frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қуръонни 1,5 йилда ёдлаган қория уни уч ойда тўлиқ кўчирди

08.01.2024   1723   1 min.
Қуръонни 1,5 йилда ёдлаган қория уни уч ойда тўлиқ кўчирди

Мисрлик ёш қиз Риҳаб Салоҳ аш-Шариф бир ярим йил ичида Қуръони каримни тўлиқ ёдлашга ва уч ойда тўлиқ кўчириб ёзишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда IQNA сайти "Cairo-24" га таяниб хабар берди. У Миср шимолидаги Қина вилоятининг Фаршут шаҳрида яшайди.

Айни пайтда 21 ёшли Риҳаб Миср Араб Республикасининг Aсют шаҳридаги "ал-Aзҳар" университетининг адабиёт факултети учинчи курс талабаси бўлиб, араб тили ва адабиётини ўрганмоқда.

Маълум бўлишича, даставвал у Қуръони каримни бир ярим йил ичида тўлиқ ёдлашни ўз олдига мақсад қилган эди.

Қоҳиранинг “Cairo-24” телеканалига берган интервьюсида у Қуръони каримни "ал-Aзҳар" университетида таҳсил олаётган пайтда ёд олишни бошлагани, бироқ бир ярим йил аввал уни тўлиқ ёд олишга қарор қилганини айтди.

Риҳаб Қуръони каримни фақат ёдлаш учун ёзишни бошлагани ва бу муқаддас китобни уч ойда ёзиб тугатганини маълум қилган.

Қуръони Каримни ёзиб, сўнг ёдлаш қадимдан Қуръон ҳофизларининг ўз хотираларини мустаҳкамлаш учун қўллаган усулларидан бири саналади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

30.06.2025   1714   3 min.
Вафот этган ота-онамга қандай яхшилик қилишим мумкин?

Фарзанд учун ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розилигини олишдан ҳам улуғроқ саодат йўқ. Боиси Аллоҳ таоло ризоси ота-она розилигига боғланган.

Меҳрибон Роббимиз ота-она розилигини топиш учун бизларга унинг йўллари ва воситаларини осон қилиб қўйган. Нафақат ҳаётликларида, балки дунёдан кўз юмганларидан кейин ҳам уларга яхшилик қилиш шулардан биридир.

Шариатимизда ота-она нафақат ҳаётлик чоғларида, балки улар бу дунёдан ўтиб кетганларидан кейин ҳам ҳақларини адо этмоқлик фарзанд зиммасидаги вазифалардан саналади. Ана шулардан бири ота-она яқинлари ва дўстларига яхшилик қилишдир.

Ибн Динордан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умарнинг эшаги ва салласи бўлар эди. Бир куни ўша эшагини миниб кетаётган эди, олдидан бир аъробий ўтиб қолди. Шунда  “Сен фалончининг ўғли эмасмисан?” деди. У: “Ҳа, шундай”, деди. Ибн Умар унга эшакни бериб, “Бунга миниб ол”, деди ва салласини бериб: “Буни бошингга ўраб ол”, деди.

Шерикларидан бири унга: “Аллоҳ сизни мағфират қилсин! Чарчаганда миниб турадиган эшагингизни, бошингизга ўрайдиган саллангизни мана шу аъробийга бердингиз-а?” деди. Ибн Умар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг яхшиси – киши отаси кетганидан (вафот этганидан) сўнг унинг яхши кўрганларига яхшилик қилишидир”, деганларини эшитганман. Унинг отаси (отам) Умарнинг дўсти эди”, деди” (Имом Муслим ривояти).

Абу Усайд Молик ибн Рабиъа Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, Бани Салималик бир киши келиб, “Ё Аллоҳнинг Расули, ота-онамнинг вафотидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган яхшиликлардан бирор нарса қолдими?” деди. У зот: “Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, улар учун истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар орқалигина боғланадиган силаи раҳмни боғлаш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифда фарзанд ўз ота-онасига қиладиган яхшилик уларнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши лозимлиги баён қилинмоқда. Яъни, фарзанд ота-онаси ҳаққига уларнинг вафотидан кейин ҳам мағфират сўраб дуо қилиб турса, улар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтишни канда қилмаса, иншоАллоҳ ота-онасининг савобига савоб қўшилиб бораверади, даражаси эса кўтарилади. Яна бир муҳим жиҳат шуки, фарзандлар ота-онасининг яқинларига ҳамиша сила раҳм қилиши, уларнинг ҳолларидан хабар олиб туришлари лозим.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Отангнинг дўстлигига риоя қил, шунда Аллоҳ таоло нурингни сўндирмайди”, деганлар.

Демак, ота билан дўстлашган ҳар қандай одамлардан алоқани узмаслик керак.

 

Илёсхон АҲМЕДОВ