

«Эй туркий элим...»

Қадимий турк давлати асосчиларидан бири Билга Хоқон туркий халқларга юзланиб: “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!” – деган эди. Бугун ана шу тарихий ҳайқириқ яна баралла янграмоқда. Бу жараёнда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг Мусулмонлар идоралари ҳамкорлиги ҳам жадал ривожланмоқда. Туркий давлатлар муфтийлари орасида Ўзбекистон муфтийсининг чиқишлари эса алоҳида эътиборга молик. 2021 – 2024 йилларда бўлиб ўтган муфтийлар йиғилишидаги чиқишлар қардош уламолар томонидан қизғин хайриҳоҳлик ила қўллаб-қувватланди. Жумладан, Туркий давлатлар Фатво ҳайъатини тузиш, ҳар йили анаънавий илмий анжуман ўтказиш ва Исломнинг терроризмга қарши муносабатини англатиш борасидаги таклифлар амалиётга тадбиқ этилди.

Ташқи алоқалар йўналишида Туркия, Сингапур, Покистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлат раҳбарлари билан мулоқот, халқаро ташкилот ва идора раҳбарлари билан учрашув, чет эл давлат элчилари билан музокаралар, турли мамлакат муфтийлари билан ҳамкорлик ҳамда халқаро анжуман ва тадбирларда фаол иштирок этган Шайх Нуриддин Холиқназар жаноблари ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамда Жанубий Корея, Туркия, Литва, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Кавказ мусулмонлари идораси билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланишида ташаббускор бўлганлар.

Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари асосида Миср Араб Республикаси ва Бирлашган Араб Амирлигидаги нуфузли ташкилотлар билан долзарб йўналишларда “Йўл харитаси” тузилиб, диний-маърифий соҳада ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

 

Меҳр-мурувват, хайру саховат ишларининг кўлами кенг

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга кўмаклашиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ёрдам қўлини чўзишдек савобли ишлар тизимли йўлга қўйилган.

Бундай хайрли ишларга динимиз ҳам тарғиб қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Молларини Аллоҳ ризолигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар: унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (“Бақара” сураси, 265-оят) деб марҳамат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда соҳа ходимлари ташаббуси билан ҳомийларни жалб этган ҳолда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, моддий кўмакка муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, етимлар, ногиронлиги бор шахслар ва Меҳрибонлик уйларига ҳар йили ўрта ҳисобда 170 млрд. сўм миқдоридаги хайрия ишлари амалга оширилади.

 

“Одамий эрсанг, демагил одами, ониким, йўқ халқ ғамидин ғами”

Ушбу ҳикматни ҳаёт қоидасига айлантирган Ҳазрати Алишер Навоий ҳам, “Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ”, дея тақдир ва тадбирни бирлаштирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам оддий одамлар билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишни олий мақсад, ҳаёт мазмуни, деб билган.

Давлатимиз раҳбари бугун барчамизни халқ қалбига қулоқ солишга, инсонларнинг дарду ташвишларини астойдил тинглашга, муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам беришга даъват этаётгани, буюк шоиримиз айтганидек, қучоқ очиб халқ ичига бориш, унинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқаришдек улуғ мақсадларга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистонда Ислом дини таълимоти ва миллий қадриятларимиздан сув ичаётган “Инсон қадри” тамойили умуммиллий ҳаракатга айланди. Ҳақ таоло Моида сурасида хушхабар ўлароқ айтади: «Аллоҳ яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради». Мана шу илоҳий кўрсатмага ҳамоҳанг равишда ўлкамизда “Одамларни ҳаётдан рози қилиш – асосий мезон” деган эзгу шиор асосида амалга оширилаётган ҳар бир иш эл-юртга манфаатли бўлмоқда.

Муфтий ҳазратлари халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишлари билан яшаш ва ишлаш йўлида самарали меҳнат қилмоқдалар. Жумладан, ҳар ҳафтанинг чоршанба куни Диний идорада, барча масжидларда ҳамда алоҳида режа асосида олис ва чекка туман-шаҳарларидаги сайёр учрашувлар чоғида маҳаллалардаги фуқаролар билан дилдан суҳбатлар, жоме масжидлар қавмига мавъизалар қилинади. Бир йилда ўрта ҳисобда тизимдаги мутасаддилар томонидан 100 минг фуқаро қабул қилинади.

