Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Агар ислом тарихига назар ташланса, бу мазҳабларнинг келиб чиқишидан олдин ҳам турли мазҳаб ва йўналишлар бўлган. Лекин у мазҳаблар муайян шахс номи билан эмас, балки шаҳар ва минтақа аҳолиси номи билан аталган. Масалан, Мадиналиклар мазҳаби, Маккаликлар мазҳаби ва ҳоказо. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур “Муватто” (оммабоп) китобларини ёзилиш тарихини зикр қилганларида шундай деган эдилар: Халифа Абу Жаъфар ал-Мансур билан ҳажда учрашиб қолдик, шунда у менга: “Мен билан сиздан бошқа олим қолмади, мен сиёсат билан машғулман.
Сиз одамларга суннат ва фиқҳни баён қилувчи бир китоб ёзинг. Фақатгина, унда Ибн Аббоснинг баъзи масалалардаги рухсатларини, Ибн Умарнинг баъзи масалалардаги қаттиққўллигини ва Ибн Масъуднинг баъзи масалалардаги нодир сўзларини китобга киргизишдан сақланинг, уни оммабоп қилиб ёзинг” – деди. Китоб таълиф қилиниб, Абу Жаъфар ал-Мансурга тақдим қилинганда, у Имом Моликка: “Мен бу китобингизни Каъбага осиб қўймоқчиман, уни бутун Ислом оламига тарқатиб, ихтилофларга чек қўйиш учун одамларни ёлғиз шу китобга амал қилишларига мажбур қилмоқчиман” – деди. Шунда Имом Молик: “Йўқ, ундай қилманг, чунки саҳобалар ер юзи бўйлаб тарқалиб кетганлар. Улар мен китобга киритган Ҳижоз аҳолисининг ҳадисларидан бошқа ҳадисларни ҳам ривоят қилишган. Одамлар ўша ҳадисларни ҳам олганлар. Сиз уларни ўз ҳолларига қўйинг” – дедилар.
Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда. Кейинчалик забардаст уламолар томонидан саҳобий ва тобеинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошлади. Хусусан, Куфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофеъий ва Боғдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофеъийга устозлик қилган, Имом Шофеъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофеъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.
Мазҳаблар ўз тарихий тараққиётининг барча босқичларида диннинг яхлитлиги, мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлашда энг муҳим омил сифатида курашиб келган. У мусулмонлар орасидаги ҳар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гуруҳларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган. Гарчанд турли оқим ва фирқалар ҳар доим ислом дини яхлитлигини бузишга уриниб келган бўлсада, ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмаганлар. Бу муваффақиятнинг замирида ҳам шу аҳли сунна уламолари келтирган далил ва асосларнинг мустаҳкам ва тўғрилиги асос бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар оммасига ушбу ҳақиқатларни тушунтириб бериш бемазҳаблик авж олган ҳозирги даврда айниқса муҳимдир.
Мазҳаблар Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари асосида ижтиҳод қилиб, саҳобий ва тобеинлар фатволарига мувофиқ равишда топилган Аллоҳ розилигига эриштирувчи, ҳақиқий тўғри йўлдир. Аллоҳ таолонинг энг охирги ва мукаммал, қиёматгача боқий қолувчи, барча замон ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дин Ислом эканини яқиндан англаймиз. Мазҳаблар тўла маънода бирлик, бирдамлик, биродарлик рамзи эканини англаб олмоғимиз даркор.
Абдуллоҳ Раҳмонов ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги ходими
Муҳаммад Обид Синдийнинг “Ал-Мавоҳибул латифа” асари, албатта, Ислом ҳадиси ва фиқҳ фанини ўрганишда муҳим адабиётлардан биридир. Унинг ёритиш услуби ўзига хос ва илмий тафсирга бойдир.
Муҳаммад Обид Синдий Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисни келтиргач, ўша ҳадисни яна қайси муҳаддислар китобида зикр қилганини қуйидаги тартибда беради: Имом Бухорий “Жомеъус саҳиҳ”да, Имом Муслим “Саҳиҳ”да, Имом Молик “Муватто”да, Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Ибн Можа, Дорқутний ва Байҳақийлар “Сунан”ларида, имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Доримий, Баззор, Абу Яъло Мусилийлар “Муснад” ларида, Табароний уч мўъжамида ва бошқа зикр қилганларини санаб ўтади. Сўнг ривоятларнинг лафзларидаги фарқларни зикр қилади. Сўнг ҳадиснинг мазмунида баён қилинган масалага оид бошқа лафзлар билан зикр қилинган ҳадисларни келтириб, у ҳадисларни санадлари ва ровийларининг аҳволини баён қилиб, ҳадиснинг даражасини айтади.
Шунингдек, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг муснадида келган ҳадис фиқҳий масалага ҳужжат бўлиши учун мутобеъ ва шоҳид ҳадисларни келтириб ўтади. Бу билан аллома Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадис заифмаслигини кўрсатиб берган. Шунингдек, аллома ҳадисни шарҳлашда юқорида санаб ўтилган нарсаларни зикр қилгач, ҳадис ровийси бўлган саҳобийга тўхталиб ўтади ва унинг таржимаи ҳолини қисқача келтиради. Ҳадис санадидаги ҳар бир ровийга бирма-бир тўхталиб ўтади. Ҳадисдаги ғариб (кам учрайдиган) лафзларни шарҳлайди, ундан олинадиган фиқҳий масалани баён қилишга ўтади.
