اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَ الْإِنْسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى رَسُولِنَا الَّذِي لاَ يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلاَّ وَحْيٌ يُوْحَى وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ أَجْمَعِينَ أَمَّا بَعْدُ
ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ ФАРОВОНЛИГИ
Ҳурматли жамоат! Аллоҳ таоло ўзининг комил ҳикмати билан инсон зотини жуфт қилиб яратди. Уларнинг ўртасига улфатчилик ва муҳаббат солиб, оила бўлиб яшашга рағбат пайдо қилади. Инсоният яратилгандан бери Аллоҳ таоло уларни ҳалол йўл билан насл қолдириш, ерда ҳаётни давом эттиришга тарғиб қилади. Ҳозиргача ўтган барча илоҳий шариатларда, жумладан Ислом шариатида ҳам оила қуриш учун никоҳ жорий қилиниб, зино ҳаром қилинган.
Аллоҳ таолонинг бандаларига марҳамати чексиз ва У Зотнинг неъматлари сон-саноқсиздир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади:
وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَحِيمٌ
яъни: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир” (Наҳл сураси 18-оят).
Оила қуриб яшаш ҳам Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан биридир. Қуръони каримда Одам алайҳиссаломнинг ўзидан унга жуфт яратилгани Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан деб саналади:
وَمِنْ آيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
яъни: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси 21-оят).
Аллоҳ таолонинг инояти билан, агар муносабатлар тўғри йўлга қўйилса, эр-хотин ўртасидаги ришта энг мустаҳкам алоқа бўлади.
Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги гўзал муносабатни шундай тасвирланади:
هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ
яъни: “Улар сизлар учун – либос, сизлар – улар учун либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят).
Бошқа ояти каримада оиласиз эркак ва аёлларнинг валий (яқин)ларига уларни уйлаб қўйиш буюрилади:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси 32-оят).
Оила қуриб яшаш – пайғамбарларнинг суннатидир. Жумладан Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бизни никоҳланиб яшашга буюрганлар. Мазҳабимизга кўра мўътадил ҳолатда никоҳланиш – суннатдир. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
﴾ النِّكَاحُ من سُنَّتِي فمَنْ لمْ يَعْمَلْ بِسُنَّتِي فَليسَ مِنِّي ، و تَزَوَّجُوا ؛ فإني مُكَاثِرٌ بِكُمُ الأُمَمَ ، و مَنْ كان ذَا طَوْلٍ فَلْيَنْكِحْ و مَنْ لمْ يَجِدْ فَعليهِ بِالصِّيامِ، فإنَّ الصَّوْمَ لهُ وِجَاءٌ ﴿
яъни: “Никоҳ – менинг суннатимдир, ким суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Уйланинглар, мен умматлар олдида сизларнинг кўпликларингиз билан фахрланаман. Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким оила боқишга қодир бўлса, уйлансин. Ким нафақага қодир бўлмаса, рўза тутишни лозим тутсин. Чунки у шаҳватни жиловлашдир” (Имом Ибн Можа Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилганлар).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳланиш ҳар икки томонга неъмат эканини баён қилиб айтадилар:
﴾ مَن رَزَقَهُ اللَّهُ امرَأَةً صَالِحَةً فَقَد أَعَانَهُ عَلَى شَطرِ دِينِهِ، فَليَتَّقِ اللَّهَ فِي الشَّطرِ الثَّانِي ﴿
(أخرجه الامام الحاكم عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳ аёл насиб қилган бўлса, унга динини ярмида ёрдам қилибди, иккинчи ярмида Аллоҳ таолодан тақво қилсин!” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилишган).
Солиҳа аёл –болаларининг тарбияси, эрнинг ибодати ва бошқа ишларда жуфтига энг яхши кўмакчидир.
Ҳанафий мазҳабимизда никоҳланиш – ибодат учун узлатга чекинишдан афзалдир.
Албатта, оила ўзаро ҳурмат ва муҳаббат устига қурилади. Шунда эр-хотин яхши ва ёмон кунларда бир-бирига суянчиқ, ҳамдард ва ёрдамчи бўла олади. Агар оилалар аввалдан никоҳ орқасидан бойликка, обрўга эга бўлиш ва ҳоказо ғаразли мақсадлар билан қурилса, узоққа бормаслиги аниқ.
Катта орзу ҳаваслар билан никоҳланган ёшларнинг ўрталарига бироз вақт ўтгач, тушунмовчилик ҳам бўлиб туради. Аллоҳ таоло бундай кишиларга танбеҳ бериб шундай дейди:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ ۚ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَىٰ أَن تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси 19-оят).
Аллоҳ таоло аёлларга чиройли муомала қилишга буюрмоқда. Фаҳшга юрмаган, итоатсизлик қилмаган аёлини бирор сабаб: (хунуклик, ёмон хулқлилик) туфайли хуш кўрмаган эркакларга ояти каримада сабрли бўлиш тавсия қилинмоқда. Шоядки Аллоҳ бу оила риштаси орқали уларга яхшиликлар, хусусан солиҳ фарзандлар ато этса. Бу борада Пайғамбаримиз алаҳиссалом шундай дейдилар:
لا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقاً رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ ﴾ (رواه الامام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه) ﴿
яъни: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин, агар унинг бир хулқини хуш кўрмаса, бошқасидан рози бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳақиқатан ҳам мукаммал эр ёки мукаммал хотинни топиш амри маҳол иш. Чунки ҳаммада ҳам озми-кўпми камчилик бўлади. Беайб Парвардигор! Эр аёлининг мана шундай камчиликларини унинг яхшиликлари эвазига кечириши, баъзиларидан кўз юмиши лозимдир.
Шайх Абу Муҳаммад ибн Абу Зайд илм ва диёнатда юқори мартабали киши эдилар. У зотнинг ёмон хулқли жуфти бўлиб, ҳақ ҳуқуқларга риоя қилмас, шайхга тили билан азият берарди. У зотни бундай хотинга сабри учун одамлар маломат қилишарди. У киши: “Ҳақиқатда, Аллоҳ таоло менга саломатлик, илм ва мулк неъматларини комил қилиб берган. Балки у бир гуноҳим сабабли менга насиб қилгандир, ундан ажрашсам, янада каттароқ синов келишидан қўрқаман”, –деганлар (Тафсири Табарий китобидан).
Оила мустаҳкам бўлишининг энг муҳим асоси – эр-хотин ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига риоя қилишларидир. Эрнинг оиладаги вазифалари ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўралганда шундай дейдилар:
﴾ أن تُطْعِمَها إذا طَعِمْتَ ، وتَكْسُوها إذا اِكتسَيتَ ، ولا تَضْرِبِ الوَجْهَ ، ولاَ تُقَبِّحْ ﴿
(رواه الامام أبو داود عن حكيم بن معاوية رضي الله عنه)
яъни: “Ўзингиз таомлансангиз, уни ҳам таомлантирасиз, кийинсангиз, кийинтирасиз, юзга урманг! Ҳақорат қилманг!” (Имом Абу Довуд ривоят қилганлар).
Буюк саҳоба Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: “Аёлим мен учун безангани каби, мен ҳам у учун кўркам бўлишни хуш кўраман”.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан алайҳиссалом рисоладаги келин ҳақида эса шундай деганлар:
إِذَا صَلَّتْ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا وَصَامَتْ شَهْرَهَا وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا قِيلَ لَهَا ادْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ أَبْوَابِ الْجَنَّةِ شِئْتَ﴾ (رواه الامام ابن حبان عن أبي هريرة رضي الله عنه) ﴿
яъни: “Агар аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазон рўзасини тутса, авратини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, у аёлга: “Жаннатга хоҳлаган эшигидан кир!”, – дейилади” (Имом Ибн Ҳиббон ривоятлари).
Динимизда никоҳланиш ва оилани сақлаб қолишга қаттиқ тарғиб қилинсада, имкон бўлмаганда охирги чора сифатида талоқ-ажралиш жорий қилинган. Яъни, зарурат бўлганда, ҳеч илож қолмаганда, ажралиш жоиз, бир умр зулм кўриб яшашга эр ҳам, хотин ҳам мажбур эмас.
Бу ўринда муҳими шуки, никоҳ ҳам бир оғиз сўз билан боғлангани каби, унинг узилиши ҳам бир оғиз сўз билан бўлади. Афсуски, гоҳида никоҳ-талоқ масалаларидан бехабар эр-хотинларнинг келишмовчилиги эрнинг ўринсиз талоқ айтиши билан тугайди.
