Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Март, 2026   |   23 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:22
Қуёш
06:40
Пешин
12:38
Аср
16:40
Шом
18:30
Хуфтон
19:42
Bismillah
12 Март, 2026, 23 Рамазон, 1447
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат: "Технология инсонни эмас, инсон технологияни бошқариши керак!"

21.01.2026   8851   2 min.
Муфтий ҳазрат:

Қоҳирада ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари илмий маъруза қилиб, анжуманнинг мавзуси ва муҳокама этилаётган масалалар юзасидан нутқ сўзладилар. 

Муфтий ҳазратлари ўз чиқишида бугунги кунда сунъий интеллект жуда тез ривожланиб, унинг имкониятларидан иқтисодиёт, таълим, маданият, хизмат кўрсатиш ва медиа соҳаларида самарали фойдаланилаётгани, ўз навбатида унинг афзалликлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини, шу боис сунъий идрокни бошқариш, тартибга солиш ва назорат қилиш ҳозирги кунда жуда ҳам муҳимлигига урғу қаратдилар. 

Маърузада сунъий интеллект инсон ҳаётига ўзининг ижобий ва салбий таъсирини кўрсатаётгани, жумладан, диний суҳбатлар ва мавъизаларни таъсирли роликлар орқали намойиш этиш ва керакли маълумотларни топишда жуда қўл келаётганини баён қилдилар. Бироқ баъзи инсонлар шаръий савол-жавоб, фатво олишда ҳам сунъий идрокдан фойдаланаётгани, ҳолбуки, бундай масалаларда ундан олинган жавобларга динимизга кўра, таяниб бўлмаслигини ҳужжат-далиллар билан келтириб ўтдилар. Зеро, шариатга кўра, фатво чиқариш фақиҳнинг бевосита иштирокини талаб этиши, қолаверса, масала сўровчининг ҳолатига, замонига, маконига, урф-одатларига ҳамда ижтимоий ва иқтисодий шароитларга қараб жавоб берилиши, бундай жиҳатларни сунъий интеллект мустақил равишда тўлиқ бажара олмаслиги кабилар билан изоҳланди.

Шунингдек, нутқда сунъий интеллектдан фойданиш мумкин бўлган соҳаларга алоҳида тўхталинди, хусусан, савол-жавобларни таҳлил қилиш, зарур маълумотларни топиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, “ақлли шаҳар”, “хавфсиз шаҳар” ва “рақамли шаҳар” каби бир қатор йўналишларда  унумли фойдаланиш замонавий тараққиёт талаби экани мисоллар билан қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратларининг сунъий идрок борасидаги хулосалари ҳар жиҳатдан асосли эканини эътироф этиб, тақдим этилган маълумотларни юқори баҳоладилар. Миср томони илтимосига кўра, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари анжуман тафсилотлари ҳақида интервью бердилар.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат: Муфтий ҳазрат:
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Рамазонда тўғри овқатланиш

12.03.2026   26   4 min.
Рамазонда тўғри овқатланиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Рамазон ойи — нафақат руҳий покланиш, балки соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, танани тартибга солиш ва умумий соғлиқни яхшилаш учун айни вақтда яхши имкониятдир. Бу ойда рўза тутиш орқали нафсни тийиш, сабр ва шукр қилиш муҳим бўлса, соғлом овқатланишнинг аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Саҳарлик ва ифторликда тўғри овқатланиш рўзани енгил тутиш, ҳолсизлик, қон шакарининг пасайиши ва ошқозон муаммоларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Саҳарлик рўзага қувват

Саҳарлик кун давомидаги энергия манбаи, рўзадор учун кун бўйи қувват бериб, рўзани енгил тутишга ёрдам беради. Шунинг учун саҳарликни ўтказиб юбориш организмга жуда катта салбий таъсир кўрсатади.

