Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“IQNA” ахборот агентлиги хабар беришича, Миср Араб Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, доктор Мустофо Камол Мадбулий жаноблари 2026 йил 504-сонли қарорни имзолади. Унга кўра, “Ал-Азҳар аш-Шариф” университети ҳузурида “Қуръони карим қироатлари ва илмлари” факультети ташкил этилади.
Миср расмий газетасида эълон қилинган ушбу қарор мамлакат конституцияси (қомуси) ҳамда 1961 йилги 103-сонли “Ал-Азҳар аш-Шариф ва унга қарашли муассасаларни қайта ташкил этиш тўғрисида”ги қонун ва унинг ижро низомига асосланади. Мазкур ташаббус “Ал-Азҳар аш-Шариф” университетида олий таълим тизимини ривожлантириш йўлидаги стратегик ташаббус сифатида баҳоланмоқда.
Факультетни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари
Қарор матнида 2024 йилги 304-сонли Президент қарорига ҳам таянилган бўлиб, унда айрим ваколатларни топшириш масаласи белгиланган. Бу эса таълим тизимини қўллаб-қувватлашда давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кўрсатади.
Шунингдек, 2025 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтган “Азҳар Олий Кенгаши” йиғилишида мазкур ташаббус маъқулланган. Лойиҳа “ал-Азҳар аш-Шариф” мажмуаси раҳбари, доктор, шайх Аҳмад Таййиб ҳазратлари томонидан тақдим этилган кенг қамровли таълимий дастур асосида ишлаб чиқилган.
Факультет тузилмаси ва жойлашуви
Қарорнинг биринчи ва иккинчи моддаларига кўра, талабалар мутахассислиги ва улар учун муносиб таълим муҳитини яратиш мақсадида икки мустақил факультет очилади:
Йигитлар бўлими: “Қуръони карим қироатлари ва илмлари” факультети (йигитлар учун) – Қоҳира шаҳридаги “Ал-Азҳар” университети “Ислом даъвати” факультети биносида фаолият олиб боради.
Қизлар бўлими: “Қуръони карим қироатлари ва илмлари” факультети (қизлар учун) – Қоҳира шаҳридаги“Ал-Азҳар” университети “Ислом ва арабшунослик тадқиқотлари” факультети биносида фаолият олиб боради.
Ўқув жараёни бошланиш муддати
Қарорнинг учинчи моддасига мувофиқ, ҳар икки факультетда ўқиш 2026/2027 ўқув йилидан бошланади. Қарор расмий газетада чоп этилган бўлиб, шу орқали кучга кирди ва бунга мувофиқ “Қуръони карим қироатлари ва илмлари” соҳасида ихтисослашган академик таълимнинг янги босқичи бошланади.
Манбалар асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳанафий мазҳабининг етук фақиҳи Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Танқийҳул фатовол Ҳомидийя” китобида бундай деганлар: “Талаба илм олиш учун йўлга чиқса, унинг моддий шароитини таъминлаш мусулмонлар зиммасига лозим бўлур. Агар унга етарли маблағни ажратмасалар, шу маблағ улардан қозининг буйруғи ила мажбуран ундириб берилур. Шунингдек, закотни вақтида адо қилмай, зиммасида закот бериш қарзи бўлган кишиларни ҳам уни адо этишга (толиби илмга беришга) мажбурланурлар”.
Моликий мазҳабининг етук фақиҳи Қасрий ибн Муҳаммад ал-Мухтор ибн Усмон ибн ал-Қасрий, ал-Ийдайлабий раҳимаҳуллоҳ “Толиби илмлар ҳар йили мусулмонлардан юз динор миқдорида молиявий маблағ олишга ҳақли бўлурлар” – деб фатво берганлари айтилган.
Аллома Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ: “Раддул Муҳтор” китобида бундай деганлар: “Байтул-мол яъни давлат бюджетидан ажратиладиган ёрдам пулларининг бериладиган ўринларидан бири – олимлар ва бошқа ишларни ташлаб, шаръий илм олишга астойдил киришган талабалардир”. Валлоҳу аълам.
Баҳодир Баҳромжон ўғли,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.