Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Май, 2025   |   25 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
04:58
Пешин
12:25
Аср
17:29
Шом
19:45
Хуфтон
21:18
Bismillah
23 Май, 2025, 25 Зулқаъда, 1446

Рамазон 2023: энг узоқ ва энг қисқа вақт рўза тутиладиган жойлар

23.03.2023   1878   6 min.
Рамазон 2023: энг узоқ ва энг қисқа вақт рўза тутиладиган жойлар

 

Бу йил Шимолий қутбга яқин мамлакатларда рўза 18 соатгача давом этади. Жанубий қутбга яқин мамлакатларда 12 соатгача. 

Фото: Songyuth Unkong / EyeEm / Getty Images

23 март куни мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи бошланади. Тонг отишидан қуёш ботишигача бўлган рўза яшаш манзилига қараб 12 дан 18 соатгача давом этади. Ислом арконларига кўра, рўзадор киши кундузи овқатланиш, ичиш, чекиш ва жинсий яқинликдан сақланиши лозим. 

Нега Рамазон ҳар йили ҳар хил кунда бошланади? 

 

Ҳар йили Рамазон аввалгига қараганда 10-12 кун олдин бошланади. Чунки Ислом тақвими ҳижрий қамарий тақвимга асосланган ва ойлар 29 ёки 30 кундан иборат. Бу йил Маккада рўзанинг биринчи куни 23 март, пайшанба куни бўлади. 

Қамарий йил қуёш йилидан 11 кунга қисқа бўлгани учун Рамазон ойи 2030 йилда икки марта, аввалига 5 январда, кейин эса 25 декабрда бошланади.

Кейинги сафар Рамазон 33 йилдан кейин, 2056 йилда 23 мартда бошланади. 

Дунё бўйлаб рўза тутиш вақтлари 

Рўза тутиш соатларининг миқдори бутун дунё бўйлаб фарқ қилади. 

Чили ёки Янги Зеландия каби дунёнинг энг жанубий мамлакатларида яшовчи мусулмонлар бу йил ўртача 12 соат, Исландия ёки Гренландия каби шимолий мамлакатларда яшовчилар эса 17 соатдан ортиқ рўза тутишади. 

Шимолий яримшарда яшовчи мусулмонлар учун бу йил рўза тутиш соатлари бироз қисқаради ва 2031 йилгача, яъни Рамазон энг қисқа кунни қамраб олгунга қадар камайиб боради. Экватордан жанубда яшовчи мусулмонлар учун эса бунинг акси бўлади. 

20 апрелдан 22 августгача қуёш ботмайдиган Норвегиянинг Лонгйир каби шимолий шаҳарларда Макка, Саудия Арабистони ёки энг яқин мусулмон мамлакати вақти бўйича рўза тутилади. 

Қуйида дунё шаҳарларида рўза тутиш соатларининг ўртача миқдори келтирилган. Ҳақиқий миқдори ҳисоблаш усулларига қараб ўзгариб туради. 

Қайси шаҳарларда рўза тутиш вақти энг узун? 

– Нуук, Гренландия: 17 соат

– Рейкявик, Исландия: 17 соат

– Ҳелсинки, Финляндия: 17 соат

– Стокҳолм, Швеция: 17 соат

– Глазго, Шотландия: 17 соат

– Амстердам, Нидерландия: 16 соат

– Варшава, Полша: 16 соат

– Лондон, Буюк Британия: 16 соат

– Остона, Қозоғистон: 16 соат

– Брюссел, Бельгия: 16 соат

– Париж, Франция: 15 соат

– Цюрих, Швейцария: 15 соат

– Бухарест, Руминия: 15 соат

- Оттава, Канада: 15 соат

– София, Болгария: 15 соат

– Рим, Италия: 15 соат

– Мадрид, Испания: 15 соат

– Сараево, Босния ва Герцеговина: 15 соат

– Лиссабон, Португалия: 14 соат

– Афина, Греция: 14 соат

– Пекин, Хитой: 14 соат

– Вашингтон, АҚШ: 14 соат

– Пхенян, Шимолий Корея: 14 соат

– Анқара, Туркия: 14 соат

– Работ, Марокаш: 14 соат

– Токио, Япония: 14 соат

– Исломобод, Покистон: 14 соат

– Кобул, Афғонистон: 14 соат

– Теҳрон, Эрон: 14 соат

– Бағдод, Ироқ: 14 соат

– Байрут, Ливан: 14 соат

– Дамашқ, Сурия: 14 соат

– Қоҳира, Миср: 14 соат

– Қуддус: 14 соат

– Кувайт, Кувайт: 14 соат

– Ғазо, Фаластин: 14 соат

– Деҳли, Ҳиндистон: 14 соат

– Ҳонконг: 14 соат

– Дакка, Бангладеш: 14 соат

– Маскат, Уммон: 14 соат

– Ар-Риёз, Саудия Арабистони: 14 соат

– Доҳа, Қатар: 14 соат

– Дубай, БАА: 14 соат

– Адан, Яман: 14 соат

– Аддис-Абеба, Эфиопия: 13 соат

– Дакар, Сенегал: 13 соат

– Абужа, Нигерия: 13 соат

– Коломбо, Шри-Ланка: 13 соат

– Бангкок, Таиланд: 13 соат

– Хартум, Судан: 13 соат

– Куала-Лумпур, Малайзия: 13 соат

– Сингапур: 13 соат

– Найроби, Кения: 13 соат

– Луанда, Ангола: 13 соат

– Жакарта, Индонезия: 13 соат

– Бразилиа, Бразилия: 13 соат

– Ҳараре, Зимбабве: 13 соат

– Йоҳаннесбург, Жанубий Африка: 13 соат 

– Буэнос-Айрес, Аргентина: 12 соат

– Сюдад дел Эсте, Парагвай: 12 соат

– Кейптаун, Жанубий Африка: 12 соат

– Монтевидео, Уругвай: 12 соат

– Канберра, Австралия: 12 соат

– Пуэрто Монт, Чили: 12 соат

– Крайсчерч, Янги Зеландия: 12 соат

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

22.11.2024   5766   3 min.
Нима учун жума куни қайғуларингиз камаяди?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади:

«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.

 

Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).


Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.

Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!

Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.