Aбу-Даби, Дубай, Шаржа ва Aжман дунёдаги энг хавфсиз 10 та шаҳар қаторига кирди. Улар ичида БAA пойтахти биринчи ўринни эгаллади. Мазкур рейтинг ҳаёт тарзи ва сифати бўйича дунёдаги энг йирик маълумотлар базаси бўлган Numbeo онлайн платформаси томонидан тузилди. “Россия амирликлари” ресурсига кўра, тўртинчи ўринни Aжман эгаллаган, Шаржа ва Дубай мос равишда бешинчи ва еттинчи ўринларда жойлашган. Рейтинг мамлакатнинг барқарорлик ва хавфсизлик нуқтаи назаридан юксак мавқеидан далолат беради.
2022 йилнинг ёзида Фужайра дунёдаги энг хавфсиз шаҳар деб топилган эди - Numbeo рейтингида у ушбу кўрсаткич бўйича 465 мегаполисни ортда қолдирди. Жумладан, Фужайрада ҳам, автомагистралларда жиноятчилик ва бахтcиз ҳодисаларнинг энг паст даражаси қайд этилган.
Aбу-Даби 2021-йилда энг хавфсиз шаҳар деб топилган эди. 2022 йил июнь ойида Дубай хавфсиз оилавий дам олиш бўйича дунёда 7-ўринни эгаллади. Тадқиқот ва рейтингда умумий хавфсизлик, оилавий қулайликлар ва бошқалар каби кўрсаткичлар баҳоланди.
2022-йил февраль ойида Дубай ёлғиз саёҳат қилган аёллар хавфсизлиги бўйича дунёнинг энг юқори рейтингларидан бирига айланди. 2022 йил бошида Numbeo хизмати Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Қатарни 2022 йилда саёҳат қилиш учун энг хавфсиз давлатлар деб тан олди. Рейтингда 86,2 балл билан Қатар етакчилик қилган бўлса, Бирлашган Aраб Aмирликлари 84,8 балл билан иккинчи ўринга муносиб кўрилди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Исломда янги кун қайси соатдан бошлаб киради? Масалан, шартли қабул қилинган тартиб бўйича соат 00:00 янги куннинг бошланиши саналади? Исломда янги куннинг бошланиши ва тугаши қайси вақтдан эътиборга олинади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизга кўра, кун шом вақтидан бошланади ва кейинги шомгача давом этади. Бошқача қилиб айтганда, исломда кун кеча билан бошланади ва унинг эртасида кун ботиб, кундуз тугаганида, ўша кун ҳам якунланади. Бунга оят ва ҳадислардан кўплаб далиллар бор.
Фақат айрим аҳкомларда куннинг бошланиши бомдод намозининг вақти кириши (субҳи содиқ)дан бошланади ва кун кейинги бомдод вақтигача давом этади. Масалан, Ҳажда Арафот водийсида туришда ҳукм шундай.
Шунингдек, айрим ҳолларда “кун” тушунчаси юқоридагидек, 24 соатдан иборат (сутка) маъносида эмас, балки тунга муқобил – қарама-қарши маънода қўлланилиши ҳам мумкин. Бу ҳолда кун бошланиши бомдод вақтидан то қуёш ботгунигача бўлган муддат, яъни кундуздан иборат бўлади. Бунга мисол учун “бир кун рўза тутиш” деганда айнан шу муддат назарда тутилади.
Хулоса қилиб айтганда, динимиздаги умумий қоидага кўра, куннинг бошланиши кун ботганидан бошланиб, кейинги кун ботишигача давом этади. Айрим истисно қилинган ҳолатларда куннинг қачон бошланиб, қачон тугаши диндаги ҳукмларга қараб фарқ қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.