“Ал-Мавоҳибул латифа” китобни кўп олимлар мақтаган. Жумладан, “ал-Яниъ ал-жаний” китобининг муаллифи Муҳаммад ибн Яҳё Таймий шундай деган: “Ажойиб китоб бўлиб, у ҳам фақиҳ, ҳам муҳаддисга кўп фойда беради”[1].
Муҳаддис Шайх Муҳаммад Рашид Нўъмоний: “Ал-Мавоҳибул латифа” асарини ўқиб чиқдим. Ҳеч иккиланмай шуни айтаманки, Ибн Ҳажарнинг “Фатҳ” китобидан кейин ҳадис шарҳлаш борасида бунга ўхшаган бошқа китоб йўқ”, деган[2].
Ҳадисларни шарҳлаш услубига қарқалса, аллома гоҳида бир ҳадисни шу даражада узоқ шарҳлайдики, унинг шарҳини олиб алоҳида кичик бир рисола қилса бўлади. Мисол учун, Ҳаж китобида келган 255-ҳадисни шарҳи 278-бетдан бошланиб, 366-бетгача давом этган. Агар ушбу ҳадиснинг шарҳини алоҳида нашр қилинса, 90-100 бетли кичик рисола бўлади[3].
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “тонгни ёруғлатиб бомдодни ўқишнинг” савоби буюкроқ”, деган сўзлари бомдодни ўқиш учун белгиланган вақтда икки хил савоб борлигини билдиради. Чунки, исми тафзил бўлган “أفعل” сийғаси бир сифатда икки нарса ўзаро рақобатлашиб, бири иккинчисидан устун келганини билдиради”[4].
Муаллиф бу ерда араб тили граматикасидаги исми тафзилнинг таърифидан келиб чиқиб, ҳадисда айтилмаган янги бир маънони яъни, бомдод учун ажратилган вақтда ўқиладиган намозга бериладиган савоб икки хил бўлиши мумкинлини айтмоқда.
Синдий ҳадис шарҳлашда гоҳида эътиқодий масалаларга ҳам кенг тўхталиб ўтади. Мисол учун асарнинг “Иймон” китобида у олимлар орасида Иймонга берилган таъриф борасидаги ихтилофни баён қилиб шундай дейди:
“Иймоннинг шаръий таърифи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан олиб келган нарсани тасдиқлашдир. Иймонинг бу таърифига барча олимлар иттифоқ қилган. Ихтилоф эса, тил билан тасдиқлаш иймон таърифига кириш кирмаслиги борасида бўлган. Аксар муҳаққиқ олимлар ва Ашъарий: “Иймон Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани тасдиқлашдан иборат. Тасдиқлаш деганда тафсилий[5] масалаларни тафсилий, ижмолий[6] масалаларни ижмолий тасдиқлаш тушунилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларни тасдиқлашда далили бўлиши керак деган шарт йўқ. Шунинг учун муқаллиднинг иймони ҳам иймон ҳисобланади”, дейишган. Бошқа олимлар эса иймонинг таърифида: “Иймон тил ва қалбнинг иши, яъни қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор қилиш”, дейишган. Баъзи олимлар: “Аслида дил билан тасдиқлаш кифоя. Тил билан иқрор бўлиш эса, банда билан Аллоҳнинг ўртасидаги иймонга алоқаси йўқ. У шаръий ҳукмларни ижро қилиш учун қўйилган шарт”, деган. Имом Насафий айтади: “Мана шу гап Абу Ҳанифадан ривоят қилинган. Абу Мансур Мотуридий ҳам шу фикрни маъқуллаган. Икки ривоятнинг саҳиҳроғида айтилишича Ашъарий ҳам шу фикрга борган”[7].
Муаллифнинг яна бир ажралиб турадиган томони, у ушбу китобида бошқа китоблардан бир нарсани нақл қилганда фақат ўзи ўқиган ва китобларда учратган маълумотни келтиради. У ҳеч қачон китобда ўқимай, шайхлардан эшитган маълумотни ушбу асарида зикр қилмайди. Бир масала борасида маълумот бераётганда: “Бу масала борасида мен кўрган ва мендаги китобларда учратган маълумотим шу” иборасини ишлатиб, ўша масалани қўлидан келганча, қодир бўлганча ёритганини айтиб ўтади. Агар бирор манбада учратмаган бўлса, зикр қилмайди.
Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси
ўқитувчиси Анваров Элёрбек
[1] Саид Бектош. Имом фақиҳ муҳаддис шайх Муҳаммад Обид Синдий. – Байрут: Дору башоири-л-исламия, 1987. – Б. 298.
[2] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Шайх Муҳаммад Обид Синдий ва жуҳудуҳу фи ҳадисин набавий.- Байрут: Дорул ирфон, 2015. – Б. 36.
[3]“ал-Мавоҳибу-л-латифа” китобининг тўртинчи жуз 278-366 бетларига қаралсин.
[4] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 2-жуз. – Б. 175.
[5] Тафсилий тасдиқлаш деганда, Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ва Унинг сифатлари ҳамда Аллоҳга иймон келтириш керак бўлган бошқа барча нарсаларга алоҳида иймон келтириш тушунилади.
[6] Ижмолий тасдиқлаш дегани масалан қабр азобига иймон келтириш. Унинг тафсилотига кирмасдан, қабр азобининг ҳақлигига иймон келтириш тушунилади.
[7] Муҳаммад Обид Синдий. ал-Мавоҳибу-л-латифа. – Байрут: Дорун наводир, 2013. 1-жуз. – Б. 70.