Саҳарликда тавсия этиладиган маҳсулотлар:

  • Мураккаб углеводлар: Сули ёрмаси, қора нон, гречка, овқатни секин ўзига сингдирадиган углеводлар.
  • Оқсилга бой маҳсулотлар: Тухум, творог, қатиқ, йогурт ва бошқа оқсил манбалари.
  • Фойдали ёғлар: Ёнғоқ, бодом, чиа уруғи ва авокадо (қон томирлари учун фойдали).
  • Мева ва сабзавотлар: Банан, хурмо, бодринг, карам, помидор (организмга минерал ва витаминларни таъминлайди).
  • Сув: Кун давомида организм сувга эҳтиёж сезади, шунинг учун етарли миқдорда сув ичиш керак.

Саҳарликда тавсия этилмайдиган маҳсулотлар:

  • Жуда шўр ва аччиқ таомлар: Бу чанқоқни кучайтиради ва ичак фаолиятини бузади.
  • Қовурилган ва ёғли овқатлар: Уларнинг юқори калорияси рўза тутишни қийинлаштиради.
  • Газли ичимликлар: Газли ичимликлар ошқозонни бузади.

Саҳарликни бомдод намозига яқин вақтда, иложи борича кечиктириб истеъмол қилиш суннат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарликда барака бор”, деганлар.

 

Ифторликни қандай бошлаш керак?

  1. 1-3 дона хурмо ва сув – бу суннатга мувофиқ бўлиб, қондаги шакар миқдорини тезда кўтаришга ёрдам беради ва овқат ҳазм қилишни яхшилайди.
  2. Шўрва ёки салат – овқатни енгил овқатлар билан бошлаш тананинг секинлик билан қайта тикланишини таъминлайди.

 

Ифторликда қўлланиладиган қоидалар:

  • Бирданига кўп овқат еманг – Ошқозоннинг шикастланишини олдини олиш учун, овқатни оз-оздан ва эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиш керак.
  • Секин ва яхшилаб чайнаб овқатланинг – бу ошқозонга енгиллик беради ва овқатнинг тўлиқ ҳазм бўлишини таъминлайди.
  • Ширинлик ва қовурилган таомларни чекланг – уларнинг калорияси юқори ва тананинг соғлигини бузади.
  • Ифтордан кейин дарҳол ётиб олманг – овқат ҳазм бўлишини таъминлаш учун вақт бериш керак.

 

Сув ичиш тартиби

Рамазон ойида сув ичиш режасига эътибор бериш жуда муҳим. Сувсизланишнинг олдини олиш учун, ифтор ва саҳарлик оралиғида 1,5–2 литр сув ичиш тавсия этилади. Сувни бир йўла эмас, балки бўлиб-бўлиб ичиш фойдали. Чунки бир вақтда кўп сув ичиш ошқозонга оғирлик қилади.

 

Тўғри саҳарлик ва ифторликнинг фойдали таъсири

Тўғри ташкил этилган саҳарлик ва ифторлик:

  • Ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди – соғлом овқатланиш, ҳазм қилишни нормаллаштиради.
  • Ортиқча вазн йиғилишини камайтиради – меъёрда овқатланиш, ортиқча вазнни йўқотишга ёрдам беради.
  • Қондаги шакар миқдорини меъёрда ушлаб туради.
  • Умумий тетикликни таъминлайди – соғлом овқатланиш жисмоний ва руҳий барқарорликни сақлашга ёрдам беради.


Хулоса

Рамазон нафсни тийиш, сабр ва шукр ойидир. Лекин бу ойда соғлиқни асраш ҳам муҳим ибодат ҳисобланади. Саҳарликни тарк этмаслик, ифторликда меъёрни сақлаш ва фойдали маҳсулотларни танлаш орқали рўзани енгил ўтказиш мумкин.

Шундай экан, ҳар бир мусулмон саодатга эришиш учун нафсни тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзига ҳаракат қилиши керак.

Аллоҳ таоло, ҳар биримизга рўзаларимизни қабул қилсин ва бизни соғлом ҳолда ибодат қилишга муваффақ айласин!

 

Наргиза ТУЙЧИЕВА,
ЎМИ ҳамшираси.

Мақолалар