muslim.uz

muslim.uz

Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.

Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.

Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил юртимизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Мард ва матонатли халқимиз коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил
ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатганини жаҳон ҳамжамияти эътироф этмоқда.
Бу билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Асрлар давомида халқимиз онгида бағрикенглик, меҳр-мурувват, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мустаҳкам ирода каби ибратли фазилатларни шакллантиришда табаррук Рамазон ойига хос қадриятларнинг ўрни ва таъсири албатта беқиёсдир.

Бу йил карантин туфайли Рамазон амаллари ва ибодатларини адо этишда юзага келган маълум қийинчиликларни тўғри тушуниб, бу масалага оқилона ёндашган, айни вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол иштирок этаётган ҳиммати баланд тадбиркорларимиз ва фермерларимизга, турли касб эгалари бўлган кексаю ёш барча ватандошларимизга шу улуғ айём кунларида яна бир бор чуқур миннатдорчилик билдираман.

Азиз дўстлар!

Маълумки, ҳозирги кунда бутун дунё аҳли каби биз ҳам коронавирус пандемияси билан боғлиқ мушкул вазиятни бошимиздан ўтказмоқдамиз. Шу ўринда бир ҳақиқатни эслатиб ўтишни зарур, деб биламан.

Карами кенг Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда инсонларни масъулиятли синов кунларида сабр ва қаноатли бўлишга даъват этиб, “Албатта, қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир”, деб марҳамат қилади.

Чиндан ҳам, ҳар қадай ташвиш ортида енгиллик ва ёруғлик борлигини коронавирус касаллигидан соғайиб чиқаётган, табиий офатлар туфайли уй-жойидан айрилган, лекин давлатимиз ва эл-юртимзнинг катта ёрдами ва кўмаги билан ўз ҳаётини янгитдан йўлга қўйиб олаётган минглаб ватандошларимиз қалбдан ҳис этмоқдалар.

Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.

Шубҳасиз, ҳар қандай машаққатни меҳнат ва матонат, сабру чидам билан мардона енгиб ўтган олижаноб халқимиз бу синовлардан янада кучли ва қудратли бўлиб чиқади.

Ана шундай қатъий ишонч ва кўтаринки кайфият билан бугунги кунда юртимизни тараққий эттириш йўлида даврнинг ўзи талаб этаётган, биз бошлаган кенг кўламли ислоҳот
ва ўзгаришларни бир ёқадан бош чиқариб, изчил амалга ошириб, олдимизга қўйган улкан марраларга албатта эришамиз.

Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимни эзгу ниятлар рўёбга чиқадиган, хайрли амаллар учун беҳисоб савоблар ёғиладиган, ўзаро бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғулари тараннум этиладиган шукуҳли Ийд-ул-Фитр билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман.

Фурсатдан фойдаланиб, жаҳондаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни ҳам халқимиз номидан самимий қутлаб, уларга тинчлик-осойишталик, файзу барака ва фаровон ҳаёт тилайман.

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг ушбу саодатли онларда қилаётган тоат-ибодатлари ва дуолари ижобат бўлсин!

Парвардигори олам доимо йўлимизни ҳам, юзимизни ҳам ёруғ қилсин! Юртимизни, элимизни турли бало-қазолардан Ўзи асрасин!

Ватанимиз тинч, халқимиз соғ-саломат бўлсин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

Манба: prezident.uz

Суббота, 23 Май 2020 00:00

Ҳайит байрами арафасидамиз!..

Мисрнинг машҳур муфассир олимларидан Умар Абдулкафи ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:
"Ҳар йили Рамазоннинг охирги соатларида нима содир бўлишини биласизларми?

Рамазоннинг охирги куни, сўнгги соатларида, яъни аср намозидан бошлаб то шом намозигача бўлган вақтда Аллоҳ таоло бутун Рамазон ойи давомида жаҳаннамдан қанча инсонларни озод қилган бўлса (Саҳиҳ ҳадисда Рамазоннинг ҳар кечаси Аллоҳ таоло жуда кўп сонли бандаларини жаҳаннамдан озод қилиши хабари келган), яна шунчасига дўзахдан омонлик берар.
Яна у шундай фурсатки, унда қилинган дуо ижобатсиз қолмас.
Бу фурсатни ганимат билиб, Роббига дуо қилганлар ва Ундан магфират сўраганларга офиятлар бўлсин!
Эслатма учун дўстларингизга юборинг, бизни ҳам суюкли дуоларда йўқлаб қўйинг".

