Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Декабр, 2025   |   7 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:48
Пешин
12:29
Аср
15:19
Шом
17:05
Хуфтон
18:23
Bismillah
27 Декабр, 2025, 7 Ражаб, 1447

Оқ ип нима, қора ип-чи?

12.04.2022   4736   7 min.
Оқ ип нима, қора ип-чи?

“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки, тақво қилсалар» (Бақара сураси, 187-оят).

“Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди”. Рўза илк фарз қилинган даврда рўзадор ифтордан кейин ухлаб қолсаю кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмасди. «Қайс ибн Сарма Ансорий рўзадор ҳолида хурмо боғида ишлаб, ифтор пайтида хотинидан: “Таоминг борми?” деб сўради. Аёли унга: “Йўқ, ҳозир бориб бирон нарса топиб келаман”, деб ташқарига чиқ­ди. Кундузи ишлаб чарчаган Қайс ухлаб қол­ди. Хотини келиб, эрининг ухлаганини кў­риб: “Шўринг қурисин”, деди-ю, уйғотмади. Эртасига куннинг ярмида Қайс розийаллоҳу анҳу ҳу­шидан кетиб йиқилди. Ҳодисадан Пайғамбаримиз алайҳиссалом хабар топдилар. Сўнг Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди».

“Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”. Яъни, ҳар иккиси ўз жуфтига ҳалол бўлмаган нарсалардан пардадир.

“Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди”. Оятдаги “хиёнат”дан мурод рўза кечасида аёлига яқин­лик қилиш истаги кўнгилдан кечганидир. Айрим ривоятларда баъзилар бу ишни қилганлари зикр этилган.

Имом Табарий ривоятида Умар розий­аллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан суҳбатлашиб, уйига кечроқ қайтди. Аёли ухлаб қолган экан. У зот хотинига яқин­лик қилишни хоҳлади. Аёл: “Ухлаб турдим-ку”, деб рад этди. Ҳазрати Умар аёлига, ухламагансан, дея яқинлик қилди.

Эртасига Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдиларига борди ва: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ва сиздан узр сўрайман. Нафсим унаб аёлимга яқинлик қилдим, менга бирор рухсат топиб бера оласизми?” деди. Ҳазрати Умар уйига қайтиб борганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг ортидан одам юбордилар ва Аллоҳ таоло ушбу оят билан у кишининг узрини қабул қилгани хабарини бердилар.

“Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг”. Яъни энди рухсат. Сизлар хотинларингизга яқинлик қилиб, “Аллоҳ ёзган нарсани” – фарзандни талаб қилинг. Ибн Аббос: «“Аллоҳ ёзган нарсадан” мурод Қуръондир», деган. Ибн Аббос ва Муоз ибн Жабал: «“Лайлатул қадрни” талаб қилинг», деган. Баъзи олимлар “рухсат ва кенглик” дейишган. Ибн Ара­бий ушбу оятнинг нозил бўлишига Умарнинг воқеаси сабаб бўлган, Қайснинг оч қолиб ҳушидан кетгани эмас, дейди.

“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажра­гунча еб-ичаверинг”. Имом Бухорий Адий ибн Ҳотамдан ривоят қилади: «“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ича­веринг” ояти нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғим остига қўйдим, уларга қараб-қараб, оқиқорасидан ажраганда оғзимни беркитдим. Тонг отганида Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтдим. У зот алайҳиссалом: “Ундоқ бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан ке­чанинг қораси ҳақида эди”, дедилар».

“Тонг пайтида”дан мурод субҳи содиқ бўлиб, ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради. Самура ибн Жундуб розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом: “Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)”, дедилар (Бешовларидан Имом Бухорий ривоят қилмаган).

Тонг отиш вақти икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқичда ёруғлик пастдан юқорига кўтарилади. Бу “субҳи козиб”, яъни “ёлғончи тонг” дейилади. Иккинчи босқич эса, ёруғликнинг уфқ бўйлаб кўндаланг тарқалган пайтидир. Бу “субҳи содиқ”, яъни “рост тонг” дейилади. Шу вақтда саҳарлик вақти тугаган бўлади.

“Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг”. Аллоҳ таоло Рамазон ойида кечани еб-ичиш ва жимо учун вақт қилиб белгилаб берди. Кундузни эса бу ишлардан тийилиш вақти қилди. Ушбу оятда икки вақтнинг ҳам ўзига тегишли ҳукмларини баён қилди. Демак, Рамазонда рўзадор кечаси рухсат берилган ишлардан бирортасини қилиши жоиз бўлмайди. Кимда-ким Рамазонда кундузи қасддан еб-ичса ёки жимо қилса, ўша кун рўзасининг қазосини тутиб бериши ва каффоратини ўташи лозим.