Сафарлар давомидаги кенг халқ оммаси билан маънавий-маърифий учрашув, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар, жоме масжидларда чиройли мавъизалар билан бирга эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб келинаётган ишлардан халқимиз мамнун бўлмоқда.

Дарҳақиқат, дини мубинимизда муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга доимо тарғиб этилади. Муфтий ҳазратлари мана шундай инсонлар билан дилдан суҳбат қилиб, ҳадялар ила уларнинг дилларини равшан этмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир”, деганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай.

Ҳа, мана шундай фуқаролар билан юзма-юз мулоқот, сайёр учрашув ва хайрия ишлари орқали инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.

Рағбат – хайрли ишларга мадад

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари муфтийлик фаолиятларидаги мана шундай салмоқли ишлар ва юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муносиб эътирофи сифатида халқаро миқёсда Россия марказий диний идорасининг “Ал-Игтисам” (“Ҳамжиҳатлик”) медали, Қирғизистон мусулмонлари диний идорасининг “Ынтымак” (Бирдамлик) медали, Шимолий Кавказ мусулмонларини мувофиқлаштириш марказининг “Уммат олдидаги хизматлари учун” ордени, “Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси 30 йиллиги” медали, республика миқёсида эса “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 23 августдаги Фармони асосида Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик байрами муносабати билан Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ва ўтган қисқа даврда ўн нафар уламоларимиз “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланишлари эса энг шарафли мукофот, жуда катта эҳтиром ва улкан тарихий воқеа бўлди.

Эътироф этамизки, муҳтарам Президентимиз томонларидан дин пешволарига кўрсатилаётган бундай эҳтиром диний соҳага қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлиб, инсон қадри улуғланган Янги Ўзбекистонда уламолар қадр топди, муносиб эътироф этилди.

Бундай оламшумул воқеа она Ватан ободлиги ва дин ривожи йўлида хизмат қилаётган уламои киромлар, устозу мударрислар ва имом-домлаларга бўлган эътибор ортаётганининг ёрқин исботидир.

Уламоларга кўрсатилаётган шундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Хулоса

Тўрт йил – тарих саҳнида жуда қисқа фурсат. Лекин шу йилларга улкан муваффақиятларни сиғдира олиш фақат Аллоҳ таолонинг инояти ҳамда юрт Раҳбарининг адолати, қўллаб-қувватлови ила амалга ошиши мумкин.

Таъкидлаганимиздек, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари муфтийлик лавозимига сайланишлари билан, аввало, ниятни холис қилиб, «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» хайрли ишларга ихлос ва тақво билан уммат саодати йўлида енг шимарганлар. Дарвоқе, буюк муҳаддис бобомиз ўзининг шоҳ асари – «Саҳиҳи Бухорий»нинг дастлабки ҳадисини «Амаллар ниятларга кўрадир», деган муборак ҳадис билан бошлаганлар. Исломнинг мадори деб аталувчи ана шу ҳадисни қалбига жо қилган Муфтий ҳазратларига «Олий даражали Имом Бухорий» ордени тақдим этилиши, у кишининг фаолиятлари давомида эришган натижалари самараси, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.  

Фурсатдан фойдаланиб, Муфтий ҳазратларини яна бир бор олий мукофот билан қутлаймиз. Аллоҳ таоло у кишининг дин ривожи, Ватан равнақи ва мусулмон умматининг саодати йўлидаги хизматларига улкан муваффақиятлар ато этсин, омин Ё Роббал аламийн.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши

2025 йил 3 сентябрь / Ҳижрий 1447 йил 11 рабиъул аввал

 

Бошқа мақолалар

Ким УСТОЗ?

30.09.2025   3323   9 min.
Ким УСТОЗ?

Аллоҳ  Таоло оламларни  бунёд этгандан cўнг унга сарвар қилиб Инсонни – Ҳазрати Одам Ато алайҳиссаломни яратди. Одам Ато қовурғасидан Момо Ҳавони яратиб, улардан фарзандларини кўпайтирди.

 

Ривоят этилишича, одамзотнинг кўнглига 3 нарса урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. 

Биринчиси эр учун – аёл, аёл учун – эр. Чунки аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби, аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан.

Инсон кўнглига урмайдиган иккинчи нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан.  Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам, Одам Ато ва Момо Ҳаво  илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён.

Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китоб экан. Зеро Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказганлари, мусулмонлар дилига сингдирганлари маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги яна шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар, қандай сўзлаш, қандай яшаш зарурлигини, имон-эътиқодни асрашни биладилар.

Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи – Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Буюк ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолиб келаётган доно халқимизнинг юксак маънавияти бўлмиш миллий ва диний қадриятларимиз эса буларнинг   ҳаммаси – ахлоқий, ақлий ва жисмоний мактаб эканлиги олтиндан қиммат, бебаҳо ва абадий қадриятларимиз, енгилмас кучимиздир!

 

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга  қаратилган таълим-тарбия»«маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат ИЛМ мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Ислом дини пайдо бўлишини Яратганимиз Муҳаммад алайҳиссалом орқали Арабистон ярим ороллигини ирода этган бўлса, ушбу Муқаддас, пок Ислом динимизни илму-фан, маърифат ила ривожланишини Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Баҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Маҳмуд Замахшарийлардек буюк алломалар орқали бизнинг жаннатмакон юртимизни (!) Ўз илоҳий ҳикмати ила ихтиёр этди.

Яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарига бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаёт эканларида меҳрибон ва сахийлик ила муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи муқаддас динимиз, айниқса мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси – эзгу мақсадларга чин маънода хизмат қилиш имкониятини топди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси  бешикларидан бири бўлганини халқаро  жамоатчилик тан олмоқда ва эътироф этмоқда...

Бу табаррук заминдан не-не буюк зотлар, олиму уламолар, сиёсатчи ва саркардалар етишиб чиққани, умумбашарий цивилизация ва маданиятнинг узвий қисмига  айланиб кетган дунёвий ва диний илмларнинг, айниқса, Ислом дини билан боғлиқ билимларнинг тарихан энг юқори босқичга кўтарилишида она юртимизда туғилиб камолга етган улуғ алломаларнинг ҳизматлари беқиёс экани бизга улкан  ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони Каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-ҳунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони Каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

 

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс.

Бизнинг доно халқимиз

«Устоз – отангдек  улуғ»,

 

«Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»,

 

«Уста бўлсанг, устозингни унутма!»,

 

«Устозингга тик қарасанг – тўзасан,

Ҳурмат қилсангаста-аста ўзасан»,

деб бежизга айтмаган.

 

Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса,

“Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди”  (Қуръони Карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР !

Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг  ОТА-ОНАСИДИР ! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

Шунинг учун ҳам ўзининг қадр-қимматини билган, ўзининг кимлигини тушуниб етган ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.   

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар...

Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига серқиррали эътиборимизни беришимизда қуйидаги пурмаъноли, сермазмунли тарафини ҳам эътиборга олишимизни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Каломуллоҳ Қуръони Каримнинг ояти муборакларига ва Жаноби Пайғамбаримизнинг муборак ҳадиси шарифларига биноан «устоз»нинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Миралишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

    Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

 

Шунчалик улуғ (!) даражага устознинг мавқеи кўтарилган.

“Устоз” деганда фақат маълум бир соҳада ёки фақат илм соҳасида эмас, балки илм-фаннинг барча турларида, касб-ҳунар соҳаларида ҳам ўргатувчини биз УСТОЗ деб тушунишимиз лозим!

Шунинг учун ҳам бизнинг доно халқимиз ҳурмат ва эҳтиром ила эъзозлаб «Устоз» деб улуғлайди.

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

 

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол 

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

 

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

 

Навоий дебдики: “Мен кўрган бола

Устозим  боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

 

Устозим мен учун отадан улуғ!

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим  гуноҳу азим!

 

Доно халқимиз ўз мақолларида ҳам “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор...

Зеро бу улуғ ҳикматлар элнинг эллик минг элагидан ўтказилиб, кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган, Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар