muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 08 Апрель 2018 00:00

Зарбулмасал санъати

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зарбулмасални кўп учратамиз. Қуйидаги ҳадисда Пайғамбаримиз  умматларни парвонага ўхшатиб, гўзал тарзда зарбулмасал қилганлар. Абу Ҳурайра  ривоят қилади: «Расулуллоҳ : “Мен билан одамлар ўт ёққан киши билан парвоналар кабидир. Чунки бир киши ўт ёқса, атрофи ёришгач, парвоналар учиб келиб, ўзларини ўтга уради, у киши ҳарчанд ҳайдамасин, улар кетмайди. Мен ҳам ўша кишидек сизларни ўтдан сақлашга уринаман, сизлар ўзингизни ўтга урмоқдасиз!” дер эдилар» (Имом Бухорий).

Улуғ мутафаккир шоир ва ёзувчилар Қуръон ва ҳадисдан илҳомланишди. Натижада, зарбулмасал санъати юзага келди. Ҳадисда келтирилган шуъла атрофида айланувчи тун капалаги ­– парвона мумтоз адабиётимиз намуналарида кўп келтирилган.

Парвона сўзи турли маънони билдиради. Тасаввуфда парвона ишқ алангасида ёниб, ҳалок бўлаётганини ҳам билмайдиган ошиқ рамзидир.

Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” асарида бундай байтлар бор:

Бир кеча парвоналар жамъ ўлдилар,

Саъй бирла толиби шам ўлдилар.

 

Дедилар парни қилиб оташфишон:

– Истоли матлуб нуридин нишон.

 

Ҳар не топсақ – они изҳор айлоли,

Шарҳ этиб аслин падидор айлоли”.[1]

 

Мазмуни: Бир кеча парвоналар жам бўлиб шамга етишмоққа ҳаракат қилишди. Қанотларини ўтда ёқишга ҳозирлаб: “Биз изловчилармиз, шам нуридин нишон излаймиз, агар ундан нимаи­ки топсак, уни изҳор қилайлик. Шарҳ этиб, асл зоти нимадан иборат эканини аниқлайлик”, дедилар. Шоир бу ўринда парвоналарни ишқ ўтига мубтало бўлган ошиқлар мисолида зарбулмасал қилади.

Парвоналар ҳар бири қанот қоқиб қуйруқларини куйдиришади. Ҳар бири куйганча, ўзи истаган мақсадга эришади, аммо буни шарҳлаш, нақл қилиш қийин иш. Чунки киши шуълани тил билан шарҳ эта олмайди, куймасдан туриб эса шуъланинг  моҳиятини билмайди.

Мумтоз адабиётимизда шу сингари жуда кўп ибратли зарбулмасаллар учрайди. Бундай тимсоллар ўтаётган умримиз мазмун-моҳиятига етишда бизга яхши сабоқ бўлади.

 

Обидхон ИКРОМОВ,

 “Мулла Қирғиз” Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси

 

 

[1] Алишер Навоий. “Лисонут тайр”. Тошкент, 1991, 226-бет.

 

Суббота, 07 Апрель 2018 00:00

Қалб таскини

Истиғфор банданинг Яратганга илтижо қилиб, билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, дедимки: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10–12). 

Пайғамбаримизнинг  олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса-да, истиғ­фор айтишни сира канда қилмаганлар. Ибн Умардан  ривоят қилинади: “Расулуллоҳнинг  бир мажлисда юз марта: “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт. Ҳақиқатда сен тавбаларни қабул этгувчи раҳмли Зотсан”, деганларини санадик” (Абу Довуд ва Термизий).

Пайғамбаримиз  бир ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга ҳар бир тангликдан чиқиш йўлини очади, ҳар турли ғамдан енгиллик, ҳеч бир ўйламаган томонидан ризқ беради” (Абу Довуд ривояти).

Истиғфор чин дилдан айтилиши керак. Ҳазрат Али  бир куни масжидда ўтириб, ўзича баъзи сўзларни шоша-пиша айтаётган кишини кўриб қолдилар ва сўрадилар:

– Эй биродар, нималар деяпсиз?

– Истиғфор айтяпман, – деди у.

Шунда ҳазрат Али :

– Сиз айтаётган истиғ­фордан истиғфор қилиш керак  – деб айтдилар.

Ҳадиси шарифларда айтилганидек, бандасининг бир ёмон иш қилиб, кейин пушаймон бўлиб, истиғфор айтишидан Аллоҳ таоло севинади. Тавба қабул бўлишининг шарти эса кейин ўша хатога, гуноҳ ишга қайтмасликдир.

