Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Декабр, 2025   |   1 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:45
Пешин
12:26
Аср
15:16
Шом
17:01
Хуфтон
18:20
Bismillah
21 Декабр, 2025, 1 Ражаб, 1447

Гўзал хулқингиз туфайли Исломни қабул қилдим

21.12.2023   775   4 min.
Гўзал хулқингиз туфайли Исломни қабул қилдим

– Маҳмуд, либосларни текшириб бўлдик. Сафарга отланяпман. Қарздорлар рўйхатини сенга ташлаб кетаман. Ким қарзини сўраб келса, дарҳол пулини қайтар. Қарздорларга эса кенглик қил. Яна бир нарсани эсдан чиқарма: баъзи кийимларнинг сифати яхши эмас. Уларни сифатлиларига қўшиб сотма. Мижозга молнинг айбини айтиб, ярим нархига сот. Харидор кийимнинг айбини кўрмаслиги мумкин. Лекин Аллоҳ билади, У Зот ҳолимиздан хабардор. Тижоратимизда Парвардигорга осий бўлсак, баракадан маҳрум бўламиз.

* * *

– Менга айт-чи, бу кўйлакнинг нархи қанча?

– Икки минг дирҳам.

– Қиммат экан. Юртингизда меҳмонман. Карвоним Яманга қайтиш арафасида. Меҳмонни ҳурматлаб, уни менга минг дирҳамга берсанг.

– Меҳмон экансиз, кўйлакни сизга бир ярим минг дирҳамга бераман. Ундан камига сотсам, дўкон эгаси мени койийди.

Яҳудий кўйлакни олибоқ йўлга тушди. У кетганидан кейин Маҳмуд сифатсиз кўйлакни яхши кўйлак нархида адашиб сотиб юборганини пайқаб қолди. Ўзини койиркан, хўжайинга нима дейишини ўйлаб хавотирга тушди.

* * *

Сайфуддавла юртига қуруқ қўл билан қайтди.

“Энди келмаса керак”, деган важҳ билан унга аталган молни ўзга тижоратчига сотиб юборишганди. Кейинги савдогача ҳали олти ой бор эди. Сайфуддавлани бу ҳол қаттиқ ташвишга солди. Сабаби, дўконида фақат бир ойга етадиган моли қолган эди.

Сайфуддавла сафардан қайтиб, дўкондаги ишлар ҳақида сўради. Ишчисининг сифатсиз кўйлакни қиммат нархда сотиб юборганини билгач, харидор ҳақида суриштирди.

Маҳмуд кўйлакни яҳудийга сотгани, у мусофир бўлиб, карвони билан кеча Яманга қайтганини айтди. Сайфуддавла яҳудийни топиш учун карвон ортидан боришга тайёрлигини билдирганда, Маҳмуд ҳайратланиб: “Минг дирҳамни қайтариш учун ёлғиз ўзингиз саҳрода катта масофани босиб ўтасизми?” деди. Сайфуддавла: “Ҳа, гарданимда минг дирҳамдан қарз билан Аллоҳ таолога йўлиқолмайман”, деди.

Сайфуддавла карвонни топиш, пулни яҳудийга қайтариш учун йўлга чиқди. Ҳаво иссиқ, масофа олис эди. Сайфуддавла йўлда учратган ҳар бир карвондан яҳудий ҳақида суриштирди. Фақат сафарнинг учинчи куни яҳудийлар карвонига дуч келди. Улар орасида ўша яҳудийни топди ва унга бундай деди:

– Алҳамдулиллаҳ, ахийри сизни топдим. Сиз харид қилган кўйлак сифатсиз эди. Мана бу минг дирҳамни олиб қўйинг.

– Лекин мен кўйлакдан айб топа олмадим.

– Ёрдамчим ҳам хабарсиз ҳолда уни қиммат нархда сотиб юборибди.

– Минг дирҳам учун шунча машаққат чекиб юрибсизми?

– Ҳисоб кунида ушбу гуноҳни кўтариб туролмайман.

– Аллоҳга қасам, сиздек хулқли кишини ҳали кўрмадим. Ким сизни бундай қилишга ундади?

– Ислом дини. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олcалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар” (Мутоффифин сураси, 1–3-оятлар). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизни алдаган бизлардан эмас”, деб огоҳлантирганлар. Нега жим турибсиз, пулингизни олинг.

– Аллоҳга қасам, нима дейишни ҳам билмай қолдим. Мени бу гўзал хулқингиз ва сўзларингиз билан хижолат қилдингиз.

– Нима демоқчисиз?

– Мен кўйлак харид қилишда қалбаки пуллар бергандим. Шу боис аввал юкимни шай қилиб, дўкондорга дирҳамни берибоқ йўлга отландим. Шундай қилсам, сотувчи қалбаки пулларнинг фарқига бормайди, дедим. Сизни кўрганимдан кейин сохта пулларни бериб, кўйлакни қайтариб оласиз деб ўйладим ва дўстларим олдида шарманда бўлишдан қўрқдим.

– У ҳолда нима учун ҳозир пулларнинг сохта эканини эътироф этмоқдасиз?

– Сизнинг гўзал хулқингизни кўриб, ёмон хулқимдан уялдим.

Ислом динига кираман: “Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман!”

Шу тариқа яҳудий мусулмон бўлди ва карвонини ташлаб Сайфуддавла билан Шомга, янги динни ўрганиш учун кетди.

Ургут тумани бош имом-хатиби
Абдуғани ҲАСАНОВ
тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қўлига суянган ҳолда ўтириш

22.08.2025   9011   1 min.
Қўлига суянган ҳолда ўтириш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Чап қўлни орқага қилган ҳолда, унга суяниб ўтириш жоизми? Ёши катталар бу ишни “ёмон” деб, қайтаришади.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу иш жоиз эмас. Ёши катталар бу ишни бежизга “ёмон” деб, қайтаришмаган. Зеро, бу макруҳ амал саналади. Бу ҳақда Шарид ибн Сувайд исмли саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

مَرَّ بي رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم وأنا جالسٌ هكذا وقد وَضَعْتُ يَدِي اليُسْرَى خلفَ ظهري واتَّكَأْتُ على أَلْيَةِ يَدِي فقال أَتَقْعُدُ قَعْدَةَ المغضوبِ عليهم

“Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимдан ўтиб қолдилар. Мен чап қўлимни орқамга қўйиб, қўлимнинг кафтига суяниб ўтирган эдим. Шунда У Зот “Ғазаб қилинганларни ўтириши каби ўтирасанми?”, деб танбеҳ бердилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Шунга кўра фақиҳлар “Киши хоҳ бир қўлига суянсин, хоҳ икки қўлига суянсин, фарқи йўқдир. Яъни, ҳар иккала ҳолатда ҳам макруҳ бўлади”, деганлар (“Мирқотул-мафотиҳ” китоби асосида). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

 

Мақолалар