muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) бош директори Ҳакима Моҳд Юсуф ва ушбу мамлакатда бўлиб турган Бухоро вилояти делегацияси вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини ҳалол сертификати бериш бўйича расмий орган сифатида аккредитациядан ўтказиш ва бу борада Малайзиянинг илғор тажрибасини жорий этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) синов лабораторияларини аккредитация қилувчи («HALAL» сертификатини берувчи) ва уларнинг фаолиятини сертификатловчи давлат органи ҳисобланади. JAKIM таркибида “Latihan Islam” институти ташкил этилган. Институт синов лабораториялари ходимлари учун ISO стандартлари ва «Halal» сертификатлаш тизимини жорий этиш бўйича малака ошириш курсларини ташкил қилади.
Бугунги кунга қадар JAKIM сертификатлари Малайзияда тан олинган дунёнинг 46 давлатининг миллий сертификатлаштириш органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Музокаралар давомида Малайзия томонига Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида амалга оширилаётган таркибий ўзгаришлар, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш учун муҳит яратиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий усулларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чора-табирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Малайзия томони Ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришдан, шунингдек, Бухоро вилоятида Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар марказини («Centre of Excellence») очиш таклифини кўриб чиқишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича JAKIM Ислом тараққиёти департаментига Ўзбекистоннинг расмий аризасини топшириш ва Малайзия томони билан биргаликда Ҳалол сертификатлаштиришни амалга ошириш бўйича мутахассислар маркази («Centre of Excellence») ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ҳамда “21 октябр – Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Келажак – менинг тасаввуримда” ижодий кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Кўрик танловда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасидан Ислом Муҳаммад домла ва таълим муассасаси талабалари ҳаттотлик йўналишида фаол иштирок этишди, улар томонидан маҳорат дарслари намойиш қилинди.
Мазкур маънавий-маърифий тадбир Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати

Пятница, 21 Октябрь 2022 00:00

Ҳижрат диннинг рукними? (аудио)

Баҳодир Ботиров
Чуст тумани "Охунбобо" жоме масжиди имом-хатиби

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Макка шаҳридаги «Hotel Makkah by Millennium» меҳмонхонасида ватандошлар иштирокида маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Бу борада хориждаги кўплаб университетларда ўзбек тили марказлари ташкил этилгани ва бу таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошди, хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда.
Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган асли ўзбек бўлган бухорийлар диаспораси вакиллари миллатимиз аслини акс эттирувчи ўзбек тилини эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш ҳамда ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш долзарб вазифага айланиб бораётганини қайд этдилар.
Бўлиб ўтган учрашув якунида Саудия ҳудудида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, диаспора вакиллари фарзандларининг миллий тилимизни мукаммал эгаллаши учун махсус курслар ташкил этиш ва уларни зарур адабиётлар билан таъминлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top