Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқдаги баъзи даъватчилар томонидан мусулмон умматини орасига ихтилоф соладиган, баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган, шу сабабли уммат ўртасида фитна чиқишига “калит” бўладиган мавзулардаги чиқишлар кўпайиб бормоқда. Бу мавзуларнинг баъзилари ақидавий, баъзилари фиқҳий ва яна баъзилари ижтимоий мавзуларда бўлсада, натижаси фақатгина мусулмон умматиниг парчаланишига, заифлашишига, бир-бирига нисбатан тарафкашлик, ҳурматсизлик ва адоватига йўл очиб бермоқда. Уларга бу қилаётган ишининг яхши эмаслиги айтилса, улар ўзларининг ушбу амалларини оқлаш учун: “Биз фақатгина китобларда келтирилган маълумотларни гапирмоқдамиз. Чунки, илмни яшириш мумкин эмас, агар биз айтмасак, илмни яширганимиз учун Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўламиз”, дея жавоб бермоқдалар. Шу билан биргаликда, долзарб бир масалани кашф этгандай фахр билан халққа мавъиза қилиб, улардан илгари яшаб ўтган олимларимизни илмсизликда ёки илмга хиёнатда айбламоқдалар.
Хўш, аслида ҳам шундайми? Неча минг йиллар илгари яшаб ўтган, умрини ва молини илм йўлида фидо қилган улуғ зотлар, аждодларимиз ростан ҳам ушбу кундаги “шайх”лар билган илмларни, улар айтаётган ҳадисларни билмаганми? Ёки улар айтганидек илмга хиёнат қилганми? Агар билган бўлсалар ёки илмга хиёнат қилмаган бўлсалар, нега бу “шайхлар” айтаётган масалаларни оммага ошкор қилмаганлар?
Жавоб шуки, биздан илгари яшаб ўтган олимларимиз хозирги кундаги сохта шайхлар айтаётган масалаларни борлигини, саҳиҳлигини аниқ билганлар. “Шайх”лардан кўра анча илмли бўлганлар. Шу билан биргаликда, фаросат бобида ҳам бир неча баробар устун бўлганлар. Уларнинг илм ва фаросатдаги олийликлари сабаб, мусулмон умматининг ихтилофига, тафриқаси ва фитнасига сабаб бўладиган масалалар фақатгина ўзлари, хос кишилар даврасида муҳокама қилинган. Улар: “Одамларга уларнинг ақллари етадиган ҳадисларни айтинглар. Аллоҳ ва Унинг росулини ёлғонга чиқарилишини истайсизларми?” деган қоидага амал қилганлар. Бу эса асло илмга хиёнат дейилмайди. Аксинча, илм ва фаросат бобидаги устунлик дейилади.
Масалан, Имом Муслимнинг саҳиҳларида келтирилган бир ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Мен Пайғамбар алайҳиссаломдан икки идиш тўла ҳадис ёдладим. Лекин, улардан фақатгина бир идиш ҳадиснигина ривоят қилдим холос. Иккинчи идишни эса очмадим ҳам. Чунки, ушбу идишда ихтилофли ҳадислар бор эди. Агар ушбу идишни очсам, ҳалқумимнинг кесилиб кетишидан қўрқдим”. Яъни, абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудек зот ҳам, мусулмонларнинг фитна ва ихтилофига сабаб бўладиган ҳадисларни ривоят қилишдан кўра, ўзлари билан қабрга олиб кетишни афзал билганлар. Хўш айтингчи, қайси “шайх” у зотни илмга хиёнатда айблай олади?
Иброҳим ибн Абу Умла деган зот айтган экан: “Ким нодир илмларни кўтариб келса, у жуда ҳам кўп ёмонликларни кўтариб келибди”. Яъни, бир юртда ёки бошқа бир маконда кенг ёйилган илмни бошқа бир маконга, уламолари бошқа, урф одатлари ва қадриятлари бошқа бўлган жойга олиб келиб, уларга тарғиб қилган киши уларга яхшилик эмас, аксинча ёмонликни олиб келган бўлади. Чунки, улар орасида ихтилоф чиқишига сабаб бўлади.
Имом Молик айтадилар: “Илмнинг ёмони, ғариб бўлганидир. Яъни, одамлар эшитмаган, билмаган ва ўрганмаган янгиликни олиб келиш энг ёмон илмдир. Илмнинг яхшиси эса, кишилар ривоят қилиб, улар орасида зоҳир бўлган илмдир”.
Абдураҳмон ибн Маҳдий айтади: “Ҳеч ким эшитмаган янги нарсаларни ривоят қилиб юрадиган киши ҳам, ҳар бир эшитган нарсасини ривоят қилаверадиган киши ҳам, ёки ҳар бир одамдан эшитган нарсасини ривоят қилаверадиган киши ҳам ҳадис илмида имом бўлолмайди”.
Ушбу даъватчиларнинг яна бир усули, халқни мазҳабсизлик гирдобига тортиш билан адаштирмоқдалар. Улар ушбу йўлда халқнинг миясини заҳарлашда шундай маккорлик билан иш қилмоқдаларки, “Сен мазҳабга эргашасанми, ёки саҳиҳ ҳадисгами?”, дея фақиҳ уламолар билан муҳаддис уламоларни бир бирига қарши қўймоқдалар. Гўёки, муҳаддис уламолар айтаётган ҳадисларнинг хужжати бор бўлиб, уларнинг сўзлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишлидир. Фиқҳ уламоларинг сўзлари эса ўз раъйларидан келиб чиқиб айтилган гапдир, деган тушунчани сингдирмоқдалар. Ва саҳиҳ ҳадислардан ўз фойдалари учун устамонлик билан фойдаланмоқдалар. Бир нарса десанг, “мана, саҳиҳ ҳадис борку”, дея ҳадисни рўкач қилмоқдалар. Мана шу жозибадор сўз кўп кишиларни адашишларига, мазҳаб уламоларини камситишга, фақиҳларга нисбатан беҳурматлик қилинишига сабаб бўлмоқда.
Ёки, улардан баъзилари юртимизда Ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган бўлишига, фиқҳий китобларимиз ва ибодатларимизнинг деярли барчаси Ҳанафий мазҳаби асосида ёзилганига қарамасдан, масжидларда, ибодат ўринларида бошқа мазҳаб амалларини қилиш билан ҳам ихтилоф чиқишига сабабчи бўлмоқдалар. Бу ҳам фақатгина илмсизлик натижаси холос. Гарчи, бу амалларни бажаришда “бу суннат”, деган даъво бўлсада, лекин, унинг муқобилида бошқа бир суннат амал бўлган ўринда ихтилоф чиқмаслиги учун ўша ихтилофли амални тарк қилиш ҳам суннатдир.
Хулоса шуки, агар ихтилоф чиқадиган бўлса, фиқҳий масалаларда иттифоқ бўлган яхшидир. Фитна, ихтилоф чиқадиган пайтда фитнага, ихтилофга сабаб бўладиган амалларни тарк қилиш ҳам суннатдир.
Биз шундай кишиларнинг гапларига учиб, қайси бирига эргашсам экан, дея иккиланиб юрган кишиларга қарата айтамизки, азизлар, саҳиҳ ҳадис деган чиройли истилоҳга алданиб қолмайлик. Чунки, муҳаддис уламолар санад (ровийлар силсиласи) нинг саҳиҳлигини ўрганадилар, матннинг саҳиҳлигини эса мужтаҳид мазҳаббошилар ўрганади. Бошқа ҳадисларга зид эмасми, насх қилинмаганми, билмасдан туриб амал қилинмайди. Баъзи ихтилофли масалаларда саҳиҳ ҳадис бор деб оммани чалғитаётганлар муҳаддис уламолар наздидаги нарсани фиқҳга киргизишмоқда. Унутмайлик, муҳаддислар ривоятни борлигини, бор бўлса қанчалик ишончли хабарлигини ўрганадилар. Унга амал қилса бўладими, фарз даражасидами, суннатми, мубоҳми, буларни билиш фақиҳ уламоларни иши.
Саҳис ҳадисларда келган ривоятларнинг ҳаммаси бажариш шарт дегани эмас. Улардан баъзилари фарз бўлса, баъзилари мубоҳ бўлиши мумкин. Ёки унинг муқобилида бошқа бир ҳадис бўлган ривоятни қайсидир жойда ишлатмаслик аълороқ бўлиши ҳам мумкин. Бунда ҳолатга, маконга ва кишиларнинг шароитларига қараб ҳукм чиқарилади. Масалан, Қуръони каримдаги кўп оятлар буйруқ маъносида келган. Лекин, уларнинг ҳаммаси ҳам фарз дегани эмас. Баъзи буйруқларга амал қилиш фарз, баъзиларига амал қилиш суннат ва баъзиларига амал қилиш эса мубоҳдир. Уларнинг фарз, суннат ёки мубоҳ амал эканлигини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ҳамда кўрсатмалари орқали билганмиз. Худди шунингдек, саҳис ҳадислардаги ҳукмларни даражасини ҳам фаҳиқ уламоларнинг амаллари, улар чиқарган ҳукмлар орқали биламиз.
Хулоса қилиб айтганда, мазҳаббоши уламоларимиз ҳадисларни яхши билганлар. Ютимиз уламолари ўз даврларида илм чўққисини забт этган кишилар бўлишган. Агар улар қайсидир амални қилмаган бўлсалар, ёки қайсидир ҳадисни зикр қилмаган бўлсалар, бу фақатгина фаросат ва илм сабабли, мусулмонларнинг бирдамлигига ҳизмат қилган. Турли хил ихтилоф, бўлиниш ва тафриқанинг олдини олишга сабаб бўлган. Шунинг учун, интернет юлдузи бўлиб турган “шайх”ларнинг сохта, жимжимадор “даъват”ларига алданиб қолмасдан аввало илм ўқинг. Ҳаргиз, ўтиб кетган уламолар шаънларига нотўғри гаплар билан туҳматлар қилиб қўйманг. Аллоҳдан қўрқинг. Чунки, мусулмонларнинг иттифоқи уларнинг ихтилофидан яхшидир.
ЎМИнинг Тошкент вилояти вакиллиги ходими
Ё. Исломов
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:
الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда
الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:
أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا
“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:
لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:
لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:
لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:
أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ
“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД