بسم الله الرحمن الرحيم
РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан муборак Рамазон ойини кундузларини рўзадор, кечаларини хатми Қуръонларда қоим бўлиб ўтказдик. Ибодатларни осон қилгани, завқу шавқ бергани учун Раббимиз Аллоҳ субҳанаҳу таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!
Барчамиз беҳад хурсандчилик билан динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр кунида ҳозир бўлиб турибмиз. Бу вақт – ибодатларга савоб олинадиган, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.
Динимизда Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити кунларини мўмин-мусулмонлар учун байрам куни этиб белгиланган. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мадиналикларнинг кўнгилочар икки кунлари бор эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қандай кунлар?”, деб сўрадилар. Улар: “Жоҳилиятда бу кунлари кўнгилларимизни хуш қилардик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло бу икки кунни улардан ҳам яхши қурбонлик ва фитр кунларига алмаштирди”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадисдаги “фитр куни”дан мурод – Рамазон ҳайити кунидир. Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити кунларида ҳар бир мусулмон ўз хурсандчилиги, саховати ва юксак одоб-ахлоқини ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилиши керак.
Бир ой давомида мўмин-мусулмонлар кўтаринки кайфиятда таровеҳлар, хатми Қуръонларда иштирок этдилар. Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. Бу ойда тажрибали, халққа манзур уламоларимиз ва имом-хатибларимиз бел боғлаб халқ хизматида бўлиб, юртдошларимизга маънавий озуқа бўладиган мавзуларда панд-насиҳатлар қилдилар.
Рамазон ойи давомида масжидда ибодат учун иштирок этиш, рўза тутиб нафсидан устун бўлиш, хайр-у садақотлар қилиш, чиройли хулқлар билан сифатланиш каби ишлар йил бўйи давом этиши лозим бўлади. Бу ойда ҳосил бўлган тақво ва чиройли хулқ келгуси Рамазон ойига қадар ҳам давомий бўлиши керак. Зеро, Рамазонда ғайрат қилиб қолган ойларда ғафлатда қолмайлик. Чунончи, Аллоҳ таолонинг раҳмат эшиклари доим очиқдир.
Исломдаги беш фарздан бошқа фарзлар ҳам борки улар жамиятдаги ўзаро дўстлик алоқалари, ҳалоллик ва бағрикенглик руҳи тарқалишига сабаб бўлади. Жумладан:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا
(سورة النساء / الآية 36)
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
وَالَّذِينَ يَصِلُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوءَ الْحِسَابِ
яъни: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ
(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин” (Имом Бухорий ривояти).
لَأَنْ يَأخُذَ أحَدُكُمْ أحبُلَهُ ثُمَّ يَأتِيَ الجَبَلَ ، فَيَأْتِيَ بحُزمَةٍ مِنْ حَطَب عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا ، فَيكُفّ اللهُ بِهَا وَجْهَهُ ، خَيْرٌ لَهُ مِنْ أنْ يَسْألَ النَّاسَ ، أعْطَوْهُ أَوْ مَنَعُوهُ
(رواه الامام البخاري عن الزبير بن العَوَّام رضي الله عنه)
яъни: “Бирортангиз арқонини олиб тоққа бориши, у ердан бир боғ ўтинни орқалаб келиб, (одамларга) сотиши ва Аллоҳ шу (касб) сабабли уни тиланчиликдан асраши, унинг одамлардан тиланиши улар ё бериб, ё бермасликларидан яхшироқдир” (Имом Бухорий ривояти).
إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ
وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
яъни: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).
أناَ زَعِيْمٌ بِبَيْتٍ فِي رَبَضِ الْجَنَّةِ لمَن تَرَكَ الْمِرَاءَ وَإِنْ كَانَ مُحِقًّا ، وَبِبَيْتٍ فِي وَسَطِ الْجَنَّةِ لِمَنْ تَرَكَ الكَذِبَ وَإِنْ كَانَ مَازِحًا ، وَبِبَيْتٍ فِي أَعْلَى الْجَنَّةِ لِمَنْ حَسُنَ خُلُقُهُ
(رواه الإمام أبو داود عن أبي أمامة الباهلي رضي الله عنه)
яъни: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривояти).
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
( سورة المجادلة/11)
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).
مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
Ота-она ва фарзанд тарбиясига масъул бўлган шахслар ёш авлодни ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратишлари – динимиз талабидир!
Демак, юқорида зикр қилинган динимиз кўрсатмаларига барчамиз доимо амал қилиб яшасак, икки дунёда ҳам саодатли бандалар қаторида бўламиз, иншааллоҳ.
