muslim.uz

muslim.uz

Мана, муборак Рамазон ойининг учинчи даҳаси ниҳоясида турибмиз. Ушбу ойлар султонининг фазилатларини юрак-юрагимиздан ҳис қилмоқдамиз. Имкон борича яхшилик қилишга, савоблардан кўпроқ олиб қолишга интиламиз. Чунки, бу ойдаги кичиккина қилган яхшилигимиз ҳам кўплаб савоб ва ажрларга сабаб бўлади. Бунга эса, бир ривоятдаги ҳадиси шариф далил бўлади: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур”.

Рўза тутиш жараёнида бир нечта муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш жоиз. Улар: ният қилиш, оғизни беркитиш ва очиш вақтларини  билиш, саҳарликдан ифторгача рўзани бузадиган амаллардан ўзини сақламоқликдир.

Оламлар сарвари саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳарлик қилинг. Чунки саҳарликда барака бордир”, деб марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадисга кўра, саҳарлик билан рўза тутиш фазилатли экани таъкидланмоқда.

Рўза тутиш орқали инсонлар жуда кўп наф кўришлари мумкин. Хусусан, киши рўза тутганида ҳамиша “Аллоҳ кўриб турибди” деган фикр билан юради. Ёмонликлардан чекинади, жисмонан ва руҳан покланади. Қалбида меҳр мурувват ҳислари орта бошлайди. Бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Рўзадор ҳолингизда ёмон сўзларни гапирманг ва жаҳл отига минманг”. Демак рўза тутиш орқали нафақат жисмимиз, балки руҳларимиз ҳам покланар экан. Қолаверса, рўзадорнинг дуолари ижобат этилиши манбаларда таъкидланади. Айниқса, ҳадисда келтирилганидек: “Рўзадорнинг ифтор пайтида қилган дуоси рад қилинмайди”.

Рўза тутиш жараёнида яна бир жиҳат борки, у орқали Аллоҳ таолонинг нақадар буюк ва меҳрибон эканлигини кўришимиз мумкин: рўзадор унутиб еб ичиб қўйиши ҳам бир фазилат ҳисобланар экан. Аслида ибодатда унутишга йўл қўйиш яхши эмас. Аммо рўзадорнинг унутиши ҳам унга Яратганнинг икроми, инояти ва фазлу марҳаматининг нишонаси бўлар экан. Деярли барча саҳиҳ тўпламларда келтирилган, Aбу Ҳурaйрa розияллоҳу анҳудaн ривoят қилинган ҳадисда Нaбий (а.с.) шундай марҳамат қиладилар: «Агар рўзадор одам эсда йўқ еб-ичиб қўйсa, рўзaсини тугал қилсин. Чунки уни Aллoҳ тaoмлaнтирибди ва суғорибди». Чиндан ҳам, ислом дини енгиллик ва меъёр устида барпо этилган.

Шунингдек бир суннат борки у мусулмонларини янада яқин бўлишига сабаб бўлади. У ҳар кечда ўқиладиган таровеҳ номозидир. Таровеҳ сўзининг маъноси- роҳат, тин олиш, ором олиш деганидир. Ўзбекистон мусулмонлари ҳам бу ҳикматдан бебахра бўлмадилар. Мамлакатимизнинг тобора чирой очиб бораётган минглаб масжидларида таровеҳ ибодатлари ва Қуръон хатмлари чиройли кўринишда адо этилади. Бу билан инсонлар орасида меҳр оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.

Яна бир ҳадиси муборакда эса, шундай келтирилади: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг”, деб сўрашганида, у зот: “Рўзани лозим тут, унинг ўхшаши йўқдир”, дея жавоб берганлар. Дарҳақиқат, Рамазон ойи бемисл манфаатлар ва мукофотлар ойи, рўза чексиз савоб ҳамда яхшиликлар омили бўлгани учун ҳам унинг такрори йўқ. Бу ойни савоб умидида рўза тутиб, яхшилик ва эзгу амаллар билан ўтказган инсон Аллоҳнинг хазинасидаги барча яхшиликларга эришган, Уни рози қилган ва бебаҳо инъомларга етишган бўлади.

Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Агар умматларим Рамазон ойининг шарафини билганларида эди йил ўн икки ой Рамазон бўлишини орзу қилар эдилар, чунки уларнинг тоати мақбул, дуолари мустажоб, гуноҳлари мағфират этилиб, Жаннат рўзадорларга муҳтож бўлади”.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон арафасидаги хутбаларида шундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқинлашмоқда. Аллоҳ таоло,  у ой рўзасини фарз, тунларидаги ибодатни суннат қилди... У ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир.  У кўмак ва ёрдам ойидир. У ойда мўминнинг ризқи кўпайтирилади. У ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади. дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди. Шунда саҳобалар, «Ё Расулаллоҳ, рўзадорга ифтор беришга ҳар биримиз ҳам қодир эмасмиз», дедилар. Бунга жавобан, Расули акрам (с.а.в.): «Рўзадорга бир хурмо ё бир қултум сув ё айрон билан ифтор берган кишига Аллоҳ таоло бу савобни беради» дедилар.

Ушбу ҳадиси шариф Рамазон ойида турган ҳар бир мусулмонни бефарқ қолдирмаса керак. Бинобарин, барака ва имон палласи Рамазоннинг фазилатлари фақат шунинг ўзи эмас, уларни санаб адоғига етиш мушкулдир.

 

Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев тайёрлади.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Охиратда энг биринчи шафоат  этадиган ва шафоати қабул бўладиган одам менман” дедилар (Ибн Можа ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Умматимдан Аллоҳга шерик қўшмай ўлганларга Аллоҳни рухсати билан шафоат қиламан”, дедилар  (Имом Бухорий ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёмат куни биринчи бўлиб мен шафоат этаман” дедилар (Имом Муслим ривояти).

 Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Ҳар бир пайғамбарнинг қабул бўладиган дуоси бор. Мен дуоимни умматимга шафоат қилиш учун охиратга олиб қўйдим” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёматда қумнинг сонидан ҳам кўп одамга шафоат қиламан” дедилар (Табороний ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қиёматда: “Ё Роббим заррадай имони бўлганни жаннатингга қўйгин” дейман. Уларни барчаси жаннатга киради” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Мендан аввал келган пайғамбарларнинг ҳеч қайсисига берилмаган бешта нарсанинг бири шафоат. Агар ширк билан ўлмаган (иймон билан ўлган) одамларнинг барчасига шафоат қиламан” дедилар (Баззор ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шафоатимга ишонмаган одам ундан маҳрум қолади” дедилар (Ширъатул Ислом).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Шафоатимга энг лойиқ одам, менга энг кўп саловат айтган одам” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Нафсларига алданганларни шафоат этаман” дедилар (Дайломий ривояти).

Аллоҳ  таоло барчамизни қиёмат кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг шафоатларидан насибадор қилсин!

 

Ойбек МАЪРУПОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

 

 

Рамазон ойи муносабати билан Чеченистондаги тиббий муассасалар беморларга бепул ҳизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Бу ҳақда "info.islom" нашри хабар берди.

Ушбу хайрли ишнинг эътиборли жиҳати шундаки, давлат касалхоналари билан бир қаторда кўплаб хусусий клиникалар ҳам беғараз ишлаш тартибига ўтишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Қозоғистон Республикасининг Жанубий Қозоғистон вилояти халқ депутатлари сессиясида қадимий ва бой тарихга эга Туркистон шаҳрини ҳудуднинг янги маркази этиб белгилаш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Эндиликда аҳолиси 1 миллиондан ошган Чимкент шаҳри йирик иқтисодий ва маданий мегаполис бўлиб қолиши кўзда тутилмоқда. Мутасаддилар марказнинг Туркистонга кўчирилишини тарихий обидаларга бой шаҳар салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва унинг имкониятларини кенгайтириш билан изоҳламоқда.

– Асосий мақсад Туркистонни Шарқнинг тараққий этган шаҳарлари –Самарқанд, Бухоро, Хива сингари сайёҳларни энг кўп жалб қиладиган масканлардан бирига айлантиришдир, – деди сессия қатнашчилари ҳузурида сўзлаган нутқида вилоят ҳокими Жонсаид Туймабоев.

Туркистонда замонавий бинолар билан бирга тарихий обидалар, хусусан, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси таъмирланади, янги меҳмонхоналар, туристларга хизмат қиладиган бошқа объектлар қурилади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги бошланди. Айниқса, ана шу ўн кунликда ибодатларга, саховатларга қаттиқ берилган киши  катта фойдалар олиб қолади. Шу тунларда уйқуни ҳаром қилсак, жаҳаннам оташидан нажот топамиз, иншоаллоҳ.  Жумҳур уламолар минг ойда қилинадиган ибодатга олинадиган савобга тенг савоб олиш мумкин бўлган – Лайлатул Қадр кечаси ана шу ўн кунликда эканига иттифоқ қилганлар.

Бу кечанинг улуғ мартабаси Қуръони каримда ҳам тавсифланган. Аммо унинг айнан қайси тунда экани аниқ айтилмаган. Шу боисдан ушбу ўн кунликнинг ҳар бир кечасини Қадр билиб ибодатда қоим бўлсак, уни топамиз, иншоаллоҳ.

Хўп, бу ойнинг мукофоти нима ўзи? Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Лайлатул Қадр кечасини бедор ўтказса, Аллоҳ таолога чин ихлосу эътиқод ила ибодат қилиб чиқса, Раббимиз унинг барча гуноҳларини кечириб юборади”, деб марҳамат қилганлари айтилган.  

Айнан шу кечада Аллоҳ таоло бандаларининг дуоларини қайтармайди. Ҳар биримизнинг орзу-ҳавасларимиз, муаммоларимиз, истиқболдаги режаларимиз, орамизда шифо топиш истагида бўлган дардмандларимиз бор. Лайлатул Қадр – ана ўша эҳтиёжларимизни Парвардигоримиздан сўрайдиган кечадир.

Бу – орзуларга етиш, режаларни амалга ошириш учун ноёб имконият. Уни қўлдан чиқариб қўйсак, кейин афсусланиб қоламиз. Ҳар тунда ибодатлар, зикрлар қилиб, Аллоҳ таолога гуноҳларимизни кечиришини сўраб ёлворайлик.

Аллоҳ таоло Лайлатул Қадрнинг қандай улуғ кеча эканини Қуръони каримнинг Қадр сурасида қуйидагича таърифлаган:

بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَـٰنِ ٱلرَّحِيمِ

إِنَّآ أَنزَلْنَـٰهُ فِى لَيْلَةِ ٱلْقَدْرِ ﴿١﴾وَمَآ أَدْرَىٰكَ مَا لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ ﴿٢﴾لَيْلَةُ ٱلْقَدْرِ خَيْرٌۭ مِّنْ أَلْفِ شَهْرٍۢ ﴿٣﴾تَنَزَّلُ ٱلْمَلَـٰٓئِكَةُ وَٱلرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِم مِّن كُلِّ أَمْرٍۢ ﴿٤﴾سَلَـٰمٌ هِىَ حَتَّىٰ مَطْلَعِ ٱلْفَجْرِ ﴿٥﴾

1 . Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадр да туширдик.

2 . Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?

3 . Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.

4 . Унда фаришталар ва Руҳ Раббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.

5 . У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.

Кунларимизнинг ҳар лаҳзасида рамазоннинг биздан узоқлашиб бораётганини ҳис қилиб турамиз ва тез орада у ниҳоясига етади. Шундай экан, ибодатларга ва эзгу ишларга ғайратли бўлайлик. Ушбу ғанимат кунларни тилимиз ва қалбимиз ҳар доим зикрда бўлиб, ибодатларимизни вақтида адо этиб, тунлари Аллоҳнинг марҳаматини, фазлини сўраб дуолар қилайлик. Зотан, бу ойда қилинган ҳар бир амал учун савоблар бир неча бор кўпайтириб ёзилади.  

Имом  Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда мўъминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо: “Рамазоннинг охирги ўн кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрпа-тўшакларини хонанинг бир четига тахлаб қўярдилар-да, масжидга чиқиб тунни ибодатда ўтказар эдилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам боқий дунёга кўчганларидан сўнг у зотнинг завжалари шундай қилардилар”, деганлар.  Яна Оиша онамиз: “Пайғамбар алайҳиссалом рамазоннинг охирги тунларида ўзлари ҳам ухламас эдилар ҳамда яқинларини ҳам уйғотиб чиқиб биргаликда тунни ибодатда ўтказар эдилар”, деганлар.   

Аллоҳнинг Расули ер юзида ўзидан олдин ўтган, ўзининг замонида яшаган ва кейин қиёматгача келадиган инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, рамазон ойида шу хислати жўш уриб кетар ва ёрдамга муҳтож кимсаларнинг қошига энг учқур шамолдан ҳам тез етиб бориб кўмакчи бўлар эдилар.

Пайғамбаримизнинг ушбу суннатларига амал қилиб биз ҳам саховатли бўлиб, кечаётган фазилатли кунларимизда моддий жиҳатдан қийналиб қолган юртдошларимиз бўлса, уларга ёрдамчи бўлсак;, кунларимизу тунларимизни зикруллоҳда ва ибодатда ўтказсак, шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни кечириб, Ўзининг севимли бандалари қаторига қўйса.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

Top