muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 15 Ноябрь 2019 00:00

Агар мўмин бўлсангиз.....

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон  келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқани тикласин! Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!” дедилар.  (Муттафақун алайҳ)

Шарх: Ким,  Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган; осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган,  барчасини ададлари билан билиб турувчи; Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи; бирор нарсадан ожиз қолмайдиган, барча нарсага қодир; бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи; бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган Зотдир, деб аниқ ишонса ва булардан ташқари Аллоҳ таолони Қуръон ва сунатда баён қилинганидек таниб олса ҳамда Аллоҳ таоло махлуқотларни Ўзи хоҳлаган вақтда улар истасинлар – истамасинлар, ўлимга бўйсундирадиган; Ўзигагина маълум бўлган бир кунда бандаларни қайта тирилтириб, яхши амалларига мукофот ва ёмон амалларига жазо берадиган Зотдир, деб аниқ ишонса ушбу тўрт насиҳатга амал қилсин!

  1. Хонадонига ёки ҳузурига келган меҳмонни ҳурматини жойига қўйсин. Меҳмонни ислом дини талаб қилгандек, унинг  ҳаққини адо қилишлик ила  икром қилсин!
  2. Мусулмон учун шариъат белгилаб берган қариндош – уруғлар билан алоқани узишдан сақлансин ва улар билан доимий борди келди қилиб, уларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо қилишлик билан сийлаи раҳмни боғласин! 
  3. Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлувчи, икки дунёси обод бўлишгигига, дин ва жамият ривожи учун фойда келтирадиган, мўминларни оғирини енгил қиладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киритадиган сўзларни гапирсин!
  4. Агар яхши гапларни гапириш қўлидан келмаса, лоақал ёмон, хунук, фаҳш ва беҳаё, инсонларни тафриқасига ва ўзаро адоватига, фитнага сабаб бўладиган гапларни гапирмасин!

Хулоса: Бу талаб фақат мўминлар учундир. Ушбу ишлар ҳақида Аллоҳ таоло фақат мўминлардан ҳисоб сўрайди. Ва бу амалларни қилган мўминларга улкан ажрлар ва мукофотлар беради. Агар, мўмин бўлсангиз   ушбуларга амал қилинг! Мободо, мўминликни даъво қилмасангиз, бу амалларни сизга алоқаси йўқ.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللّهُ غَفُورٌ رَّحِيمٌ

“Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади», деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Биз Аллоҳ таолони яхши кўрамиз. Роббимиз ҳам бизни яхши кўришини истаймиз. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимиз, у зоти бобаракотнинг барча суннатларига ихлос билан амал қилишимиз керак.

Суннатга ўзимиз амал қилиш билан бирга фарзандларимизга ҳам суннатга амал қилиш муҳаббатини сингдиришга уринайлик!

Соч тараш: Фарзандингизнинг сочини тараётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, икром қилсин!” дея марҳамат қилганлари учун қилаётганинингизни унгу тушунтиринг!

Атир сепиш: Фарзандингизга атир сепаётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб қилаётганингизни, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга дунёдан аёллар, хушбўйлик севимли этилди. Кўзимнинг қувончи эса намозда қилинди” деганлари учун шундай қилаётганингизни англатинг!

Илм талаб қилиш: Болангизни мактабга кузатаётганингизда, унга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди» деган ҳадисни эслатиб, у мактабга кетаётганида ниятини яхшиласа, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўйишини билдиринг!

Табассум қилиш: Фарзандингизнинг юзига табассум билан қараганингизда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродарингнинг юзига табассум қилиб қарашинг ҳам садақадир”, деб айтганларини эслатинг!

Ширин сўз: Болангизнинг бирор ишини мақтаётганингизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ширин сўз ҳам садақадир” деганларига амал қилиб, ширин гапираётганингизни айтинг!

Косангиздаги ичимлик ёки таомни болангизнинг косасига солиб бераётганингизда, сиз бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Челагингдан биродаринг челагига сув қуйиб беришинг сен учун садақа” деган ҳадисларига амал қилган ҳолда бажараётганингизни тушунтиринг!

Катталарни ҳурмат қилиш: Ёши катта кишилар мажлисида фарзандингиз билан ўтирганингизда, болангизга катталарни ҳурмат қилишни буюраётганингизда, сиз бу ишни Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир» деган ҳадисларига биноан қилаётганингизни таъкидлаб қўйинг!

Шу тарзда фарзандларимизга қиладиган ишларини суннатга боғлаб қилишларини тез-тез эслатиб турайлик ва уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини гапириб берайлик! Токи улар болалигидан суннатга нисбатан муҳаббатли бўлиб улғайсин!

Аллоҳ таоло бизни суннатга эргашувчилардан қилсин! 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Туркиянинг Мугла вилоятида жойлашган масжид имоми эшитиш ва сўзлашда нуқсони бўлган мусулмонларга динимиз ҳақида маълумотлар бериш учун имо-ишора тилини ўрганди.

Идрис Сари Ментеше туманидаги Акол масжиди имоми бўлиб, масжидга келувчи мусулмонларга қулай бўлиши учун имо-ишора тилини ўқув марказида уч ой давомида ўрганди.

Эндиликда у жума намозларида маърузаларни имо-ишора тилида ҳам олиб бораётгани маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Полшалик меҳмонлар Теҳрон шаҳрига саёҳати давомида такси хизматидан фойдаланишди ва ўзларининг 70 минг евро миқдоридаги пул маблағларини таксида унитиб қолдиришган.

Теҳронлик такси ҳайдовчиси Али Ҳасан Зафарий пулларни эгасига топшириш йўлларини қидирган ва Полшанинг Эрондаги элчихонасига қолдириб кетилган сумка ва пулларни топширган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Қрим ярим оролидаги энг йирик масжидга айланиши кутилаётган Симферополь шаҳридаги жоме масжиди 2020 йилнинг ёз ойларида очилиши маълум қилинди. Бу ҳақда Давлат миллатлараро муносабатлар қўмитаси раҳбари Альберт Кангиев маълум қилган.

“Бу Қрим ҳудудидаги энг катта ва бетакрор қурилиш. Бундай кенг миқёсдаги диний мажмуа ҳали бизда қурилмаган эди. Унинг ажойиб меъморий ечими бир вақтнинг ўзида 4 мингдан ортиқ намозхонни ўз бағрига олиш имкониятини беради. Бу масжид тахминан 2020 йилнинг 21 июнида очилади”, деди Кангиев.

Масжид ҳудуди 3 гектар ерда жойлашган, масжид баландлиги 35 метр, минораларнинг баландлиги эса 50 метрни ташкил этади.

Россия президенти туркиялик ҳамкасби Ражаб Эрдўғонни ушбу масжиднинг очилишига таклиф қилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Страница 1 из 1350
Top