Каффорат бир қулни озод қилиш, бунга имкони бўлмаса, 60 кун пайдар-пай рўза тутиш, бунга ҳам қодир бўлмаса, 60 мискинга таом беришдир.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, ҳалок бўлдим”, деди. Набий алайҳиссалом: “Сени нима ҳалок қилди?” дедилар. Ҳалиги киши: “Рамазонда хотинимнинг устига чиқдим”, деди. “Қул топиб, уни озод қила оласанми?” деб сўрадилар. Ҳалиги киши: “Йўқ”, деди. “Икки ой кетма-кет рўза тута оласанми?” дедилар. У киши: “Йўқ”, деди. “Олтмиш мискинга таом беришга нарса топа оласанми?” деб сўрадилар. Ҳалиги одам: “Йўқ”, деди. Сўнгра кутиб ўтирди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир идишда хурмо келтиришди. У зот алайҳиссалом: “Мана буни садақа қилиб юбор”, дедилар. У одам: “Эй Аллоҳнинг Расули, биздан кўра фақирроққами? Аллоҳга қасам, у (Мадина)нинг икки четининг орасида биздан кўра муҳтожроқ оила йўқ”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом кулдилар, ҳатто тишларининг оқи кўриниб кетди. Сўнгра: “Бор! Уни аҳлингга таом қилиб бер”, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло ушбу оятда кечаси жимо қилиш мумкинлигини ва кундузи эса бу ишлардан тийилиш хабарини берди.

Рамазон ойида кундузлари эр-хотиннинг ўзаро яқинлик қилиши рўзани бузади. Яқинликка олиб келувчи ўпиш, қучоқлаш каби ишлар рўзани бузмайди. Лекин ўзига ишонмаган одам учун бу ишлар макруҳ.

“Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг”. Кечанинг охири субҳи содиқ кириши билан тугашини ҳисобга олсак, инсон жунуб ҳолатида тонг вақтига кириши мумкин. Шундай бўлса, жунуб ҳолида тонг оттирса ва рўзага ният қилса, рўзаси саҳиҳ бўлаверади.

Ҳайзли аёлнинг ҳукми ҳам шунга ўхшаш. Агар аёл бомдод намозининг вақти киришига бир дақиқа қолганида покланса, шу куннинг рўзасини тутиши вожиб. Аксинча, бомдод намозининг вақти кирганидан бирор дақиқа ўтганида покланса ҳам, ўша куннинг рўзасини тутмайди.

“Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки, тақво қилсалар”. Ушбу зикр қилинганларнинг бари Аллоҳ таолонинг ҳукмлари ва уларнинг чегараларидир. Парвардигор уларга яқинлашмасликка буюрди, чунки қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.

 

“Тафсири Қуртубий” асосида

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта

махсус ислом билим юрти

катта ўқитувчиси

Сурайё ИБРАГИМОВА

тайёрлади.

“Ҳидоят” журнали 3-сон

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғийбат қилишаётганини эшитсангиз...

30.07.2025   16797   7 min.
Ғийбат қилишаётганини эшитсангиз...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ғийбатнинг таърифини ушбу ҳадисдан билиб оламиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривоят қилган).

Баъзилар “Мен биродаримнинг йўқ айбини гапирмаяпман. Балки бор айбини айтяпман” деб даъво қилишади. Мазкур ҳадисга кўра уларнинг даъвоси асоссиз бўлиб, улар ғийбат қилаётган бўлишади.

Қуръони каримнинг Ҳужурот сурасида Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир".

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.

Афсуски, уч-тўртта улфатлар йиғилиб қолса, суҳбат орасида кимнидир ғийбат қилиш ҳам содир бўлади. Иймони комил мусулмон бировни ғийбат қилмаслиги, ғийбатчиларни бу гуноҳдан қайтаришга уриниши, агар улар ғийбатдан тилларини тиймасалар, ўзи ундай мажлисни тарк этиши керак. Чунки ғийбатчилар билан бирга ўтириб, уларни бу ишдан қайтармай ўтираверган киши ўша кимсаларнинг гуноҳига шерик бўлади.

Ғийбат биродаримизнинг унга ёқмайдиган нарса билан эслаш экан, бу нарса унинг ташқи кўриниши, шаклига оид бўлиши ҳам мумкин. Масалан, баъзилар “Фалончи пакана”, “Фалончи чўлоқ”, “Фалончи найнов”, “Фалончи қора” каби гапларни кўп ишлатишади. Бу гапни ўша инсон эшитса, хафа бўлади. Демак, бу ҳам ғийбат ҳисобланади.

Ғийбатчини ҳеч ким ёқтирмайди. Ундай кимсага охиратда ҳам аламли азоб бордир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Меърожга чиқарилганимда бир қавмнинг ёнидан ўтдим. Уларнинг мисдан бўлган тирноқлари бўлиб, улар (ўша тирноқлар ила) юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар. Мен: “Эй Жаброил, булар ким?” деб сўрадим. У: “Улар одамларнинг гўштларини ейдиган (ғийбат қиладиган) ва уларнинг обрўларига тил теккизадиган кишилардир” деб жавоб берди” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Оддий тирноқ билан юзингизни ёки танангизнинг бирор жойини қашийверсангиз, бориб-бориб ўша жой ярага айланади. Энди мисдан бўлган тирноқлар билан юз ва кўкракларни тирнаш жуда қўрқинчлидир. Ҳадиси шарифда ғийбатчилар “одамларнинг гўштларини ейдиганлар” деб васф қилинмоқда. Бу Ҳужурот сурасида келтирилган ғийбатчи мисолининг ҳадисда ҳам келтирилишидир. Ғийбатчи кимса ғийбат қилаётган пайтда дўстининг, диндошининг гўштини еб ўтирган бўлади.

Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва бошқалар Абу Барза Ал Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда  Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг авратлари орқасидан (номусларига тегувчи гап тарқатиб) тушманглар! Чунки ким ўз биродарининг аврати ортидан тушса, Аллоҳ унинг аврати ортидан тушади. Кимки, Аллоҳ унинг ортидан тушган бўлса, уни шарманда-ю шармисор қилади, гарчи уйининг ичкарисида бўлса ҳам!”.

Саъд ибн Абу Ваққос билан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳумонинг орасидан гап ўтиб қолди. Кейин бир киши Саъднинг олдида Холидни ғийбат қилмоқчи эди, Саъд унга бундай деди: «У билан ўртамизда бўлиб ўтган нарсанинг асло динимизга алоқаси йўқ!».

Ғийбат ҳаром бўлгани каби ёмон гумон ҳам ҳаром. Биродарингиз ортидан ёмон гаплар сўзлаш ҳаром бўлганидек, ундан асоссиз равишда ёмон гумон қилишингиз ҳам ҳаром. Ёмон гумон деганда биров ҳақида қалбда чиқарилган ҳукм ёки мустаҳкам эътиқодни назарда тутяпмиз. Аммо хаёлга келган турли нарсалар, ўй-фикрлар авф қилинган, ҳатто шак ҳам кечирилган.

Гумон қалбнинг ўша томонга кўпроқ мойил бўлиши, кўпроқ таянишидир. Аллоҳ таъоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Ёмон гумон ҳаром қилинишининг сабаби шуки, қалблардаги сир-асрорларни фақат ғайбни билувчи Зотгина билади, шундай экан сиз биров ҳақида ёмон эътиқодда бўлишга ҳаққингиз йўқ. Магар сизда бунга етарлича асослар бўлса ва уларни яхши тарафга таъвил қилиш имкони бўлмаса, унда кўрган, гувоҳи бўлган нарсангиздан бошқани эътиқод қилишдан ўзга имконингиз йўқ. Аммо кўзингиз билан кўрмасангиз ҳам, қулоғингиз билан эшитмасангиз ҳам ичингизда гумон пайдо бўлаётган бўлса, билингки, бу шайтондандир.

Биринчидан, ғийбатни эшитган пайтда ғийбат қилинаётган инсон ҳақида ёмон гумонга бормаслик, у ҳақда зикр этилаётган ёмон сифатларни рост деб билмаслик, бошқа одамлар ҳузурида уни накл қилмаслик, ғийбат қилган кишини гуноҳи кабира қиляпти деб билиш, унинг гапини эътиборсиз деб ҳисоблаш, «Эҳтимол, ғийбат қилинган инсонга унинг адовати бордир, шунинг учун шундай гапларни гапираётгандир», деб ўйлаш лозим.

Иккинчидан, ғийбатни эшитгач, унга шерик бўлиб, мусулмон биродарининг қолган айбларини ҳам очмасин. Ғийбат қилувчи киши Аллоҳ таолонинг итобига қолади, агар мен унга шерик бўлсам, Аллоҳ таоло мендан норози бўлади ва қиёмат куни азоблайди, деган фикрда бўлсин.

Учинчидан, бир мусулмон биродарининг ғийбат қилинаётганини эшитса, ўша мусулмонни мақташни бошласин ва унга ёрдам берсин. Ажаб эмаски, шунда ғийбат қилувчи ғийбатдан тийилса.

Тўртинчи иш шуки, ғийбат қилувчини тил билан айтиб ёки қўл ва кўз билан ишора бўлса ҳам, ғийбатдан тўхтатиш лозим.

Агар бинамки нобинову чоҳаст,
Агар хомуш бинишинам гуноҳаст.

Назмий маъноси:
Агар кўрсамки кўр олдида чоҳдур,
Индамай ўтирсам, бешак, гуноҳдур.

Насрий баëни:
Агар кўзи кўр кишининг олдида чуқурни кўрсам-у, индамай ўтираверсам, гуноҳдир.

Агар уни ғийбат қилишдан қайтариш имкони бўлмаса, ўша мажлисдан туриб кетиш лозим. Борди-ю, туриб кетишнинг ҳам иложи бўлмаса, у ҳолда бўлаётган ғийбатни дилда ёмон кўриб ўтириш керак. Рози бўлиб, жим ўтириш жоиз эмас.

Яна бир гап. Ғийбатчига «Жим бўл» деб туриб, лекин бўлаётган ғийбатни дилда хоҳлаб туриш мунофиқликдир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, агар бир киши бошқа кишини “бу итни эмган” деб айблаганда, куни келиб ўзи, албатта, итни эмган бўларди».

Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларнинг энг хатокори бошқаларнинг айбини кўп гапирадиганидир”. Саҳобалар ва тобеъинлар гуноҳнинг касофатига шунчалик аниқ ишонишган экан.


ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби Жаъфархон СУФИЕВ

Мақолалар