Субҳаналлоҳ! Демак, Роббимизнинг бандаларига нисбатан саховати, марҳамати янада зиёда бўлар экан-да! Эй меҳрибон Аллоҳ, ўзимиз, ота онамиз, устозларимиз, аҳлларимиз, фарзандларимиз, қариндошларимиз, бизнинг устимизда фазли, яхшилиги бор ҳар кимки бор, орасида тақдирига дўзахий деб ёзилгани бўлса, ушбу куннинг барокатидан жаннатий бандаларинг қаторига қўш, жаҳаннамга бардош қила олмаймиз!

Эртага байрам – мўмин-мусулмонлар шодиёнаси. Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланган, гуноҳларига тавбалар қилган, солиҳ амалларни қилишда жидду жаҳд қилган кишилар борки, Ҳайит байрамининг шукуҳи, таровати, баракасини янада яхшироқ ҳис қилса керак.

Ҳайит айёмини Сиз қандай ўтказасиз?
Бугун ҳайит арафаси – байрамга тайёргарлик кўриладиган кун! Уйингизни безатишга, шодиёна кайфиятини ташкил этишга ҳаракат қилинг! Турли тансиқ таомлар тайёрлаш, дастурхонни чиройли қилиш учун керакли масаллиқлар ҳозирланг!
Ота-онангиз, аҳлингиз, айниқса, болажонларга байрам совғаларини тайёрлаб қўйинг! Шундай қилингки, байрам таровати уларнинг хотирасида муҳрланиб қолсин. Ҳар ким ўз шароитидан келиб чиқиб тайёргарлик қилаверади. Асосийси, хонадонингизда байрам шукуҳи сезилиб турсин, ўзгача кун экани билинсин! Ахир Рамазонга етганимизнинг ўзи катта бир байрам бўлса, Рамазон рўзасини охиригача эсон-омонликда тутиб борганимиз, Аллоҳ таоло шунга муваффақ қилгани, Рамазонда Роббимизнинг чексиз фазли, марҳаматидан насибадор бўлганимиз қанчалар улуғ бахт, катта саодат эмасми?! Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

قُلْ بِفَضْلِ اللّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَلِكَ فَلْيَفْرَحُواْ هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ {يونس/58}

Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик) ларидан яхшироқдир (Юнус сураси, 58-оят).

Демак, эртага Ҳайит! Мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий байрам! Аллоҳ таоло ва Расули байрам қилишга буюрган кун! Ушбу кунни Аллоҳ таоло ва Расули буюрган деб байрам қилсак, уни муносиб ўтказиш учун қанча саъй-ҳаракат қилсак, иншааллоҳ, барчаси номаи аъмолимизга ибодат деб ёзилади.

Эслатма! Имконияти борлар ўз оиласи учун байрам тадоригини ҳозирданоқ бошласин, агар аҳлингиздан орттира олсангиз яқин қариндошлар, қўни қўшни, дўсту биродарларингиз ичидан муҳтожлари ва эҳтиёжмандларини топиб, йўқлаб қўйинг! Улар ҳам барча аҳли Ислом каби байрам тароватини ҳис қилишсин, фарзандларининг юзларида айём сабаб табассум порласин, қалблари қувончга тўлсин!

Фитр садақасини бермаган бўлсангиз, бугуноқ адо қилишга ҳаракат қилинг! Фитр садақасинниг миқдори:

2 килограмм буғдой - 8000 сўм.
4 килограмм арпа - 12 минг сўм.
2 килограмм майиз - 70 минг сўм.
4 килограмм хурмо - 120 минг сўм.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу 4 маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Иншааллоҳ, бу Рамазонда йўл қўйган айрим камчиликларимизнинг ўрнини қоплашига умид қилинади.

Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин!

