muslim.uz

muslim.uz

Яқин бир йил давомида Туркиянинг Кир шаҳрида 800 йиллик тарихга эга «Жажабей» мадрасасини реставрация қилиб чиқишади. ЮНЕСКО маданий мерос рўйхатига киритилган ушбу мадрасанинг 21 метрлик баландликдаги минораси ҳам анъанавий тарзда, ҳам обсерватория сифатида қўлланилган.
«Исламосфера» нашрининг хабарига кўра, ушбу мадраса 1217 йилда султон Кайхусравнинг Кир шаҳридаги беги бўлмиш таниқли давлат арбоби Жажабей фармони билан қурилган.

Мадрасага киравериш эшиклари устида икки шар ўрнатилган бўлиб, улар Ер ва Қуёшнинг тимсоли ҳисобланади. Ичкарига киришда очиқ гумбазли яримдоира зал ва унинг марказида ҳовуз жойлашган. Ушбу ҳовузнинг вазифаси тескари ағдарилган телескоп вазифасини ўтаган. Тунда очиқ гумбаз орқали сувда юлдузли осмон акс этар эди. Шундай қилиб, фалакшунослар толибларга Қуёш тизими ва коинотнинг тузилиши ҳақида кўргазмали равишда гапириб бериш имконига эга бўлганлар. Ҳовуз тубига 12 поғона олиб боради. Ҳовуздан кейинроқда икки томонда икки устун қад кўтариб турибди, унда аниқ масштабга риоя қилган ҳолда қуёш тизимининг тасвири берилган. Энг катта айлана Қуёшнинг тимсоли бўлса, бир-бирининг устига қўйилган шарлар эса сайёраларни билдиради.

Мадрасада 8 та ўқув хоналари мавжуд. Бино фасадида яна 3 та ракеталар шаклидаги устунлар мавжуд. Улардан бири гўёки олов билан бирга бўладиган ракетани коинотга учириш босқичи, иккинчиси – унинг баландликни олиш босқичини тасвирлайди.

Шуниси қизиқки, Жажабей мадрасасининг фаолиятига ўша пайтда Кўнёда яшаган мавлоно Жалолиддин Румий катта баҳо берган. Буюк ўзбек астрономи Мирзо Улуғбек эса ғарбий Туркманистонда Жажабей мадрасига ўхшаш обсерваторияга асос солган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бугун, 18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг таклифига биноан Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Ушбу йирик анжуман Кавказ мусулмонлари идораси ташаббуси билан Австриянинг Федерал ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган. Унда Ислом бирдамлиги ва динлараро мулоқот мавзулари муҳокама қилинади. Кўплаб давлат ва дин арбоблари, таниқли уламолар қатнашади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қашқадарё вилоятида ўтказилган Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилиши "Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар" мавзусига бағишланган эди. Ушбу йиғилишда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият юритаётган олий таълим муассасалари раҳбарлари ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов таълим тизимига боғлиқ бўлган муаммолар ҳақида муносабат билдириб қуйидаги фикрларни билдирди: «Бу катта саволни беришдан аввал, сиз глобалроқ жавоб кутдингиз. Вақтида Термиз шаҳри Термизийлар ва уларнинг илм-фани билан дунёни лол қолдирган, дунёга бўй чўзган. Худди шундай Кеш, соҳибқирон Амир Темур, у тузган давлат, давлатчилик, олимларнинг фаолияти ҳақида гапирдингиз...

Масалага бир мисол билан ёндашсак, яқинда университет халқаро бўлими бошлиғи хабар бериб қолди, Термиз шаҳрига Покистон ва Ҳиндистондан 70 нафарга яқин алломалар келишган. Улар Термизнинг улуғ шаҳар экани, бу ерликлар муқаддас заминда яшашини айтишди. Бироқ уламолар халқнинг юзига, кўзига боққанида қалбда илм сустлигини кўришганини айтишган. Биз мақбарани чиройли қилиб қўйдик, қани ал-Ҳаким ат-Термизий? Қани "Сунани Термизий"нинг кейинги томлари? Аксарият ҳолларда инсонлар кўр-кўрона зиёратини йўлга қўйдик. Ёзав-чизувнинг кўплиги, ғийбат, ғурбат ҳамда коррупция ҳолатлари кўп бўлган. Устоз-шогирдлар ва жамоа ўртасидаги хасад илмий салоҳиятнинг тушиб кетишига сабаб бўлди. Бундай маънавий ҳасталикларнинг кўплигига сабаб нима? Мен битта сабаб келтираман.

Биз юз йил давомида Олий таълимдан Исломни суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаромни суғуриб олдик. Биз Ҳётени ўргатдик, лекин жанои Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларидан келтиришга чўчидик» дея фикрини давом эттирди Ректор.