Аллоҳ таоло эркакка уч марта талоқ қилиш ҳаққини берган. Албатта, бу ишда ҳам чегара бор. Талоқлар сони учтага етмасдан, эркак ақлини йиғиб олиши керак. Гоҳида жоҳил эр учта имкониятини бирваракайига айтиб, қайта ярашиш имкониятини йўққа чиқаради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга гўзал муомалада бўлишга тарғиб қилиб, уларга зарар бериш мақсадида ушлаб туришдан қайтаради. Бу ишни “ҳаддан ошиш” ва “зулм” деб атади. Талоқ масаласи Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилган:
وَإِذَا طَلَّقْتُمُ النِّسَاءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًا لِتَعْتَدُوا
وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُ وَلَا تَتَّخِذُوا آَيَاتِ اللَّهِ هُزُوًا
яъни: “Хотинларни талоқ қилганингизда ( улар идда) муддатига етсалар, бас, уларни яхшилик билан олиб қолингиз ёки яхшилик билан жавобларини берингиз. Уларга зулм қилиб, зарарлантириш ниятида ушлаб турманг! Ким шундай қилса, демак, ўзига зулм қилибди. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билмангиз!...” (Бақара сураси 231-оят).
Демак, мусулмон эр хотинини яхшилик билан олиб қолиши ёки (ортиқ оилани сақлаб қолиш имкони бўлмаса) яхшилик билан жавобини бериши керак. Акс ҳолда Аллоҳ таолонинг оятларини ҳазил билиш, енгил санаш улар билан “ўйнашиш”нинг оқибати ёмон бўлади. Аллоҳнинг азоби золимларни қаттиқ тутади.
Баъзи кишилар талоқ қилиш гуноҳ экан, Аллоҳ таолонинг Арши титрар экан деб, хотинига “талоқ” лафзини айтмай, лекин ўзлари бошқага уйланиб юраверадилар. Ноҳақ, ҳеч бир сабабсиз талоқ қўйиш динимизда қораланади. Лекин оилани сақлашни имкони бўлмаганда, талоқ ҳам бир чора. Ҳар қандай ҳолатда талоқ айтиш гуноҳ, ҳеч қачон талоқ айтмаслик керак, деган гап Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам, ҳатто уламоларимизнинг сўзларида ҳам учрамайди. Аксинча, хотинни аросатда қолдириб, талоғини бермасдан юриш гуноҳ бўлади, зулм ҳисобланади.
Баъзилар эса хотинидан бутунлай ажралмоқчи бўлган киши “уч талоқ” айтиши шарт экан деган мутлақо нотўғри фикрда юрадилар. Аслида ажрашмоқчи бўлган киши хотинига: “Сени бир талоқ қилдим” дейиши ҳам кифоя. Бирданига “уч талоқ” айтиш қаттиқ гуноҳ ҳисобланади. Чунки бундай қилиш бир томондан Аллоҳ таоло бандага берган учта имкониятни бирданига йўқ қилиш бўлса, бошқа томондан қайта ярашиш имконини ҳам йўққа чиқаради. Бу мавзуда қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:
قَالَ مَحْمُودُ بْنُ لَبِيدٍ أُخْبِرَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ رَجُلٍ طَلَّقَ امْرَأَتَهُ ثَلاَثَ تَطْلِيقَاتٍ جَمِيعًا فَقَامَ غَضْبَانًا ثُمَّ قَالَ: ﴿ أَيُلْعَبُ بِكِتَابِ اللهِ وَأَنَا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ حَتَّى قَامَ رَجُلٌ وَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَلاَ أَقْتُلُهُ ﴾ (رَوَاهُ الامام النَّسَائِيُّ)
яъни: “Маҳмуд ибн Лабийд разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши ўз хотинини жамлаб уч талоқ қўйгани хабар қилинди. Шунда У Зот ғазабланиб, ўринларидан турдилар-да: “Мен ичингизда туриб, Аллоҳнинг китобини ўйин қилинадими?!” – дедилар. Ҳаттоки бир одам ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ! Уни бўйнига урайми?” – деб юборди” (Имом Насаий ривояти).