Расулуллоҳ  умматларига кўп-кўп истиғфор айтишни тавсия қилганлар. Жумладан, “Саййидул ис­тиғфор” дуоси ҳақида бундай деганлар: «Ким “Саййидул истиғфор”ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради».

Бу дуо қуйидагича: «Ё Ал­лоҳ, Сен Парвардигорим­сан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Сендан қил­ган ишларимнинг ёмонлигидан мени асрашингни сўрайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳ­ларимни кечира олмайди» (Имом Бухорий ривояти).

Истиғфор айтиш билан ­банда Яратганга яқин бўлади ва кўп марҳаматларга эришади. Самимий айтилган истиғфор билан қалб тас­кин топади. 

 

Зиёдулло РЎЗИҚУЛОВ,

Денов тумани “Абу Ҳанифа”

жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Суббота, 07 Апрель 2018 00:00

Илтижо (шеър)

Чин дилдан сўраса, бергувчи Зотсан,

Ҳожатманд инсонга олий нажотсан,

Барча ўткинчи, Сен доим ҳаётсан,

Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,

Гўзал жаннатларинг сари йўллагин.

Солиҳ бандалардан бўлай Ўзингга,

Амал қилиб яшай амринг – сўзингга,

Охирда уялмай боқай юзингга,

Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,

Гўзал жаннатларинг сари йўллагин.

Мадад бермасанг гар, йўқдир чорамиз,

Назаринг тушмаса, биз бечорамиз.

Нажот истаб яна қайга борамиз?

Ўзинг мадад бергин, Ўзинг қўллагин,

Гўзал жаннатларинг сари йўллагин...

 

Абдулносир БОБОМИРЗАЕВ,

Тошкент Ислом институти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Суббота, 07 Апрель 2018 00:00

Ёлғоннинг ҳазили бўлмайди

Бир оғайним айтиб қолди: Танишларимдан бири телефонда ташвишли хабар айтди. Бу хабардан аёлим ҳам ғамга ботди. Кўп вақт ўтмай, яна қўнғироқ қилди, ҳали айтган совуқ гапим ҳазил, биринчи апрел муносабати билан ёлғон гапирувдим, деди. Мен эсанкираб қолдим. Шунақа ҳам ҳазил қиладими, деб ғазабландим.

Ёлғончилик жуда ёмон хулқ, у инсонни дўст­ларидан узоқлаштиради. Ислом динида истисноли ўринлардан бошқа пайтда ёлғон гапиришга мутлақо рухсат берилмаган. Пайғамбаримиз  одамларни кулдириш мақсадида ёлғон гапиришдан ҳам қайтарганлар: “Гапириб қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин, ҳалокат бўлсин...” (Имом Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Бошқа бир ҳадисларида: “Банда ростгўй бўлса ҳам, мазах ва жанжалда ҳам ёлғонни тарк қилмагунича комил мўмин бўлолмайди”, деганлар (Имом Аҳмад, Табароний).

Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: Саҳобалар бизга гапириб беришди: Улар Набий  билан йўлга чиққанларида, йўлда бир киши ухлаб қолди. Бошқалар ухлаб қолган кишининг арқонини (ҳазиллашиб) олиб қўйишганида, у қўрқиб кетди. Шунда Расулулллоҳ : “Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар (Имом Абу Довуд).

Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язиддан қилган ривоятда: Расулуллоҳ : “Ҳеч бирингиз биродарининг буюмини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам олиб қўймасин”, деганлар, (Имом Термизий ривояти).

Сизни тинглаган, ишонч билдирган кишини алдаш хиёнатдир. Ҳадисда: “Биродарингиз гапингизга ишониб турганида, сиз уни гапингиз билан алдашингиз қандай катта хиёнатдир”, дейилган. (Имом Аҳмад ва Табароний ривояти).

Кўпинча ҳазиллар, ёлғонлар сабабли кўнгил­хиралик юз бериб, ҳатто оилалар ўртасига совуқ­чилик тушиши мумкин. Бундай иллатлардан йироқ бўлайлик.

 

Қудратуллоҳ Сиддиқметов,

Кўкалдош мадрасаси мударриси,

“Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Ғусл сўзи фуқаҳолар тилида баданни ювиш маъносидадир. Агар бутун баданга сув оқизилмаса, бадан ювилган ҳисобланмайди. Намлаш ёки ҳўллаш ювиш дегани эмас, ювишда сув бутун бадан бўйлаб оқиши керак. Ғуслнинг рукни сувни баданнинг ҳамма тарафига оқизиб етказишдир. Сувнинг бир марта етиши фарздир. Агар баданнинг озгина жойига, масалан, бирор тук тагига сув етмай қолса ҳам, ғусл қилинмаган бўлади. Демак, бутун баданга сув етказиб ювиш ғуслдир. Аллоҳ таоло: “Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз – чўмилингиз!” яъни, баданларингизни поклангиз, деган (Моида сураси, 6). “Баданларингизни поклангиз” буйруғи зоҳиру ботинни қамраб олади. Яъни, “бадан”нинг устини ҳам, ичини ҳам, хуллас, “қийналмай тозалаш мумкин бўлган ҳамма жойини тозалаш керак”, деганидир. 

