Мисрлик ёш қиз Риҳаб Салоҳ аш-Шариф бир ярим йил ичида Қуръони каримни тўлиқ ёдлашга ва уч ойда тўлиқ кўчириб ёзишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда IQNA сайти "Cairo-24" га таяниб хабар берди. У Миср шимолидаги Қина вилоятининг Фаршут шаҳрида яшайди.
Айни пайтда 21 ёшли Риҳаб Миср Араб Республикасининг Aсют шаҳридаги "ал-Aзҳар" университетининг адабиёт факултети учинчи курс талабаси бўлиб, араб тили ва адабиётини ўрганмоқда.
Маълум бўлишича, даставвал у Қуръони каримни бир ярим йил ичида тўлиқ ёдлашни ўз олдига мақсад қилган эди.
Қоҳиранинг “Cairo-24” телеканалига берган интервьюсида у Қуръони каримни "ал-Aзҳар" университетида таҳсил олаётган пайтда ёд олишни бошлагани, бироқ бир ярим йил аввал уни тўлиқ ёд олишга қарор қилганини айтди.
Риҳаб Қуръони каримни фақат ёдлаш учун ёзишни бошлагани ва бу муқаддас китобни уч ойда ёзиб тугатганини маълум қилган.
Қуръони Каримни ёзиб, сўнг ёдлаш қадимдан Қуръон ҳофизларининг ўз хотираларини мустаҳкамлаш учун қўллаган усулларидан бири саналади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Қарийб ўн ойдирки, юртимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳожи ота, ҳожи оналар, имом-хатиб ва фаоллар билан бирга маҳаллаларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотинч, ажрим ёқасида турган оилалар ҳолидан хабар олиб, қимматли ваъз-насиҳатлар билан уларнинг кўнгилларига илиқлик олиб кириш баробарида хайрия ва эҳсонлар улашмоқда.
Бугунга қадар 84 минг 793 та тадбир ўтказилди. Уларда 518 121 нафар юртдошимиз қамраб олинди. 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида жамиятдаги маънавий муҳит янада яхшиланмоқда. Зеро, маънавий-маърифий тарғибот кишилик жамиятида доимий қилиниши лозим бўлган ишлар сирасига киради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати