muslim.uz

muslim.uz

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, серқатнов кўчанинг қоқ ўртасида турган тош кимгадир мусибат олиб келишини? Болалар ўйнаб қолдирган тош кўпинча ҳеч биримизнинг эътиборимизни тортмайди. Ичимизда кимгадир лаънат айтиб тошни айланиб ўтиб кетамиз.

Автоуловимизни тўхтатиб, ўша тошни олиб ташлашга ё эринчоқлик қиламиз ёки уни олсам, уст-бошим, қўлим кир бўлади, кўрганлар нима дейди каби ҳар хил андишаларга борамиз. Мўмин-мусулмон борки, албатта жаннатни орзу қилади. Бугунги кунда жаннатга киритадиган амални Пайғамбаримиздан эмас, балки ўзларининг тўдабошлиқларидан эшитиб, Аллоҳнинг берган неъматига хиёнат қилиб, ўзларини портлатиб, кечириб бўлмас гуноҳга қўл ўраётганлар қанчадан-қанча. Бунинг оқибатида эса бегуноҳ инсонлар вафот этишмоқда. Аслида жаннатга киритадиган амални Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳиҳ ҳадисларидан ўрганиб амал қилишимиз керак эмасми?

Бир саҳобий Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўради. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деди. Абу Барза ал-Асламийдан ривоят қилинади: “Ё Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг”, – деди. “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, – дедилар”.

Бу каби ишларни “Мен ҳам шу ишни қилиб, жаннатга кирай”, деган эътиқодда қилиш нақадар буюк, улуғ иш эканини бир ўйлаб кўрсак яхши бўларди. Балким шунда йўлда ётган нарсага кимдир қоқилиб жароҳат олмаган бўлармиди?

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳолининг 93%ини мўмин-мусулмонлар ташкил этилишини инобатга олган ҳолда, ҳамма бу ҳадиси шарифдан бохабар бўлсалар ва ҳаммалари шу ҳадисга ихлос қилсалар, ҳаммалари жаннатга кириш пайидан бўлсалар, нима бўлишини тасаввур қилиб кўраверинг. Бу ҳадисни Ватанимизни ҳар бир мўмин-мусулмонлари билиб, унга ихлос билан амал қилса, хонадонларимиз, кўчаларимиз, йўлларимиз, бозорларимиз, мозорларимиз энг покиза, ҳеч қандай озорсиз, кўнгилни хира қиладиган нарсаларсиз бўлар эди.

Давлатимиз томонидан равон йўллар қурилиб, халқимизнинг автоуловларда юришлари учун жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Қолаверса, туризмнинг ривожланиши учун улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яратилаётган бу шароитлар учун биз нима қилишимиз керак? Албатта, бу неъматларни қадрига етиб, асраб-авайлашимиз зарур. Бироқ афсуслар бўлсинки, баъзида бунинг тескарисини кўриб қоламиз. 

Бўстонлиқ тумани ўзининг гўзаллиги, зилол сувлари, бетакрор табиати билан инсонни ўзига ром этади. Баъзида хизмат сафари билан Оқ-тош, Хумсон, Чорбоғ, Бурчмулла, Чимган, Сижжак ва бошқа қишлоқларга борганимда хунук манзарани кўриб, шу ҳам инсофданми дегим келади. Агар эътибор берган бўлсангиз йўл четига қўйилган бетон тўсиқлар кимнингдир севги изҳор қиладиган реклама майдонига айланган. Бунга изоҳни ҳам хожати йўқ.

Аслида бетон тўсиқлар ҳайдовчиларнинг хавфсизлиги учун ўрнатилан бўлиб, уни оҳаклаш учун қанча инсонларни меҳнати, қолаверса давлатимизни маблағи кетган. Яна бир ачинарли ҳолат. Автоуловда кетаётган фуқаролар билиб-билмасданми, ишлатилган ичимлик идишларини худди бир савобли ишни қилаётгандек автоулов деразасидан йўл четига “улоқтириб” кетишади.