ҒУСЛ   ҲУКМЛАРИ   ҲАҚИДА

Ғуслда баданнинг ичкарисидан ҳисоб­ланган оғиз‑бурунни чайқаш фарз. Демак, бутун баданга сув етказиш ва оғизни чайиш, бурунни ачиштириб чайқаш фарз бўлди. Агар оғиз ва бурун чайқалмаса, бутун бадан неча марта ювилса ҳам, ғусл адо бўлмайди. Оғиз ва бурунни чайқаш таҳоратда фарз эмас, суннат эди. Бунинг сабаби, оғиз ва бурунга сув етказиш қийинлигидан эмас, балки таҳоратда юзни ювиш фарз бўлгани учундир. Оғиз ва буруннинг кўз тушадиган ташқи томони юз ҳисобланса ҳам, ичи юз ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло “ғусл қилишда бутун баданларингизни тозаланглар” деб буюрган, баданнинг ичию ташқарисини – қийналмай ювиш мумкин бўлган ҳамма жойи­ни ювиш ғусл ҳисобланади.

Ғуслда соқолнинг тагига сув етказиш шарт бўлгани каби унинг ораларига ҳам сув етказиш шарт. Демак, соқолни ҳам тўлиқ ювиш керак. Шунингдек, сочи ўрилмаган, балки ­ёйилган аёл ҳам ғуслда сочини тўлиқ ювиши ва ораларига тўлиқ сув етказиши шарт. Фақиҳ Абу Жоҳир Бандовий ҳам шундай деганлар. Чунки соч-соқолга шу ҳолатда қийналмасдан сув етказиш мумкин. Аммо аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёйиб ювиш керакми? Бу тўғрида уламоларда икки хил ҳукм бўлди. Баъзилари агар сочи ўрилган бўлса ҳам, сочини ёйиб унинг ораларига сув етказиш керак, дедилар. Пайғамбаримиздан :  “Ҳар бир тук остида жунублик бордир. Огоҳ бўлинглар, сочнинг ҳар бир тукини ҳўлланглар ва туксиз баданни покланглар” мазмунли ҳадис ҳам ривоят қилинган. Яъни, тук бўлмаган жойларини тўлиқ ювганингиз каби бадандаги тукларни ҳам ювинглар, соч-соқол каби тукларга ҳам сув етсин, деб буюрдилар. Демак, агар аёл кишининг сочи ўрилган бўлса, уни ёзиб, ораларига сув етказиб ювиши шарт, дейдилар айрим уламолар. Баъзи уламолар, соч ўрилган бўлса, уни ­ёйиб, ҳар бир соч орасига сув етказиш вожиб эмас, дейишади. Мазҳабимизнинг улуғларидан шайх имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ҳам шу ҳукмни ихтиёр қилганлар. Шу ҳукм тўғридир. Бунга далил шуки, Умму Салама  онамиз: “Мен бошимдаги кокилимни қаттиқ боғлаб ўраман, ғусл қилганимда шуни ечиб ғусл қилишим керакми?”  деб сўраганларида Расулуллоҳ : “Бошингдан ва бутун баданингдан сув қуйгин ва ўша қуйган сувинг сочинг тагига етиб борса,  кифоя қилади”,  дейиш билан мана шу енгилликни берганлар. Чунки шариат аёл кишига ўриб боғланган сочини ечишга буюрса, унга танглик-қийинчилик бўларди. Аммо ўрилмаган сочга нисбатан айтиладиган “ҳар бир соч орасига сув етсин” деган гапда ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Ҳадисдан шу маъно чиқади.

Юқорида келтирилган “ҳар бир тук тагида жунублик бор, ҳар бир тукни ювинглар, ҳар бир тукка сув етсин” ҳадисидан: агар соч ёйилган бўлса, шундай қилинглар, деган маъно келиб чиқади. Умму Салама  онамиздан ривоят қилинган кейинги ҳадис эса ўрилган сочни ғуслда ёйиш шарт эмаслигига далил бўляпти. Демак, ғусл вақтида сочни ёйиш шарт эмас, лекин ҳар бир тола соч тагига сув етмаса, ғусл бўлмайди.

