Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги Олий ва ўрта-махсус диний таълим муассасаларида Қуръони карим 521 марта, “Саҳиҳул Бухорий” 14 та хатм қилиниб, 750 мингдан зиёд истиғфор, 240 мингдан зиёд салавотлар айтилди. Юртимиздаги масжидларда ўқилган жума ва истисқо намозлари ортидан ушбу хатмлар бағишланди.
Тарихга назар ташланса, “Қуръони карим” хатм қилингани каби “Саҳиҳи Бухорий” ҳам ёзилганидан буён тўлиқ ўқилиб, хатм қилиниб, ундан барака ҳосил қилинган. “Саҳиҳи Бухорий” тўлиқ ўқилиб, хатмдан сўнг қилинган дуолар ижобати жуда кўплаб тажрибалардан ўтган ҳақиқат. Уламолар хатмни жума куни тугатишни мўлжаллаб, бир неча кунда хатм қилиб ўтказишган.
“Олтин силсила”да айтилишича, мўғуллар истилосига қарши масжидларда “Саҳиҳи Бухорий” ўқитилган. Китобнинг хатми якунланиб, охирига етган кундан бошлаб мўғул қўшинлари мағлубиятга учрай бошлаган.
Вабо тарқалиш хавфи бўлганида, ўлатга қарши ҳам “Саҳиҳи Бухорий” китоби хатм қилинган.
Мағрибда уламолар ҳар ражаб ойи бошланиши биланоқ “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқишиб, уни рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси хатм қилишган. Ҳиндистон ва Покистонда эса мавлид ойида “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб тугатиш анъанаси ҳозир ҳам бор.
Шунингдек, мамлакатимиз бўйлаб 500 га яқин жонлиқ сўйилиб, беш мингдан зиёд эҳтиёжманд хонадонларга хайр-эҳсонлар тарқатилди.
Аллоҳ таолодан ёлвориб сўраймизки, юқорида айтиб ўтилган Қуръони карим ва “Саҳиҳи Бухорий” хатмлари, қилинган қурбонликлар, айтилган истиғфор ва илтижоларни қабул этиб, юртимизга ёғингарчиликларини кўп қилиб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг муаммоларига амалий ечимлар берилмоқда.
Жумладан, бугун, 11 март куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов навбатдаги қабулни ўтказиб, таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам сўраб келган фуқаролар билан самимий суҳбатлашди.
Мурожаатчиларнинг оилавий муносабатларда келганларига муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу эзгу анъана нафақат марказий идорада, балки юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳам ҳар чоршанба куни имом-хатиблар томонидан мунтазам давом эттирилмоқда. Зеро, инсонлар оғирини енгил қилиш – асосий мақсадимиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати