muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 18 Октябрь 2016 00:00

Китоб – билим хазинаси

Тошкент ислом институти устоз ва талабалари ўз ихтисослигига оид билимлар билан бир қаторда доимий равишда бадиий, илмий, сиёсий, тарихий ва бошқа соҳаларда ҳам замон билан ҳамнафас ҳолда билимларини ошириб келмоқдалар. Бу эса китобсиз бўлмайди, албатта. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақлнинг чироғи, билим манбаи ва беминнат устоздир.

Инсон доим тафаккур қилиши ва маърифатга интилиши лозим. Шундагина унда маънавият ҳосил бўлади. Зеро, ота-боболаримиз шу йўлдан борганлар. Биз ҳам уларга муносиб авлод бўлиш учун уларнинг севимли машғулоти бўлмиш китоб мутолаасини канда қилмаслигимиз зарур.

Ҳозирда техника тараққиёти туфайли электрон китоблар, интернет сайтларидан ҳам уларнинг аудио вариантларини топиш имкони мавжуд.  Бироқ,  техника барибир беминнат китобнинг ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳам китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси ва устози ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жорий қилинган “Китобхонлик куни” муносабати билан институтда ҳар ойда китоб савдо кўргазмаси ташкил этиш йўлга қўйилган. Мазкур анъанага мувофиқ институт устоз ва талабаларининг диний-маърифий, маънавий ва бадиий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2016 йил 14 октябрь куни “Ғафур Ғулом” номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида ташкил этилган китоб савдо кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада институтнинг устоз ва талабалари иштирок этдилар.

“Ғафур Ғулом” нашриёти савдо тармоғи ходимлари кўргазма иштирокчиларига 130 номдаги 800 дона сиёсий, бадиий, илмий, ҳажвий, жаҳон адабиёти, тарих, юридик китоблар, диний-маърифий адабиётлар, мактаб адабиёти хрестоматияси, болалар адабиёти, Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари тўплами, инглиз,  рус ва ўзбек тили луғат китоблари, психологияга оид китоблар, шеърий китоблар, нашриётимиз хазинаси ҳамда “Ғазал соғинчи” рукни остидаги китобларни тақдим қилди.

  

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

 

Жорий йилнинг ноябрь ойида Дубай шаҳрида рекорд узунликдаги қирғоқнинг очилиш маросими бўлиб ўтади.

Қурувчилар айтишича, Marasi Business Bay қирғоғи дубайликлар ва хорижий сайёҳлар учун Дубайдаги энг мароқли жойлардан бири  бўлади. У ерда савдо-сотиқ расталари, дам олиш масканлари, хуллас инсон мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча қулайликлар мавжуд бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ажойиб қирғоқ 2020 йилда Дубайда бўлиб ўтадиган “World Expo-2020” Бутунжаҳон кўргазмасига тайёргарлик кўриш доирасида қуриб итказилди. Ушбу лойиҳа учун жами 272 миллион АҚШ доллари сарфлангани маълум қилинган.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси.

 

 

Понедельник, 17 Октябрь 2016 00:00

БИЗДАН МЕҲР КУТИШАДИ

Муқаддас динимиз инсонларни бир-бирларига кўмак бериб, далда бўлишга чақиради. Айниқса, етим, ногирон, бемор, муҳтож кишиларни зиёрат қилиш, ҳолидан хабар олиб, яхши сўзлар билан кўнгилларини шод этишнинг савоби улуғдир. Агар митти қалб меҳрга ташна бўлса унинг кўнглига қувонч улашишнинг савоби беҳад зиёда.

Болажонларга қувонч бахш этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар 1-сон интернат уйида тадбир бўлиб ўтди. 

Мурувват уйига кирар эканмиз, бир қанча тарбияланувчилар бизни қувонч ила кутиб олдилар, эзгу тилаклари ёзилган, ўзлари ясаган эсдаликларини бизга тортиқ қилдилар. Унда қуйидагилар ёзилган эди: “Жаҳон чемпиони бўлай” – Ҳабибуллоҳ 15 ёш, “Юртимиз тинч бўлсин!” – Диёра 15 ёш, “Ҳамма соғлом бўлсин!” – Акбархон 14 ёш...

Тадбирни интернат уйи директори Азиза Жафарова ўзининг самимий тилаклари билан очиб берди:

 Азиза Тохиржоновна (Олмазор тумани “Мурувват” ногирон болалар 1-сон интернат уйи директори): “Мурувват уйимизда болажонларимиз қалбида уларга бўлган меҳрни, эътиборни ҳис этишлари, тенгдошлари югуриб, ўйнаб юрганларини кўриб, қалблари ўксимаслиги учун ташкил этилди. Фарзандларимизга Яратгандан шифо сўраб дуолар қиламиз. Барча болажонларимизга Аллоҳ шифо бериб, уларни ўйнаб, кулиб юрганларини кўришни насиб этсин”.

Болажонларни кўнглини кўтариш, уларга хурсандчилик бахш этиш учун Шайх Абдулазиз Мансур, шунингдек, юртимизнинг бир қатор ардоқли санъаткорлари ташриф буюриб, ўзларининг илиқ тилакларини изҳор этдилар:

Шайх Абдулазиз Мансур (Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари): “Инсонга бирор мусибат етса ёки баъзи армонлари бўлса, бунга сабру матонат билан, кўнглини чўктирмасдан, эзгу амаллар қилиш билан умрини ўтказса Аллоҳ таоло охиратда бу қийинчиликларнинг евазига жаннатга доҳил қилади. Зеро, бу дунёда Аллоҳнинг илми ва қудрати билан кимдир соғлом бўлиб, яна бошқаси эса баъзи касалликлар билан дунёга келади. Лекин ҳақиқий бахтли инсон шуки, ўзининг бошига етган барча синовларни Аллоҳнинг иродасидан деб билиб, шукр қилади ва шунга рози бўлади. Бундай инсонлардан Аллоҳ ҳам рози бўлиб, бу синовли дунёнинг имтиҳонидан яхши ўтганлигининг мукофоти сифатида ўзининг жаннатига киритади”, деб болажонларнинг қалбига бир олам қувончларни бахш этдилар.

Раъно Ярашева  (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист) “Яратганга беадад шукроналар бўлсин юртимиз тинч, фарзандаларимиз юзида табассум. Мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланган давлат бўлиш мақсади сари илгарилаб бормоқда. Хусусан, жаннатмакон ўлкамизда ёшларга қаратилаётган эътибор бошқа ҳеч бир мамлакатда учрамайди. Биз ташриф буюрган бу мурувват уйи бунинг яққол исботидир. Қаранг! Ҳар бир тарбияланувчи учун тайинлаб қўйилган алоҳида тарбиячиларни, уларни болажонларга кўрсатаётган меҳрини,  тун-у кун меҳрга ташна қалблар атрофида қанчалик парвона эканликларини кўриб, тасаннолар айтгинг келади. Ҳа, бежиз болажонлар ўз тарбиячиларини “ОНА” деб чақирмас эканлар. Чиндан ҳам, фарзанд учун онанинг меҳридан бўлак ўзга ҳеч нарса керак эмас, бола қалбини фақатгина она тушуна олади”.

Ярашади қанча айтсак шукроналар,

Осойишта, озод, обод замоналар.

Нега шукр қилмайлик гуллаб турса боғимиз,

Нега шукр қилмайлик тандир тўла нонимиз.

Нега шукр қилмайлик мусаффо осмонимиз,

Нега шукр қилмайлик тинч экан замонимиз.

Нега шукр қилмайлик бор экан имконимиз,

Нега шукр қилмайлик бор экан виждонимиз.