Киндикнинг ичига ҳам сув етказиш вожибдир. Киндикнинг ичи ҳам баданнинг ташқариси ҳисобланади ва ғусл вақтида у ҳам ювилган бўлиши керак. Чунки киндикка қийналмай сув етказиш имкони бор. Демак, киндик ичига намланган ҳўл бармоқ киритилса, тоза бўлади ва ундаги бир дона тук тагига ҳам сув етмай қолмайди. Аёл киши ғусл қилганда ташқи жинсий аъзосини ювиши лозим. Чунки уни ҳам қийналмай ювиш мумкин.

Динимиз ғусл вожиб бўлмаган баъзи ҳолларда ҳам ювинишга буюради. Масалан, жума намозига чиқишдан олдин ғусл қилинади. Зеро, жамоат жойида, хусусан, руҳий поклик маскани – масжидда кишидан бадбўй ҳид келиб туриши суннатга хилофдир. Айниқса, бу ҳолат ёз ойларида жуда сезилади. Динимиз барча соҳада покликка буюриб турсаю, мусулмон одам қандай унга зид иш қилиши мумкин? Ислом уммати ўзининг сўзи билан ҳам, амали билан ҳам, ҳатто баданидан чиқадиган ҳид билан ҳам бировга озор етказмаслиги керак. Бировга озор тегишини истамаган киши ўзига қараши, сўнгра буни бошқаларга ҳам насиҳат қилиб, тушунтириши лозим. Чунки поклик дини бўлган бизнинг динимизда бутун вужуд ва қалб поклиги ҳар бир киши учун катта аҳамият касб этади.

Ювиниб олиш жуда осон бўлиб қолган ҳозир­ги замонда пок ва тоза юриш ҳамма учун, айниқса, мусулмон учун оддий ҳол бўлиши керак. Ҳолбуки, бизга покликни ўргатаётган бу дин бир минг тўрт юз йил аввал жазирама араб саҳросида ҳар томчи сув олтиндан юксак қадрланадиган, ҳеч қандай қулайликлар бўлмаган шароитда ҳам бутун баданни уч мартадан ювишга буюрган. Пайғамбаримизнинг  таҳорат ва ғусл бобида ўзлари бажариб кўрсатган амалларини покликнинг умматга ибрат бўлиб қолган андозаси деса бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) масжидга кириш одоблари бобида кўплаб ўгитлар берарканлар, айниқса, хом саримсоқ ё пиёз еган одамларнинг у ерга йўламаслигини буюрганлар. Бунга сабаб шуки, ўша ҳид билан ёнидагига озор беради. Терлаб ювинмаган одамнинг ҳиди эса саримсоқ еган одам ҳидидан ёмонроқ бўлади. Динимиз мана шунга ҳам қарши бўлиб, тоза бўлиш кераклигини уқтиради.

Ислом поклик дини экан, энг кичик нарсада ҳам поклик бўлиши керак. Масалан, ўнг қўлда овқат ейиш суннат. Таом учун қўл ювилдими, энди уни фақат таомни ушлашга ишлатиш керак. Бирор нарсага ҳожат бўлса, иккинчи – чап қўлни ишлатса бўлади. Тозалик талабларига чинакам риоя қилиб яшайдиган мусулмон кишининг бутун вужудидан эса поклик балқиб туради. Шунинг учун мусулмон одам тозаликнинг энг юқори мақомида бўлиши керак. Кўзимизга жуда арзимас  бўлиб кўринган ишда ҳам пок бўлиш лозим.

Бу ҳолатларда ғусл қилиш фарздир: жунуб[1], ҳайз ва нифосдан сўнг. Аллоҳ таоло жунуб ҳолатда ғусл қилиш фарзлигини ояти каримада билдирган: ,,Агар жунуб бўлсаларингиз, пок­ланингиз, чўмилингиз” (Моида сураси, 6). Яна бир ояти каримада: “Эй мўминлар то гапираётган гапингизни билмагунингизча маст ҳолингизда намозга яқин келманглар ва яна сафарда бўлмасангиз то чўмилмагунингизча жунуб ҳолингизда (намозга яқин келманглар) (Нисо сураси, 43) дейилган. Демак, жунуб киши ғусл қилмасдан пок ҳисобланмайди ва масжидга кирмайди, қилган ибодати ҳам мақбул бўлмайди.

 

Шайх Алоуддин МАНСУР

таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

[1] Бу ўринда эҳтилом ва жинсий яқинлик назарда тутилган.

 

Top