Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ يُسَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَهُنَّ أَنْ يُرَاعِينَ بِالتَّكْبِيرِ وَالتَّقْدِيسِ وَالتَّهْلِيلِ، وَأَنْ يَعْقِدْنَ بِالْأَنَامِلِ، فَإِنَّهُنَّ مَسْئُولَاتٌ مُسْتَنْطَقَاتٌ.
Юсайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни (аёлларни) такбир, тақдис ва таҳлилга риоя қилишга ва уларни бармоқ учи ила санашга амр қилдилар. Чунки улардан сўралур ва нутқ қилиш талаб қилинур».
Ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилаётган Юсайра розияллоҳу анҳо ансорийя саҳобиялардан бўлганлар.
Такбир – «Аллоҳу акбар» дейиш.
Тақдис – «Субҳанал маликил қуддус» дейиш.
Таҳлил – «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейиш.
Ушбу калималарни зикр қилганда уларни бармоқ билан санаш керак экан. Бу айтилаётган зикрнинг сонини билиш учун керак. Қиёмат куни бармоқлардан бу ҳақда сўралар ва нутқ қилиш талаб қилинар экан.
Албатта, бундай санаш бармоқ билан санаса бўладиган сондаги зикрларга боғлиқ.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи