Саудия Арабистонида астронавтларни коинотга учишга ўргатиш дастури бошланди. Бу ҳақда мамлакат Ахборот агентлиги Қироллик Коинот бошқармасига таяниб хабар беришича, биринчи экипаж 2023 йилда учиши режа қилинмоқда.
Қайд этилишича, астронавтлар орасида аёл киши ҳам бўлади, унинг парвози ушбу араб мамлакати учун тарихий саналади.
Агентлик маълумотларига кўра, космик дастурнинг мақсади “қисқа ва узоқ муддатли космик парвозлар учун кадрлар тайёрлаш, халқаро илмий тадқиқотларда иштирок этиш ва космик сектор тақдим этаётган барча имкониятлардан максимал даражада фойдаланиш”дир.
Эслатиб ўтамиз, 2030 йилгача иқтисодиётни қайта қуриш ва нефтга қарамликни камайтириш бўйича кенг кўламли амалга оширилаётган стратегик ишлар доирасида Саудия Арабистони илм-фан ва технологияни фаол ривожлантирмоқда. Мамлакат валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон томонидан қўллаб-қувватланган режа аёлларни ҳам иш кучига кўпроқ жалб этишни талаб қилади. 2018 йилда Саудия Арабистони аёлларнинг автомобил ҳайдашига нисбатан узоқ йиллар давомида қўйиб келинган тақиқни бекор қилди.
Шунингдек, космосга чиққан биринчи араб Саудия Арабистони шаҳзодаси Султон бин Салмон, валиаҳд шаҳзоданинг укаси ва ҳаво кучлари учувчиси эди. У 1985 йилда НАСА Дисковери экипажининг бир қисми эди. Кейинчалик у 2018 йилдан 2021 йилгача Саудия Арабистони космик комиссияси раҳбари лавозимида ишлаган.
Халқаро алоқалар бўлими
#xabar #tayinlov
23 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Навоий вилояти имом-хатиблари навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондириш йўлидаги ишлар ва имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида нутқ қилдилар.
Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоир домла Рўзиев бошқа вазифага ўтаётгани сабабли лавозимидан озод этилиб, Навоий вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Темуржон домла Атоев Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Навоий вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Темуржон домла Атоев Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” мадрасаси ва Миср Араб Республикасидаги ал-Азҳар университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолияти давомида Навоий вилояти Нурота тумани “Чил устун” жоме масжиди имом ноиби, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган.
Аллоҳ таолодан янги тайинланган бош имом-хатибнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати