muslim.uz

muslim.uz

Буюк Британиядаги мусулмонларнинг ярмидан кўпи инглиз бўлиб, умумий аҳоли сонининг 44 фоизини ташкил қилади.

Мусулмонлар Рамазон ҳайитида Лондондаги боғда намоз ўқишади. Буюк Британияда 4,1 миллион мусулмон бор. Уларнинг аксари инглизлар. Инглиз мусулмонлари таълимга жиддий аҳамият беради. Улар диний таълим борасида ғайримусулмонларга нисбатан анча кучли. Ипсос Мориннинг 75 саҳифалик ҳисоботида инглиз мусулмонларини ҳар тарафлама ўрганиш юзасидан 2010 йилдан буён кенг қамровли тадқиқотлар олиб борилмоқда ва жамоатчилик сўровлари таҳлил қилинмоқда. 2011 йил мамлакатда мусулмонлар сони уч миллион бўлган. Ўтган йили уларнинг сони 4,1 миллионга етган. Уларнинг ярми 24 ёш оралиғидагилар ва учдан бир қисми 15 ёш орасидаги ўсмирлар. Мусулмонларнинг 8-5 фоизи миллатининг инглиз эканини ҳис қилади. “Азиз” жамғармаси раиси Асиф Азиз бундай дейди: ”Британиялик мусулмонлар диний эътиқодига қатъий риоя қилади, лекин айни пайтда инглиз эканини ҳам ҳис қилади”.

Мусулмон болалар таълим ютуқларига кўп интилади. Улардан 56 фоизи университетга кириш ниятида эканини айтди. Муслима қизлар эса ўғил болалардан кўпроқ университетга интилар экан. Мусулмонларнинг 7 фоизи ишсиз, бу умумий аҳоли сонининг 4 фоизини ташкил қилади. Ҳисоботда қайд этилишича, консерватив муносабатларда ғайримусулмонлардан мусулмонлар фаолроқ экан. Мусулмон эркакларнинг ярми ва аёлларнинг учдан бир қисми хотинлар ўз эрларига бўйсунишлари керак деб ҳисоблайдилар. Ипсос Мори тадқиқот директори Кулли Каур-Баллаган ўз ҳисоботида “Британия мусулмонлари бир вақтнинг ўзида ҳам инглиз, ҳам мусулмон бўлиш мумкин деб ҳисоблайдилар”, дея таъкидлади.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Среда, 11 Апрель 2018 00:00

Жаннатда кимларга уй қурилади?

Зуҳо намозини адо этувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Кимки ўн икки ракат зуҳо намозини ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй барпо қилади” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Байҳақий ривояти). 

Масжид қурувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Аллоҳ розилигини истаб масжид бино қилса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир уй барпо этади” (Имом Аҳмад, Баззор ривояти). 

“Ихлос” сурасини ўқувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн маротаба ўқиса жаннатда у киши учун бир қаср бино қилинади”, дедилар (Имом Доримий ривояти). 

Таровеҳ намозини адо этувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки таровеҳ намозини адо этса, Аллоҳ таоло жаннатда унга нурдан уй барпо этади”, дедилар. 

Сабр қилувчиларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир инсоннинг ёш боласи вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига айтади: “Бандамнинг гўдагини жонини олдингларми?” Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Унинг қалбининг мевасини қабз қилдингларми?” деб сўрайди. Улар: “Ҳа”, деб жавоб берадилар. “Бандам нима деди?”, деб сўрайди. Улар: “У Сенга ҳамд айтди ва албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтгувчилармиз,- деди, деб жавоб берадилар. Шунда Аллоҳ таоло фаришталарига: “Бандам учун жаннатда бир уй барпо этинглар ва уни “ҳамд” уйи деб атанглар!” деб буюради, дедилар. 

Хушфеълларга: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен хушфеъл инсонга жаннатнинг энг юқорисидан уй берилишига кафилман” , дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ёсин сурасининг 41-оятида шундай дейилади: “Биз уларнинг зурриётларини (Нуҳ пайғамбар ясаган) тўла кемада кўтарганимиз (ва тўфондан қутқарганимиз) улар учун (қудратимиздан яна бир) аломатдир”. Мазкур оят анъанавий тафсир асарларида “Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасига чиққанларгина нажот топиб, инсон ва бошқа жонзотларнинг насли яна қайтадан тарқалган” деб баён этилган бўлса, ҳозирги замон илм-фани ютуқларига таянган ҳолда «ушбу оят инсоннинг насл уруғларига далолат қилади», деб айрим уламолар тафсир қилмоқдалар. Зеро, инсон уруғи шакли микроскоп орқали қаралганда айнан оятда келтирилган «тўла кема» шаклида экани, инсоният насли айнан шу «кема»лар билан қиёматга қадар давом этишини илм-фан тасдиқлаб берди.

Ушбу илмий ҳақиқатни таниқли немис табиби Фриц Кан (1888-1969) биринчилардан бўлиб кашф этди. У ўзининг бир неча тилларга таржима қилинган „Таносил ҳаётимиз» номли китобида «насл кемалари» ҳақида айни юқоридаги каби хулосаларни баён қилиб, ўзи билмаган ҳолда Қуръон оятлари Аллоҳ таолонинг каломи эканини илмий жиҳатдан исботлаб қўйди.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони Каримда Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг борлигига статистик далилни кўрамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ушбу ояти каримада “Эй одамлар !” деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.) (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда бизга инсониятнинг бошланиши эркак ва аёлдан бошланганини, улар Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бўлганларининг хабарини беряпти. Кейин у икковларидан биз кўриб турган барча инсонлар тарқалганлар. Бу гапимизга иймоний далил бу хабарни бизга Аллоҳнинг Ўзи берганидир.

Бу гапимизга моддий далил келтирадиган бўлсак, албатта, статистика илми бу ҳақида гапиради.

Агар биз бугунги дунёдаги инсонларнинг сонига қизиқсак, уларнинг адади тахминан фалон миллиардга етади.

Мисол учун бугунги кунда дунё аҳолисининг сони беш миллиардга етди деб фараз қилсак, ўтган асрда дунё аҳолисининг адади қанча бўлган? Албатта, инсонларнинг сони ўтган асрда ҳозиргидан оз бўлган. Тахминан тўрт миллиард атрофида бўлган.

Уч аср олдин қанча бўлган? Табиийки, бундан ҳам анча оз бўлган.

Йигирма асрдан бери инсонларнинг сони қанчадан қанчага ошди? Албатта, бир неча миллиардга ошди.

Ўттиз асрдан бери қанчага ошган? Албатта, олдингидан кўпроқ ададга ошган.

Демак, ўтмишга қараб борганимиз сари инсонларнинг сони озайиб борганини кўрамиз. Замонамизга яқинлашганимиз сари инсонларнинг сони кўпайиб борганини кўрамиз.

Статистик ҳақиқат шундай эмасми?!

Моддапарастлар ёки иймон келтирмаганлардан бирортаси қанча ўтмишга қайтсак, одамларнинг адади шунча камайиб боришини инкор қиладими?! Ваҳоланки, бу барча инсонлар томонидан бирдек тан олинадиган, эътироф қилинадиган қоида-ку!

Демак, ортга қараб юрсак, башарият сони камайиб боради. Шу тарзда камайиб-камайиб, охири бошланиш нуқтасига бориб етади. Ана ўша нуқтадан башарият ҳаёти бошланган. Бу нуқта бир эркак билан бир аёлдир. Демак, инсоният илк яратилгандан бошлаб замон ўтгани сайин кўпайиб-кўпайиб, охири шу бугунги кунимиздагидек кўпчилик ҳолига келган. Шундай қилиб, замон ўтгани сари инсонлар кўпайиб боришган.

Инсоният яратилган илк даврларда Ер юзининг оз қисмида одамлар яшаган. Қолган жойларида ҳеч ким яшамаган. Кейинчалик одамлар кўпайиб, Ер юзи бўйлаб тарқалган. Бу нарса бизга инсониятнинг бошланиш нуқтаси Одам ва Ҳавводан бўлганига далил бўлади.

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йил 13 апрель куни Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг транспорт соҳасига масъул ҳукумат органлари вакиллари Тошкентда учрашиб, икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўртасидаги автобус қатновларини йўлга қўйиш бўйича битимни имзолашади.
Бу ҳақда “АР” ахборот агентлиги Тожикистоннинг “Asian Express” компанияси маълумотига таяниб хабар берди. Унга кўра, барча йўловчи автобуслари шу йил май ойи бошидан “Хўжанд — Тошкент”, “Панжикент — Самарқанд”, “Хўжанд — Фарғона”, “Душанбе — Денов” ва “Душанбе — Термиз” йўналишлари бўйлаб қатнай бошлайди.
Мазкур қатновлар учун йўлкира тарифлари ва ҳаракат графиги битим имзолангандан сўнг эълон қилинади.
Ҳозирча Тожикистон мазкур хизматни “Asian Express” компанияси тақдим этиши аниқ бўлган. Ўзбекистон тарафи эса яқин орада бу фаолиятга масъул юридик шахс номини маълум қилади.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, автобус йўловчилари Тожикистондан Ўзбекистонга ўтаётганда чегарада муаммо бўлмаслиги айтилаяпти.
“Назорат-ўтказиш пункти ҳудудида йўловчилар автобусдан тушишлари лозим ва тезкор чегара ҳамда божхона текширувидан сўнг улар ўз саёҳатларини давом эттиришлари мумкин”, - дейди Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат шаҳарлари ўртасидаги мунтазам автобус қатновлари ва авиарейслар 1992 йилда тўхтатилган эди. Жорий йил апрель ойида 25 йиллик танаффусдан сўнг авиапарвозлар қайта тикланди.
Бундан ташқари, шу йилнинг мартида икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистонда 30 кун виза олмасдан юриши жорий этилди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Top