"Биз Ислом маърифатини фақат имомлар гапирсин дедик, дунёвий илм олганлар бу ҳақда гапирса унга бошқача қарадик".

Фиркларнинг тўлиқ шакли билан видеолавҳа орқали танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Парвардигоримизга шукурки, юртимиздаги тинчлик, осойишталик ҳамда муқаддас динимиз, бебаҳо қадриятларимизни асраб авайлашга бўлган давлат даражасидаги эътибор сабаб, масжидларимиз кўркам қиёфа касб этмоқда. Бинолари эскириб, нураб қолган масжидлар ўрнида янги масжидлар қад ростламоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш  ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сон қарорига мувофиқ ҳудудларда фаолият юритаётган масжидларнинг эски биноларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра Республика бўйича 159 та масжид тўлиқ қайтадан қурилади.

Ана шу дастурга мувофиқ “Сирож солиҳ”, “Тўқмоқ ота”, “Хўжакент”, “Сори эшон Абдали” масжидларининг қайта қурилишига илк ғишт қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.

Куни кеча Жиззах вилояти Фориш туманидаги "Янгиқишлоқ" жоме масжиди биноси қурилишига илк тамал тоши қўйилди. Маросимда Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов, вилоят бош имом-хатиби Меҳмонали домла Жабборов ва бошқа мутасаддилар, масжид жамоати иштирок этдилар. Йиғилганлар хайрли дуо, эзгу ниятлар билан табаррукона биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Масжид тез орада қад кўтариб, ҳудуд аҳолисининг диний-маърифий билимлари, ахлоқи, ибодатлари учун мунаввар маскан бўлиб хизмат қилишини тиладилар.

Алоҳида қайд этиш лозимки, мазкур масжид Жиззах-Нурота-Навоий катта йўли ёқасида жойлашган бўлиб, зиёрат туризми ҳамда маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари  учун қулай нуқта ҳисобланади. Шу боис, олти сотихдан ортиқ майдонда қурилаётган янги масжид 800 кишини сиғдира оладиган катта хонақоҳ, таҳоратхона, аёллар учун намозхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлиши режалаштирилган. Аҳамиятлиси, масжид ҳовлисида ёрдамчи хўжалик ташкил этилиб, иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

Понедельник, 17 Июнь 2019 00:00

“Улар ўлимни яхши кўрадилар” 

Эътироф

«Мусулмонларнинг Андалусиясидан бизга 30 та китоб қолди. Ўша китобларни ўқиб, атомни парчалашга эришдик.

Агар биз ёқиб юборган ана ўша буюк Ислом цивилизациясига тегишли ярим миллион китоблар ҳам қолганида нима бўларди?

Дарҳақиқат, агар ўша китобларни ёқиб юбормаганимизда, ҳозир фазодаги галактикалар орасида сайр қилиб юрган бўлардик».

Пьер Кюри,

Нобель мукофоти соҳиби, физик олим 

***** 

Саҳобаларга муҳаббат

Салафи солиҳлар фарзандларига Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони яхши кўришни худди Қуръондан бир сура ўргатгандек ўргатардилар.

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ

***** 

Аёлнинг табиати

  • Аёл ўзи бемор бўлса ҳам эрининг дори ичишига кўмаклашади.
  • Аёл ўзи ғамга ботган бўлса ҳам эрига тасалли беради.
  • Аёл ўзи чарчаган бўлса ҳам эри учун бедор бўлади.
  • Аёл танимаган кишисининг мусибати учун ҳам қайғуриб, йиғлайди.

Шундай экан, жуфтларингизга мулойимроқ бўлинглар, эркаклар. 

***** 

КАСАЛЛИК, ДОРИ, ШИФО

Рабийъ ибн Хайсам раҳимаҳуллоҳ ҳамсуҳбатларидан:

«Касаллик нима? Дори нима? Шифо нима?» деб сўрадилар.

Ўтирганлар: «Билмаймиз» дейишди.

Шунда у киши: «Касаллик - гуноҳлардир. Дори - истиғфордир. Шифо - ўша гуноҳларга қайтмасликдир» дедилар. 

***** 

Ўлимни яхши кўрувчилар

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Кисрога қуйидаги мазмунда мактуб юбордилар: «Исломга кир, саломат бўласан. Акс ҳолда сенинг олдингга шундай кишилар билан бораманки, сизлар ҳаётни яхши кўрганингиздек, улар ўлимни яхши кўрадилар».

Кисро ушбу мактубни ўқигач, Син (Хитой) подшоҳига мадад ва ёрдам сўраб мактуб юборди. Хитой подшоҳи унинг сўровига «Эй Кисро, тоғни жойидан кўчиришни ирода қилса, кўчира оладиган қавм билан курашишга менинг куч-қувватим етмайди» деб жавоб хати йўллади.

Аллоҳ таоло бизга яна азизлик ва устунликни ато этсин!

***** 

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

 

Top