Биз кимгадир ақл ўргатишдан йироқмиз. Фақат ўзимизни ожизона фикримини билдирдик халос. Хулоса чиқариш барчамизни виждонимизга ҳавола. 

Маҳмуджон АБДУСАИТОВ

 Бўстонлиқ туман “Дониёр бин Озод” жоме масжиди

имом-ноиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мадинаи мунаввара Набий алайҳиссаломнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қуръони Каримнинг фиқҳий аҳкомларига оид оятлари нозил  бўлди. Айни шу  шаҳарда  Ислом динининг тарихига оид кўплаб ҳодисалар бўлиб ўтган. Расулуллоҳ (соллааллоҳу алайҳи васаллам) муборак  ҳадисларининг  кўпини шу ерда  айтганлар. Мадинаи  Мунаввара Ислом  давлатининг  пойтахти, бош  шаҳри, илмий ва фиқҳий маркази  ҳисобланиб, саҳобаларнинг катталари, халифаларнинг  рошидлари яшаган жойдир.

Шунинг учун Мадинаи Мунавваранинг фиқҳ мадрасаси  бошқа  мадрасаларга қараганда кучли ва машҳур бўлиши турган гап. Албатта, катта саҳобаларнинг  бу маънодаги  ҳиссалари беназир. Аммо  Мадинаи Мунавварада  илмга мутахассис  бўлган ва фиқҳий мадрасага  асос  солган  саҳобаларнинг  номларини  тарихчиларимиз   алоҳида  тилга  оладилар. Уларнинг ичида  Зайд ибн Собит ва Абдуллоҳ ибн Умар  розияллоҳу анҳумо  ўзларига хос  манзилага эгалар.

Зайд ибн Собит ибн Заҳҳоқ  Ансорий ал-Хазражий розияллоҳу анҳунинг (кунялари  Абу Саъийд) иккита катта  фазилатлари машҳурдир. Биринчиси, халифанинг  йўқлигида унинг  вазифасини вақтинча бажариб туришлари. Иккинчиси, Ислом  давлати  пойтахтида  тенги йўқ олим  бўлганлари.

Ибн Саъд Амр  ибн Дийнордан  ривоят қилинади: “Ибн Умар  катта  фақиҳлардан  ҳисобланар эди”. Ибн Абдул  Барр  ўз  китобида ёзишича, Абдуллоҳ  ибн Умар  розияллоҳу анҳу шундай деган:

“Илм  уч нарсадир:  нотиқ китоб, ўтувчи суннат  ва “билмайман”. Яъни: Абдуллоҳ ибн  Умар  розияллоҳу анҳуда  илмнинг ушбу   уч тури  ҳам  етарлича  бор  эди. У  киши Аллоҳ  таолонинг  китобини ва  Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг суннатларини  жуда  яхши  билар  эдилар. Шу билан  бирга, билмаган нарсаларини ҳам  дарҳол  тан олар  ва  ўз жойида  “билмайман” дейиш  билан  фаҳрланар эдилар. Шу ўринда  шаръий далилларга  ҳам  тўхталиб ўтсак:

Шаръий  далиллардан  мурод Қуръони Карим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушунилади. Фарий ҳукмлардан мурод эса  шаҳобча,  кичик  аҳамиятли нарсалардир.

Шариат ибодат ва муомилатларни  ўз ичига олувчи  ҳукмлардир. Лекин оят ва ҳадисларда   зикри келмаган масалалар ҳам бор. Бу турдаги масалаларни ҳал қилишда эса фақиҳларга ижтиҳод  эшиклари кенг очилган. Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг   энг улуғи бу  дин ҳукмларига инсонларни қизиқтиришдир.  Айниқса фиқҳий жабҳаларда, жумладан, ибодат, амал  ва муомилат  масалаларида  аниқ бир ҳужжатга эга бўлсинлар. Ислом  фиқҳи  замонлар  оша мусулмонларнинг  талабларига жавоб бериб келмоқда  ва ўзининг  барча замонлар  ҳамда маконларга  мос эканини исбот қилмоқда.

Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф  Бернард Шоу “Мен доим ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи  кучга эгадир. Ва барча замонларда башариятнинг  фойдасига хизмат қила олади”, деган. Инглиз тарихчиси  Вилз ўзининг “Инсоният тарихи  ифодалари” китобида  қуйидагиларни  айтади: “Европа ўзининг идорий ва тижорий  қонунлари бўйича  исломдан қарздордир”. Француз тарихчиси Сидю: “Напалеоннинг  қонуни  Имом Молик  мазҳабидаги “Шарҳи  Дирдир ъала матни  ҳалил” номли фиқҳ китобларидан  кўчирмадир”,  деб  ёзади. Фиқҳ  фани ғарбда  Исламик Лав, муслим Лав (инглиз тилида), ле Дроит  мусулман (француз тилида), Исламисче Гесетз (немис тилида ) каби  номлар  билан  юритилади.

Фиқҳ сўзи  атама сифатида  Қуръон ва ҳадисларда  қўлланилади. Фиқҳ ислом дини вужудга келиб ҳалифалик  қарор топиши  биланоқ дарҳол таркиб топган эмас. Фиқҳнинг қарор топиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари ва саҳобаларнинг  айтган гапларини  ёзиб олиш билан бирга давом этган. Зайд ибн Ҳасаннинг “Мажмул фиқҳ”, Молик  ибн Анаснинг “Ал-Муватто”, Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ал-Муснад” китоблари фиқҳга оид  дастлабки асарлар ҳисобланади. Улар муайян танлаб олинган  ҳадислардан иборат  эди. Фиқҳ  илми  Х асрга келиб мустақил фан сифатида  шаклланган. Фиқҳ билан  шуғулланувчи, уни ўрганувчи киши “фақиҳ” деб аталган. Бунда фақатгина шариат ҳукмларини содда ва юзаки билиб олиб, уни ёд олиш етарли эмас. Балки уларнинг барча сабаб ва ҳикматларини билмоқ ва шариат асосчисининг мақсадларини англамоқ зарур ҳисобланади. Шунинг учун шариат ҳукмларини содда услубда билган киши олим  дейилса ҳам, фақиҳ дейилмайди. Фақиҳ олимларнинг таъкидлашича, илм  ва фиқҳ орасида  умум  ва хусуси  мутлақ бор, яъни илм умумий маънода, фиқҳ эса  хос маънода  ишлатилади. Шу  сабабли   ҳам  фақиҳ  олим бўлади, аммо  ҳар  бир олим  фақиҳ эмас  дейилган.

 

Маърифат ЭСОНОВА

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта-махсус ислом
билим юрти
талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Саудия Арабистони Қироллигининг Туризм ва миллий мерос бўйича ташкилоти “Муқаддас шаҳарни мадҳ қилиш” деб номланган кўнгиллилар лойиҳаси билан ҳамкорликда ажойиб ишни ташкил этишди.

“Ал-Мадина” нашрининг хабар беришича, улар Савр тоғи атрофини турли чиқиндилардан тозалаш бўйича ободонлаштириш ишларини амалга оширишди. Бу Туризм ва миллий мерос ташкилотининг кўнгиллилар гуруҳи билан Маккадаги тарихий масканларни ободонлаштириш бўйича биринчи лойиҳаси эмас. Ушбу лойиҳада 600 та кўнгиллилар иштирок этди ва улар 200 қопдан зиёд чиқиндиларни тўплашга муваффақ бўлишди. Тозалаш ишларидан ташқари, лойиҳа иштирокчилари учун экскурсия ташкиллаштирилди ва уларга Ислом дини ва тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий масканлар ҳақида сўзлаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, Савр тоғи Маккаи мукаррамадан 5 километр узоқликда жойлашган. Айнан мана шу тоғдаги ғорда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг энг яқин саҳобийлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижратга кетаётганларида ортларидан таъқиб қилиб келаётган Қурайшлик мушриклардан беркинишган. 

Манба: ziyo.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Бобур номидаги халқаро фонд раиси Зокиржон Машрабов қўшни мамлакатда тинчлик ўрнатишнинг халқларимиз маданий яқинлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Мамлакатимиз буюк аждодларимиз юрган йўллар бўйлаб ташкил этган илмий экспедициялар самарасида сўнгги йигирма йил давомида Афғонистон заминида йигирма маротаба бўлдим. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Заҳириддин Муҳаммад Бубур номидаги халқаро фонд ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида фонд экспедицияси Ўзбекистон заминида туғилиб, тақдир тақозосига кўра бошқа юртларда умргузаронлик қилган кўплаб буюк аждодларимизнинг қабр-мақбараларини излаб топиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича кенг кўламли изланишлар олиб борди. Афғонистон ва Ҳиндистондан то Африка қитъасигача бўлган ҳудудларда тадқиқотлар олиб бордик. Бу ҳақда 27 фильм, 6 китоб ёзиб, халқимизга тақдим қилдик.

Афғонистон тупроғида Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Бобур, Камолиддин Беҳзод каби кўплаб алломалар хоки мангу қўним топган. Уларнинг мақбаралари ҳароба аҳволга келиб қолган эди. Мамлакатимиз раҳбариятининг эътибори ва кўмаги туфайли ушбу аждодларимиз мақбараларини тиклаб, зиёратгоҳга айлантиришга муяссар бўлдик. Ушбу қадамжоларга юртимиз уста-ҳунармандлари ясаган сағаналар ўрнатилди, бинолари қимматбаҳо тошлар ва нақшлар билан зийнатланди. Ўзбекистондан 2 минг тупдан зиёд кўчат олиб борилиб, Алишер Навоий бобомиз зиёратгоҳи атрофида боғ барпо қилинди.

Ўзбекистоннинг буюк аждодларимиз хотираси тиклаш ва абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида амалга ошираётган бундай хайрли ишлари бутун оламга ибрат бўлаяпти. Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати ва халқи аждодлар хотирасига кўрсатаётган юксак эҳтироми учун мамлакатимизга миннатдорлик изҳор қилиб келмоқда.

2016 йили бўлган халқаро конференцияда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг олиб бораётган савоб ва эзгу ишлари учун мени Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот билан тақдирлаган эди. Буларнинг бари халқларимиз яқинлигига янада кенг йўл очишига ишончим комил.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўз фуқаролари учун виза расмийлаштирмасдан қўшни мамлакат ҳудудида 30 кунгача бўлиш имкониятини яратиб берганидан хабарингиз бор.
Қардошлар бундан унумли фойдаланиб, Наврўз айёми нишонланган кунларда саёҳатга отланишди. Хусусан, кўплаб тожикистонликлар диёримизга ташриф буюриб, ўз сафарларини кўтаринки кайфиятда, завқ-шавқ ва ҳайратга тўлиб ўтказишди. Олган катта таассуротларини интернет ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларига тезда жойлаштириб, барча билан ўртоқлашди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри “news.tj” ахборот порталига иқтибосан маълумот берди.
Қуйида уларнинг айримларини келтириб ўтамиз.
“Қарор қабул қилинди: чегара очиқ! Қани кетдик. Эрталаб соат 8:00дан Тожикистон – Ўзбекистон чегарасига етиб келдик. Ҳеч қандай танқид йўқ, фақат ахборот. Биз томондаги чегарада озгина тартибсизликни ҳисобга олмаганда, ҳамма ўтаяпти. Қардош Ўзбекистон томонда 5-6 нафар чегара хизмати зобити ва 2 нафар божхона хизмати ходими менинг автоуловимни синчковлик билан текширди. Қатъий, лекин мулойимлик билан. Бунинг учун уларга плюс”, — деб ёзади Фарход Сангинов. Шунингдек, у Ўзбекистонда нарх бўйича ҳамма нарса арзонлигини қайд этиб, жумладан шундай таъкидлайди: “Бир порция кабобда — учта сих. Тухум, ун, мандаринлар, нон — арзон”.
Айтганча, дам олиш кунлари мамлакатимизга келган тожикистонликларнинг маҳсулотлар Ўзбекистонда Тожикистонга нисбатан анча арзонлиги ҳақидаги фикрлари ижтимоий тармоқларда асосий ўринни эгаллади, трендга айланди.
Меҳмонлар, шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари томонидан кўрсатилган хушмуомалаликни алоҳида эътироф этдилар.
“Йигирма йилдан ортиқ вақт ичида бир-биримизни кўрмаган эдик, бир-биримиз ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эдик, энди худди ўртада нифоқ бўлмагандек учрашдик, биз ҳақиқатан ҳам ўзбеклар билан биродарлармиз, биз минтақадаги энг яқин халқлармиз”, — деб қайд этади ПарвизХЗ никли яна бир фойдаланувчи.
Шулар қаторида Тожикистонга ташриф буюрган ўзбекистонликлар ҳам қўшнилар меҳмондўстлигидан хурсанд эканлигини яширмаган.
“Тожикистон халқига меҳмондорчилик учун раҳмат, — деб ёзади самарқандлик Нодир Аҳмедов. — Кеча Самарқанд тарафдан Душанбега ўз автоуловим билан бордим! ДАН ходимлари яхши ва хушмуомала. Қардош Тожикистон халқига меҳмоннавозлик учун миннатдорлик билдираман. Тожикистонда ҳеч қачон бўлмаганман, кеча илк бор ташриф буюрдим, ўз машинамда Душанбе, Панжикент шаҳарларини айландим, ҳаммаси аъло — муаммо йўқ. Ўзбек ва тожик халқига ҳурмат! Президентларга раҳмат!”
Ўз навбатида, “Facebook”даги Тожикистоннинг машҳур гуруҳларида ўзбекистонлик, Ўзбекистоннинг машҳур гуруҳларида эса тожикистонлик кўплаб янги иштирокчилар пайдо бўлди.
Қолаверса, ўзбекистонликлар қўшни юртдан келадиган меҳмонларга қўлидан келганча он-лайн кўмак беришга интилган.
“Болалар, мана сизга Тошкент метроси харитаси”, — деб фотосуратларни тақдим этган ўзбекистонлик Бобур Феникс.
Яна бир фойдаланувчи Отабек Фатхуллаев эса Тошкентнинг қайси жойида овқатланиш мумкинлиги, Ўзбекистоннинг исталган банкида валюта айирбошлаш имконияти мавжудлиги, хусусан, 1 АҚШ долларининг давлат курси ҳақида маълумот берган.
Ҳатто, айрим ўзбекистонликлар ёрдам керак бўлса деб ўз шахсий телефон рақамларини, тожикистонликлар эса бунга жавобан ўз рақамларини қолдирган.
“Биз Самарқандга бувимиз билан бордик. Мен уни ўз машинамда олиб бордим. У киши 79 ёшда, — деб ёзади Нодир Иброҳиов “Facebook”даги саҳифасида. — У йўл бўйи жим кетди. Самарқанд унинг Ватани ва бувим энди у ерга бошқа бора олмаслиги ҳақида кўп гапирарди. Лекин борди. Унинг ушалмас орзу армонини амалга оширган барчага раҳмат, бизнинг қардош халқларимизга шон-шарафлар бўлсин. Бундан буён доим шундай бўлаверсин”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил апрель ойида мамлакатлар ўртасидаги автобус қатновлари янгиланиб, Тожикистондан автобуслар Ўзбекистондаги бешта шаҳар — Тошкент, Самарқанд, Денов, Термиз ва Фарғонага боради. Шундан сўнг юқоридаги каби дил сўзлари, орзулар рўёби кўпайишига шубҳа йўқ.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Top