Аллоҳ таоло оила масалаларида аксар ўринларда эркакларга хитоб қилган. Бу – оилада эркакнинг масъуллигига ишора! Бу раҳбарлик вазифасини суистеъмол қилиб, уни ожизаларга зулм қилишга восита қилиб олмаслик керак. Биз ҳам мўмин-мусулмон ака-укаларимизни динимизнинг оила мавзусидаги буйруқларига амал қилиш, олижаноблик ва мардлик билан иш тутишга чақирамиз.
Ҳурматли жамоа! Ҳозирги кунда соҳа мутахассислари яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ кўпаётгани, бу эса баъзи бир салбий оқибатларга олиб келаётганини айтмоқдалар. Шариатимизга кўра ака-ука ва опа-сингиллар ўзаро қуда бўлишлари жоиз. Чунки Нисо сурасининг 23-оятида уйланиш мумкин бўлмаган яқин қариндошлар ҳақида батафсил баён қилинган бўлиб, унда амаки ва амманинг қизлари, тоға ва холанинг қизлари уйланиш мумкин бўлмаган қариндошларга кирмаган. Шариат уларга уйланишни ман қилмаган.
Аммо баъзи уламолар қариндошлар ўртасидаги никоҳни жоиз деб билсаларда, имкон қадар бегоналардан уйланишга тарғиб қилганлар. Буларнинг бошида Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу зикр қилинадилар. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Ат-Талхисул-ҳабийр” номли китобларида келтиришича, Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу фақат яқин қариндошлари билан қуда-анда бўладиган Бани Соибга қарата: “Нега сизлар жуда нимжон ва заифлашиб кетгансизлар? Бўлди энди, бундан кейин заифҳол бўлмаслигингиз учун никоҳда бегоналардан олинглар!”, – деганлар.
Бундан ташқари Имом Абу Ҳомид Ғазолий раҳимаҳуллоҳ қариндошлар ўртасидаги никоҳда бегоналардан фарқли ўлароқ ийманиш, тортиниш ва ҳаё кучли бўлишини таъкидлаганлар. Бу эса ўртадаги муҳаббатга тўсиқ бўладиган нарсадир.
Аллоҳ таоло оилаларимизга файзу барокат ато қилсин! Оила аҳлимиз билан чиройли муомалада яшаб ўтишни насиб қилсин! Янгидан оила қураётган ёшларимизнинг ўрталарини яхшиликда жамласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Исломда омонатдорлик, ваъдага вафо фазилати” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
1. Диний ибодатларни бажариш
1.1. Намозларни ўз вақтида ўқиш. Ибодатлар ичида энг афзали – вақтида ўқилган фарз намози саналади.
1.2. Рўза тутиш. Қазо ва нафл рўзаларни тутиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
1.3. Қуръон ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръонга қараб тиловат қилишдир”, деганлар. Қуръонни ёддан ўқишдан кўра, унга қараб ўқиш афзалдир. Чунки Қуръонга қараш ҳам ибодатдир.
1.4. Таҳажжуд намозларини ўқиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
1.5. Дуо ва зикрни кўпайтириш. “...Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз” (Жума сураси, 10-оят).
2. Оилага яхшилик қилиш
2.1. Ота-онага яхшилик қилиш. Ўз вақтида ўқилган фарз намоздан кейин энг афзал амал бу – ота-она хизматида бўлиш саналади. Зеро, “Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23‑оят).
2.2. Фарзанд ва аҳли аёлга хурсандчилик улашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
3. Илм олиш, китоб ўқиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир”, деганлар.
4. Тафаккурга вақт ажратиш
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш бир кечани бедор ўтказишдан яхшидир”.
5. Муҳтожларга ёрдам бериш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти).
6. Силаи раҳм қилиш
Дам олиш кунлари қавм-қариндошлар ҳолидан ҳеч бўлмаса телефон орқали бўлсада хабар олиш учун қулай фурсат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни ризқи кенг, умри узоқ бўлиш хурсанд этса, силаи раҳм қилсин (қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин)” (Имом Бухорий, имом Термизий ривояти).
7. Спорт билан шуғулланиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар.
8. Дўст ва яқинлар ҳолидан хабар олиш
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: “Қайсики мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, то кеч киргунича унга етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар кеч кирганида зиёрат қилса, то тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Унга жаннатда бир боғ бўлади”, деб айтганларини эшитдим (Имом Термизий ривояти).
Дам олиш кунларингиз хайрли ва баракали ўтсин!
Даврон НУРМУҲАММАД