Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Дуо
اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاس، مُذهِبَ الباسِ، اشْفِ أنت الشافي، لا شافي إلا أنت، شفاءً لا يغادِرُ سَقَمًا
Ўқилиши: Аллоҳумма, Роббан-нааси, музҳибал-бааси, ишфи, анташ-шаафий лаа шаафийа иллаа анта шифаан лаа йуғоодиру сақоман.
Маъноси: Инсонларнинг Робби Аллоҳим. Эй зиённи кетказувчи Зот. Шифо бер. Ўзинг шифо берувчисан. Сендан ўзга шифо берувчи йўқ. Дардни қолдирмайдиган шифо (бер).
2. Дуо
اللَّهمَّ عافِني في بَدَني، اللَّهمَّ عافِني في سَمْعي، اللَّهمَّ عافِني في بَصَري، لا إلهَ إلَّا أنتَ
Ўқилиши: Аллоҳумма аъфиний фий баданий, Аллоҳумма аъфиний фий самиъй, Аллоҳумма аъфиний фий басорий, лаа илаҳа илла анта...
Маъноси: Аллоҳим, баданимни, қулоғимни ва кўзимни офиятда қил. Сендан ўзга илоҳ йўқ!
3. Дуо
اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْبَرَصِ وَالْجُنُونِ وَالْجُذَامِ وَمِنْ سَيِّئِ الْأَسْقَامِ
Ўқилиши: Аллоҳумма инний аъузу бика минал бароси вал жунууни вал жузоми ва мин саййи'ил асқоми.
Маъноси: Аллоҳим, Сендан песликдан, жинниликдан, моховдан ва ёмон касалликлардан паноҳ тилайман.
4. Дуо
بِاسْمِ اللهِ أَعُوذُ باللَّهِ وَقُدْرَتِهِ مِن شَرِّ ما أَجِدُ وَأُحَاذِرُ
Ўқилиши: Бисмиллаҳ. Аъузу биллааҳи ва қудротиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳаазиру.
Маъноси: Аллоҳдан ва Унинг қудратидан мен сезаётган ва хавфсираётган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман.
Тананинг оғриётган жойига қўлни қўйиб 3 марта "Бисмиллаҳ" айтилади, сўнгра 7 марта дуо ўқилади.
Аллоҳим барча бемор бандаларинг дардига Ўзинг шифои комил ато этгин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга: «Биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил», дедилар. У жудаям тетик эди.
Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис ҳали жам эди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».
Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Гаплари қаттиқ таъсир қилди. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга, яъни боғлашга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, у фасоҳатли-балоғатли бўлса-бўлмасин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига, руҳиятларига таъсир қилади».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан