Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Декабр, 2025   |   6 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:04
Хуфтон
18:23
Bismillah
26 Декабр, 2025, 6 Ражаб, 1447

Она сутининг фойдалари

15.10.2025   10541   3 min.
Она сутининг фойдалари

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир” (Бақара сураси, 233-оят), дея марҳамат қилган.

 

Дарвоқе, гўдак соғлом униб-ўсиши учун зарур бўлган барча озиқ моддаларни Аллоҳ таоло она сути таркибига жойлаб қўйган. Она сути таркибидаги микроэлементлар миқдори гўдак танасидаги эҳтиёжга кўра кўпайиб ё камайиб туради. Айниқса, гўдак олти ойлик бўлгунга қадар унинг озиқага бўлган эҳтиёжи фақат она сути ҳисобига таъминланади.

 

Ноёб хусусиятлари

1. Микроблар тушиш эҳтимоли мавжуд эмас.

2. 36–37 даражада бўлиб, боланинг тана ҳароратига мувофиқ.

3. Ошқозонга аста-секин ва оз-оздан тушади, таркибий қисми тўла ҳолда парчаланмай сўрилади.

4. Таркибида юқумли касалликлардан ҳимояловчи иммун таначалар ҳамда ҳазм жараёнини яхшиловчи ферментлар бор.

 

Кўпайиши учун

 

Абу Али ибн Сино эмизикли аёлнинг сути кўпайиши учун, энг аввало, унинг асаби тинч бўлиши ва кўп ухлаши кераклигини айтган. Яна сут кўпа­йиши учун эмизикли аёллар сут маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилишлари зарур. Сутни ширчой қилиб, ичига ёғ ёки ёнғоқ солиб ичиш жуда фойдали. Эмизишдан 20 дақиқа олдин, албатта, бирор-бир суюқлик ичиш зарур. Кунда камида икки маҳал иссиқ суюқ овқат истеъмол қилишга одатланиш ҳам она сутини кўпайтиради. Гуручли таомлар, айниқса, палов ҳамда мошли таомлар она сутини кўпайтириш хусусиятига эга.

 

Она сути билан озиқланган болалар ҳар томонлама яхши ривожланади. Рахит, камқонлик, ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши каби хасталик­лар уларда деярли кузатилмайди. Шунга қарамай, кейинги йилларда оналар ҳар хил сабабларга кўра фарзандларини сунъий озиқлар билан улғайтирмоқда. Баъзилари меҳнат фаолиятидан ажраб қолмаслиги, айримлари қоматларини сақлаб қолиш мақсадида... Сути йўқлиги ё яроқсизлиги сабаб бўлаётганлари озчиликни ташкил этади.

 

Зиёд Саҳмий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (болани) эси паст аёлга эмизишдан қайтардилар (албатта, сут эгасига ўхшайди) (Имом Абу Довуд ривояти).

 

Ушбу ҳадис чақалоқларни сунъий озиқлар билан боқишдан ҳам қайтаради. Чунки у таркиби, озиқавийлиги, жисмоний ва руҳий саломатликка кўрсатадиган таъсири жиҳатидан эси паст онанинг сутидан кўра болага зарарлироқ.

 

Сунъий сутнинг оқибати

 

Она сутининг мўъжизавийлик хусусиятлари билан сунъий сут ва бўтқалар таркиби солиштирилиб ўрганиб чиқилган. Тадқиқотлар натижасидан биттасини келтириш кифоя: она сути таркибида қанднинг 150 тури мавжуд. Маълум бўлишича, мазкур қанд моддалари ҳазм жараёни ва кейинги жараёнда муҳим аҳамият касб этади. Сунъий сутларнинг бирортасида бу кўрсаткич бир ёки икки турдан ортиқ эмас. Сунъий озиқалар  кунда-кунора болаларда қаб­зият пайдо қилади. Кўп ҳолларда буни бартараф этиш учун кимё­вий дорилар қўлланади.

 

Она сути – Аллоҳ томонидан гўдаклар учун яратилган табиий-фитрий офият қўрғони. Ана шу мўъжизакор сутдан узрсиз фойдаланмаслик эса Яратган томонидан берилган имкониятдан воз кечиш демак.

 

Азиза РАҲМАТОВА,

Самарқанд тумани бош отинойиси

(Мўминалар” журнали )

 

Бошқа мақолалар
Видеолар

Амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди

24.12.2025   8592   4 min.

Шу йил 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси ўтказиб келинаётган амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди. Шунингдек, унда Диний идора бўлими бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Музаффар домла Камолов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Дилмурод Раҳимовлар қатнашди.

Мазкур тумандаги “Исломобод” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва Олмазор туманидаги масжид имом-хатиблари ҳам иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китоб бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати юксак улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг фаолияти учун дастурамал бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб барча иштирокчиларга тарқатилди.

Тадбир давомида туман бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Олмазор туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда шаҳардаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Рустамов Эргашали бошчилигида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилиб, улар Олмазор туманидаги 21 та масжид ва маҳалласига бириктирилди.

Тадбир доирасида амалиёти назарда тутилган йўналишлар бўйича қуйидагилар амалга оширилди:

Биринчи йўналиш бўйича имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 105 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди: Хусусан:  

- 20 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, тушунчалари тўғриланди;

- 15 та хонадонда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, муқаддам судланганлар билан суҳбат қилинди;

- 20 та нотинч оила ўрганилиб, муаммонинг сабаблари бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;

- 15 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан суҳбат қилиниб, зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида насиҳат қилинди;

- ногирон, касал, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 20 та оилага кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраш баробарида совға-саломлар улашилди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.

Кирилган 105 та хонадоннинг ичидан моддий имконияти чекланганларига  ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 42 000 000 (қирқ икки миллион) сўмлик рўзғорлик маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди;

Иккинчи йўналиш бўйича имом-хатиб фаолияти ўрганилди. Жумладан, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.

Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган 21 та масжидда пешин намозини адо қилиб, жамоатга маъруза қилиб бердилар. Тинчлик неъмати, шукроналик, ақидада адашмаслик, мазҳабга эргашиш каби муҳим мавзудаги чиқишларда 3800 га яқин тингловчи қамраб олинди.

Шунингдек, якуний йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича сўз юритди.

Йиғилишда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқатни мунтазам йўлга қўйиш, кадрлар масаласига эътиборни кучайтириш, маърузаларни Фатво марказидан чиқарилган жума тезислари ва қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда бойитиш, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари маърузалар қилиш ҳақида сўзлади.

Диний идора Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин Зуҳриддинов масжидларда иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш, эҳсон қутилардаги тушумларни комиссия аъзолари иштирокида далолатнома асосида банкдаги ҳисоб рақамларга кирим қилиш, тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, жаноза маросимларда бидъат-хурофатларга чек қўйиш тўғрисида гапирди.

Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов мавжуд маҳаллаларга барча имом-хатиб ва имом-ноибларни бириктириш, маҳалла еттилиги билан ҳомкорликда ишларни йўлга қўйиш, шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида маъруза қилиш, кибер жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида айтиб ўтди.

Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Олмазор тумани имом-хатиблари ютуқ ва камчиликлари юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

ВИДЕО