muslim.uz

muslim.uz

Ноттингем (Буюк Британия) университетининг бир қатор тадқиқотчи олимлари томонидан олиб борилган изланиш ҳамда тажрибаларга кўра, компьютер ўйинларига муккасидан кетиш охир оқибат ёшларни чекиш ҳамда спиртли ичимлик истеъмол қилишга олиб бориши кузатилди.

Айниқса, Grand Theft Auto (GTA), Call of Duty: Black Ops II, Call of Duty: Modern Warfare 3 ҳамда Assassin’s Creed III каби компьютер ўйинларини мунтазам ўйнайдиган ёшлар билан бу ўйинларни ўйнамайдиган ёшлар ўртасида сўровнома олиб борилганда, бу ўйинларга ҳаддан берилган ёшларнинг аксарияти спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишлари аниқланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Четверг, 27 Октябрь 2016 00:00

Чумоли ўгити

Бир ўрмонга ўт кетиб ёнғин бўлибди. Жониворларнинг бир қисми кучлари етган нарса билан сув ташиб, ўтни ўчирмоқчи бўлишибди. Иккинчи қисми эса бундан ҳеч нарса чиқмайди деб, четроққа чиқиб томоша қилиб турибди. Бир чумоли ўтни ўчириш учун ҳовучида сув олиб кетаётган экан. Буни кўрган қарға унинг устидан кулиб дебди: “Мана шу сувинг билан оловни ўчираман,  деб ўйлаяпсанми?” Чумоли унга жавоб берибди: “Биламан, бу сув билан ўтни ўчириб бўлмайди. Лекин мен бу ҳаракатим билан ким томонда турганимни биламан”.

Эй фарзанд, билгинки, тўқилган матода ҳар бир ипнинг ўз ўрни бор. Матонинг қайси еридан ип чириган бўлса, мато шу ердан бошлаб йиртилади. Ҳаёт занжирида ҳам худди шундай: ҳар бир одамнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Муҳими – занжирнинг узилишига сен сабабчи бўлиб қолмаслигингдир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ тайёрлади.

Четверг, 27 Октябрь 2016 00:00

Ҳижрий йил тарихи

«Анъом У Зот субҳни ёритувчидир. У Зот тунни сукунат, қуёш ва ойни эса ҳисоб (воситаси) қилиб қўйди. Бу Азиз, Алим Зотнинг ўлчовидир».

Анъом сураси, 96-оят

Инсоният ўзининг қадим тарихи мобайнида вақтни турлича ҳисоблаб келган бўлиб, бугунги кунда асосан қуёш ва ой тақвимига, яъни шамсий ва қамарий йил ҳисобига амал қилиб келмоқда. Шамсий тақвимда ер куррасининг қуёш атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир йил ҳисобланади. Қамарий тақвимда эса ойнинг ер атрофида тўлиқ бир марта айланиши бир ой ҳисобланади. Ҳозирги замонда биз яшаб турган диёрларда асосан икки хил йил ҳисобига амал қилинади. Бири – шамсий милодий йил ҳисоби, бири – қамарий ҳижрий йил ҳисоби.

Милодий йил ҳисоби Исо (алайҳиссалом)нинг таваллуди деб тахмин қилинган санадан бошланган бўлиб, бу ҳисоб Григорий тақвимига асосан юритилади.

Ҳижрий йил ҳисоби эса Ислом оламининг тақвими бўлиб, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккадан Мадинага ҳижратлари – кўчишларидан бошланади. Бу саноқ боши ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг халифалик даврида эълон қилинган. Ҳижрий ҳисобнинг қамарий ва шамсий тақвимлари бўлиб, қамарий тақвим бўйича йил муҳаррам ойидан бошланади, унинг биринчи 10 куни эса муборак кунлар ҳисобланади. Бу тақвимнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфт ойлари 29 кундан иборат бўлиб, фақатгина ўн иккинчи ой мустаснодир, ундаги кабиса кунлари ҳам 30 кундир. Янги кун қуёшнинг ботишидан бошланади. Вақт ҳисоби қамарий давр бўйича ҳисобланганда бир йил 354 кундан иборат бўлади. Тарихий воқеаларнинг санасини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқ қайд қилиб бориш ҳамда кейинги авлодларга қолдириш мақсадида йил, ой ва кунларнинг ҳисоби тақвим шаклида қадимдан қўлланиб келинади.

Мазкур икки ҳисоб бўйича 2016 йилнинг 2 октябр куни ҳижрий 1438 йил кириб келиб, муҳаррам ойи бошланди.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади:

«Биз кеча ва кундузни (қудратимизни кўрсатиб турадиган) икки белги қилиб қўйдик. Кечанинг белгисини ўчирдик. Кундуз аломатини эса Роббингиздан фазл (ризқ) исташингиз учун ҳамда йиллар саноғи ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз» (Исро сураси, 12-оят).

Аллоҳ таоло кун билан тунни алмаштириб турмаса, сана ҳисобини билиш қийин бўлур эди.

Юқорида айтганимиздек, ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин, халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг даврларида жорий қилинган. Бу зоти шариф бошқа улуғ саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича қайд қилиб бориш зарурлигини айтганларида бу фикрни барча саҳобалар маъқуллаганлар. Шундан сўнг ҳижрий сананинг аввалини қайси кундан бошлаш тўғрисида маслаҳат бўлиб, кимдир Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг туғилган кунларидан бошлайлик деса, кимдир вафот этган саналаридан бошлашни таклиф қилган. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): «Вафотларидан бошласак, ҳар йилнинг бошида қайғумиз янгиланиб туради» деб, бу фикрни рад этганлар. Ниҳоят, ҳамманинг фикрлари бир бўлиб, ҳижрий санани Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлашга келишилган. Ушбу ҳижрат кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса ҳам, лекин унга тайёргарлик муҳаррам ойидан бошланганини эътиборга олиб, ҳижрий сананинг аввалини муҳаррамнинг биринчи кунидан бошлашга қарор қилинди. Бу кун милодий 622 йилнинг 16 июль жума кунига тўғри келади.

Шундан буён Ислом олами хусусан, диёримиз мусулмонлари ҳам йил ҳисобини, диний байрамларни ва хоссатан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ҳамда Ийдул Қурбон кунларини белгилашда ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланиб келмоқдалар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ойларнинг адади ўн иккита эканини айтиб, улардан тўрттаси муҳаррам, яъни алоҳида эҳтиром қилинадиган ойлар эканини зикр қилган. Булар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойларидир. Бу ойлар азалдан, яъни Исломдан аввал ҳам ҳурмат ва эҳтиром қилиб келинган, бу пайтда ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Зеро, инсоннинг ҳаёти, мол-мулки, тинчлиги муҳофаза қилинадиган ойни том маънода чинакам улуғ, муҳтарам ой дейиш мумкин. Бу ойларнинг фазилати, қадри биродаркушлик урушлари, қонли тўқнашувлар бир неча йиллаб тўхтамаётган, минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлаётган бугунги кунимизда айниқса яққол намоён бўлмоқда.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг даврларида ҳам бу ойлар иззат-икром қилинган, ҳурматланган. Сизу бизнинг ушбу муборак ва улуғ ойларни ёд этиб туришимиздан мақсад – уларнинг фазилатларидан ташқари, йил кетидан йиллар, ой кетидан ойлар, кун кетидан кунлар бетиним ўтаётганини, умримиз ҳам тўхтамай ўтиб бораётганини тез-тез эслаб туришдир. Шояд бу билан азиз умримизни ғанимат билиб, хайрли ишларни кўпроқ қилишга интилсак, солиҳ амалларни янада зиёда қилсак.

Аллоҳ таоло муҳаррам ойларда гуноҳ ишлардан сақланишга буюради. Аксинча, бу ойларда имкон қадар кўпроқ тоат-ибодат қилиш, солиҳ амаллар қилиш, хайр-саховат кўрсатиш, муҳтожларга ёрдам бериш динимизнинг кўрсатмаларидандир.

Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ҳижрий йилни хайр-баракотли қилсин, қутлуғ қилсин, бу йилда имон-эътиқодимиз, зуҳду тақвоимиз аввалгидан ҳам  зиёда бўлишини насиб қилсин, юртимизга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик ато этсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 27 Октябрь 2016 00:00

Билим юртида тадбир

Урганч шаҳар “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ҳамда Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб “Мустақиллик – буюк неъмат, уни асраб-авайлаш бизнинг муқаддас бурчимиз” мавзусида билим юрти талабалари орасида интеллектуал беллашув ўтказилди.

Беллашувда 4 гуруҳ  курс талабаларидан тузилган гуруҳлар 5 та шарт асосида, “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” мавзуида чиқиш, “Мустақиллик – менинг ҳаётимда” мавзуида ижодий ишлар ва буклетлар тайёрлаш, истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича викторина саволлари, Мустақиллик, тинчлик ва осойишталик, Ватанга садоқат йўналишларида мақолалар тайёрлаш бўйича беллашдилар.

Беллашувда талабалар мустақиллик йилларида биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар ҳақида саҳна кўринишлари, презентациялар, шеърлар ва фотокўргазмалар орқали кенг қамровли маълумотларни беришди. Беллашувга тайёргарлик жараёнида талабалар томонидан 52 та мақолалар ёзилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва энг яхши деб топилганларини интернет сайтида эълон қилиш белгилаб қўйилди.

Беллашувнинг якуний натижаларига кўра 3-курс талабалари 1-ўринни эгаллашди. Беллашув иштирокчилари ва ғолиблари эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.

Беллашув сўнгида билим юрти мудири Д. Абдуқодиров сўзга чиқиб, мазкур беллашувнинг аҳамияти, унинг ёшлар тарбиясидаги ҳамда ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ривож топтиришдаги ўрни ҳақида гапириб, тадбирни ташкил қилганлар ҳамда иштирокчиларнинг барчасига миннатдорчилик билдириб ўтди.

О. АДИЛОВ, Маънавий ишлар бўйича мудир муовини

Четверг, 27 Октябрь 2016 00:00

Каъба ҳақида етти ҳақиқат

  1. Каъба бир неча марта қайта таъмирланган. Баъзи тарихчиларнинг маълумотларига кўра, Каъба ўн икки бора қайта таъмирланган. Энг охирги таъмирлаш ишлари 1996 йилда амалга оширилган. 
  1. Кисва (Каъбапўш) бизнинг кўзимиз ўрганиб қолганидек ҳамиша қора рангда бўлмаган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида оқ рангли Яман матосидан тикилган каъбапўшдан фойдаланилган. Қора рангли каъбапўшдан Аббосий халифалари давридан бошлаб фойдаланилди.

   

  1. Иброҳим (алайҳиссалом) даврларида Каъба тўғри бурчакли шаклда бўлган. Ҳозирги кўриниши қурайшликлар томонидан Ислом дини келишидан аввал ўзгартирилган. 
  1. Машҳур қора тош – Ҳажарул асвад яҳлит бутун тош бўлмай, балки, у бир неча бор ўғирланиши натижасида бир қанча бўлакларга бўлиниб кетган тошдир. Ҳозирда махсус гардиш бўлакланган тошни жамлаб туради. Бу каби гардиш илк марта Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу )томонидан жорий қилинган.
  2. Каъбанинг калити ўн беш асрдан буён Бани Шайба қабиласи қўлида сақланиб келинмоқда. Улар ушбу калитга Ислом дини келмасидан эгалик қилиб келадилар. 

 

  1. Яқин вақтларгача Каъба эшиги барча учун очиқ бўлган. Унинг ичига қирол оиласидан ташқари оддий зиёратчилар ҳам кириши мумкин бўлган. Бироқ ҳаж ибодатини адо этиш учун келувчи ҳожиларнинг сони кескин ортиши натижасида Каъба эшиклари беркитилиб қўйилди. 
  2.  XX аср бошида кучли ёмғир ёғиши оқибатида ҳожилар тавофни сузиб бажаришга мажбур бўлганлар.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

Top