Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Феврал, 2026   |   22 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:05
Қуёш
07:25
Пешин
12:42
Аср
16:08
Шом
17:54
Хуфтон
19:08
Bismillah
10 Феврал, 2026, 22 Шаъбон, 1447
Янгиликлар

Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа)

09.02.2026   2472   1 min.
Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа)

#xabar #musobaqa
Бугун, 9 февраль куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва Шайхонтоҳур спорт мактаби  спорт залларида диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичига расман старт берилди.


Мазкур босқичда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари томонидан ўтказилган саралаш мусобақаларида ғолиб бўлган жамоа ва иштирокчилар, уларнинг мураббийлари ва ҳакамлар, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари вакиллари ҳамда вилоят бош имом-хатиблари иштирок этмоқда.


Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, ушбу мусобақа республика бўйлаб диний соҳа вакилларини бир майдонга жамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани, динимиз спорт билан шуғулланишга чақиришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, беллашувлар манфаатли ва баракали ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.


Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мусобақалар Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тасдиқлаган тартиб-қоидалар асосида нимчорак финал, чорак финал, ярим финал ҳамда финал босқичлари кўринишида ўтказилмоқда. Финал учрашувлари эса 10 февраль куни бўлиб ўтади.


Эслатиб ўтамиз, мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилликлари жамоалари ўзаро беллашмоқда.


Мусобақа янгиликлари ва тафсилотларини каналимиз орқали кузатиб боринг. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа) Волейбол ва шахмат мусобақаларининг Республика босқичи бошланди (фотолавҳа)
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар - 3 қисм

09.02.2026   934   4 min.
Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар - 3 қисм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эътибор қилинг, биргина электр лампани ихтиро қилган одам номи дунёда қолиши учун тажрибасини оламга жар солди. Бу биргина электр чироқни ихтиро қилган одамнинг ҳолати. Энди бутун бир Қуёшни яратган Зот уни ким яратганини айтмайди деб ўйлайсизми?! Фаразан агар уни бошқа куч пайдо қилган тақдирда ҳам ўша ихтирочи буни ҳеч кимга айтмас эди деб ўйлайсизми?!

Демак, унинг яратувчиси Ўзини ошкор қилган бўлиши керак. У ҳам бўлса ягона Аллоҳдир. Чунки Аллоҳгина Қуёшни яратганини айтган. Бу масалада ҳатто кофирлар ҳам Қуёшни Аллоҳ яратган деган гапдан бошқасини айта олишмайди. Айнан шу маънони Анкабут сурасининг қуйидаги ояти қувватлайди:

﴿وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ فَأَنَّى يُؤْفَكُونَ﴾

“Агар улардан “Ким осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни бўйсундирган?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар. Бас, қаёққа кетмоқдалар?!” (Анкабут сураси, 61-оят).

Бошқа оятда бундай дейилади:

﴿وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ نَزَّلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَحْيَا بِهِ الْأَرْضَ مِنْ بَعْدِ مَوْتِهَا لَيَقُولُنَّ اللَّهُ﴾

“Агар улардан “Осмондан сув тушуриб у билан ерни ўлганидан кейин тирилтирган ким?” деб сўрасанг улар “Аллоҳ” дерлар” (Анкабут сураси, 63-оят).

Ушбу оятлар куфр келтирганлар ва мушриклар ҳақида. Улар Аллоҳни инкор қилсалар ҳам инсоннинг ва борлиқнинг пайдо бўлиши ҳақида ўз қарашларини ҳимоя қила олмайдилар.

Демак, ягона яратувчи Зот – Аллоҳ таоло. Чунки уни яратганлигини даъво қилган, бизга хабар берган Зот фақат ягона Аллоҳдир.

Лекин яратиш масаласи фақат коинотга тегишли эмас. Ердаги барча нарсалар, ҳатто инсон тасарруфидаги нарсалар ҳам аслида Аллоҳ таолонинг яратувчилик сифати орқали пайдо бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ فَاعْبُدُوهُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ﴾

“Ана ўша Аллоҳ Роббингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У барча нарсанинг яратувчисидир. Бас, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг эгасидир” (Анъом сураси, 102-оят).

Аллоҳ таоло “Барча нарсанинг яратувчиси” эканини айтмоқда. Демак, жамики барча нарсанинг яратувчиси Аллоҳ экан.

Атрофимиздаги, коинотдаги барча нарсани, ҳатто одий чўпни ҳам Аллоҳ таоло яратган. Ҳар мавсум бизга мева берадиган дарахтлар ҳам Аллоҳнинг яратганларидан. Аммо ўша дарахт қаердан келди? Ёғоч сотувчи савдогардан сўрасангиз уни ўрмончилардан олганини айтади. Ўрмончилардан сўрасангиз ўрмондан келганини айтади. Ўрмонга бориб бу ёғочлар қаердан келганини сўрасангиз, улар дарахтлардан олинганини, дарахтлар эса бошқа бир дарахтлар ҳисобига униб чиққанини айтади. Ниҳоят барча дарахтлар энг биринчи битта манба дарахтга бориб тақалади. Хўш ўша биринчи дарахтни ким яратган? Албатта ҳеч қандай шак-шубҳасиз Аллоҳ. Ҳеч ким ўша биринчи дарахтни “мен яратганман” дея олмайди.

Бошқа нарсаларда ҳам худди шундай. Ҳар бир нарсани суруштирсангиз ўша навнинг энг биринчиси манбасига бориб тақалади: биринчи буғдой, биринчи хурмо, биринчи апелсин ва ҳоказо. Буларнинг барчасини Аллоҳ таоло яратган. Кейин эса Аллоҳ таоло яратган низом асосидан пайдо бўлган.

Айримлар айтиши мумкин: “Айрим навлар бошқаси билан чатиштирилиб яхшироқ нави ҳосил қилинадику?”.
Тўғри, лекин бу нарса Аллоҳ дастлабки дарахт навларини йўқдан бор қилганини инкор этмайди. Олимларнинг янги навни ихтиро қилиши Аллоҳ таоло илк дарахтларни яратганига қарши келмайди. Чунки ўша олимлар ҳам Аллоҳ берган илмдан фойдаланишган холос. Лекин ҳеч ким бирор нарсани йўқдан бор қилдим деган даъвони қила олмайди. Ҳар қандай ихтиро ва кашфиётлар бор нарсадан юзага чиқади. Дунёда йўқдан бор бўлган бирорта кашфиёт йўқ.

Энди ўсимликлардан жонзотларга ўтсак. Барча жонзотлар, қушлар ва ҳашаротлар ҳам Аллоҳнинг яратиши ила пайдо бўлади. Ҳамма жонзотлар ўз турида дастлабки эркак ва урғочи жонзотдан тарқалган. Ҳеч ким дастлабки икки жонзотни яратганман деб айта олмайди. Аллоҳ таоло эътиборимизни қуйидаги ояти каримага қаратади:

﴿وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

“Ҳар бир нарсадан жуфтни яратдик. Шояд эслатма олсангиз” (Зориёт сураси, 49-оят).

 

Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобларидан

Мақолалар