muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 20 Ноябрь 2017 00:00

Айтиб бўлмайдиган сўзлар

  1. “Уф” деманг... Аллоҳ таоло ота-онага “Уф” дейишдан қайтарган: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).
  2. “Эртага бажараман” деманг...

Бирор иш бошлаш олдидан “Мен буни эртага албатта бажараман”, дейишдан қайтарилганмиз: «Бирор нарса ҳақида: «Мен, албатта, эртага шуни қилувчиман», дея кўрманг!» (Каҳф сураси, 23-оят).

Аллоҳ таоло оятнинг давомида: Илло, «Иншоаллоҳ, (Аллоҳ хоҳласа)» (денг. Бу сўзни) унутган вақтингизда (ёдингизга келиши билан) Раббингизни зикр қилинг (яъни «иншоаллоҳ», денг) ва: «Шояд, Раббим мени бундан ҳам яқинроқ Тўғри йўлга ҳидоят этса», денг!» (Каҳф сураси, 23-оят) деб марҳамат қилган.

  1. Замонни ёмон деб айтиб бўлмайди...

Замонни Аллоҳ яратган. Аллоҳ таоло яратган нарсаларда камчилик бўлмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Замонни сўкманглар, чунки Аллоҳ замон (га боғлиқ бўлган барча ишларни қилувчиси)дир”, дедилар.

  1. “Агар” сўзини қўллашда эҳтиёт бўлинг.

Атрофни кузатадиган бўлсак, қандайдир мусибат ва фалокат қашисида ўзимизни беихтиёр “Агар” сўзига тўқнаш келамиз. “Агар мен бу ерга келмаганимда фалокат юз бермасди”, “агар мен уни уйдан чиқармаганимда шу мусибат содир бўлмасди” деб айтиш ўрнига “Аллоҳ таоло тақдирга ёзгани бўлади”, деб айтиш дуруст бўлади. “Агар” деган сўзни қўллашда эҳтиёткор бўлмасак, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаслик ҳиссини пайдо қилган бўламиз. Ва унутмаслигимиз керакки, неки содир бўлса, “агар”сиздир. Чунки Аллоҳ хоҳлагани бўлади! 

Хуморбегим

Мотуридийя мактабининг атоқли намояндаларидан бири Абу Муин Маймун ибн Муҳаммад ан-Насафий, ал-Макҳулийдир.

У зотнинг исми Маймун бўлса-да, Абу Муин куняси билан шунчалик танилганки, куняси  қўшиб айтилмаса ҳеч ким ёлғиз исми билан танимаган.  Тўртинчи бобоси Муҳаммад ибн Макҳул (в.375ҳ.) ҳам Абу Муин куняси билан куняланган.

Унга Насафий нисбати берилиши Насафда таваллуд топгани учун бўлса, ал-Макҳулий нисбати берилиши бешинчи бобоси Макҳул ибн Фазлга нисбат бериш  учун қўлланган, яъни макҳулийлар оиласидан деган маънода истеъмол қилинган.

Абу Муин Насафийнинг бобоси Абу Мутеъ Макҳул ибн Фазл Насафий (204-395ҳ) Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг шогирдларидан бири бўлган. Макҳул ибн Фазлнинг бир неча бебаҳо асарлари бор ва баъзилари бизгача сақланиб қолган.

Абу Муин Насафийнинг тўлиқ насаби Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазлдир[1].

Абу Муин Насафий бошланғич илмни оилада ўз отаси ва бобосидан олган. Шу билан бирга, илм учун Самарқанд, Бухоро шаҳарларига сафар қилган ва дарса олиб, кейин муайян вақт дарс бериш учун ушбу шаҳарларда яшаган. Илм сафарида замонасининг пешқадам имомларидан дарс олган.

Насафийнинг устозларидан бири Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдулкарим ибн Муса ибн Мужоҳид ан-Насафий ал-Паздавийдир. (421-493ҳ. 1030-1100м.) У зот Мотуридий эътиқодида муҳим асар саналган “Усул уд-дин” китоби муаллифидир.

Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла фи усулид дин”, “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва “Баҳрул калом” асарлари бўлиб, уларнинг ўнлаб қўлёзма нусхалари дунё кутубхоналари фондида сақланмоқда. Бугунги асримизда мазкур уч асарнинг барчаси таҳқиқ қилиниб, дунёнинг турли жойларида нашр қилинди.

Яна бизгача етиб келмаган ёки бўлса ҳам ҳали нашр қилинмаган асарлари ҳам бор. Улар: “Шарҳул жомеъул кабир лиш-Шайбоний”[2] (Имом Муҳаммад Шайбонийнинг “Жомеъ ул-кабир” китобига шарҳ), “Маноҳижу аимма фил фуруъ”[3] (Фарий масалаларда имомларнинг йўллари) “Изоҳул маҳажати ли кавнил ақли ҳужжатан”[4] (Ақл ҳужжат қилинадиган ҳужжат эканининг изоҳи), “ал-ифсад ли хадъи аҳли илҳад”[5] (Куфр аҳлининг ёлғонини бузиш) ва “Сифатул калом”[6] (Калом сифати тўғрисида) каби асарларидир.

“Табсиратул адилла” асарини дунё мусулмонлари ўқиб-ўрганиб, унинг устида турли даражадаги илмий ишлар қилинган ва қилинмоқда. Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” китоби ва Абу Муин ан-Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобини таҳқиқ қилган зотлар ёзган муқаддималарида “Табсиратул адилла” китобини қуйидагича эътироф қилади: “Абу Муин Насафийнинг шоҳ асари “Табсиратул адилла” Мотуридий мазҳабида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳу алайҳнинг “Тавҳид” китобидан кейинги иккинчи китоб сананалади. Балки,  “Табсиратул адилла” асари “Тавҳид” китобига шарҳ, тафсир ва баён деб эътибор қилинади. Чунки “Табсиратул адилла” асари кўп ўринда “Тавҳид” китобининг услубларини баён қилиб, унга нисбатан кенг қамровли ва тафсилотлар билан бойитилган асардир”.

Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асаридек буюк бир асарни тасниф қилиш билан бирга, бутун оламга донг таратган шогирдларни ҳам тарбия қилган. Жумладан: Аъло уд-дин Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самалқандий (575ҳ), Абул Музаффар Исмоил ибн Адий ал-Талқоний (540ҳ), Садр ул-ислом Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий (482ҳ-542ҳ), Абул Ҳасан Али ибн Ҳасан ал-Балхий (548ҳ), Абул Фатҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Хулмий (547ҳ), Абдурашид ибн Нўмон ал-Валволижий (540ҳ), Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғуржий (510ҳ), Маҳмуд ибн Зайд ал-Ломиший ва бошқалар.

У зотнинг шогирдларидан бири Абул Ҳафс Умар Насафий (461-537ҳ.)  ундан ва яна бошқа кўплаб улуғ устозлардан дарс олиб Мотуридий мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан бирига айланган. У тасниф қилган асарлар сони юзта бўлгани учун  “Юз китоб соҳиби” деб ҳам лақабланади. Тасниф қилган асарларининг ичида “Ақоид ун-Насафия” модуридия ақидасининг жавҳари саналади. Мотуридий таълимотини тутган барча диёрларда “Ақоид ун-Насафия” китоби бирдек қабул қилинган, ўқиб-ўрганилган ва юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Шунинг учун бу асар асрлар бўйи мадарасаларда давомий дарслик бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Бунинг сабаби у моҳиятан Абу Мансур Мотуридийнинг “Тавҳид” ва Абу Муин Насафийнинг “Табсиратул адилла” китобига мухтасар шарҳдир. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийний “Ақоид ун-Насафия” асари “Табсира адилла”нинг фиҳристи эканини билади”[7],  дейди.

Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд” (Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби) асарида “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”,  дейди.

Ҳа, ақоид илмида битилган барча манбаларда, шарҳ ва ҳошияларда Абу  Муин Насафий ва “Табсиратул адилла” асарининг зикри қайд қилинади. Унда баён қилинган нарсалардан иқтибос келтирилади ёки ундаги баён қилинган ҳукм эътироф этилади.

Хулоса шуки, Абу Муин Насафий “Табсиратул адилла” асари ва Абул Ҳафз Умар Насафий сингари шогидлари билан мусулмонларнинг эътиқодини бирлаштириб келган. Тарих китобларида жаннатмонанд диёримиз анҳорлари, боғу бўстонлари ва гўзал шаҳару қишлоқлари мадҳ қилиниши билан бирга мусулмонлар оммаси аҳли сунна вал жамоа эътиқодида  жам бўлган деб мақталади. Албатта, мусулмонларнинг бир эътиқодда жам бўлишида Имом Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий ва бошқа издошларининг катта хизматлари бор.

Ақоид илми илмлар ичида энг шарафлисидир. Фақат соф ва тўғри ақоид инсоннинг дунё ва охиратда бахт ва нажотга эришишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг эътиқоди софлигига хизмат қилган зотларни қуйидагича мадҳ қиладилар:

عَنْ إِبْرَاهِيمَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ الْعَذَرِىِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: " يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ " رواه البيهقي[8]

Иброҳим ибн Абдураҳмон ал-Узрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир замонларда адолатпеша инсонлар (мўътадиллик) ҳаддидан ошганларнинг нотўғри талқинини, лаёқатсиз кимсаларнинг асоссиз тасдиқлашини ҳамда нодон кимсаларнинг таъвилларини инкор этган ҳолларида бу илмни ҳимоя қиладилар”, дедилар (Байҳақий ривоят қилган).

Мазкур ҳадиси шарифда тўғри йўлдан адашган, асосиз нарсаларни ўзларига ҳужжат қилиб олиб бошқаларни чалғитадиган ва илмсизликдан оят ва ҳадисларни нотўғри таъвил ва талқин қиладиган кимсаларни тўғри йўлга соладиган ва мусулмонлар оммасини соф ақоидга бошлайдиган инсон ўз замонасининг адолатпеша инсони деб зикр қилинмоқда.

Абу  Муин Насафий ўз замонасида барча адашган инсонларга ҳидоят йўлини баён қилган, ҳадиси шарифда баён қилинганидек, адолатпеша инсонлардан биридир. У зот Мотуридий ақоидининг бизгача етиб келишида силсиласининг гўё катта ҳалқасидекдир.

2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: “Қашқадарёда – Абул Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”, деган эди.

Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббусини халқимиз хурсанд бўлиб қабул қилди. Бугун ана шу илмий мактаб ўзи ишини бошлади. Бу илм даргоҳларидан яна кўплаб насафийлар чиқишини умид қиламиз. Ҳақиқатан, бугунги кунда  орамизда динда ғулвга кетган адашганлар ёки бепарволикдан эътиқод нима эканидан хабари йўқ инсонлар  борлиги учун халқимизнинг яна адолатпеша инсонларга эҳтиёжи бор.

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ,

“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударрисин

Абулвафо ал-Қурайший. “Жавоҳирул музийя фи табақотил ҳанафия ”.

Байрут: “Дорул кутубил илмийя”, 411-бет.

 

[2] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338-бет.

[3] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Иккиннчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 1846 бет.

[4] “Ат-тамҳид ли қоваъидит тавҳид” ва ““Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 285-бет.”

[5] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 837-бет. Бу Ботинияларга раддия учун тасниф қилинган.

[6] “Табсират ул-адилла” Биринчи жуз. 281-бет.

[7] Ҳожи Халифа. “Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун”. Биринчи жуз. Байрут: “Иҳёъут туросил арабий”, 338ва570 бетлар.

[8] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб табризий. “Мишкотул Масобиҳ” Биринчи жуз. Байрут. “Дорул фикр”. 115-бет.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги араб дунёсидаги кучайиб бораётган Эроннинг таъсирига қарши курашни кучайтиргани 19 ноябрь куни Араб Давлатлари Лигасига аъзо давлатларни Ҳизбуллоҳ ташкилотини “террорчи ташкилот” сифатида тан олишга ундашида билинади. 

Ҳизбуллоҳ Эроннинг Ливандаги иттифоқдоши ҳисобланиб, Араб мамлакатларининг ташқи ишлар вазирлари Лиганинг Қоҳирадаги бош қароргоҳида Саудия Арабистони томонидан чақирилган фавқулодда мажлисга тўпланганлари хабар қилинди. 

Ливан ва ташқи ишлар идоралари вакиллари Қоҳирага келишмаган ва мажлисда қатнашишмаган. 

Лига аъзолари Ливан каби ҳукуматда Ҳизбуллоҳ шерикчилик қиладиган мамлакатларни назоратга олиш истагини билдирганлар. Айрим фикрларга кўра, Ливан ушбу террорчи гуруҳ томонидан бутунлай назорат қилинмоқда. 

Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг кучайишига жорий йилнинг 4 ноябрида Ямандаги ҳусийлар томонидан Ар Риёд халқаро аэропортига баллистик ракета учиргани сабаб бўлган эди. Ҳусийларнинг Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши тахмин қилинади. 

Саудия Арабистони ушбу зарбада Ҳизбуллоҳ ва Эронни айблади. 

Саудия Арабистони ташаббуси билан чақирилган Лига мажлисида Ҳизбуллоҳ жиддий тарзда айбланган. Саудия Арабистонининг Кўрфаз масалалари бўйича вазири Тамар Сабаҳ Ливанга “ё тинчликни ёки Ҳизбуллоҳнинг сиёсий бошқарувида яшашдан бирини танлаши керак”, дея огоҳлантириш берган. 

Араб давлатлари Лигаси доимий равишда масалалар юзасидан баёнот ва резолюциялар берувчи, бироқ ушбу ҳужжатлар фақат қоғоздагина қолиб кетиши билан ажралиб туради.

Маълумот учун, Ҳизбуллоҳ ливанлик шиа мазҳабидаги ҳарбийлашган ташкилот ва сиёсий партия ҳисобланади. Ушбу сиёсий партия Ливанда сиёсий бошқарувда иштирок этади ва Ливан парламентида 20 га яқин депутатлик ўрнига эга. Ливан ҳукуматида эса икки ўринга эга. 

Ушбу ташкилотнинг ҳарбийлашган гуруҳлари дунёнинг қатор мамлакатларида террочи ташкилот сифатида эътироф этилади. Ташкилот сафида 4-5 минг нафар ҳарбийлар борлиги тахмин қилинади.

ЎМИ матбуот хизмати

Понедельник, 20 Ноябрь 2017 00:00

Ҳафтанинг уч муҳим воқеаси

Ўтган ҳафта республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти воқеа ҳодисаларга бой бўлди.

15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Йиғилишда ҳуқуқбузарликларнинг ўз-ўзидан содир этилмаслиги, ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки уларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаб ўз вақтида бартараф этиш зарурлиги таъкидланди. 

Бунинг учун ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун қўшимча имкониятлар яратишга асосий эътибор қаратилаётгани,
бу борада мамлакатимизда 11 эркин иқтисодий зона ва 5 та саноат зонаси ташкил этилгани, кичик саноат зоналарининг сони 90 тага етказилгани, 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилгани, аҳолининг турмуш шароити яхшиланаётгани эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари ана шу ютуқлар билан бирга айрим ҳудудларда жиноятларни сезиларли камайтиришга эришилмагани, баъзи жиноят турлари ошгани каби камчиликларни ҳам кескин танқид қилди.

Президентимиз  ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, туманлар кесимида жиноятларнинг олдини олиш борасида алоҳида чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатма берди. 
Йиғилишда маҳаллаларда фаолият юритаётган посбонларининг салоҳияти, билим ва малакаси талабга жавоб бермаслиги, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни кескин камайтиришга эришилмаётгани таъкидлаб ўтилди ҳамда нотариал хизмат кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Аёлларнинг жиноятга қўл уришининг олдини олиш борасида хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга экани айтилди. 

Давлатимиз раҳбари фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлиги, бунда оммавий ахборот воситалари, радио-телевидение, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг матбуот хизматлари янада фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда ёшларни жиноят кўчасига кириб қолишдан сақлаш масаласи жиддий муҳокама қилинди.

Сектор раҳбарларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги масъулиятини ошириш борасида Ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика комиссиясини тузиш бўйича топшириқ берилди. Унинг таркибига “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Маънавият ва маърифат маркази раҳбарларини ҳам киритиш, Комиссия фаолиятини Олий Мажлис Сенати томонидан мувофиқлаштириш белгиланди.

*   *   *

18 ноябрь куни ушбу йиғилишида топширилган вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази раҳбарлари ва ходимлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари иширок этган йиғилишда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, манманлик, кибр ва ҳаддан ошиш инсон зотига ярашмайдиган хунук иллат экани, зўравонлик, зулм эса оғир гуноҳ эканини алоҳида таъкидлаб, қуйидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни изоҳладилар:

Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради:

إِنَّمَا السَّبِيلُ عَلَى الَّذِينَ يَظْلِمُونَ النَّاسَ وَيَبْغُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

яъни «Инсонларга зулм қиладиган ва ерда ноҳақ зўравонлик – кибру ҳаво қиладиган кимсаларнинг – ана ўшаларнинг жазоси аламли азобдир» (Шўро сураси, 42).

Демак, жиноят содир этиб инсонларга зулм қиладиган, молларига тажовуз қиладиганларнинг жазоси аламли азоб экани ояи каримада баён қилинмоқда.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:

إِنَّ اللَّهَ أَوْحَى إِلَيَّ أَنْ تَوَاضَعُوا ، حَتَّى لَا يَبْغِي بَعْضُكُمْ عَلَى بَعْضٍ ، وَلَا يَفْخُر أَحَدٌ عَلَى أَحَدٍ

«Аллоҳ таоло менга тавозели бўлишингизни ваҳий қилди. Токи бир одам бошқасига зўравонлик қилмасин, бир одам бошқасидан ўзини устун қўймасин» (Имом Муслим ривояти).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجِّلَ اللَّهُ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةَ فِي الدُّنْيَا مَعَ مَا يَدَّخِرُ لَهُ فِي الْآخِرَةِ

«Аллоҳ гуноҳ қилган кимсага ҳам бу дунёда жазо бериб, ҳам охиратга насиба – азоб ҳозирлаб қўйиши учун зўравонлик ва қариндош-уруғчилик алоқаларини узишдан кўра лойиқроқ гуноҳ йўқ»  (Имом Термизий ривояти).

*   *   *

1991 йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимиз Парламенти “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида” қонун қабул қилган эди. Унда миллий байроғимиз давлатимиз суверенитети рамзи экани мустаҳкамлаб қўйилганди.

Мудофаа вазирлиги 2017 йилнинг 18 ноябрь – Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан пойтахт осмони узра Ўзбекистон байроғи бўлган вертолётлар парвозини ташкил этди.

Иккита AS-350 вертолёти Муқимий кўчаси, Амир Темур хиёбони (бу ерда катта доира ҳосил қилинди) – Амир Темур кўчаси – Тошкент телеминораси – Ҳайвонот боғи – Марказий ҳарбий госпиталь – Академиклар шаҳарчаси – Мирзо Улуғбек кўчаси – Паркент кўчаси – Тузель йўналиши бўйича парвоз қилди.

Мудофаа вазирлиги расмийлари қайд этилишича, ушбу сана илк бор кенг миқёсда ўтказилмоқда. Шунингдек, улар келгусида давлат рамзлари кунлари шунга ўхшаш «ноанъанавий усулларда» нишонланишини қайд этди.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

Страница 4 из 344
Top