Шу кунларда юртимизда Рамазонга тайёргарлик ишлари юқори кайфиятда давом этмоқда. Айниқса, юртимизда янги масжидларнинг кетма-кет очилаётгани юртдошларимиз учун Рамазонга муносиб туҳфа бўлаётир.
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари пойтахтимиздаги “Кўкча Оқтепа” масжиди очилишида иштирок этган бўлсалар, бугун, 25 март куни Сирдарё вилояти Гулистон туманидa жойлашган “Шодмонхўжа” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросимида қатнашдилар.
Муфтий ҳазратлари дастлаб йиғилганларга масжиддаги илк жума мавиъзасини қилиб бердилар. Шу пайтгача бу масжид фақат маҳалла масжиди сифатида фаолият юритаётган эди. Эндиликда у жоме масжидга айлантирилди.
Муфтий ҳазратлари сўзи аввалида масжидларимиздаги қулайлик ҳақида гапирар экан, буларнинг барчаси Аллоҳнинг бизга берган улкан неъмати эканини алоҳида қайд этиб, бу кунларга шукроналар айтиш кераклигини таъкидладилар. Шу билан бирга масжид бунёд этиш улкан ажри савобли амал эканини ҳадислар билан далиллаб, қурилиш ишларида кўмакчи бўлган барча юртдошларимиз ҳақига дуо қилдилар.
Маълумот учун қайд этиш жоизки, “Шодмонхўжа” жоме масжиди биноси яқингача яроқсиз аҳволда бўлиб, намозхонларга бир қанча ноқулайликлар туғдирар эди. Шу боисдан маҳалла аҳли ва масжид маъмурияти билан келишилган ҳолда ўтган йилнинг июнь ойида масжидни қайта қуриш ишларини бошлаб юборишди. Маҳаллий аҳолининг кўмаги ва ҳашари билан масжид биноси қисқа фурсат – тўққиз ой ичида қайтадан бунёд этилди. Мингдан зиёд намозхонни сиғдира оладиган масжид замонавий қиёфага келтирилиб, намозхонлар учун барча шароитлар яратилди.
Таҳоратхоналар, масжид маъмурияти хоналари, кутубхоналар керакли жиҳозлар билан жиҳозланди. Иссиқлик ва совутиш тизимлари, шу билан бир қаторда замонавий овоз кучайтиргичлар ўрнатилди. Масжид атрофларини кўкаламзорлаштириш учун замонавий суғориш тизимлари ташкил этилиб, арчалар экилди.
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, юртимизда бу каби жоме масжидларнинг сони янада кўпайиши кутилмоқда. Аллоҳ таоло Рамазон ойида ҳам бундай хушхабарларни бардавом қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Аллоҳдан қўрқиш – тақвонинг энг юксак даражаси
Барча ҳамдлар Аллоҳга, У Зот бизни яратиб, тўғри йўлга ҳидоят қилди. Салавоту дурудимиз Унинг охирги элчиси, раҳмат пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг аҳли оиласи, саҳобаларига бўлсин.
Аллоҳдан қўрқиш нима?
Аллоҳдан қўрқиш – бу Ундан ҳадиксираш, гуноҳлардан сақланиш, Унинг буюрганини бажариш ва қайтарганидан четланиш демакдир. Бу қўрқув дунёвий қўрқувлардан фарқли бўлиб, у муҳаббат ва тақвога асосланган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай марҳамат қилади: “Мўмин бандаларга айт: “Аллоҳдан қўрқинглар!” (Зумар, 53).
Аллоҳдан қўрқиш – иймоннинг аломати ва иймон соҳибларининг юксак фазилатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен сизларнинг ичингизда Аллоҳдан энг кўп қўрқувчи ва Унга энг тақводор одамман” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисдан англашиладики, ҳақиқий иймон соҳиби бўлиш учун Аллоҳдан қўрқиш зарур.
Аллоҳдан қўрқишнинг фазилатлари
1. Гуноҳлардан тийилиш.
Аллоҳдан қўрққан банда ҳаром ишлардан сақланади. Қуръонда бундай дейилади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унга чиқиш йўлини беради ва уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Талоқ, 2-3).
Демак, тақводор одам ҳар қандай қийинчиликдан Аллоҳнинг марҳамати билан қутулиб кетади.
2. Қалбнинг покланиши.
Аллоҳдан қўрқиш инсоннинг қалбини поклайди. Уламолар айтишганки: “Аллоҳдан қўрққан инсоннинг қалби нурланади”.
3. Охиратда нажот топиш.
Қиёмат куни Аллоҳнинг ғазабидан фақат тақводорлар нажот топади. Қуръонда бундай айтилган: “Қиёмат куни Аллоҳдан қўрққан кишилар нажот топадилар” (Наба, 31).
4. Дунё ва охиратда муваффақият.
Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади: “Агар қишлоқ аҳли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта, уларга осмон ва ер баракотларини очиб қўяр эдик” (Аъроф, 96).
Аллоҳдан қўрқишни қандай кучайтириш мумкин?
1. Қуръон ва ҳадис ўқиш – Аллоҳнинг каломи инсон қалбига қўрқув ва муҳаббат олиб киради.
2. Зикр ва дуо қилиш – Аллоҳни кўп эслаб, гуноҳлардан мағфират сўраш.
3. Охират ҳақида тафаккур қилиш – Қиёмат, қабр ҳаёти ва ҳисоб-китобни ўйлаб яшаш.
4. Солиҳ инсонлар билан бирга бўлиш – Тақводор одамлар билан бирга бўлиш қалбда Аллоҳдан қўрқишни мустаҳкамлайди.
Аллоҳдан қўрқиш – мўмин учун энг катта фазилатдир. Ким У Зотдан қўрқиб яшаса, Аллоҳ уни дунё ва охиратда муваффақиятли қилади.
Аллоҳдан дуо қилиб сўраймизки, қалбларимизни тақво ва муҳаббат билан тўлдирсин ва бизни Ўз ғазабидан асрасин! Омин!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