Буюк Британиянинг Charities Aid Foundation’s ташкилоти ҳар йили дунёнинг 119 мамлакатида сўровномалар ўтказиб, хайрия ва беминнат кўмак ишларида қайси халқ вакиллари фаол эканини аниқлаб, рейтинг тузади.
Мана бешинчи йилдирки, кетма-кет индонезияликлар рейтингда биринчиликни эгаллаб, сайёрадаги энг сахий халқ деб тан олинди, дея хабар беради Coconuts Jakarta нашри.
Сўровда иштирок этган мамлакат аҳолисининг 68 фоизи моддий хайр-эҳсонлар ёки кўнгилли ишлар орқали муҳтожларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. Тадқиқотга кўра, индонезияликларнинг қарийб 80 фоизи хайрия ишларига пул ажратади ва 60 фоизга яқини ўз меҳнати ва вақтини сарфлайди.
Рейтингда иккинчи ўринни Кения эгаллади, у ерда аҳолининг 61 фоизи хайрия фаолияти билан шуғулланади, Америка Қўшма Штатлар фуқаролари 59 фоиз билан учинчи ўринда турибди.
Шуниси эътиборлики, ўтган йиллардаги пандемия ва иқтисодий қиинчиликларга қарамай, индонезияликлар хайрия ишларини янада кўпайтириб, саховат кўрсатишда мамлакат тарихидаги рекорд натижани қайд этишди.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.