Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Май, 2025   |   9 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:42
Қуёш
05:13
Пешин
12:25
Аср
17:20
Шом
19:30
Хуфтон
20:55
Bismillah
07 Май, 2025, 9 Зулқаъда, 1446

Сохта мужоҳидлар

06.08.2022   2833   7 min.
Сохта мужоҳидлар

“Албатта, ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, сўнгра шубҳа қилмаган ва Аллоҳнинг йўлида моллари ва жонлари ила жиҳод қилганлардир. Ана ўшалар, ўшаларгина (иймонида) содиқлардир” (Ҳужурот сураси, 15-оят).

  Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд. Оламларнинг Робби ва мақтовларнинг энг яхшиси Унга хос бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Мустафо сололлоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин. Дунёнинг бугунги ҳолати ҳеч кимга сир эмас. Ўзини ҳақиқий мусулмон деб қолганларни адашганга чиқараётган фитначи бемазҳаблар дунёни бузиб юборишгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат саналади. Бундай адашган тоифаларга эргашганларга эътибор берилса, уларнинг аксарининг ақллари ноқис, илмдан узоқ ва кўр-кўрона мутаассиблик қилувчи одамлар эканлиги кўринади.

Баъзилари эса қандайдир обрў ёки мол-мулк орқасидан қувган гумроҳ кимсалардир. Яна баъзилари эса аламзада ҳаётда мақсадларига эришолмаган одамлардир. Улар умуман илм ҳам олишмайди, олимни ҳам тинглашмайди. Шундай экстремистик оқимлар Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилмаган мусулмонларни куфрда, жоҳилликда ва кўпхудоликда айблайдилар. Уларнинг фикрича ислом ер юзидан бундан неча юзлаб йиллар илгари йўқ бўлиб кетган ва ҳозирги қонунлар, конституциялар ва ҳокимлар барчаси куфр ҳисобланади. Буларни тўғрилаш учун эса барча “адашган” мусулмонларга қарши жиҳод қилишимиз шарт деб билишади. Ҳақиқат эса тамоман бошқачадир.

Аллоҳ таоло жиҳодни айнан урушга боғлаб қўймаган ва бу сўзнинг асли ислом манфаатлари йўлидаги уринишларни ифода этади. Энди қачонки жиҳод фарз бўлиб қолса ҳам унда дарахтлар кесилмаслиги, чорвалар ўлдирилмаслиги ва бошқа дин вакиллари ўз ибодатхоналарида қатл қилинмаслиги каби бир қанча шартларни қўядики бундан исломнинг фақатгина олий манфаатларни кўзлагани тушунилади. Уни Аллоҳ инсонлар учун раҳмат, адолат ва ўзаро ҳурмат қилиб жорий қилган. Бундан бошқаси жиҳод эмас золимлик ва ноҳақ урушлардан бошқа нарса эмас. Энди бугунги кунга келиб бу разил мақсадли адашган экстремистларнинг қилмишлари туфайли исломни дунё босқинчилик, зулм, ноҳақлик ва мутаассиблик сифатида кўрмоқда. Улар эса “намоз ўқишни билмайдими демак кофир”, “конституцияга амал қиладими демак кофир” ҳатто “соқоли йўқми демак адашган” деб иддао қилишдан чарчашмаяптилар. Буларнинг исломга келтираётган зарарларининг чегараси йўқ, афсуски. Бир ҳадис мисолида уларнинг йўллари нақадар хато ва нақадар суннатдан узоқлигини исботлаб берамиз инша Аллоҳ.

Муҳаддислар имоми Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг машҳур сахихларида Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан қуйидаги сахих ҳадисни ривоят қилганлар: “Бир куни кечки пайт бир киши туяда масжидга келди ва Муоз розиаллоҳу анҳунинг орқаларида туриб у кишига эргашган ҳолда намоз ўқишни бошлади. Ўшанда Муоз розиаллоҳу анҳу жамоат билан намозда Бақара ёки Нисо сурасини ўқиб тургандилар. Шунда ҳалиги киши жамоат намозидан чиқиб ёлғиз ўзи намоз ўқиб олди ва кетиб қолди. Унга бу ишини Муоз розиаллоҳу анҳу маъқулламаганлигини айтишганда у пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб Муоз розиаллоҳу анҳунинг намозни узун ўқишларидан шикоят қилди. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розиаллоҳу анҳуга уч бора: “Эй Муоз, фитна қиляпсанми?” деб туриб яна шундай дедилар: “Нега намозингда “Саббиҳисма Роббикал Аъла”, “Вашшамси ва дуҳаҳа”, “Валлайли иза яғша” каби кичик сураларни ўқимадинг?” – дедилар. “Сенинг орқангдан қари одамлар, кам қувватлар ва иши борлар намоз ўқишини унутма” – дедилар.”

Юқоридаги набавий ҳадисдан кўриниб турибдики кимки исломни инсонлар ўртасида ёймоқчи, жорий қилмоқчи бўлса бу ишида уларнинг қийинчилигига сабаб бўладиган ишлардан узоқ бўлиши уқдирилмоқда. Бу ишнинг фитнага, норозичиликка олиб келиши ва хавфли экани тушунтирилмоқда. Бундай ишни қиладиган ҳатто исломдаги энг яхши амал бўлмиш намоз ўқиятганлигига қарамай уни фитначи деб атамоқдалар. Аслида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозни қанчалар яхши кўришлари ва кўп ўқиганликлари маълум ва машҳур. Шундай бўлсада жамоат намозларини орқадаги эргашувчиларнинг ҳолларини инобатга олиб доим қисқа қилишга ҳаракат қилганлар. Ушбу ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кимки ислом қонунларини инсонларга сингдиришни хохласа асло уларга қўполлик ёки қийинчилик етказмаслиги лозимлиги ва агар шундай қиладиган бўлса бу иши билан у фитнанинг ёйилишига сабаб бўлиши ва исломдан одамларни нафратлантириб қўйиши айтилмоқда.

