Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Апрел, 2025   |   9 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:35
Қуёш
05:56
Пешин
12:30
Аср
17:01
Шом
18:58
Хуфтон
20:14
Bismillah
07 Апрел, 2025, 9 Шаввол, 1446

Эътиқод дурдоналари: СИДДИҚА ВА ЗАҲРО РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУМО ФАЗИЛАТЛАРИ

28.02.2022   3932   7 min.
Эътиқод дурдоналари: СИДДИҚА ВА ЗАҲРО РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУМО ФАЗИЛАТЛАРИ

39 - وَلِلصِّدِّيقَةِ الرُّجْحَانُ فَاعْلَمْ    عَلَى الزَّهْرَاءِ فِي بَعْضِ الْخِلاَلِ

 

Маънолар таржимаси:

Сиддиқа (розияллоҳу анҳо)нинг Заҳро (розияллоҳу анҳо)дан баъзи фазилатларда устунлиги борлигини билиб қўйгин.

 

Назмий баёни:

Сиддиқада Заҳродан устун тараф бор,

Баъзи хислатларда, қилсанг эътибор.

 

Луғатлар изоҳи:

لِ – “шибҳи мулк” (мулк кўринишидаги) маъносида келган жор ҳарфи.

الصِّدِّيقَةِ – жор мажрур хабари муқаддам.

الرُّجْحَانُ – хабаридан олдин келган мубтадо.

فَاعْلَمْ – амр феъли. Тақдирий اَنْتَ фоили.

عَلَى – “истиъло” (устун бўлиш) маъносидаги жор ҳарфи.

الزَّهْرَاءِ – жор мажрур  الرُّجْحَانُ га мутааллиқ. 

فِي  – мажозий зарфият маъносида келган жор ҳарфи.

بَعْضِ – бу жор мажрур ҳам الرُّجْحَانُ га мутааллиқ. 

الْخِلاَلِ – бу калима خَلَّة нинг кўплик шакли бўлиб, “ўзига хос ижобий хусусиятлар” маъносини англатади. خَلَّةٌ ва خَصْلَةٌ ўртасида умум ва хосликда фарқ бор:

خِصَالٌ – خَصْلَةٌ – ўзига хос хусусиятлар. Ижобий хусусиятларга ҳам, салбий хусусиятларга ҳам қўлланади.

خِلاَلٌ – خَلَّةٌ – ўзига хос хусусиятлар. Фақат ижобий хусусиятларга қўлланади. Шунинг учун Нозим раҳматуллоҳи алайҳ خِلاَلِ ни ишлатган.   

 

Матн шарҳи:

Сиддиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизлари Оиша розияллоҳу анҳодир. Заҳро эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодир. Ушбу байтда чаҳорёрларнинг қолган барча инсонлардан афзал эканларининг исботи бор. Яъни Оиша розияллоҳу анҳо баъзи хислатларда Фотима розияллоҳу анҳодан афзал бўладиган бўлса, тўрталалари билиттифоқ Оиша розияллоҳу анҳодан афзалдир. Ушбу муҳтарама зотларнинг иккалалари ҳақларида ҳам афзалликларига далолат қиладиган ҳадислар келган. Қуйидаги ҳадиси шарифда Фотима розияллоҳу анҳонинг жаннатий аёлларнинг саййидаси экани очиқ-ойдин баён қилинган:  

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ أَقْبَلَتْ فَاطِمَةُ تَمْشِي كَأَنَّ مِشْيَتَهَا مَشْيُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرْحَبًا بِابْنَتِي ثُمَّ أَجْلَسَهَا عَنْ يَمِينِهِ أَوْ عَنْ شِمَالِهِ ثُمَّ أَسَرَّ إِلَيْهَا حَدِيثًا فَبَكَتْ فَقُلْتُ لَهَا لِمَ تَبْكِينَ ثُمَّ أَسَرَّ إِلَيْهَا حَدِيثًا فَضَحِكَتْ فَقُلْتُ مَا رَأَيْتُ كَالْيَوْمِ فَرَحًا أَقْرَبَ مِنْ حُزْنٍ فَسَأَلْتُهَا عَمَّا قَالَ فَقَالَتْ مَا كُنْتُ لِاُفْشِيَ سِرَّ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى قُبِضَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَسَأَلْتُهَا فَقَالَتْ أَسَرَّ إِلَيَّ إِنَّ جِبْرِيلَ كَانَ يُعَارِضُنِي الْقُرْآنَ كُلَّ سَنَةٍ مَرَّةً وَإِنَّهُ عَارَضَنِي الْعَامَ مَرَّتَيْنِ وَلاَ أُرَاهُ إِلاَّ حَضَرَ أَجَلِي وَإِنَّكِ أَوَّلُ أَهْلِ بَيْتِي لَحَاقًا بِي فَبَكَيْتُ فَقَالَ أَمَا تَرْضَيْنَ أَنْ تَكُونِي سَيِّدَةَ نِسَاءِ أَهْلِ الْجَنَّةِ أَوْ نِسَاءِ الْمُؤْمِنِينَ فَضَحِكْتُ لِذَلِكَ.  رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Фотима юриб кела бошлади. Унинг юриши худди Набий соллаллоҳу алайҳи васалламникидек эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Марҳабо хуш келибсан қизим”, – дедилар. Сўнгра уни ўнг томонларига ё чап томонларига ўтирғиздилар. Сўнгра унга бир сўзни шивирлаб айтдилар. У йиғлаб юборди. Мен унга: "Нега йиғлаяпсиз", – дедим. Сўнгра унга бир сўзни шивирлаб айтган эдилар, у кулди. Шунда мен: “Бугунги кундаги каби хурсандликнинг хафаликка яқинлигини кўрмаганман”, –дедим ва ундан у зотнинг нима деганларини сўрадим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилувчи эмасман”, – деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, сўнгра мен ундан сўрадим. У шундай деди: “У зот шивирлаб: “Жаброил Қуръонни менга ҳар йили бир марта ўқиб берарди, бу йил икки марта ўқиб берди, буни мен ажалим келгани деб биляпман, уйдагиларимдан биринчи бўлиб орқамдан етиб борадигани сенсан”, – дедилар, мен йиғлаб юбордим. У зот: “Жаннат аҳли аёлларининг саййидаси бўлишга рози бўлмайсанми? ёки мўминлар аёлларининг саййидаси бўлишга рози бўлмайсанми?”,  – дедилар, мен ўшанга кулдим”.   Бухорий ривоят қилган.    

Ушбу ҳадисда Фотима розияллоҳу анҳонинг жаннат аҳли аёлларининг ёки мўминларнинг аёлларининг саййидаси бўлиши баён қилинган бўлса, қуйидаги ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳонинг бошқа барча аёллардан афзал эканига ишора қилинган:      

عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَضْلُ عَائِشَةَ عَلَى النِّسَاءِ كَفَضْلِ الثَّرِيدِ عَلَى سَائِرِ الطَّعَامِ كَمُلَ مِنْ الرِّجَالِ كَثِيرٌ وَلَمْ يَكْمُلْ مِنْ النِّسَاءِ إِلَّا مَرْيَمُ بِنْتُ عِمْرَانَ وَآسِيَةُ امْرَأَةُ فِرْعَوْنَ.  رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Оишанинг аёллардан афзаллиги "сарийд"нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир. Эркаклардан кўпчилиги камолга етган аёллардан эса фақат Имрон қизи Марям ва Фиръавннинг аёли Осиёларгина камолга етган”, – дедилар”.  Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо бошқа аёллардан “сарийд”нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир, дейилган. “Сарийд” деб аталадиган таом эса ҳозирги кунда бизлардаги “қозон кабоб”га ўхшаган нон билан гўштдан иборат таом бўлган. Нонга қўшиб ейиладиган нарсаларнинг энг улуғи гўшт экани эса бошқа бир ҳадисда келган:    

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ سَيِّدُ إِدَامِ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ اللَّحْمُ وَسَيِّدُ رَيْحَانِ أَهْلِ الْجَنَّةِ الْفَاغِيَةُ.  رَوَاهُ الْبَيْهَقِىُّ

Абдуллоҳ ибн Бурайда розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёю охиратда нонга қўшиб ейиладиган нарсаларнинг улуғи гўштдир, жаннат аҳли райҳонининг улуғи хинадир”, – дедилар”.  Байҳақий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳонинг бошқа аёллардан афзаллиги "сарийд"нинг бошқа таомлардан афзаллиги кабидир, деган сўздан у зотнинг дунёю охиратдаги энг афзал аёл экани маъноси келиб чиқади.

Оиша Сиддиқа розияллоҳу анҳонинг баъзи хислатларда Фотима Заҳро розияллоҳу анҳодан афзал деб ҳисобланишига Мулла Али Қори иккита далилни иқтибос қилиб келтирган: 

  1. Оиша розияллоҳу анҳо ривоятлари ва билимлари кўплиги жиҳатидан афзалдир;
  2. Оиша розияллоҳу анҳо охиратда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади, Фотима розияллоҳу анҳо эса Али розияллоҳу анҳу билан бўлади, ана шу жиҳатидан афзалдир.

Сўнгра сўзларида давом этиб: “Аммо бу сўз имом Моликдан нақл қилинган: “Фотима Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир бўлакларидир, у зотнинг бир бўлакларидан ҳеч кимни афзал санамайман”, – деган сўзларига зид эмас. Чунки имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ айтган жиҳатдан қаралса, ҳеч ким у зотнинг гапига қарши чиқмайди, – деган.

Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Васият” китобида шундай ёзган: “Оиша розияллоҳу анҳо Хадижаи кубродан сўнг оламдаги барча аёлларнинг саййидаси ва мўминларнинг оналаридир”.  

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ЯЗИД ИБН МУОВИЯ ҲАҚИДАГИ БАҲСЛАР

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий ва маънавий мероси

05.04.2025   5704   5 min.
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий ва маънавий мероси

Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий қарашларини ўрганиб, уни кенг жамоатчиликка тарғиб этиш глобаллашув шароитида юзага келган кўплаб адашган оқимларга қарши курашда қўл келади. Зеро, Имом Мотуридий бошчилигида унинг талабалари мотуридийлик таълимотини ривожлантириш йўлида салмоқли хизмат қилганлар.

Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.

Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.

У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.

Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради. 

Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.

Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.

Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.

А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.

ЎзА

МАҚОЛА