Муҳтарам жамоат! Куни кеча Президентимизнинг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарори чиқди. Кейинги пайтларда гувоҳи бўлиб турганимиз, диний соҳада жадал ислоҳотлар давом этмоқда. Янги масжидлар очилиши, эскиларини қайта таъмирланиши, Умра зиёратининг қайта йўлга қўйилгани, ҳаж зиёратининг қайта йўлга қўйилиш арафасида турилгани, Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази қурилиши қизғин давом этаётгани ва бошқа шу каби ишлар халқимиз маънавий ҳаётига кўтаринки кайфият олиб келди. Бундай ислоҳотлар ҳур, истиқболи порлоқ ватанимизга ярашади, албатта. Яна шуни унутмаслигимиз лозим, бундай ислоҳот-у ютуқлар одилона олиб борилаётган сиёсат, халқни рози қилиш учун қаттиқ ҳаракат ва тинчлик хотиржамликнинг натижасидир. Мана шу тинчлик фаровонликни сақлаб қолиш ҳар бир катта-кичик ватандошнинг бурчидир.
Азизлар! Энди ҳайит намози қандай ўқилиши ҳақида суҳбатлашамиз. Биринчи, ният қилиб намозга киришилади. Яъни, “Рамазон ҳайити намозини имомга иқтидо қилган ҳолда ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади. Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам қўлларини қулоқларига кўтариб уч марта такбир айтади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.
Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.
Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта икки қўлни кўтариб, такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўлларини боғламай, ёнга ташлайдилар. Ва тўртинчи такбирни айтиб, рукуга борадилар ва сажда қиладилар. Саждадан сўнг ўтириб, ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб, намозни тугатадилар.
Яна бир-бор барча мўмин-мусулмонларни Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои хайрлар қиламиз! Омин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ТАВАККУЛНИНГ ҲАҚИҚАТИ
Бу фазилатлар ҳамда Аллоҳ ва Расулининг ҳамду санолари таваккул қилувчиларга бўладиган бўлса, "Таваккулнинг ҳақиқати нимада, унинг чегараси қандай ва маъноси нима?" деган табиий савол туғилади.
Бу хулқ билан хулқланишни ва бу сифат билан сифатланишни ҳохлаган киши, таваккул тушинчасини ва унинг чегарасини пухта билиб олишлари зарур. Чунки кўп кишилар ўзларини таваккулчи деб биладилар, ваҳоланки уларда таваккулдан ҳеч нарса йўқ. Ёки Аллоҳ буюрмаган нарсада таваккул қилишда собит туришни ўз нафсларига лозим тутадилар.
ТАВАККУЛНИНГ ҲАҚИҚАТИНИ БАЁН ҚИЛИШДА ИБРАТЛИ МИСОЛЛАР
Агар солиҳларнинг ҳаётига назар ташласак, уларда таваккулнинг ҳақиқатини баён қилишда турли гўзал ибратли мисолларни топамиз. Уларнинг таърифлари турлича чунки, ҳар бирлари ўз ҳолларича таъбир қиладилар.
Қаширий “Рисола”ларида таваккул ҳақида кишилар зикр қилган бир неча таърифларни келтирган. “Мадориж” асарида таваккул ҳақида жуда чиройли изоҳлар ёзилган. Улардан айримларини келтирамиз:
Имом Аҳмад: “Таваккул қилиш қалбнинг ишидир. Яъни қалбий ишдир. У тилда айтиш, аъзолар билан амал қилиш ҳамда идрок ва ҳис этиш бобидан эмас”, дедилар.
Таваккул қилишни, билиш бобидан деганлар эса, “У қалб илми бўлиб, банда Роббиси билан кифояланишидир”, деганлар.
Таваккул қилишни сукунат, тинчлик ва қалб ҳаракатининг осойишталиги деганлар эса: “Таваккул қилиш қалбни Роббисининг олдига қўйишдир. Гўё маййитни ғассолнинг олдига қўйилганидек. У маййитни хоҳлаганидек буради. Таваккул қилиш хоҳишни тарк қилиш ва тақдир йўллари билан боғланишдир”, дедилар.
Саҳл Тустарий: “Таваккул қилиш, хоҳлаган нарсасида Аллоҳ билан боғланиш”, деганлар.
Яна таваккул қилишни розилик деб изоҳ берганлар: “ У тақдирга рози бўлишдир”, деганлар.
Бишрул Хофий бундай дедилар: “Кимда ким Аллоҳга таваккул қилдим деса, Аллоҳга туҳмат қилибди. Агар Аллоҳга таваккул қилганида Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган бўлар эди”.