Экстремистик оқимлар ҳозирда бутун дунё мусулмонларига жиҳод фарзи айн бўлган деб ҳисоблаб барча мусулмонларни уларнинг наздидаги кофирларга қарши жангга чорламоқдалар ва бу ишда қатнашмаганларга ҳеч қандай узр йўқ деб ҳисобламоқдалар. Бу билан улар ҳақиқий олимларнинг жиҳодга берган таърифига тескари иш қилмоқдалар. Ислом уламолари жиҳодга Аллоҳнинг йўлида турли хил фойдали мақсадларда ҳаракат қилиш деб таъриф берганлар ва нафс жиҳоди, илм билан жиҳод қилиш каби маънолар берганлар. Шунингдек баъзида ҳолатдан келиб чиқиб куч ишлатиш йўли билан ҳам жиҳод қилинади деганлар. (Бундай ҳолатни уламолар кенгашлари ҳал қилади)

 Адашган тоифаларнинг жиҳод борасидаги катта адашувларидан бири улар жиҳодни исломнинг мақсадларидан бири сифатида билишидадир. Тохир ибн Ашур роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мақасидуш Шариъа” китобларида жиҳод исломнинг мақсади бўлмай балки асосий мақсад учун бир восита деб айтганлар. Яъни баъзида экстремистик тоифалар сингари жиҳодни фақат уруш деб билиб уруш қилгандан тескари натижа чиқади ва буни бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Бир овоздан айтилган гап шуки исломда жиҳоднинг асоси одамларни тўғри йўлга бошлашдир. Залолатдан ҳидоятга, жоҳилиятдан илмга ва қоронғуликдан нурга олиб чиқишдир. Бунга мисол пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳайбар ғазотига Али розиаллоҳу анҳуни юбора туриб шундай деган эдилар: “Аллоҳ сен туфайли бир кишини тўғри йўлга ҳидоят қилиши сен учун энг қиммат туялардан кўра яхшироқдир.” Мана шу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики ғазотнинг асл мақсади йўлда учраганларни қиришмас балки одамлар ҳидоятига сабаб бўлиш эканлиги. Ҳақиқий дин уларни Аллоҳга, тўғри йўлга чақиришда эканлиги маълум бўлмоқда.

Аллоҳ барчамизни Ўзининг мустақим йўлида собитқадам қилсин. Амин.

 

Ҳайбатулло РАШИДОВ - Шўрчи тумани “Толли ота жоме масжиди” имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саида Мирзиёева Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» нуфузли мукофотининг халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилди

02.05.2025   8440   2 min.
Саида Мирзиёева Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» нуфузли мукофотининг халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилди

Куни кеча С.Мирзиёева ҳамда Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдусалом ўртасида учрашув бўлиб ўтди. (https://t.me/SShMirziyoyeva/2834) Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси ислом дини асосида ётган умуминсоний ва маънавий қадриятларни қўллаб-қувватлаётгани учун мазкур халқаро ташкилотга миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Саида Мирзиёева ҳар йили ўтказиладиган Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофотининг 2026 йилги ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилганидан бениҳоя мамнун эканини изҳор этди.

«Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан биз бу дунёни янада яхшироқ қила оламиз», — дея таъкидлади С.Мирзиёева.

Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти — дунё тараққиётига катта ҳисса қўшаётган, инсон ҳуқуқлари, тинчлик ва адолат учун курашаётган шахсларга бериладиган, халқаро даражада энг юқори баҳоланадиган юксак эътирофлардан биридир.

Ушбу мукофот 2019 йилда Рим папаси Франциск ва Ал-Азҳар университети бош имоми Аҳмад Ат-Тойиб ўртасида Абу-Дабида бўлиб ўтган тарихий учрашув шарафига таъсис этилган бўлиб, улар биргаликда инсоний биродарлик ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди.

БАА асосчиси марҳум Шайх Зоид ибн Султон Ал-Наҳаён номи билан аталадиган ушбу мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлиб, соврин пули ижтимоий муаммоларга ечим топаётган, тинчлик ва бирдамликка ҳисса қўшаётган шахслар ва ташкилотлар ўртасида тақсимланади.

Ҳакамлар ҳайъати таркибига турли йилларда олий мартабали ва нуфузли шахслар киритилган, жумладан:

Доктор Уидед Бушамауи, Жаноб Кайлаш Сатяртхи — тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиблари; Катерин Самба-Панза — Марказий Африка Республикасининг собиқ президенти; Мегавати Сукарнопутри — Индонезиянинг собиқ президенти; Ирина Бокова — ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори; Ребека Гринспан Майуфис хоним — БМТнинг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) бош котиби; Авраам Купер — АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси.

2025 йилдаги ҳакамлар ҳайъати қуйидагилардан иборат:

Макки Салл — Сенегал ва Африка Иттифоқининг собиқ президенти;
Хосе Луис Родригес Сапатеро — Испаниянинг собиқ бош вазири;
Нгози Оконжо-Ивеала — Жаҳон савдо ташкилоти бош директори;
Кардинал Питер Кудво Аппиаҳ Турксон — Понтифик Фанлар академияси ва Понтифик Ижтимоий фанлар академиясининг маслаҳатчиси;
Патрисия Скотланд — Миллатлар ҳамдўстлиги бош котиби;
Муҳаммад Абдусалом — «Инсоний биродарлик» мукофоти бош котиби.

Саида Мирзиёева Шайх Зоид номидаги «Инсоний биродарлик» нуфузли мукофотининг халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибига киритилди
Ўзбекистон янгиликлари