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Маълумки, бугунги синовли кунларда карантин сабабли барча турдаги оммавий тадбирларни ўтказишнинг имконияти йўқ. Шу қатори динимизда буюрилган жамоавий тарзда адо этиладиган ибодатлар ҳам вақтинчалик хонадонларда, якка тартибда адо этилмоқда.  Ислом шариати инсоннинг саломатлиги, унинг жонини сақлаш мақсадида мана шундай зарурий пайтларда баъзи ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки мўминлар зиммасидан бутунлай соқит қилади.

Бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолаётган бир пайтда, республикамизда ҳам кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, афсуски, бу вирусни юқтирганлар сони кундан-кун ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Мўътабар китобларимизда “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қатъий қоида бор.

Ушбу қоидага асосланиб иш кўрилса, Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини жамоат бўлиб ўқиш улкан савобли амал бўлсада, пандемия ҳолати ушбу ибодатни мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит қилади.

Таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони, Туркия, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Марокаш, Жазоир, Россия Федерацияси, Озарбойжон каби дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳам коронавирус пандемияси сабабли масжидларда Рамазон ҳайити намози ўқилмайдиган бўлди.

Ҳанафий мазҳабида ҳайит намозини адо этиш учун жума намози учун зарур бўлган шартлар топилиши лозимлиги айтилган. Жумладан, султон ёки у томонидан рухсат берилган шахс имом бўлиши, изни ом бўлиши шарт. Бизда айнан мана шу шартлар топилмагани учун ҳам жума ва ҳайит намозларини хонадонларда ўқиш мумкин эмас. Германия фатво қўмитаси раиси доктор Холид Ҳанафий алоҳида фатво эълон қилиб, унда пандемия даврида ҳайит намозини уйда ҳам ўқиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган. Шунингдек, Иордания, Покистон, Ҳиндистонлик уламолар ҳам ушбу фатвони қўллаб-қувватлаганлар.

Ҳанафий мазҳабимизга кўра, ҳайит намозини бирор узр сабабли масжидда катта жамоат билан адо этиш имкони бўлмаганида, уни уйда алоҳида жамоат билан ўқиш жоиз эмас.

Бугунги вазиятни тушуниб етмаётган, карантин талабларига риоя қилишни хоҳламаётган айрим кимсалар гўёки истироҳат боғлари ва музейлар очилганини рўкач қилиб: “Нима учун масжидларда жамоа бўлиб намоз ўқишга рухсат йўқ?” деб ихтилоф чиқаришга уринмоқдалар. Таъкидлаш жоизки, истироҳат боғларида ҳам, музейларда ҳам гавжум бўлиб юришга (оилавий 3-4 киши бўлиш мустасно) рухсат йўқ. Шу билан бирга, умумий овқатланиш шохобчаларининг фаолият бошлашларига ҳам рухсат берилмаган.

Жамоат бўлиб намоз ўқиганда карантин қоидаларига риоя қилиш ва ижтимоий масофани сақлашнинг имконияти йўқлигини барчамиз яхши биламиз. Шу боис юқоридаги каби ихтилофлардан ўзимизни асрашимиз лозим.

Ҳозирги шароитда ҳаммамиз ҳамжиҳатликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан батафсил етказилган шариатимиз кўрсатмаларига қатъий амал қилишимиз, Аллоҳ таолонинг синов-имтиҳонларидан эсон-омон ўтиб олишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Қариндошларимизни, яқинларимизни Рамазон ҳайити билан табриклашда уяли алоқа воситаларидан фойдаланишимиз, кексалар ва беморларнинг ҳолидан ҳабар олишда карантин талабларини унутмаслигимиз зарур. Байрамни оила аъзоларимиз билан биргаликда кўтаринки руҳда ўтказиш, қарияларимизнинг дуоларини олиш, ўтганларимизнинг ҳаққига Қуръон тиловат қилиб, савобини уларга бағишлаш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайит кунлари, айниқса, бу йилги пандемия даврида гуруҳ-гуруҳ бўлиб, таъзиягарчилик қилишимиз Рамазон шукуҳига мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, аёлларимиз ҳам ҳайит кунлари “Келин кўрди” каби маросимларни ўтказишлари шариатга ҳам, карантин талабларига ҳам зиддир.