Теша Мўъминов (Ўзбекистон халқ артисти): “Азиз фарзандларим сиз нақадар бахтли инсонларсиз. Боиси, Ўзбекистон деган юртда дунёга келдингиз. Зотан, дунёнинг илм-фан, маданият, санъат ва бошқа барча соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшган, алломалари дунёга муаллимлик қилган диёримиз каби мамлакат дунёнинг ҳеч бир чеккасида топилмайди. Ҳеч бир соҳа йўқдирки, киндик қони бу заминда тўкилиб, инсоният тараққиётига ҳисса қўшмаган бирор аждодимиз ўтган бўлса. Биргина мисол, дунёнинг қайси бир бурчагига бориб, “Бухорий” юртиданман десангиз, сизни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳадисларини изма-из юриб бизга мерос қолдирган улуғ аллома юртидан келибди, деб зиёрат қилишади.

Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий каби буюк алломаларимизнинг рўйхатини тугатишнинг иложи йўқ. Сиз ана шундай инсоният тараққиётига ҳисса қўшган буюклар, азиз авлиёларнинг давомчиларисиз”.

Мен сизга бу олам чиройин берай,

Фалакнинг юлдузин ҳам ойин берай.

Шу ўлка коинот саройин берай,

Жами шодликларни сизга ҳадя қилай.

Бунинг евазига бахтли бўлсангиз бас,

Бошқа ҳеч нарса керак эмас.

Миролим Қиличов (Ўзбек Миллий драма театри актёри, “Шуҳрат” медали соҳиби): “Инсон бу дунёда ҳамма нарсадан тўйиши мумкин. Бойликка ҳам, шон-шуҳратга ҳам. Аллоҳ кечирсин, ҳатто, бу ҳаётга ҳам тўяр экан. Лекин инсон фақат битта нарсага тўймас. Инсон “МЕҲР”га тўймас экан! Мана шу меҳр-муҳаббат, оқибат бизнинг халқимизнинг қон-қонига, онгу-шуурига сингиб кетган олий фазилатлардандир. Мана шундай меҳрли, оқибатли аждодларнинг, халқнинг авлоди эканмиз уларга муносиб авлод бўлайлик, фарзандларимизга меҳр қўлларини узатайлик”.

Тилагимиз шу ўчмасин ёнган чироғингиз,

Мудом порлаб турсин чашма қароғингиз.

Агар чинор бўлсангиз чинор бўлиб яшанг,

Бевақт узилмасин бирор япроғингиз.

Тақдирнинг аччиқ қисматига рози бўлиб яшаётган бу ногирон болакайлар Она Ватан меҳридан, халқимизнинг мурувватидан баҳраманд эканликларини кўриб кўнглинг таскин топади. Уларнинг табассум этаётган юзларига қараб дилинг ёришади.

Биз ҳам ногирон, меҳрга муҳтож ёки мурувват уйларидаги фарзандларимиз кўнглига оз бўлсада тасалли бериш йўлида туну кун ҳаракат қилаётган юртдошларимизга елкадош, дилдош, биродар бўлайлик. Зеро, шу азиз Ватан барчамизники. Ватан келажаги эса унда вояга етаётган ҳар бир ёш авлодга боғлиқдир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди.

2016 йилнинг 16 октябрь куни Имом Бухорий Халқаро марказида диний ходимларнинг II давра VIII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри имом-хатиблари иштирок этишди.

Тадбирда Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зуҳриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Суҳбат якунида ҳозирги кундаги бузғунчи гуруҳлар найранглари, жумладан, Яқин Шарқ мамлакатларидаги турли низо, фитналардан огоҳ бўлиш ҳамда жойларда ўтказилаётган турли маърифий тадбирларда бузғунчиларнинг ёд ғоялари, кирдикорларини тўғри ва холисона очиб бериш таъкидланди. Юртимизда чоп этилаётган маънавий-маърифий газета ва журналларда, интернет сайтларида халқимиз, хусусан, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринаётган ёт ғоя ва таҳдидларга қарши долзарб мавзулардаги чиқишлар билан фаол иштирок этиш тавсия этилди.

Ўқув жадвалига мувофиқ 17 октябрь куни биринчи машғулотлар бошланди. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров олиб борди.

Яқиндагина тўлиқ жорий таъмирдан чиқарилган ётоқхонада тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун етарлича шароитлар муҳайё қилинди. Ўқув хоналари ва ётоқхона электр манбаи, иссиқ сув ва бошқа барча қулайликлар билан таъминланган.

Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун зарур шароитлар ташкил этилган.

Шундай қилиб, II давра VIII босқич машғулотлари кўтаринки кайфиятда бошланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Понедельник, 17 Октябрь 2016 00:00

Тарих фанидан очиқ дарс ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига бағишлаб диний соҳада амалга ошириладиган тадбирлар режасига ва 2016–2017 ўқув йили очиқ дарс жадвалига мувофиқ жорий йилнинг 15 октябрь куни “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртида Маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини ва тарих фани ўқитувчиси Адилбой Ережепов 1-курс талабаларига “Ўзбекистон тарихи” фанидан очиқ дарс ўтказишди. 

Очиқ дарс ўтказишдан кўзланган асосий мақсад таълим муассасаси ўқитувчиларининг мутахассислиги бўйича билимларини ошириб бориш, соҳа бўйича ютуқларини ёш мутахассислар орасида оммалаштириш ва камчиликларни бартараф этиш, дарсларни замонавий интерфаол услублар, слайдлар, кўргазмали ва тарқатма материаллар ёрдамида ташкил этишдан иборат.

Очиқ дарсда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти қорақалпоқ тили кафедраси ўқитувчиси Қ. Мамбетов, шу институтнинг кимё технологиялари факультети ўқитувчиси, кимё фанлари номзоди, доцент Б. Жумабаев, билим юрти мудири Ш. Бауатдинов ва бошқа ўқитувчилар иштирок этишди.

Ўтказилган очиқ дарс шуниси билан барча ўқитувчиларга маъқул келдики, унда ўқитувчи томонидан уйга вазифани сўрашда класстер методидан кенг фойдаланилди. Талабаларни беш нафардан учта кичик гуруҳларга бўлган ҳолда, ҳар битта гуруҳга уй вазифаси сифатида алоҳида мавзулар берилган бўлиб, уч нафар талаба иштирокида бири спикер бўлиб мавзуга умумий тушунча бериб ўтган бўлса, икки нафар талаба доскага хронологик ва жадвал асосида тушунча берди. Гуруҳдаги қолган икки нафар талабага ўқитувчи томонидан мавзуга оид тест материалларини ечиш орқали уйга берилган вазифа бажарилди.

Ушбу учта гуруҳдан ташқари беш нафар талабадан иборат ҳакамлар ҳайъати тузилди ва уйга берилган вазифани баҳолаб борди. Ҳар битта гуруҳга мавзуни ёритиб бериш ва умумий тушунча бериш учун Time Ciper томонидан 5 дақиқа вақт ажратилди. Талабаларнинг уйга вазифани қай даражада бажарганликларини ушбу ҳакамлар ҳайъати аъзолари мунтазам кузатиб борди ва умумий балларни тақдим қилдилар. Ўқитувчи томонидан янги мавзу тушунтирилди ва бу бўйича тайёрланган слайдлар талабалар ихтиёрига ҳавола этилди. 

Ўтказилган очиқ дарсда экспертлар томонидан қуйидагича дарс анализи қилинди.

Таълим йўналиши, гуруҳ, журналларнинг юритилиши, талабаларнинг давомати, хоналарнинг тозалиги, ўқитувчининг ўқув-норматив ҳужжатлари жамланмаси (ОМК), дарснинг ташкилий бўлими,  уйга вазифани сўраш, баҳолаш, ўтилган мавзуни такрорлаш, янги мавзуни таништириш, янги мавзуни мустаҳкамлаш, педагогик технологиялардан фойдаланиши, дарсни техник ва кўргазмали қуроллар билан таъминлаш, уйга топшириқ бериш, дарсни умумий қилиш, дарснинг ютуқлари, камчиликлари, дарс ўтиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ва дарс жуда аъло даражада ўтказилди дея эътироф этилди.

 

 

САЛАМАТ КУДАЙБЕРГЕНОВ,

                                              Нукус шаҳридаги “Муҳаммад ал-Беруний”  ўрта махсус ислом билим юрти

ўқитувчиси

 

Top