Бугун, 19 январь куни Қоҳирада Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ташаббуси билан ташкил этилган сунъий интеллект даврида касблар ва соҳалар истиқболига оид халқаро конференция бошланди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация иштирок этмоқда.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган анжуман очилиш маросимида Миср Вақф вазири, профессор Усома Саййид Азҳарий, Миср бош имоми ўринбосари, Азҳари шариф вакили, доктор Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний, мамлакат муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, таниқли уламо Шавқий Аллом, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Талъат Тожиддин, Баҳрайн ислом ишлари бўйича олий кенгаш раиси Шайх Абдураҳмон бин Муҳаммад бин Рошид ал-Халифа, Иордания Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Муслим ал-Халояла каби давлат ва дин арбоблари, мусулмон оламининг нуфузли шахслари ҳамда 50 га яқин давлатдан илмий тадқиқот ва диний муассасаларнинг олим ва мутахассислари қатнашмоқда.
Халқаро анжуманда иштирокчилар сунъий интеллект даврида илм-фан, соҳалар ва касб-ҳунарнинг тараққиёт ривожидаги ўрни ва истиқболи тўғрисида маъруза қилишади. Шунингдек, Ислом оламида айни йўналишдаги амалий ютуқлар сарҳисоб қилиниб, замонавий фиқҳий масалаларга биргаликда ечим бериш каби илмий масалалар муҳокама этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аъзоларига ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Улардан ҳам, биздан ҳам рози бўл, ё оламлар Робби.
Шак-шубҳасиз, коинот, жамодот, наботот ва ҳайвонот бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг айримлари жонсиз, қолганлари жонли. Баъзилари вазнга эга, ҳажми бор ва ҳ.к.
Аммо инсоният бошқа жонзотлар фарқли ўлароқ фикр юритади, тафаккур қилади. Агар инсон илм изламаса, Робби уни қўйган даражадан пастга тушади, бу эса унинг мавқеига мос келмайди. Натижада, у ўлик саналади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аслида, уларнинг ҳайвонлардан фарқи йўқ. Балки яна ҳам йўлдан озганроқдирлар” (Фурқон сураси, 44-оят).
“Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар” (Мунофиқун сураси, 4-оят).
“Устларига Таврот юклатилган, сўнгра уни кўтармаганлар мисоли устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар” (Жума сураси, 5-оят).
Инсон мавжудлигининг сирини, ҳаётдан мақсадни ва ҳақиқатни излаши, ўлим нима, ўлимдан кейин нима бўлиши ҳақида фикр юритиши лозим.
Ҳар бир ақлли одам ҳам доно эмас. Ўткинчи дунё ҳаётининг майда-чуйдаларига берилиб кетмаган, ўзини Аллоҳнинг бандаси эканини унутмаган, кенглиги осмонлару ерча бўлган Жаннат учун ҳаракат қилган инсон – доно саналади. Бунга фақат илм излаш орқали эришиш мумкин.
Демак, агар ким дунёни истаса, илм изласин. Охиратни истаса, илм изласин. Агар ҳар иккисини ҳам хоҳласа, илм изласин. Аллоҳ буюкдир”.
Даврон НУРМУҲАММАД