Яқин орада бу синовли кунлар ортда қолиб, масжидларда беш вақт фарз ва бошқа намозларни жамоат бўлиб адо этиш бахтига мушарраф бўламиз, иншоаллоҳ.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари 

Ҳомиджон Ишматбеков

Суббота, 23 Май 2020 00:00

Ҳайит ўқиймизми ёки зуҳоми?

Бугунги кунда Саудия Арабистони ва Мисрнинг Ал-Азҳар жомиаси карантин сабабли ҳайит намозини уйда ўқиш кераклигини айтишмоқда. Шу билан бирга Покистон, Ҳиндистон, ҳамда бир қатор фатво уюшмалари, шу жумладан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан ҳайит намозини уйда ўқиб бўлмаслиги таъкидланмоқда.

Аслида бу масаладаги турличалик ҳайит намозини ўтказиб юборган ёки бирор узрга кўра унга етиша олмаган киши уни қазосини ўқиса жоиз бўлиши ёки бўлмаслиги борасида мазҳаблар ўртасидаги ихтилофга бориб тақалади. Ҳайит намозининг қазосини ҳанафий ва моликий уламолар ўқиш жоизмас, дейишган бўлса, шофеий ва ҳанбалий уламолар жоиз деганлар.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур масаладаги мазҳаблар ўртасидаги ихтилоф саҳобалар давридаги ихтилофдан келиб чиққандир.

Шофеий ва ҳанбалийлар ҳайит намозини қазосини ўқиса жоиз бўлади, деган гапларига Aнас разияллоҳу анҳунинг амалини далил қиладилар. Ривоят қилинишича Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ҳайит намозини ўтказиб юборса, аҳли-оиласи ва фарзандларини жамлар, сўнг мавлоси Aбдуллоҳ ибн Aбу Утба барчаларига имом бўлиб, худди шаҳар аҳли ўқийдиган суратда такбирлар билан икки ракаат намоз ўқиб берар эдилар.

“Ҳайит намозининг қазоси ўқилмайди” деган ҳанафий ва моликий уламоларга кўра ҳайит намози Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томониларидан фақат катта жамоат билан намозгоҳда адо этилган. Ушбу намозни қазо қилиш Набий алайҳисаломнинг на сўзлари ва на феъллари билан собит бўлган. Хусусан, ибодат масалалари тавқифий (ваҳийга асосланган) бўлиб, уни бирор ибодатга қиёслаб адо этилмайди.

Ушбу масалада мазкур икки мазҳаб ўртасидаги хилофни янада яхшироқ тушунишимиз учун Имом Бурҳониддин Марғилонийнинг машҳур “ал-Ҳидоя” асарига ёзилган шарҳлардан биридан иқтибос келтирамиз:  

(وَمَنْ فَاتَتْهُ صَلَاةُ الْعِيدِ مَعَ الْإِمَامِ لَمْ يَقْضِهَا) عِنْدَنَا خِلَافًا لِلشَّافِعِيِّ فَإِنَّهُ قَالَ : يُصَلِّي وَحْدَهُ كَمَا يُصَلِّي مَعَ الْإِمَامِ لِأَنَّ الْجَمَاعَةَ وَالسُّلْطَانُ لَيْسَ بِشَرْطٍ عِنْدَهُ فَكَانَ لَهُ أَنْ يُصَلِّيَ وَحْدَهُ. وَعِنْدَنَا هِيَ صَلَاةٌ لَا تَجُوزُ إقَامَتُهَا إلَّا بِشَرَائِطَ مَخْصُوصَةٍ مِنْ الْجَمَاعَةِ وَالسُّلْطَانِ ، فَإِذَا فَاتَتْ عَجَزَ عَنْ قَضَائِهَا .

яъни: “Имом билан бирга ийд намозини адо этолмаган киши биз ҳанафийларга кўра уни қазо қилиб ўқимайди. Чунки шариатимизда ийд намозини маълум шартларга кўра ўқиш маълум бўлган. Ёлғиз ўқувчи киши учун ушбу шартлар мукаммал бўлмайди. Имом Шофеий ушбу масалада бизга хилоф қилган бўлиб, “У имом билан қандай ўқиса ёлғиз ҳолида шундай адо этади”, деганлар. Чунки жамоат ва султоннинг изни Имом Шофеийга кўра шарт саналмайди.