Яҳё бин Муоздан сўрашди: "Қачон киши таваккулчи бўлади?" Яҳё бин Муоз: “Агар ўша киши Аллоҳ таолони вакил бўлишига рози бўлса”, дедилар.
Баъзилар таваккулни: “Аллоҳ таолога ишониш, У билан хотиржам ва У сабабли осойишта, тинч бўлиш”, дейдилар.
Баъзилар: “Таваккул ишончсизликни инкор қилиш ва подшоҳларнинг подшосига ўзини топшириш”, деганлар.
Абу Саъийд Хироз дедилар: “Таваккул осойишталиксиз изтироб ва изтиробсиз осойишталикдир”. Яъни, инсон зоҳири ва ботини билан сабабларга ҳаракат қилади ва у билан тинч бўлади ҳамда унга ишонади. Аллоҳ билан унинг қалби бирга бўлгач, у изтироб чекмайди. Шу билан бирга Аллоҳнинг розилигига васила бўлган сабабларга ҳаракат қилишдан тўхтамайди.
Абу Туроб Нахшабий дедилар: “Таваккул қилиш жисмни бандаликка қўйиш, қалбни рубубиятга боғлаш ва кифоя қилишликка ишониш, берилса шукур ва берилмаса сабр қилишдир”.
Барча уламолар: "Таваккул сабабларни инкор қилмайди, чунки сабабларни қоим қилмасдан туриб, у дуруст бўлмайди. Агар сабаблар бўлмаса таваккул қилиш бекор бўлади", дейдилар.
Саҳл бин Абдуллоҳ дедилар: “Кимки ҳаракат қилишни ёмонласа, мазах қилса бас, суннатни ёмонлабди, мазах қилибди. Кимки таваккул қилишни ёмонласа, мазах қилса бас, иймонни ёмонлабди, мазах қилибди ”.
Таваккул қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари, касб эса, суннатлари эди. Кимки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларига амал қилса ҳеч қачон суннатларини тарк қилмайди.
Бир қовлда: “Таваккул бу – Аллоҳдан ўзга билан қалб алоқаларини узишдир”, дейилган.
Саҳлдан таваккул ҳақида сўралганда, у: “Аллоҳ билан бирга бирор бир алоқасиз яшашдир”, деди.
Бир қийлда: “Таваккул алоқаларни тўхтатиш ва хақиқатларга боғланишдир”, дейилади.
Бир қийлда: “Таваккул сендаги озлик ва зиёдаликка бир хил бўлмоқлигинг”, дейилади.
Бир қийлда: “Таваккул мусаббабга боғловчи барча сабабларни тарк қилишдир. Сабаби Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлсин”. Бу бир тамондан тўғри, бошқа бир томондан нотўғридир. Буюрилган сабабларни тарк қилиш таваккулда чақмоқ тош билан ўт чиқаришдир. Аллоҳ бандасини сабабларга боғлади. Аммо, мубоҳ бўлган амрларни тарк қилиш эса, агар у сабабни, маслаҳат юзасидан ундан кўра яхшиси бўлганлиги сабабли тарк қилса, бу иш мақталгандир. Магар у мазамматлангандир.
Бир қийлда: “Таваккул нафсни убудиятга ташлаш ва рубубиятдан чиқаришдир”, дейилган.
Баъзилар: “Таваккул Роббисининг буйруғи ва қазосига таслим бўлиш”, деганлар.
Баъзилар: “Таваккул ҳар бир ҳолатда инсон Аллоҳ таолога ишонишидир”, дейдилар.
Баъзилар: “Таваккулни бошловчи, таслим бўлишни восита ва ишонишни ниҳояси”, дедилар.
Абу Али Даққақ: “Таваккул уч даражадан иборат. Таваккул сўнгра таслим ва ишонч. Таваккул қилувчи ваъдасида туради, таслим эгаси илми билан кифояланади ва ишонч эгаси Аллоҳнинг ҳукмидан рози бўлади. Таваккул бошловчи, таслим бўлиш восита ва ишонч ниҳоядир. Таваккул қилиш мўминларнинг сифати, таслим бўлиш валийларнинг сифати ва ишониш эса, тавҳидчиларнинг сифатидир. Таваккул барчанинг сифати, таслим бўлиш хосларнинг сифати ва ишониш хослар хосининг сифатидир. Таваккул набийларнинг сифати, таслим бўлиш Иброҳим алайҳиссаломнинг сифати ва ишониш эса Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари”, дедилар[1]
Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси
[1] Мадорижус Соликийн, 114-117-бетлар.