Биз ҳанафийларга кўра эса ҳайит намози жамоат ва султоннинг изни каби махсус шартлар топилгандагина ўқиш мумкин бўлган намоз саналади. Агар ҳайит намозини адо эта олмаса уни қазо қила олмайди” (Ал-Иноя шарҳул-Ҳидоя)

Демак, ҳайит намози борасидаги ихтилоф мазҳаблар ўртасидаги ижтиҳодий ихтилоф экани маълум бўлмоқда. Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ҳайит намозини махсус шартлари бор намоз бўлиш билан бирга, вожиб намоз ҳисобланади. Шофеий мазҳабига кўра эса, бу намоз суннат ва уларнинг наздида ҳанафийларда қўйилган айрим шартлар йўқ. Шу боис, шофеийларга кўра, ҳайит намозини худди таровиҳ намози каби уйда, ёлғиз тартибда ёки оилавий ўқиса бўлади. Саудия Арабистони ва Ал-Азҳар уламоларининг фатвоси шофеийларга кўра берилган.

Аммо фиқҳда ҳанафий мазҳабига тобе бўлган юртларда, жумладан бизнинг юртимизда бугунгидек вазиятларда ҳайит намози уйларда ҳам ўқилмайди. Чунки ҳайит намози дуруст бўлиши учун ҳайит намози ўқилишига умумий рухсат (изни омма) бўлиши ва ҳайит намозини одамларга муфтий томондан тайинланган киши ўқиб бериши керак. Ҳайит намози уйда ўқилганда мана шу шартлар топилмайди. Бунинг натижасида намоз дуруст бўлмайди.

Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоий, Имом Саврий ва Имом Ибн Исҳоқларнинг тутган йўлларига кўра ҳайит намозига етиша олмаган киши хоҳласа, зуҳо намози каби икки ёки тўрт ракат намоз ўқиши мумкин. Ушбу намоз ҳам нафл ҳукмида бўлиб, уни жамоат билан ўқилмайди. Бунга машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Али Ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳумодан нақл қилинган фатво далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким ҳайит намозини ўтказиб юборса тўрт ракаат намоз ўқисин”, деганлар. Aли разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Aгар бирор кишини касал одамларга имом бўлиб намоз ўқишга буюрсам, тўрт ракаат ўқишга буюрган бўлар эдим”.

Бизнинг мазҳаб уламолари ушбу икки буюк саҳобанинг сўзларига амал қилиб, ҳайит намозини ўқий олмаган киши зуҳо намозини ўқиши мустаҳаб эканини айтишган. Мўътабар ҳанафий фиқҳий манбаларидан бири “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзалдир”.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида эслатиб ўтамизки, ҳайит намозини ёлғиз ўқиш жоиз ёки жоизмаслиги ижтиҳодий масалалардан саналади. Ҳар икки тоифа мазҳаб уламоларининг ҳам саҳобаларнинг сўзидан далиллари бор. Шундай экан ҳар бир юрт мусулмонлари ўзгаларнинг мазҳабини эҳтиром қилган ҳолда ўз юртларидаги илм аҳлларига эргашишлари ва турли ихтилофларга барҳам беришлари лозим бўлади.

Хусусан, ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Бу касаллик кенг тарқалмаслиги учун бир қатор чекловлар жорий этилган бир пайтда ҳайит намозини уйда алоҳида кичик жамоатлар билан ўқишга уруниш ёки шунга даъват қилиш айни жаҳолатдир. Афсуски, Республикамиздан четда юрган айрим кимсалар мазҳаб талаблари ва халқ соғлиқ-саломатлигини писанд қилмай, ихтилоф чиқаришга қаратилган ботил ғояларни тарқатишга урунмоқдалар. Ваҳоланки, Абу Саъид Худурий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ”  деганлар.

Фатво берувчи шахс инсонларнинг ҳолатидан масъул эканини унутмаслиги керак. Саҳобалардан баъзилари бир бемор киши борасида билмасдан фатво бериб, унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолишганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан қаттиқ ғазабланган ва “Улар уни ўлдиришибди. Аллоҳ ҳам уларни ўлдирсин. Билмасалар сўрамайдиларми?!” деган эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов

 

UZREPORT TV 

Брифинг иштирокчиси

Ҳомиджон Ишматбеков,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари 

Top